Болаларимизни ўлдирмайлик

Биз яшаётган айни пайт ахборот асри деб ном олди. Ҳатто супер ахборот асри дейиш ҳам мумкин. Қўлимиздаги имкониятдан фойдаланиб, “дунёни айланиб” келишимиз мумкин. Бири рост, бири ёлғон, бири чин, бири бўҳтон хабарлар оқими айланиб ётибди. Бирини “ҳазм қилиб” улгурмай иккинчисига ёқа ушлаймиз.

Айниқса, ижтимоий тармоқларда кейинги пайтларда она ўз боласини сотмоқчи бўлганда қўлга олинди, она боласини ахлатхонга ташлаб кетди, деган хабарлар учраб турибди. Ҳаммамиз ўша онанинг номига лаънат айтишни бошлаймиз. Кейинги хабар ундан ҳам даҳшатлироқ бўлиб чиқади. Она ўз боласини ўлдириб, арча тагига ташлаб кетди. Ёки хорижда юрган ўзбек аёли боласини туғруқхонага ташлаб кетди. Сен ҳам аёлсанми, сен ҳам онасанми, дегинг келади.

Лекин бу билан муаммо барҳам топмайди. Кечаги шарҳлардан бирида бир аёл “Диндан узоқлашишнинг оқибати”, деб ёзса, бошқаси “Бундай ҳоллар аввал ҳам бўлган. Хабар ўша ҳудудда тарқаган холос. Ҳозир ижтимоий тармоқларда тарқалаётгани учун кўпдек туюляпти”, деб ёзибди. Балким. Яна бири ҳамма жойга камера ўрнатиш таклифи билан чиқибди. Нима бўлганда ҳам бу ҳол бир йилда бир бор учраса ҳам менимча кўп. Бу залолат.

Уйқуларим қочиб кетяпти. Ўйлайвериб, ўйларим чигаллашиб кетяпти. Бир ҳамкасбим ўша аёл “Болани боқолмасдан ўлдирмоқчиман”, деса асраб олардим, дейди. Энди эса ғишт қолипдан кўчган. Бола капалакдек учди кетди. Ижтимоий сайтларда тарқаган расмни кўриб, она зоти борки, кўзига ёш олди. Ота зоти борки, бир қалқиб тушди.

Аёлман-да доим аёллар тарфида бўлгим, уларни оқлагим, ёқлагим келади. Энг тубан аёллардан ҳам зарра қадар яхшилик топгим келади. Нима қилайки, боласини бўғаётган қўллар неча кунки менинг бўйнимда. Бошқа саидалар бошқа болаларни бўғмаслиги учун менга азоб бермоқда. Ташлаб кетилаётган, ахлатхоналарда чирқираётган болалар оромимни олиб қўйган.

Менинг сингилларим – ўзбек қизлари боласини сотиб тиш қўйдирмоқчими? Менинг қавмдошларим боласини ахлатхонага ташлаб кетяптими? Биз фарзандларимизга қандай тарбия беряпмиз? Уволни, заволни ўргатмаяпмизми? Залолатга ботиб қолдикми?

Қиз бола ўтганда танга жаранглаб кетгандек, ҳамма хушёр тортган. Қизли уй дарвозасидан маълум бўлган. Аёл деган зот ибтидодан, бугунгача шарафланган. Муқаддас динимизда жаннат оналар оёғи остида деб улуғланган. Энди ўз боласининг қотилларини қай бирини бу қаторга қўшай. Энди қай бирининг номини оқлаб, ювиб-тараб яна муқаддас аёл қаторига тортай?

Ёшлигимизда қишлоғимизга келин бўлиб келган бир аёл акаси ҳақида айтиб берганди. Акасининг уйи олдига кимдир чақалоқ ташлаб кетибди. Улар болани уйига олиб кириб, исинтирибди, сут берибди. Милиция чақиришибди. Не тонгки, милиция етуб келгунича, етти фарзандли хонадоннинг бекаси болани ўзимиз асраб олайлик деб туриб олибди.

Хуллас, болани асраб олишибди. Лекин уй эгаси юртга маълум қилибди: “Ким бу болани улғайганда ташландиқ деса, менинг болам эмаслиги айтса, судга бераман!” кейинчалик эшитишимча, ўша оила саккизинчи фарзандини ҳам уйли-жойли қилибди. Бугунги кунда ташлаб кетилган болалар бировга берилмайди. Бу тўғри усул ҳам. Одамлар нималар қилмайди, олдиндан сотиб, кейин ташлаб кетилди, дейишлари мумкин. Лекин абгор бўлган қизларга, аёлларга нимадир йўл кўрсатиш керак.

Агар бола керак эмасми, кўча-кўйга эмас, исталган уйга берсин. Майли, шахсиям номаълумлигича қолсин. Кейин уй эгаси милиция чақирадими, болалар уйига берадими, шу йўлни осонлаштириб қўяйлик. Бўлмаса, бошқа қулай таклифлар ишлаб чиқилиши керак. Гўдак ўлиб бўлгач, менга бермайсанми, деб ўтирмайлик.

Аёлни бола сотгани учун айбладик, ташлаб кетгани учун айбладик, бўғиб ўлдиргани учун (ҳар гал минг қийноқ ичида ёзяпман шу сўзни) айбладик. Лекин уларнинг атрофидаги бизчи, биз айбдор эмасмизми? Ўзимизни айблаш учун минг битта сабаб бор. Чунки масала долзарб. Тугунларнинг ечими минг бир томонимизда чувалашиб ётибди.

Аслида яхши ёки ёмон одамлар, аёллар, оналар ҳамма замонда, ҳамма жамиятларда бўлган. Ёмонни яхши қилиш бандасининг қўлида эмас. Лекин битта муаммони бартараф қилиш билан битта бўлса ҳам жиноятнинг олди олинишига эришсак, нур устига нур бўларди. Ўша қотил Саиданинг оилавий аҳволи ўрганилди. Ота пул топишга четга кетган. Қиз онанинг айтганига кирмаган. Узатилгач ҳам ўзини тўғриламаган. Бу ерда оилавий муҳитни айблашга ҳам ҳақимиз йўқ. Ота моддий таъминлаш илинжида бўлган. Она балки қизига сирдош бўлмагандир.

Шу ўринда она-бола муносабатлари хусусида икки оғиз. Оналар ё қизларига сандиқ тўлдириш билан овора бўлиб тарбияни унутиб қўяди, ё астойдил турмушга тайёрлайман деб турмушдан бездириб қўяди. Қиз болага, айниқса, ўсмир ёшида она насиҳати жуда керак. Қизлар қайсидир йигитча сумкасига хат ташлаганини ўртоғига айтади, онасига айтмайди. Нега? Она сирдош эмас. Қиз болага бу даврда онадан кўра сирдош муҳим. Шунинг учун она керак бўлганда, ўртоққа айланиб, қизининг кайфиятидан тортиб, юриш-туришигача билиб олиши керак. Ота-онадан ҳаддан ташқари қўрқадиган қизлар кўчадан дўст топади.

Биз тарбияни қаттиқ ушлаганмиз, деган ота-оналар шу нуқтада адашади. Ота майли, онага сир айтолмаган қиз бола эртага ўз вужудидаги сирни ҳам яширади. “Отанг билса, ўлдиради” деган онадан яшириб иш қиладиган қиз хато қилиб қўйса, онага ҳам айтмайди. Оналарнинг ўзлари...

Биз тармоқларда ўқиётган ташлаб кетилаётган болалар ҳақидаги хабарлар қанча кўпайса, шунча бошимиз эгилмоқда. Шунча алданган, номуси поймол бўлган қизларга ачиняпмиз. Ҳали бу туғруққача етиб келганлари. Абортлар қанчадир, қўлбола усулда туширилганлар қанчадир... Нима бўлганда ҳам бу ҳол барча вужудида оналик ҳисси бор аёлларни ларзага солмоқда. Боласини ўлдираётган, сотмоқчи бўлаётган, ташлаб кетаётганнинг ҳар бири бизнинг фарзандларимиз, сингилларимиз. Бунга бефарқ қарай олмаймиз.

Бир неча йил олдин коллеж ва академик лицейларда ўқийдиган қизларни оммавий тиббий кўрикдан ўтказишганда оналарга ёқмади. Ўқитувчи дарс берсин, қизларимизни ҳар хил аппаратларга солишмасин, дейишди. Аслида бу усул муаммога ечим бўлмасада, оналар ўзларидан ортмаётган бир пайтда яхши иш эди. Мактабларда ташкил этилган “Ораста қизлар” ўзини оқладими? Гап келганда, маҳалла қаерга қаради, инспектор қаерга қаради, деган саволлар кўпаяди. Биз оналар қаерга қараяпмиз?

Қиз қурғурни ижтимоий сайтларда қарғаб қўйиш билан кифояланмайлик. Ҳар бир қотил, ботил онанинг ортида уни алдаган, хўрлаган, шу жойгача олиб келган битта номард (мард сўзи форсийда эркак дегани экан) бор. Ахир эркак хўрламаса, аёл хўрланмайди. Алдамаса, алданмайди. Она фарзандни тўққиз ой вужудида асрайдиган восита. Насл эгаси эса қайсидир панада. У ҳам бизга қўшилиб, ахлатхонага боласини ташлаб кетган аёлга лаънат айтаётгандир. Қани, чиқсин шу суяк меники, у она бўлишни истамаса, мен отаман, унга меҳримни бераман, деб. Йўқ, эркак қарқара. Ота-онасининг қаҳридан, эл-юртнинг гап-сўзидан қўрқади, Худодан эмас. Онам Худодан қўрқмайдиган одамдан эҳтиёт бўл, деб айтарди. Мен бугун ҳар бир қотил онанинг ортида қотил ота ҳам бор деб айтаман.

Биз қизларимизни турмушга тайёрлашга, борган жойида қийналмасин, деб ҳар хил курсларда ўқитишга киришиб кетдик. Ўғил бола уйланса, бўлди, аравасини тортиб кетади, деймиз. Ё машина олиб киракашлик қилар, ё у ёқ бу ёқда ишлаб келиб кун кўрар, юрт кўргани қолади... Йўқ! Тарбия ўғилгаям, қизгаям ўта оғир, ўта масъулиятли иш. Бугун бўлмаса, эртага шу фарзандларимиз учун уларни бизга омонатга берган Зот олдида жавоб берамиз.

Фарзандларимизга нима иш қилиб қўйган бўлса ҳам ўзимиз билан сирлашишни ўргатайлик. Агар гуноҳ қилган бўлса, хаспўшламай тавбага ўргатайлик. Ҳамма жиноятлар бандасидан қўрқиб Яратгандан қўрқмасликдан келиб чиқади. Фарзандларимизга Аллоҳни танитайлик. Ҳеч биримиз бу ишни менинг фарзандим қилмаган, деб ўзимизни лоқайд тутишга ҳаққимиз йўқ. Тирикчилик ташвишларидан ортиб, улар билан шуғулланишга вақт ажратайлик. Бўлмаса, ўзлари топишади шуғулланадиган масканлару воситаларни. Эртамиз фаровонлигини ўйлаб, моддиятга берилиб кетмаяпмизми? Шу моддият болаларимизни бошқа кўйга солмаяптими? Тарбиячи фақат оналар бўлиб қолмаяптими? Майда орзулар йўлида катта муаммолар келтириб чиқармаяпмизми? Эркакларни моддий эҳтиёжларимизга шу қадар кўмиб ташладикки, уларни тарбия билан шуғулланишга вақти йўқ ҳисоб. Энди бу алоҳида мавзу.

Боласини сотиш дегани моддий қийинчиликдан шу аҳволга солди, дегани эмас. Таназзул ботқоғи дегани. Бир танишим узоқ йил фарзандли бўлмади. Кейин келиннинг синглисининг уч нафар ўғли бор эди. Тўртинчи фарзанди ҳам ўғил туғилгач, опаси ва поччасининг номига болани расмийлаштириб беришди. Фарзанд асраб олган оила ўзларига анча тўқ, моддий камчилиги йўқ хонадон эди. Синглисининг рўзғори катта. Эри укалари учун ҳам маъсул йигит эди. Бир куни сингил опасининг дўконига иш билан келади. Дўкондор опа синглисининг сумкасига озиқ-овқат, кийим-кечак солиб жўнатади. Сингил хурсанд бўлиб уйига олиб борса, эри агар опанг бола туфайли шунча нарса бериб юборган бўлса, қайтариб бериб кел, болани фарзандликка бердик. Бу улардан моддий фойдаланишга асос бўлиб қолмасин, дебди. Сингил минг истиҳола билан опасига нарсаларни қайтариб берибди. Мардлик мана шунақа бўлади.

Келинг, оналар, опа-сингиллар, фарзандларимизни ўғил бўлсин, қиз бўлсин, чиройли тарбия бериб, ажру мукофотларга лойиқ бўлайлик. Экранларнинг катта-кичикларидан, сериалу кинолардан ортиб, уларнинг кўнглига қулоқ тутайлик. Сарпо учун битта матоҳ олганимизда ёнида битта китоб олиб ўқишини назорат қилайлик. Аввало, она бўлиб кўнглига қўл солайлик. Истакларини тинглайлик. Ўртоқлари кимлигини билайлик. Телефонида кимлар бор, ижтимоий сайтларда кимлар билан ёзишади, қандай манбалар кўпроқ қизиқтиради, билайлик. Бўлмаса, эртага ҳожатхонадан топилган гўдакнинг онаси ёки отаси бизнинг фарзандимиз бўлиб чиқиши мумкин. Кейин ўн жойимизни ўйсак, ўрнига тушмайди. Бугун улар фарзандини ўлдираётган бўлса, демак кеча биз уни маънавий ўлдирганмиз. Азиз, оналар, дугоналар, фарзандларимизни ўлдирмайлик.

3.67 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.67 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    0.00 / 0
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

Ҳозирча Блогерлар томонидан баҳоланмаган
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр