Блокнотчи

Nozimjon Safarov
Саралаш

Янги қурилган намунали арзон уй жойлар олдида тумонат одам. Барча нимадир билан банд. Нима эмиш, пойтахтдан одам келиб кам таъминланганлар учун қурилган уйларни тантанали равишда очиб берармиш. Иш қизғин. Қорни катта, формалик ва қолган ишлашга лаёқатли барча эркакларни дўхтирдан “справка”си бор шекилли, уёқдан буёққа юриб, сигарет тутатиб, онаси тенги аёлларга иш буюриб, ўдағайлашдан чарчамаяпти. Сал нарироқда қора “Жип” атрофида 5-6та қорни қаппайган эркаклар йиғилиб олиб, қорни энг қаппайган баҳайбат одамнинг сўзларини бошлари эгик ҳолда қунт билан тинмай блокнотга ёзишмоқда. Блокнотларнинг янги, лекин ярмигача тўлганидан улар фақат ёзиш учун очилишини сезиш қийин эмас. Қорни энг қаппайганнинг бирданига авзойи бузилади. Олдидаги “ксерокс”дан бирига қўлини пахса қилиб гапиради. Блокнотига унинг сўзларини аниқ ва тезроқ ёзмагани учунми, орқароқда ишлаётган аёлларга баландроқ бақириб, яхшироқ ўдағайламагани учунми, билмадим, негадир уни башарасига бир мушт туширади. Сал нафасини ростлаб олиб, энди қорнига солади. “Блокнотчилар” бир зум ёзишдан тўхташади. Баҳайбат уларга ҳам нималардир деб бақириб, машинасига ўтириб кетади. Каттанинг охирги сўзларини улар негадир қоғозга кўчиришмайди. Балки қўллари чарчагандир. Мушт еган секин ўрнидан туриб, қумда ётган блокнотини олиб, қоқиб, қўлтиғига қистириб, сунъий майсага сунъий гулни табиий йўл билан суқишга харакат қилаётган аёллар томон юради.

Блокнотчи: -қайси мактабдансизлар?!

Аёл: -бошлиқ, унақа қилманг, хозир тиқиб чиқамиз.

Блокнотчи: -қайси мактабдансизлар дедим!

Аёл: -ўғлим, ўзингиз кўряпсиз, газонга пластмассани тиқиб бўлмаяпти.

Блокнотчи: -э, манга деса боғлаб қўйинглар ёки директорларингни чақир эрталабгача ушлаб турсин. Мактаб номери?!

Аёл: -16, эрталабдан бери ишлаяпмиз, ўғлим, унақа қилма, чарчаганмиз, хозир қилиб қўямиз.

Блокнотчи: -э, хола, мани уйимда ишламаяпсиз, хўпми?!

Янги қурилган кўп хонадонли уй эшигини очиб, ичкарига киради. Иккинчи қаватдан йигит кишининг баланд оҳангдаги товуши эшитилади.

-мен сенга кеча нима дедим? Чиқма дедимми? Яна нимага келдинг?

-чиқмасам, Холида опа хаммани олдида изза қилади, ишлашга қўймайди, азоб беради.

-э, керак бўлса, ишдан бўшатсин. Лекин сан мановиларни уйини тозаламайсан. Пахтага чиқарди, индамадим, йўл тозалатди, индамадим. Энди буниси ортиқча.

Улар пастга қараб юришади. Зинапоядан аввал навқирон йигит ва унинг ортидан супурги ва челак кўтарган ёшгина келинчак тушади. Йигит ва блокнотчининг нигоҳлари тўқнашади.

Йигит: -кўчада кутиб тур. Сизми РайОНО мудири?

Блокнотчи: -ха, мен.

Йигит: -мен хотинимни олиб кетаман. У ишламайди. Бориб дарсини беради. Бу нима деган гап? Ўқитувчиларни хор қилиб ишлатишингизни қаранг.

Блокнотчи: -ука, кўп тўполон қилманг. Мени ўзимни хотиним хам хуув анови уйда ишлаяпти. Мени хам иложим йўқ. Менга керак дейсизми шу?

Йигит: -мен бировларни ўзгартира олмайман. Сизни хотинингизга ишим йўқ. У сизнинг ишингиз. У сизнинг эркаклик принципларингиз. Лекин менинг хотиним бу ерда ишламайди.

Блокнотчини жахли чиқиб, қошини чимиради.

Блокнотчи: -эй ука, хаддингдан ошма...

Биринчи қаватдаги эшик очилиб, у ердан барзанги эркак чиқиб келади. Сочлари тўзғиган, соқоллари бетартиб ўсиб ётипти. Қўллари қорайиб кетган. Ундан солярка ҳиди анқийди.

Барзанги: -брат, менга хам бир иккита ўқитувчиларингиздан беринг, менинг ҳам уйимни тозалашсин.

Иккаласи бирданига бир зум унга қараб қотиб қолишади.

Йигит: -бир иккита ўқитувчиларингиздан? Қанақа одамсиз ўзи? Булар сизга мардикор эмас. Ўқитувчи улар. Олий маълумотли зиёли. Давлат арзон нархга кредитга сизга уй қилиб берди, энди уни 4 йил институтта ўқиган, контракт тўлаган ўқитувчи тозалаб хам берсинми? Уялмайсизми?

Барзанги: -хўп мана, хаммани уйини тозалаяптику? Меникини хам тозалаб берсин дегандим.

Йигит бошини қуйи эгади. Ҳорғин нафас чиқаради. Бошини чайқаб қўйиб, нафаси бўғилгандай бўлиб, кўчага чиқади. Сигарета тутатади. Блокнотчига хам узатади.

Блокнотчи: -кўрдингизми, одамлар қанақа бўлиб кетган? Нима дея оламан мен? Буйруқ бўлган, қилиш керак. Менинг ўрнимда бошқаси бўлса хам шу ишни қиларди.

Йигит: -бунақа бўлиши керак эмас.

Блокнотчи: -иложимиз йўқ. Кўрдингизми буни? Ўзи бўлса оддий шофёрдир. Кам таъминганлик маълумотномаси билан қарийб бепул уйга эга бўляпти. Раҳмат ўрнига шуми?

Улар сигаретани қаттиқ-қаттиқ тортишади. Йигит гўё ўзига ўзи гапиргандай ғулдурайди.

Йигит: -нотўғри бу. Бунақа бўлиши керак эмас.

Йигит хотинини етаклаб кетади. Блокнотчи унинг ортидан қараб қолади.

Блокнотчи: -шунақа бўляпти-да...

Уй эшиги очилиб, барзанги чиқиб келади.

Барзанги: -брат, ўқитувчиларингиздан берасизми йўқми?

Блокнотчи аввал ижирғаниб барзангининг юзига нафрат билан қарайди, кейин тўда-тўда бўлиб бирма-бир уйларни текшираётган бошқа бир блокнотчилар отрядига кўзи тушади. Кейин эса ҳорғинлик билан сунъий гул экаётган аёл томонга ўгирилади. Аёл ҳамон гулни газонга суқа олмас эди. Бу жараёнга узоқ тикилиб қолади.

Барзанги: -брат...

Блокнотчи: -опа, шунинг уйини ҳам тозалаб беринглар.

Блокнотчи секин қадам босиб, болалар майдончаси томон юради. Атрофга боқади. Одамлар у ёқдан бу ёқққа шошилиб юришипти. Ғала-ғовур. Шовқин. Бу шовқинда инсон ўз виждонини эшитиши хам қийин. Блокнотчи тутунни осмонга пуфлаб, сигаретани зарда қилиб узоққа улоқтиради. Нигохини бир нуқтага қаратганча узуқ-юлуқ нафас олади. Галстугини бетартиб шошма шошарлик билан бўшатади.

Уни телефони жиринглайди. Хаёллари бўлиниб, чўнтак ковлайди.

Блокнотчи: - лаббай бошлиқ. Хўп, бошлиқ, яхши, хўп-хўп. Бўлди, тушунарли.

Телефонни ўчириб, чўнтагига солади. Ўйланиб қолади. Бошини қашиб, ўпкасини ҳавога тўлдириб, баралла нафас чиқаради.

Блокнотчи: -ээйй.

Атрофдан кимнидир қидиради.

Блокнотчи: -Ғайрат!

Қўлтиғига блокнот қистирган Ғайрат унинг ёнига югуриб келади.

Ғайрат: - лаббай бошлиқ?

Ғайрат блокнотини очиб, қўлига ручка олиб, бошлиғининг оғзига қарайди.

Блокнотчи: - хамма мактаб директорларига айт, эртага ҳам олиб чиқишсин.

Ғайрат: -эртага очилиш-ку, нима иш бор яна?

Блокнотчи: -буларни ким йиғиштиради?

Ғайрат: -нимани?

Блокнотчи: -нимани? нимани? Эртага очилиш тугаганидан кейин, сал тинчиганидан кейин газонни, гулларни, йўл четидаги арчаларни, тувакларни, ҳамма-ҳаммасини йиғиштириб, машинага юклаб, олган жойингга тарқатасан.

Ғайрат: -қанақасига??

Блокнотчи: -шунақасига! Саволлар?!

Ғайрат: -тушунарли, "ес" қиламиз шеф.

Блокнотчи беқарор қадам ташлаб машинаси томон юриб кетди.

Ғайрат унинг ортидан мийиғида ғалати истеҳзо билан жилмаяди. Бу жилмайиш кўпроқ оғриқ пайтидаги чиранишга ўхшаб кетади. Чўнтагидан сигарета чиқариб, тутатади. Тортиб-тортиб, қаттиқ чекади. Четроқдаги майсага зўрға илиниб турган гулга кўзи тушади. Уша ерда ишлаётган аёлларга юзланади.

Ғайрат: -қайси мактабдансизлар?!

3.91 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.91 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.13 / 22
  • Муштарийлар баҳоси
    4.40 / 45

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

0.5 Bobur Jalolov 28/04/2018
5 A’zamjon Abulfayzov 28/04/2018
5 Nozimjon Safarov 28/04/2018
5 Quramboyev Jamshid 28/04/2018
4 Javohir Izzatullaev 28/04/2018
3.5 Дилдора Абулқосимова 29/04/2018
5 Aziza Qurbonova 29/04/2018
5 Otabek Keldiyorov 29/04/2018
5 Firuz Allaev 29/04/2018
4.5 Ulug'bek Oripov 30/04/2018
0.5 Муҳаммад Темур Аъзам 30/04/2018
5 Baxtiyor Ahmad 30/04/2018
5 Jonuzoq Halil 01/05/2018
3 Dilshod Yakubov 01/05/2018
3 Guli Nigor Avazova 01/05/2018
1 Xudoyberganov Ulug‘bek 03/05/2018
5 Нурбек Алимов 04/05/2018
5 Nurmukhammad Nazimov 11/05/2018
5 Saidaziz A'zamov 12/05/2018
5 Abubakirov Nursultan 17/05/2018
5 Ғайрат Йўлдош 19/05/2018
4 Oqilbek Ochilov 20/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр