Бизнинг идеаллар… Улар кимлар?

Хаёт чархпалаги тинмай айланиб турибди. Бу чархпалак бирор лаҳза бўлса хам тўхтамасдан ўзига буюрилган айланиш вазифасини бехато бажариб келмокда. Зеро бирор хатолик ўтганида бу кўриб турган дунёйимиз эволюцион ўзгаришларидан тортиб токи бугунги ахборот технологиялар асригача етиб келмаган бўларди. Демак табиатдаги тўрт фасл бир маромда алмашишда давом этаяпти. Ўша минг йил аввалги қиш фасли ҳали ҳам ўша ўша қиш, баҳор эса ўша ўша ёшариш ва кўклам фасли бўлиб Вақтни ҳисобини таъминлаб бериб турибди.

Мавзуни асл сарлавҳадаги сўздан бошламай узоқдан олиб келишимни ягона сабаби, бу Ибтидодан то Интиҳога қадар бизларни ўраб турадиган борлиқ ва табиат ИДЕАЛИНИНГ ўзгармаганлигига сиз азизларни эътиборингизни тортишдир. Яъни атрофимизни ўраб турган олам мувозанати, ер юзининг ўз ўқи ва Қуёш атрофида тўхтовсиз айланиб туришининг натижасида эканлигини мисол қилиб келтиришдир. Яъни бетўхтов ва хатосиз айланиш бу Идеал ҳолатдир. Мана миллион йиллар ўтса хамки ягона Идеал, яъни ернинг айланиши ўзгармай қолаяпти. Бу мени ўзимни тасаввуримдаги Идеаллика мажозий маънодаги солиштиришдир.

Асосий мавзуимиз эса Инсоният идеалининг бугунги кунда қанчалик даражада жамиятимизга таъсир кўрсата олаётганида.

Келинг, аввал Идеал сўзини википедиянинг русча вариантидан ўзбек тилига таржимасига эътибор қаратайлик:

"Идеал – бу олий қадрият бўлиб, у ёки бу ҳолатларда намоён бўлувчи шахсий ҳислатлар ва қобилиятларни энг олий мақомдаги тугал кўринишидир" (таржима муаллифники -А.Ф.).

Одамлар орасида бир мавхум гап юради: Идеал инсон бўлмайди.

Мен эса шундай деган бўлардим: Ҳар бир замонанинг уз идеал инсони албатта бўлади!

Энди эса қўйида мана шу идеалларни жамиятда аҳамиятсиз ва эътиборсиз ҳолати туфайли рўй берувчи салбий оқибатларига тўхталиб ўтамиз.

Деярли ҳар куни жамиятимиздаги нохуш вокеаларни ахборот асри туфайли бир зумдаёқ эшитиб ва кўриб, бундан ҳайратлар ва таассуфларга тушиб яшаётганимизга анчагина вақт бўлди. Ва энг ачинарлиси бундай нохуш ҳабарлар оқимида сузиб, унга ўрганиб ҳам қолдик. Яқин ўттиз йиллар олдин бирор одамни ўз жонига қасд қилиши кутилмаган воқеа бўлиб, эшитган одамни ларзага соларди. Минг афсуслар бўлсинким бундай ҳабарлар оқими бугунги жамиятимизда йилдан йилга кўпайса кўпаябдики, ҳеч ҳам камайгани йўқ. Энг ёмон томони бу драматик фожиани ёшларимизни орасида худди қора қуюндек тарқалаётганини хар қандай ота онани ташвишга солмай қўймайди. Бу ижтимоий фожиамиз ёнига яқинда яна бир инсониятнинг ҳайвондан пастга тушириб қўйган бир мудҳиш воқеа содир бўлди. Ачинарлиси бу воқеа сиз билан биз яшаб турган мана шу жамиятда содир бўлди. Бир аёл ўз фарзандини ўз қўллари билан ўлдирганини ойнаи жаҳон орқали кўрсатилди. Аёл ўз содир қилган жиноятини тан олди ва қилган жинояти учун одил суд олдида жавоб бераяпти. Мен бу фожиаларни деталларига тўхталмоқчи эмасман.

Мени мана шундай мудҳиш фожилар таъсирида блогпост ёзишимга сабаб, бу ҳодисаларни нима учун рўй бераётганини ва қандай қилсак шу қора қуюнни тўхтатиб колишимиз мумкинлиги хақидаги ўз фикрларимни сизларга, денгиздан бир томчи сифатида тақдим қилишдир.

Демак мени фикримча бундай нохуш воқеаларни келтириб чиқараётган сабаблардан бири деб бугунги оммавий ахборот воситаларимизда ёш авлод учун идеал инсонларни тарғиботини суст эканлигида деб биламан. Мен мана шу бўшлиқни ўзимни шу блогпостим билан озгина бўлсада тўлдиришга ҳаракат қилдим. Мени бугунги сизларга ҳикоя киладиган инсоним менинг ҳақиқий Идеалимдир. Бу инсон менинг волидаи муҳтарама Онажонимдирлар. Мен Онажонимни ҳаётларидаги кўрган қийинчиликларини қандай қилиб енгиб ўтганларини бутун умр ўзимга китоб ва дарслик қилиб олганман ва бу дарсликни хамма вақт тафаккуримда мутолаа қилиб юраман. Чунки ҳаётни узи мени шунга мажбур қилади. Сабаби эса бугунги тезкор, шиддатли, бераҳм ва бешавқат замон. У ҳоҳласа сизни бир зумда варракдек осмонга олиб чиқади, истаса бир сония ичида арзимас бир сабаб билан тақдирингизга берилган зарба орқали ерга киргазиб юбориш кучига эга.

Ва мана шундай шиддатга ҳамоҳанг яшаш учун, дангаса бўлмаслик учун, ижтимоий салбий оқимларга қўшилиб кетиб колмаслик учун, манқуртга айланиб террорист бўлмаслик учун ва энг ёмон, мудҳиш хато - ўз қўлингиз билан ўзингизга дор ясамаслигингиз учун илм маърифатга ошно бўлиш билан бир қаторда, сиз кўриб турган реал замондаги яқинларингиз орасидан бирорта инсонни хаёт йўлини ўрганиш, ундан ибрат олиш ва керак бўлганда бундай инсонларга маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қилиб туриш, сиз учун фақат ва фақат кони фойда булиб хизмат қилади.

Бугунги кунда бизлар кўпинча демократик тамойилларни этагини тутишга ҳаракат киламиз, ҳориждаги ватандошларимизни ФБдаги эркин фикрларига тассанолар ўкиймиз ва табиийки улардек фикрлашга, улардек яшашга ҳаракат қиламиз. Бу албатта бир томондан олганда табиий ҳолат. Сабаби илғор давлатлар фуқароларини мушоҳадалари ривожланаётган давлат кишилариникидан кескин фарқ қилади. Аммо шунинг баробарида ҳар куни телефон ёки компьютерга кириб олиб ижтимоий тармоқларга муккадан кетмасдан кўзингизни олдидаги сизни келишингизни интизор булиб кутиб ўтирадиган нуроний қарияларимизни суҳбатларидан баҳраманд бўлишни унутмаслигимиз зарур. Чунки виртуал оламда кўрганингиз ва эшитганларингизни ҳаётингизда учраш эхтимоли 10 фоиз булса, реал одамлар билан қилган суҳбатингизни фойдаси бутун авлодингизга етадиган ўгитлар сандиғига айланиб боради.

Сиз ўз идеалларингизга суянинг: Отангиз ва Онангизга. Сабаби улар мана шу сиз хозирда оғзингизни тўлдириб танқид килаётган, Америка ва ёки Европа назари билан қараб қолоқлиқ деб атаётганингиз ижтимоий ҳаётни бир маҳсулидирлар. Шундай экан сиз ҳам осмондан тушмагансиз. Уларни мана шу қийинчиликларга сабри, матонати ва бардоши туфайли атрофни кўриш, фикрлаш, гаплашиш ва завқ олиш лаззатларидан баҳраманд бўлиб турибсиз. Уларга ота оналари уз ота оналаридан эшитганларини етказишган,.Энди эса улар, агар сиз улар билан суҳбат қурсангиз, вақт ажратсангиз, ота оналариданикига қўшиб уз тарихий сабоқларидан баҳраманд киладилар. Ва шу аснода сиз ҳам буларни фарзандларингизга етказасиз. Қарабсизки сизнинг оилангиз, авлодингиз ўзлигини йуқотмайдиган бебаҳо маънавий сандиққа эга бўладилар.

Мен бўш қолдим дегунча онам билан суҳбат қуришни яхши кўраман. Сабаби онам бутун уруғимизни, аждодларимизни келиб чикишини ёддан биладилар. Мен уларга саволларимни бераманда, телефонимдаги овоз ёзиш тугмачасини онамга билдирмай босиб қўяман.

Онамни ёшлари 78 далар.

Улар айтадилар:

«Ҳозирги ёшларга жуда ҳам "қийин". Бизни даврлар "ҳилла осон" яшаганмиз, дейдилар истеҳзо билан. Эрталаб азон соат 4 да туриб мол-холга караб, нонимни ёпиб, соат олтида трактор прицепда чўлга пахтага кетардик. Қишлоғимиз билан чўлни ораси 70 км дан ошиқ. У ерда кеч шомгача 50 градус қуёшни тиғида дала ишларини қилардик. Тепамиздан бригадир, табелчи кетмасди. Тушлигимизга макарон овқат ердик. Кечки маҳал қайтишда қўшни аёллар билан уйдаги мол қўйларга ўт қилиб, бошимда бир этак ўт, қўлимда бола, қорнимда бола билан зовурда кўприк йуқ, сувни кечиб ўтардик. Уйга кеч қоронғусида келиб қозон товоқдан сўнг бир уюм кир ювардик, дейдилар».

Онам шу ёшларида хам келинларга кўнмай, ўзларини кийимларини ўзлари ювадилар. Мен қаршилик қилсам, мен семириб кетаяпман харакат қилмасам, қоним айланиши керак дейдилар. Шу ёшга кириб онамни бир мартагина кўзлари оғриб касалхонада ётганини биламан. Умрлари узоқ булсин, бирорта марта соғликларидан шикоят қилмаганлар. Эрта кеч ўқийдиган китоблари Қуръон ва Ҳадис. Қуръон китоби оналаридан меърос бўлиб қолган. Гоҳида: "Қуйинг мусиқангизни қизим" деб мени қизчам билан ўйинларга тушадилар))) Жисмоний тарбия деб куладилар.

Кўрган қийинчиликларини ярми, бугунги ёшларни бошига тушса билмадим улар нима қилардилар ўзларини.

Бобомиз инқилобгача даврда туманни амини (хоким) бўлганлар. 1918 йили тўртта отлиқ болшавой уйга кириб ҳеч кандай сўроқ саволсиз бобомни отиб чиқиб кетишади. Уларни айтган гапи, Аминлар отилсин деган фармон берилди дейишади. Бобом ўлимидан олдин икки ракат намоз ўқиб олишга руҳсат сўраган ва шундан сўнг болшавойлар у кишини тандир ёнига тик турғазиб отиб чиқиб кетишади. Бор мол мулклари колхоз ҳисобига мусодара қилинади. Шундан сўнг онамни дадалари жуда ночорликда яшайдилар. Камига уруш бошланиб онамни битта-ю битта 18 ёшли акаси харбий коммисариат томонидан харбий хизматга чақирилади. Онам бешикда 2 яшар қизча бўлганлар ўшанда. Орадан бир йил ўтиб акалари оёгимдан ярадор бўлдим, кетаяпман госпиталдан деб ёзганлар. Ота онаси поезд вокзалига ҳар куни азонда от аравада тушишиб кечгача кутишар экан. Бир ойча шу зайилда кутишиб, келмагач, оталари хам, оналари ҳам бирданига касал бўлиб бир ойни ичида бирин кетин оламдан ўтадилар. Онам уч яшар гўдак ғирт етим бўлиб қолганлар. Бахтларига эналари тирик экан, оқ ювиб оқ тараб катта қилганлар. Онам уша кунларини эслаб йиғлайдилар. На отасини, на оналарини ва на акаларини юзларини кўрмаганларига ўксинадилар. Акалари урушдан онамга атаб шеър ёзар эканлар. Кейин катталар айтишиб берган онамга. Болалик пайитларим онам мени қўшни қишлокдаги кичик бир ташландиқ ҳужрага олиб борардилар. Ҳужрада хеч ким яшамас эди. У ерда Қуръон тиловат килардилар. Кейин билсам, у уй онамни қизлик уйлари экан. Уйни деворларини силаб йиғлардилар. Айтардилар, мана шу деворларда онамни қон излари қолган эди. Акам келмагач, қон қусганларида деворда қотиб қолган экан, кейин кўрганман эсимни танигач, деб йиғлардилар. Шу тариқа кимсан Солибойваччани қизига отинча онасидан бир донагина Қуръон китоби меърос бўлиб қолади. Чунки уйларида эркак қолмагач, ён атрофидаги қўшнилари онамларни яқин бир гектарлик томорқаларини ўзларига қўшиб оладилар.

Отхона-ю, пахта хирмонлардан бир кичик ҳужра ва олди айвонча қолади...

Мен онажонимни дунёдаги энг Маърифатли, энг Қатъиятли ва энг Иродали инсон деб биламан. Ва мана шу тугал ҳислатлари туфайли хам Онам мен учун Идеал инсон ҳисобланадилар.

Онам қандай қилиб бу қийин кунларни енга олдилар? Сабаби онамни Идеаллари гарчи бу дунёдан ўтган бўлсаларда, ўзларидан ибратли ва кучли маърифий ёдгорлик қолдира олдилар. Онамни парваришлаб катта қилган эналари эса узларида 100 йиллик инсоний маърифат сандиғини сақлаб қолган эдилар. Ва бу "сандиқ"ни шундайлигича онамга топширадилар. Бу "сандиқ"да сиз мумкинки ҳаёл қилган қилганингиз тилла тақинчоқлар эмас, балки инсонни ҳаёт йўлини ёритувчи аждодларимиз илми ва маърифати бор эди.

Онам ёш болалигимиздан бизларга "Гўрўғли" ва "Алпомиш" достонларини айтиб бериб катта қилганлар. Ҳаёт учун курашишга ўргатдилар. Ёшлигимизда мактабдан келиб иш қилмокчи бўлсак, қўлимиздан ишимизни олиб, бор дарсингни қил, уй вазифасини бажар дердилар. Хар куни ўзлари дафтар ва кундаликларимизни текширардилар. Қайта- қайта тайинлардилар: Сизлар факат аъло бахоларга ўқишинглар керак. Мени сизларни қўллайдиган на отам, на акам, на иним бор. Олий маълумотли бўлиб ўзларингни йўлларингни ўзларинг топишларинг керак дердилар. Худога шукур хозир хаммамиз олий маълумотлимиз. Онам учун энг қувонарлиси катта акамни отам ва онам ўгитларига амал килиб оддий агрономликдан туман ҳокими лавозимигача етиб боргани. Яъни чевара уз бобосига муносиб авлод бўлиб, замонлар алмашиб, у бошқарган музофотга раҳбар бўлиб тайинланганидир. Буни тагида эса Отамни, Онамни мана шу орзу мақсад йўлидаги фарзандларини ўз боболарига муносиб фарзанд бўлиши учун қилган саъйи ҳаракаталари ва меҳнатлари ётади. Бу идеаллик эстафетаси таёқчасидир.

Онам бугунги кунда нафақат бизларни, балки бутун маҳалламизни фахри. Хар куни олдиларидан одам узилмайди. Маслаҳат сўрашади катта-ю кичиклар. Қачон қарасангиз рўза тутганлари тутган. Саҳарликлари бир пиёлачага ивитилган қотган нон...

Хурматли замондош, энди ўзингиз бир фикр қилинг.

Мана шундай инсонларни, уларни ҳаёт йўлини узига идеал килиб олган одам ўз жонига қасд қиладими ёки ўз боласини ўлдира оладими?

Мен бу гапларим билан бошқаларни камситмоқчи ёки оиламизни мақтамоқчи эмасман.

Мен шунчаки халқимни фожеасига бефарқ эмасман, ўзбек ёшларини ўз қўллари билан гулдек умрларини ҳазон қилиишларини истамайман.

Идеалларни интернет тармоқларидан эмас, ёнингиздаги сиз билан бирга нафас олаётган одамлар орасидан қидиринг. Улар билан суҳбатлашинг. Улардан ниманидир олиб қолишга ҳаракат килинг. Чунки одам одамга ғаниматдир.

P.S. Минг шукур, онам бу кун бекаму кўст, ўз меҳнат меваларини кўриб, хурсанд бўлиб яшаяптилар. Лекин барибир олис Ленинграддан, уруш ўчогидан қайтиб келмаган, на тириклиги, на ҳалок бўлганлиги номаълум бўлиб қолган акаларини эслаб йиғлайдилар, ҳамон кўзлари йўлда, ҳамон кутадилар…

Онам ҳамон кутишда, кўрмаган акасини
Бир кун қўлимга тутди, ёзган шу ноласини:
«Отамсиз кўндим нетай, онамсиз ўсдим нетай
Дардимни кимга айтай, акажоним келмайсиз…
Сиз урушга кетган кун, бешикда хўп йиғлабман
Онам кўз ёшин кўриб қайтиб сира кулмабман…
На отаму, на онам ва на сизга тўймабман…
Ўғил авлод сиз билан тугадими акажон?
Сизнинг ғамингиз эзиб, отам тўшакка кўнди
Орзу-ю умидлари сизсиз шамдайин сўнди…
Онажоним қон қусиб, бағри дили хун бўлди
Ҳовлида оқ отингиз кишнаб қолди акажон…
Отам куйдилар сизга, онам куйдилар сизга
Бир бир оламдан ўтиб , навбат бердилар бизга…
Опам ой келин бўлди, онам йўқ деб зорланди…
Ақлу хушдан айрилиб, дард ситамга боғланди…
Йиғлайвериб куну тун, онам томон отланди
Ўтган яқинларингиз кўрдингизми акажон…?
Ўзим қолиб энамнинг ёнига аста ётдим…
Эрта-ю кеч йиғларман, ёшликда тошдай қотдим
Баъзида оч, баъзан тўқ... етимлик кўз ёш сотдим
Шу кунларим кўриб ҳам келмайсизми акажон…?
Сиз кетгач, отам ўтиб, уйни ҳатлай бошлашди…
Бору будимиз олиб, боғ-роғимиз талашди…
Қўшинларчи ҳовлимиз ўзларига мослашди…
Эккан нашвандингизни эслайсизми акажон?
Солибой саройидан қолди кичик вайрона
Тўрт деворлар нуради, кимга керак кошона…?
Сизларсиз бу уй менга, энди фақат ғамхона
Отингиз сизни излаб, кишнаб кетди акажон …
У кунлар заҳри ўтди.. бой ҳам ўтди, зор ўтди…
Хаммани тенг қилолмай Раис ўтди, Шоҳ ўтди
Тақдирга ёзилгани – ёлғон ўтди, рост ўтди
Барча ўтган бўлсада, ўтмадингиз акажон!»

3.87 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.87 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.26 / 13
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Ashurov Zokir 26/05/2018
3 Jasur 27/05/2018
2 Zafarali Murodov 28/05/2018
4 Шахноз Шахноз 31/05/2018
1.5 Bekzod Komoldinov 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
13 та фикр