Аёлларнинг кўнгил дафтари

Bahora Kamolova
Саралаш

Аёлларсиз ҳаётни, тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Улар жамиятни етакчи кучлари, моҳир ва уддабурон мураббийлари, меҳрибон ва оқила тарбиячиларидир.

Чуқур ўзгаришлар бизнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб бормоқда. Содир бўлаётган туб силжишлар дунёнинг ҳозирги қиёфасини ўзгартириб юбормоқда. Халқларнинг озодлиги, мустақиллик ва бахт-саодатга етишиши, ўз тақдирини ўзи белгилашга азму қарори мана шундай ўзгаришларни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Ўзбекистон чинакам мустақилликка эришиш мақсадини биринчилар қатори билдирганлигини, жонажон ўлкамиз учун фахр-ифтихор туйғуси билан қайд этиб ўтиш керак.

Мустақиллик туфайли миллий, тарихий, диний, умуминсоний қадриятларимиз тикланишига, ҳар бир миллатнинг ўзлигини тўла-тўкис ҳис этишига эришмоқдамиз.

Хозирги кунда барча соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлган ўзбек аёли жамият, давлат ва оилани мустаҳкамлаш борасидаги фаоллиги унинг халқ ва жамият эъзозида, иззат-ҳурматида ҳамда ғамхўрлигида эканлигини кундалик ҳаётимизда чуқур ҳис қилиш мумкин.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятни демократлаштириш, эркинлаштириш ва соғломлаштириш шароитида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ҳуқуқий мавқеини ошириш омиллари такомиллашмоқда. Аёлларимиз ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида ўз ақл-заковати, истеъдоди ва қобилияти, ташкилотчилик ва ташаббускорлик, билим ва шижоатларини намойиш қилмоқдалар. Шу жиҳатдан бугуннинг матбуоти ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришларга ҳисса қўшаётгани ва бу борадаги муаммоларни илмий тадқиқ қилиш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир.

Журнал таҳририятларида ишлаш газетадан маълум даражада фарқ қилади. Газетада журналистдан кўпроқ оперативлик, тезкорлик талаб қилинса, журналда эса ҳаётнинг чуқур қатламларига кириб бориш, чуқур билим ва мушоҳада талаб этилади. Энди диссертациямизнинг тадқиқод объектлари ҳисобланган манбаларда ижтимоий ҳаёт ва иқтисодий муаммоларн ёритишга доир мақолаларни таҳлил қилишга ўтсак.

Баъзилар жамиятда турли сабаблар билан юзага келган иллатлар ҳақида камроқ гапириш керак, деб ҳисоблайдилар. Аслида, ҳар бир иллатнинг илдизи, унинг зарари ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқдир. “Саодат” журналининг 2008 йил иккинчи сонида журналнинг мухбири шундай иллатлардан бири – гиёҳвандлик ҳақида Республика хотин-қизлар раиси ўринбосари, шифокор Нурия Туреева билан суҳбати берилган.

Ҳақиқатдан ҳам гиёҳвандлик инсониятни таназзулга бошловчи ҳодисадир. Бугунги кунда бу, ижтимоий ҳаётимизда энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Тадқиқотларга қараганда дунёда 450 миллион кишининг руҳан, жисмонан бузилиши гиёҳвандлик билан боғлиқ экан. ОИВ инфекцияси билан зарарланганларни 80 фоизини гиёҳвандлар ташкил этади. Хуллас, журналда чоп этилган мақолада гиёҳвандлик нима, у қандай белгиларда намоён бўлади, каби саволларга жавоб берилган.

Ўсмирлик даври болалик оламидан ёшлик дунёсига ўтувчи бир кўприкдир. Бу давр мураккаброқ келиши билан бошқа даврлардан фарқланади. Педагогик адабиётларда “ўтиш даври”, “инқироз даври”, “оғир давр” дея таърифланади. Бу давр қизларда таҳминан 9-10 ёшларда бошланиб, 15-17 ёшларгача давом этиши мумкин. Ўсмирлик даври қизларда ўғил болаларга нисбатан бир икки йил олдин бошланади. Ўсмирликнинг мураккаблиги психологик, физиологик, ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Мазкур даврда унинг ҳаёти, руҳияти, физиологик ва ижтимоий ҳолатида жиддий ўзгаришлар содир бўлади. Журналнинг “Уйингизда қиз ўсаяпти” рукнида педагогика фанлари номзоди Шаҳноза Жалилованинг мақоласи ўсмир қизлар руҳиятида содир бўладиган ҳолатлар билан боғлиқ. Мақола – “Уни тушунасизми,”, деб номланади. Унда Шаҳноза Жалилова ўсмир қиз руҳиятида содир бўлаётган физиологик ўзгаришлар ва бу уларнинг руҳиятига таъсири ҳақида ёзади. Бундай ҳолатларда ота-оналар нималар қилиши даркорлиги хусусида фикр-мулоҳазалар, маслаҳатлар беради.

“Саодатнинг” яна шу сонида “Қизгина сенга гапим бор” рукни остида берилган мақола тўйгача биринчи ва иккинчи босқични яшаб қўйиб, хато қилган ёшлар муаммолари билан боғлиқ.

Журналнинг 2008 йил биринчи сонида Ўзбекистон санъат арбоби Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Туҳфа” рукнида – “Ҳар томчининг сабаби бор” ҳикояси чоп этилган. Бунда ижтимоий ҳаётда юз бераётган муаммолар ҳикоя тарзида очиб берилади.

Мамлакатимизда ёшларни ҳуқуқий маданиятини шакллантириш учун жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Уларни иш билан таъминлаш, ўрнини топишга йўналтириш ҳам давлатимизнинг устувор йўналишларидан бири. Аммо нур борки, соя бор деганларидек, дунё кўламида тарқалган “одам савдоси” деб аталмиш иллат бизнинг ҳам жамиятимизга кириб келди. Шунча кураш, шунча қаршилик бўлишига қарамай бу иллатнинг яшаб келаётганининг сабаблари борасида “Саодат” мухбирининг Нодира Алимбекова билан бўлган суҳбатида ёритилади. Бунда “одам савдоси” билан шуғулланиш ёки қизларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиш жиноятларини таҳлил қилинади.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг ҳар галги бошқарув йиғилишларида оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилани мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ютуқлар айтиб ўтилади. Шу билан бирга бу соҳада жойларда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида, очиқ ойдин гапирилади. Журналистлардан бу борада муаммони ҳал қиилишга ёрдам беришлари таъкидланади.

Хотин-қизларнинг интеллектуал савиясини кўтариш, жойларда уларнинг обрўсини ошириш учун хотин-қизлар фаоллари ва жамоат ташкилотлари баробар ҳаракат қилишлари лозим. Жойлардаги маҳалла хотин-қизлар кенгашлари раислари самарали ишлаяптими? Маҳалла посбонларининг фаолиятида юзакилик йўқми? Ҳар бир оила билан танишиб, алоҳида-алоҳида ишлаш тизими қандай йўлга қўйилди? Каби саволларга ва бу борада мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан “Муҳаррир минбаридан” туриб журналнинг 2008 йил учинчи тўртинчи сонида жавоб берилади. “Бизни ўйлантирадиган муаммолар” рукнида ҳам оналик ва болалик муҳофазаси, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш масалалари юзасидан Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ажратилган грант асосида тайёрланган мақола ҳам ўрин олган.

Бугун кийиниш маданияти ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Бу бежиз эмас, чунки либосларда халқларнинг маданияти, маънавияти акс этади. Сўздан, кўз, юздан аввал кийимга қараб баҳо берилади. “Саодатнинг” 2009 йил учинчи-тўртинчи сонларида “Долзарб мавзу” рукни остида берилган мақола ҳам айнан кийиниш маданияти билан боғлиқ танқидий, таҳлилий мақоладир. Мақола “Ўзимизга ярашиқли бўлсин”, деб номланади. Суҳбат асосида берилган ушбу мақоланинг муаллифи Зумрад Ваҳобова. Унда бугун эл орасида юрган бир гуруҳ аёлларнинг кийиниш маданиятида йўл қўйилаётган камчилликлар юзасидан фикр мулоҳазалари баён этилади.

Ўзбекистон Бош Вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Акбаровнанинг мақоласи ҳам ижтимоий ҳаётимизнинг энг долзарб муаммоларидан бири, одам савдоси жиноятининг даҳшатли оқибатлари билан боғлиқ. Мақола “Ҳар ерни қилма орзу” сарлавхаси остида берилган.

Ижтимоий ҳаётимизда учраб турадиган муаммоли, ҳам жиноят ҳодисаси билан боғлиқ маълумот, “Саодатнинг” 2009 йил 7-8 сонларида чоп этилган. Унга кўра Самарқанд вилоятининг Ургут туманида жойлашган Терсак қишлоғида юз берган жиноий ҳодиса батафсил ёритилган.

Умуман олганда “Саодат” журналининг қуйидаги рукнларида ижтимоий-иқтисодий муаммолар чоп этилган. Булар қуйидагилар:

1. Урушда ҳеч ким ғолиб бўлмайди;

2. Психологик таҳлил;

3. Мен боламни дейман;

4. Аср вабоси;

5. Уйингизда қиз ўсаяпти;

6. Никоҳ муқаддас;

7. Оғриқларимиз;

8. Акс-садо;

9. Тадбиркорлик калити;

10. Туҳфа;

11. Долзарб мавзу;

12. Муҳаррир минбаридан;

13. Бизга ёзибсиз;

14. Мулоҳаза учун мавзу;

15. Айтмаса бўлмайдиган гаплар.

Бозордан ёки дўконда ўзи хоҳлагандай молни сотиб ололмаган ҳаридорнинг, албатта, бу жумбоқли масала олдида боши қотиши табиий ҳол. Ҳатто ўзининг дидини яхши билган ҳаридор ҳам баъзан керакли молни сотиб олишда адашади. Ҳўш, бундай пайтларда нима қилиш керак? Дўконга қайтариш керак. Бу жавоб аслида жуда жўн бўлиб, муаммони бир зумда ҳал қилиб бергандай туюлади. Аслидачи, сотиб олинган молни қайтариб топшириш учун сабаб, яна ҳам аниқроғи, жиддий асос бўлиши зарур, албатта. Агар бирор электротехника асбоби бўлса, бошқа гап. Чунки унда молнинг ишлаб чиқарилиши вазифаси билан боғлиқ кафолат муддати, сифати ҳақида тўлиқ маълумотлар бўлиб, ҳаридорнинг дидига, имкониятига, шароитига тўғри келмаса, сифатсиз бўлса, сотилганлиги ҳақидаги касса чеки билан олиб борса, шу молни сотган дўкон уни қайтариб олади ёки бошқасига қайтариб бериши керак. Бироқ баъзи бир холларда харидорларнинг ҳуқуқлари поймол этилади. Мана шундай муаммоли вазият “Оила ва жамият” газетасининг 2008 йил март-апрель сонида чоп этилган “Сотилган буюм қайтариб олинадими?” сарлавҳали мақоласида ёритилган.

Газетанинг 2009 йил апрель сонида турли ижтимоий, иқтисодий муаммолар туфайли оилада юзага келадиган муаммолар борасида журналист Дармон томонидан тайёрланган мақола ҳам аҳамиятли, долзарб муаммолардан бирини кўтариб чиққан. Унда оилавий ҳаётда турли ёшларда юзага келадиган бўҳронлар хусусида гап боради. Биз “Оила ва жамият”да чоп этилган қуйидаги мақолаларда ижтимоий ҳаёт ва иқтисодий муаммолар маълум маънода ёритилган дейишимиз мумкин. Булар қуйидаги:

“Акс-садо” рукнида берилган “Оёғимиз остига ҳам қарашни ўрганайлик”, “Тарбия” рукни остида “Худодан қўрқмоқ керак” мақоласи, “Бошқалар” рукнида “Қилмиш – қилирмиш”, 2008 йил октябрь сонида “Фонд лойиҳаси” рукнида “Уволнинг заволи бор”, “Тунги клублар кимларни чорлаяпти?”, 2009 йил августь сонида “Бошқалар” рукнида “Кечиккан иқрор”, “Кимгадир озор дунё” каби мақолалардир.

Ҳозирги замон Ўзбекистон хотин-қизлари матбуотида “Саодат” журнали фаолияти мисолида аёлнинг маънавий қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизларнинг ўй-қарашлари, ютуқлари ҳамда жамиятдаги фаолликларини ёритилиши негизида, ўсиб келаётган ёш авлодни илм олишни қадрлашга, фидойилик ва самимийлик руҳида тарбиялашга, ҳамда матбуот хотин-қизларнинг қалбида янгидан янги орзу-истакларнинг уйғонишига муҳим омил бўлмоқда.

2.98 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    2.98 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.33 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Нозим Ашуралиев 30/04/2018
1 Charos Omonova 30/04/2018
4 Nazokatxon Annayeva 02/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр