Аёллар машинани яхши бошқаролмайдими?

Komila Nosirova
Саралаш

Замон шиддат билан ўзгараётган, тараққиёт авжига чиққан бир даврда аёлларнинг эркаклар билан тенгма-тенг меҳнат ва ижод қилиши, илм билан шуғулланиши, энг юқори амалларни эгаллаши ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Шу аснода кўчада автомобилини бошқариб юрган аёллар ҳам янгилик бўлмай қолди. Аммо негадир ҳалигача бу борада қарама-қарши фикрлар мавжуд. Кимдир ёқласа, кимдир аёллар машинани яхши ҳайдай олмайди деган фикрга ёпишиб олган.

Гулноза ОТАЖОНОВА, шифокор: — Ота-онам менга ўн саккиз ёшга тўлган пайтимданоқ автомобиль бошқаришни ўрганишимни маслаҳат беришди. “Келажакда асқотади”, дейишди. Бу ўзимга ҳам маъқул келди. Ҳайдовчилик курсларида ўқиб, машина ҳайдашни ўргандим. Кейин акам, отамдан ҳам дарс олдим. Икки йил деганда ўзимга ишонч пайдо бўлди, шундан кейингина катта кўчаларда ҳайдай бошладим. Албатта, аввалига ҳаммада ҳам қўрқув бўлади. Бу қўрқув фақат аёлларда эмас, эркакларда ҳам бўлади. Кейинчалик маҳорат ортган сари қўрқув ўтиб кетади. Энг асосийси — ана шу қўрқувни енгиш. Аёллар табиатан юмшоқкўнгил, таъсирчан бўлгани учун қўрқувни енгиши бироз қийин кечади. Шунинг учун ҳам баъзи аёллар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиб, машина бошқаришни билса ҳам, автомобиль ҳайдашга чўчийди. Баъзилар шу қўрқувни нотўғри тушуниб, уларни айблайди.

Зуҳриддин БОЙМИРОВ, дурадгор: — Эркаклар бор жойда аёлларнинг автомобиль ҳайдашини ёқламайман. Чунки бу четдан жуда ғалати, тўғрироғи, хунук кўринади. Баъзан шундай ҳолатларга гувоҳ бўлиб қоламан: эри ёнида ўтиради-ю, машинани аёли ҳайдайди. Бу аёл наздида эркак кишининг обрўсини туширади деб ўйлайман. Агар аёлнинг ўзи ёлғиз кетаётган бўлса, унда бошқа гап. Масалан, эр бетоб бўлганда, боласини мактабга олиб бориши, рўзғорга бирон нарса олиб келиши зарур бўлиб қолса, аёлнинг машина бошқара олиши асқотади. Шунинг учун аёлларнинг яна бир ҳунарга эга бўлишининг зарари йўқ деб ўйлайман.

Хуршида САФАРОВА, талаба: — Шахсан ўзим машина ҳайдашни билмайман, тўғриси, ўрганиш ниятим ҳам йўқ. Чунки йўлларда машиналарни қанчалик бетартиб ҳайдашларига, светофорда сариқ чироқ ёниши билан тормозни қаттиқ босиб ўтиб кетишларига, бир-бирларини беҳурмат қилиб сўкишларига, бетоқат сигнал чалишларига кўп гувоҳ бўлганман. Меинг бундай муносабатга, шиддатга тоқатим йўқ. Асабим чидашига кўзим етмайди. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида одам беихтиёр асабийлаша бошлайди. Машина бошқараётган одамнинг асабийлашиши эса яхшиликка олиб келмайди. У ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам хавф туғдиради. Одатда, бундай ҳаракатларни эркаклар қилишади, аёлларнинг бирон марта газни беаёв босиб ҳайдаганини кўрмаганман. Аёллар анчайин эҳтиёткор, тартибли бўлишади. Статистик маълумотлардан маълум бўлишича, йўл қоидаларини ҳам кам бузишади. Менимча, машина ҳайдаш — йўлдаги кўнгилсизликлардан чўчимайдиган, асаби мустаҳкам аёллар учун.

Қувондиқ АЛИЕВ, тадбиркор: — Аёлларнинг машина ҳайдашига ижобий қарайман. Ҳозирги замонда бу табиий ҳол. Аёллар ҳамма соҳада илғор, автомобиль бошқаришда ҳам анча моҳир бўлиб қолишганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Тўғри, йўлда аёл ҳайдовчиларга баъзи эркак ҳайдовчилар салбий муносабатда бўлишади, ҳатто кутилмаганда қувиб ўтадиган, сигнал бериб шошириб қўядиганлар ҳам топилади. Бундай ҳолатлар аёлларга кўпинча ноқулайлик туғдиради, довдиратиб қўяди. Таъсирчанроқ аёл ҳайдовчилар кичкина муаммо туғилганда ҳам қўл силтаби кетишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса аёлларнинг машина ҳайдашига қарши бўлганлар учун ажойиб дастак бўлиб хизмат қилади. Бир марта қоидани салгина бузиб ўтиб кетган аёл ҳайдовчи ҳақида эркакларнинг “Ҳа, аёл ҳайдаётган экан-да”, деб кинояли оҳангда пичинг қилишганини эшитдим. Бундай фикр билдириш умуман нотўғри. Чунки йўл қоидасини аёллар эмас, кўпроқ эркаклар бузади. Фарқи шундаки, аёллар ортиқча эҳтиёткорлик оқибатида хатога йўл қўйса, эркаклар кўпинча ўзига ҳаддан ортиқ ишонганидан қоидан бузади.

3.16 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.16 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 3

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Ibragim Kadirov 21/04/2018
3 Bahor 22/04/2018
5 Maxsuma Quvatova 25/04/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр