Болам касал бўлса, "болничний" очтиролмайман!

Эркаклар ва аёллар аёллар тенг ҳуқуқлиги ҳақида кўп бонг урилади. Хўш, аслида ҳам шундайми? Афсуски, йўқ!

Аввал-бошдан айтиб қўяй: феминизм тарафдори эмасман. Жамиятда аёллар устун бўлишиниям даъво қилмайман. Аксинча, менга қолса, эркакларимизнинг топгани рўзғорни обод қилсаю, уйда фарзандларимни тарбиялаб ўтирсам. Аммо ҳаёт ҳамиша Сиз айтгандай бўлавермайди-ку, тўғрими? Қўлида ҳунари, дипломи бўлса, рўзғорга қарашишнинг нимаси ёмон?

Майли, гапнинг индаллосига ўта қолай. Ҳаётда, айниқса, меҳнат муносабатлари соҳасида эркак ва аёллар ҳуқуқлари тубдан фарқ қилади. Буни осмондан олиб ёзмаяпман, балки бошимдан ўтган воқеалардан чиқарган хулосам шу.

Университетни 2011 йилда тамомлаганман. Олий маълумотли педагогман. Худога шукур, касбимни яхши ўзлаштирганман. Аммо ишга киришим осон кечган дея олмайман.

Илк марта касб-ҳунар коллежига ишга кириш учун ҳужжат топширдим. 2013 йил эди. Фарзандим 2 ёшга тўлган, уни боғчага жойлаб ишга излаб юрган кезларим.

Ўқув ишлари бўйича директор муовини мендан бир дунё ҳужжат сўрагани эсимда. Ҳатто вақтинча рўйхатда турадиган ҳудудимдаги оилавий поликлиникамиздан ҳомиладор эмаслигим ҳақида маълумотнома ва УЗИ плёнкасини олиб бориб бергандим. Аслида бунинг қонунга зидлигини билсам-да ҳеч қаерга арз қилолмаганман, чунки ўша ишга муҳтож эдим.

Хўш, унда буни нимага ёзаяпман. Бу менга эркаклар ва аёллар ишга қабул қилинишда тенг ҳуқуқли эмаслигини исботлашимда далил сифатида керак бўлди холос. Боиси эркаклардан бундай маълумотнома талаб қилинмайди.

Хўш, ўша вақтда ҳомиладор бўлсам ва УЗИда бу “фош” бўлганда нима бўларди? Аслида бундай вазиятда ҳам мени ишга қабул қилишни рад этиш ноқонуний. Бироқ кўп ҳолларда турли баҳоналар ҳомиладорлар ишга олинмайди.

Қандай баҳоналар билан рад этишлари мумкин, дейсизми? “Узр, бизда иш ўрни йўқ эди?”, “Биздаги вакансия сизга тўғри келмас экан, юклама оғир, қийналиб қоласиз”, “Яқиндагина янги ходим олиб қўйганидига, эссиз!” ва ҳоказо. Ваҳоланки, вакансия бўшлигини аниқ биласиз (ўзбекчилик, одатда бўш иш ўрни бўлмаган жойга борилмайди 😉).

Яна бир баҳсли ҳолат. Таълим тизимидаги аёлларнинг нафақат эркаклар, балки бошқа соҳаларда ишловчи ҳамжинсларидан-да ҳуқуқсизроқ. Бошқа соҳалар, масалан, ижтимоий-иқтисодий соҳада меҳнат қилувчилар касал бўлиб қолишса, ўз қонуний ҳуқуқларидан бемалол фойдаланишлари, яъни "болничний" очдириб, қайтганларидан сўнг ўртача иш ҳақининг 80 (баъзилар ҳатто 100) фоизини олишлари мумкин.

Бироқ таълим тизимида бундай эмас. Ишга чиқмадингми, тамом, ойлигинг кесилади. Касалмисан ёки бошқа узрли сабабинг борми, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Шу боис ўзимиз ёки боламиз касал бўлиб қолганда, ҳамкасбларга дарсимни ўтиб тур деб ялинардик-ёлворардик.

Ҳа-я, болалар ҳақида айтишни унутибман-ку! Аслида болалар касал бўлган-да, унинг асосий қаровчиси сифатида онасига ҳам касаллик таътили берилади. Бу ҳам қатъий белгиланган ҳуқуқ. Шунингдек, уч ёшгача фарзанди борлар одатдаги иш вақтидан қанчадир соат олдин кетиш ҳуқуқига эга. Бироқ таълим тизимида бу ҳуқуқлар ишламайди. Сўзларимни бошқа ҳамкасбларим ҳам тасдиқласа керак.

Шу боис ҳам одатда фарзандимиз касал бўлганда ноилож хўжайинимга "болничний" олардик, бемор боламга отаси қараб турган кунлар кўп бўлган. Чунки у кишининг ишхонасида бунинг имкони бор эди.

Ҳеч тушунмайман, мактаб, лицей, коллежда ишловчи аёллар роботми? Унинг оиласи борлиги, кимгадир хотин, кимгадир келин, кимгадир она эканини наҳот тартибларни шу қадар муракаблаштириб юборган раҳбарлар билишмайди? Мақсад нима ўзи бундан? Нега ўзбек жамиятининг ўзига хосликлари инобатга олинмаган бу тартибларни жорий қилишда?!

Қолаверса, ўқитувчи аёл фарзандига беролмаган меҳрни ўқувчисига беролармиди? Фарзанди ўт бўлиб ёниб ётсаю ишхонада унинг сурати ўтиришидан нима фойда? Барибир фикри ёди уйда бўлади-ку?

Саволлар кўп, жавоблар эса... Ҳакамлар орасида Олий Мажлис депутати ҳам бор эканлар. Ўтинчим, шу сўзларимни қонун чиқарувчи ҳокимиятдагиларга етказсалар, мана шу муаммо ҳам шу сабабли ижобий ҳал бўлса.

3.91 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.91 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.17 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 3

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 G'ayrat Norqobil 21/05/2018
5 Dilnavoz Berdiyeva 21/05/2018
5 Javohir Izzatullaev 21/05/2018
5 Bahromjon Abdurahmonov 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр