Аёл бахтли бўлса жамиятда тинчлик ҳукм суради. Аёлни бахтсиз қилаётган ким?

Feruza Sattarova
Саралаш

Ҳозирги кунда жамиятимизда мавжуд бўлган энг долзарб ва ташвишлантирувчи муаммоларга кундан кун ортиб бораётган ажрашишлар ва бузилаётган оилалар сони, ёлғиз оналарнинг кўпайиши, болаларнинг тирик етим бўлиб қолиши ёки руҳияти эрта ёшдан жабр кўриши, айрим ота-оналар фарзандларига сифатли вақт ва эътибор ажратишни истамасликлари, ёш келинларнинг руҳий ва жисмоний касалланишлари ва шу кабиларни кирита оламиз. Албатта, бу муаммолар инсонни ўйлантиради ва ачинтиради, лекин бу муаммоларнинг барчасининг негизида АЁЛ турганини ҳамма ҳам тушуна оляптими? Хулоса қилишга шошилманг! Мен ҳаммасига аёл айбдор дейишдан йироқман. Мени жамиятда кенг тарқалган муаммоларнинг илдизи қизиқтиради. Муаммо илдизи топилганида эса, табиийки муаммога ечим топиш ҳам осонлашади.

Келинг юқорида санаб ўтилган муаммоларни бирма-бир кўриб чиқамиз.

Оилалар бузилишига нималар сабаб бўляпти? 

Тасаввур қилинг, оилага келин тушди.

Ўзга оиланинг асраб-авайланган ниҳоли янги муҳитга кириб келди. Энди қиз ўз ота-онаси ва яқинларидан айро қолган ҳолда ўзига таниш бўлган муҳитдан тамоман ўзгача масканга кириб келди. Тасаввур қилдингизми?

Бирданига шунча ўзгариш, шунча янгилик, ҳали таниш бўлишга улгурмаган инсонлар. Бу организм учун жуда катта срессдир. Стресс пайти эса вужуд ҳолсизланади. Сурункали ҳаяжон, ҳадик, кам уйқулик, гормонлар ўзгариши - булар ҳам организмда стресс ҳолатини юзага келтиради. Куёв томон эса буни ҳар доим ҳам тушунмаслиги мумкин, сабаби уларда фақат битта ўзгариш рўй берди - уларга янги оила-аъзоси қўшилди.

Бизнинг урф-одатларимизга кўра келин илк кунларданоқ барчанинг ҳизматини қилишга киришиб кетади. Оила аъзолари келинни янги хонадон қонун-қоидалари билан таништиришни бошлайди ва билмаганини ўргатади. Табиийки, янги келин ҳам қўлидан келганча бу қоидаларга мослашишга ҳаракат қилади. Ҳеч қайси қиз янги қураётган оилам бузилсин деб турмуш қурмайди, аммо унинг организмида ҳозир бир қанча жараёнлар рўй беряпти. Бу дегани эса, келин ногаҳон ухлаб қолиши, толиқиши, тушкун кайфиятга тушиб қолиши, ўзи истамаган ҳолда эмоцияларга берилиши ва шу каби "хатолик"ларга йўл қўя бошлайди. Унутмайлик, у хам бир инсон - заиф, ёш ва тажрибасиз инсон.

Шундай кунларнинг бирида келин ҳомиладор бўлади. Чексиз қувонч билан бирга организм учун янги стресс манбаи қўшилади. Организм иккита инсон учун ишлай бошлайди. Уйқу тортиши, иштаҳа кучайиши, баъзи таомларни қўмсаш, яна гормонлар рақси, толиқиш, оғирлашиш, уйқудаги ноқулайликлар, юзага келиши мумкин бўлган бадан оғриқлари...

Келин вужудида янги ҳаёт ривожлана бошлайди. Бу янги инсонда бошқа органлар қатори асаб толалари ва мия ҳужайралари ҳам шакллана бошлайди ва бу ҳужайралар айни дамда жуда катта маълумотларни ўзига сингдириб ёзиб ола бошлайди. Онанинг руҳий кечинмалари ҳам ёзилиб нусҳа қилиб олина бошлайди.

Жамият келажагининг бир парчаси мана шу келин вужудида пайдо бўлади!

Заиф вужудда янги ҳаёт пайдо бўлгач, айни шу пайтда баъзиларда "Энди қаерга ҳам кетарди" деган тушунча пайдо бўлади. Натижаси эса, ўзингизга аён. Сурункали стрессга қўрқув қўшилади. Қийинчиликлар ва даҳшатли оғриқлардан сўнг, аёл янги инсонни дунёга келтиради. Янги инсон эса миясига ёзилган дастур билан туғилади. Ушбу дастур бола уч ёшга тўлгунча такомиллашади ва бу вақтга келиб дастурнинг жуда катта қисми ёзиб бўлинган бўлади.

Сурункали стресс ва туғруқ кечинмаларидан сўнг баъзи аёлларда туғруқдан кейинги депрессия аломатлари юзага кела бошлайди. Афсуски, буни ҳамма ҳам билавермайди ва тушунмайди. Бу ҳолатни тушунмаганлар келиндан айб қидиради, кайфиятсизлигини ҳурматсизликка йўйишади. Қарабсизки, тушунмовчиликлар пайдо бўлади ва оилага аста-секин дарз кета бошлайди. Бундай муҳитда улғаяётган мурғак болакай жуда кучли кечинмаларни бошидан ўтказади. Боланинг жуда тез ўсаётган мияси айни шу маълумотларни ўзида муҳрлайди.

Фалокатнинг илдизини кўра олдингизми?

Айрим ота-оналар нима учун фарзандларига сифатли вақт ажратишни исташмайди? 

Муаммо - ҳамкорлик етишмаслигида.

Келин фақат уй ишлари, мажбуриятлар, ҳизмат ва ошхона билан банд бўлиб қолганида, табиийки болага етарли вақт ажратишнинг имкони бўлмайди. Аслида она янги туғилган фарзандининг илк йилларида асосий эътибор ва вақтини биринчи ўринда фарзандига сарфлаши лозим. Она сутининг етарли ишлаб чиқарилиши ва бола асаб тизимининг яхши шаклланиши учун она боласи билан доим яқин контакда бўлиши муҳим.

Қўлга ўрганиб қолмасин деб болани онадан иложи борича узоқ ушланганда нима бўлади? Бундай қилинганида онада шифобаҳш ва тенгсиз ҳисобланган она сути камайиб кетади. Болада эса она бағрига тўймаслик комплекси пайдо бўлади ва бу комплекс бола улғайганда ўзини намоён қила бошлайди.

Она уй ишларига ва бошқаларнинг ҳизматига улгурай деб фарзандига етарли вақт ажрата олмаган пайтда боланинг отасида қандай сабаблар бўлиши мумкин деб ўйлайсиз?

Фарзандлар таълим-тарбиясида нима учун онани масъул тутамизу раҳматини отага айтамиз? Аслида ота ҳам она ҳам фарзанд илму таълими учун масъул эмасми? Бола билан суҳбатлашиб туриш, саволларига жавоб бериш, билмаганини чиройли қилиб ўргатиш отанинг ҳам асосий масъулиятларидан бири эмасми?

Ҳозирда шаклланиб қолган тушунчаларга кўра, отанинг ёш бола билан вақт ўтказиши "энагалик" ҳисобланар экан. Наҳотки? Бегона эмас, ўз фарзанди билан вақт ўтказиш қачондан бери энагалик деб атала бошланди? Қачондан бери ҳақиқий оталик энагалик деб номлана бошланди?

Ёш она ёш боласи билан овора бўлиб қолганида уй ишларида ёрдам бериш ота учун нега бизда уят ҳисобланади? Уй ишларида аёлига ёрдам бериш суннат ҳисобланганда, биз нима учун мантиққа ҳос бўлмаган ёзилмаган қоидалар ўйлаб чиқарамиз? Аҳир оила бу эр ва хотиннинг ҳамкорлиги эмасми? Бу ҳамкорлик эса чин муҳаббат ва ишонч пойдеворидир. Оилада ҳамкорлик бўлмаса, муҳаббат қайдан келсин.

Аёлнинг энг заиф вақтлари нотаниш муҳитга энди кўчиб ўтган пайти, ҳомиладорлик ва фарзандлари жуда ёш пайтлардир. Бу пайтларда аёлга далда ва кўмак бера олган умр йўлдош аёлнинг чин муҳаббатига сазовор бўлади. Аёл муҳаббати эса оила тинчлиги ва ҳотиржамлигининг асосидир. Ишонмаяпсизми? Мана қаранг.

Қуйидаги 3 хил сценарийни солиштиринг.

Умр йўлдошига муҳаббатли ва умр йўлдошига суяна олган аёл фарзандлари ва бошқа яқинларига нисбатан ҳам доим хуш кайфиятда бўлади. Бундай аёл умр йўлдошига гўзал кўринишни истайди ва бунинг уддасидан чиқади. Фарзандларига меҳрибон бўлади ва сўлиб қолмайди. Фарзанд она меҳрига қониши, она эса фарзанднинг отасидан меҳр ва эътибор кўриши қандай гўзалдир!

Аёл фақат ҳизмат, уй ишлари ва бола билан овора, эр эса дам олиш кунларида ҳам "аёллар ишига аралашмай" деб кўчага ёки чойхонага чиқиб кетади. Нега деса, ҳа аёлим банд, менга вақт ажратмаяпти, дейди. Аёл эса темир эмас, у бориб-бориб руҳан толиқади. Эридан кўнгли совуйди. Ўзи билган-билмаган ҳолда фарзандларига жаҳл қилиб юборади, кейин эса афсусланади ва яна қийналади. Саломатлигига путур ета бошлайди. Қалбда муҳаббатсиз яшаш аёл киши учун жуда қийин, аммо тақдир эканда деб фарзандлари учун ҳам сабр қилиб яшайверади. Мен бундай оилани жонсиз оила деб ҳисоблайман. Бахт нелигин билмаган ота-она фарзандларига бахтдан қандай сабоқ бера олсин ахир? Устига устак, кечга бориб руҳан ва жисмонан ўта толиққан аёл эрнинг кўнглини қандай олсин?

Учинчи сценарийда эса ҳамкорлик ва ўзаро тушуниш йўқ оиланинг дарз кетиб, оиланинг парчаланиб кетиши акс этади.

Ёлғиз она ва болалар

Оилага дарз кетгач, сурункали стресс манбаидан қутилиш учун аёл бу маскандан кетишни орзу қила бошлайди ва аччиқ бўлса ҳам ажрашиш қарорини қабул қилади. Баъзи аёллар сабр қилади ва ниҳоят бахтга эришади. Бошқалари эса сабр қилади, аммо эвазига саломатлигидан айрилади. Она саломатлигидан айрилганида эса, афсуски бундан фарзандлар жабр кўради.

Оила бузилиши жуда кўп ҳолатда аёл киши томонидан содир этилади, нега дейсизми? Сабаби шуки, умр йўлдошидан кўнгли совуган аёл унинг кўнглини олишга интилмай қўяди. Натижада оилада эътиборсизлик ва бефарқлик пайдо бўлади. Табиийки, бундай оиланинг парчаланиб кетиши ҳам жуда осон бўлади.

Бу ерда яна аёлни сабрсизликда ёки эътиборсизликда айблашга шошилманг. Муаммонинг юзасига эмас, илдизига боқиб кўринг.

Муҳит ўзгариши, яқинларидан узоқда бўлиши, гормонлар ўзгариши, ҳомиладорлик ва туғиш каби мураккаб жараёнларни бошидан кечираётган заифа аёл табиатан кучли қилиб яратилган умр йўлдошнинг ҳимоясида бўлмаса, ким унинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳимоя қилади? Динимиз эркакни заифларни ҳимоя қилишга ва аёлларга энг гўзал муносабатда бўлишга чақирган эмасми? Ўз пушти камари - фарзандининг саломатлиги учун ҳам шу заифа аёлнинг руҳий ва жисмоний саломатлигини муҳофаза қилиш эркакнинг вазифаси эмасми? Руҳий саломатлигига путур етаётган ёш она фарзандларига қандай қилиб бахт тушунчасини сингдира олади?

Ўз уйида ардоқланган ҳеч қайси аёл кўчага интилмайди. Бундан эса нафақат аёл балки фарзандлар ҳам, фарзандлар отаси ҳам ютади. Ҳурсанд ва бахтли аёл гуллаб яшнайди, сўлиб қолмайди.

Хотин эрнинг кўзгусидир деб бежизга айтишмаса керак. Ҳар бир гуллаб яшнаётган аёл ортида яхши адолатли эр туради.

Асосий муаммо: "У шунга мажбур" деган тушунча

Аёл барчанинг ҳизматини қилишга мажбур деган тушунча, назаримда юқоридаги муаммоларнинг илк сабабидир.

Келинлик даврида қийинчиликларни бошидан ўтказган айрим қайноналар "Мен яшадимку!" деб яна ўша дастур бўйича келинига муносабат қила бошлайди. Бир нарсани унутишадики, келиннинг ҳизмати бу мажбурият эмас, балки яхшилик қилишдир.

Ислом динида аёл эр қариндошларига ҳизмат қилишга, уй ишларини қилишга, ҳатто бола қарашга ҳам мажбур эмаслигини тушуниб етканимизда эди ўзаро муносабатлар ҳам яна ҳам чиройли бўлган бўлар эди. Ғайритабиий эшитиляптими? Хулоса қилишга шошилманг!

Аёл юқоридаги ишларга мажбур бўлмаса ҳам табиийки бу ишларни қилади, чунки онадаги табиий инстинктлар онани фарзандига ғамхўрлик қилишга ва уни ҳимоя қилишга ундайди. Уй ишларини ўзининг, фарзандининг ва яқинларининг қулай яшаши учун бажаради. Ўзи, фарзандлари ва яқинларининг куч-қувват олиши учун ҳар куни ширин таомлар ҳозирлайди.

Агар бу ишларни "У шунга мажбур" деб қабул қилсак, нима бўлади?

Қуйидаги саҳналарга эътибор беринг:

1-саҳна: Келин барчанинг ҳизматини қилишга мажбур, демак келин бирон ишни уддалай олмаса,  ҳасталанса, ҳолсизланса ёки уй ишларида хатолик қилса унга ғазаб қилинади. Муносабатлар бузилади, кўнгил синади.

2-саҳна: Келин мажбур эмас деган тушунчада бўлинса, келин чин дилдан ҳизмат қилади. Бирон ишни уддалай олмаса, унга ғазаб қилинмайди. Аксинча, қилаётган ҳизматлари учун раҳмат айтилади. Муносабатлар мустаҳкамланади.

Фарқини кўрдингизми?

Биринчи холатда келин мажбуран хизмат қиляпти, иккинчи ҳолатда эса чин дилдан.  Муносабатлар ва ички кечинмалар хам шунга яраша табиийки икки хил бўлади.

Қайнона ва келин, хотин ва она

Она бу чексиз ҳурмат ва эътиборга лойиқ шахсдир. Бунга шубҳа ҳам қилиш мумкин эмас. Жаннат оналар оёғи остидадир!

Онани ҳурмат қилиш фарз, аммо аёлингиз онангизга эмас айнан сизга омонат берилганини унутиб қўйманг, азиз эркаклар.

Қайнона-келин можаролари ҳақида кўп эшитиб турамиз. Ҳой, қайнона ва келинни бокс рингига ўтқазиб қўйиб томошабин бўлаётган эркаклар, адолат ўрнатиш сизнинг зиммангиздаку ахир. Онажонингиздан хато ўтаётганини кўрсангиз, юмшоқлик ва ҳурмат билан буни уларга билдиринг. Аёлингиздан ўтаётган бўлса, буни унга мулойим тушунтиринг. Аёллар ўзи келишиб олишади деб ўйласангиз, адашасиз.

Аёлингиздан онангизни ҳурмат қилишини исташингиз ўринли, аммо ўз мажбуриятларингизни аёлингизга юклаб қўйманг. Онаизорингизга хотинингиз эмас, айнан сиз ҳизмат қилишингиз ва кўнглини олишингиз фарз эканини унутманг. Аёлингиз буни чин дилдан бажариши мумкин, аммо мажбурияти сизнинг бўйнингизда.

Она ва умр йўлдошга биринчи-иккинчи деб даража бериш ҳам мантиқсиздир. Бири сизнинг волидангиз, икинчиси эса фарзандларингизнинг волидасидир.

Хулоса ва ечимлар

Оила мустаҳкамлиги ва фарзандлар бахти учун нималар қила оламиз?

Турмуш қуришдан олдин:

1. Эр ва хотин бир бирининг диний ва ҳуқуқий ҳақ-ҳуқуқларини олдиндан ўрганиб чиқиши келгусидаги муаммоларнинг олдини олишда катта ёрдам беради.

2. Оила қуришдан аввал никоҳ шартномасини тузиб олиш фойдалидир.

3. Оила қуришдан олдин икки ёш "Бола психологияси" курсига қатнашиши жуда ҳам фойдали бўлади. Ишонинг, бола тилини тушуниш ва тарбия қиламан деб унинг руҳиятини синдириб қўймаслик ҳам катта бир маҳоратдир.

4. Турмуш қургандан сўнг рўй берадиган ўзгаришлар, яъни ҳомиладорлик, туғруқ ва шу каби жараёнларнинг осон кечиши учун олдиндан бироз изланиш ва маълумотга эга бўлиш жуда фойдалидир.

5. Азиз аёл-қизлар, турмуш қураётганда ЗАГС рўйҳатидан ҳам ўтинг. Баҳоналарга алданманг.

6. Азиз аёл-қизлар, турмуш қуришдан олдин уйдан даромад қилиш йўлларини ҳам кўриб ўрганиб чиқинг. Кейинчалик шароит тақозо қилиб ишга чиқиш зарур бўлиб қолса, ёш фарзандингизни бировнинг қарамоғига топширишга кўзингиз қиймай қолади. Хотин ва фарзанд таъминоти эр зиммасида, аммо ҳаётда нималар рўй бермайди дейсиз. Уйдан даромад қилиш манбаи бўлмаса ҳам, бошқа қандайдир даромад имконияти (ҳунар, диплом, иш тажрибаси кабилар) бўлса ўзингизга фойда бўлади.

7. Умр йўлдош танлаганда нималарга аҳамият бериш тўғрисида стандарт маслаҳатлар бор. Баъзилар дин-тақвосига аҳамият беради, баъзилар чиройига, баъзилар обрўсига. Албатта, тақволи инсон тақволи умр йўлдошни, дунёвий инсон чиройли ва бой инсонни танлашни исташи табиий. Мен бу ҳақида гапирмоқчи эмасман. Фикримча, аҳамият бериш керак бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири шуки, эр-хотин турли мавзуларда ўзаро суҳбатлашиб фикр-алмаша олиш қобилияти энг асосий критериялардан биридир. Негаки, шаҳват вақт ўтиб сўнади.  Бу рўй берганида эса эр-хотин бир-бири билан суҳбатлашганда гаплари бир-бириникига қовушмаса, ана фалокат. Суҳбатдошларнинг суҳбатлари бир-бириникига уланиб кетиши учун эса иккисининг дунёқараши бир хил бўлиши керак. Диёнатли аёл диёнатсиз эркакка турмушга чиқиши ёки зиёли инсон жоҳил инсон билан турмуш қуришини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Уларнинг суҳбати қовушармиди? Бир-бири билан эркин суҳбат қура оладиган инсонлар муаммоларни ҳам биргаликда осон ҳал қила олишади.

Турмуш қургандан кейин:

1. Оилада ҳамкорлик тушунчасини ривожлантириш муҳим. Оилада ҳамкорлик бўлса, барча мажбуриятлар келишилган ҳолда амалга оширилади.  Ҳамкорлик мавжуд оилада муҳаббат, ҳурмат, аҳиллик ва ўзаро ишонч мавжуд бўлади. Муҳаббат мавжуд оилада эса эр эрлигини, аёл эса назокатини сақлаб қолади ва фарзандлар руҳий саломатлиги бузилмайди.

2. Фарзанд саломатлигини муҳофаза қилишни истаймизми, демак биринчи ўринда фарзанднинг онаси саломатлигини муҳофаза қилинг. Ёдда тутинг, соғлом она - соғлом бола. Саломатлик деганда руҳий ҳотиржамлик ҳам тушунилади.

3. Аёлни ҳурсанд қилиш осон. Бир дона гул, икки дона ширин сўз ва бироз кўмак.

4. Эрни ҳурсанд қилиш хам осон. Табассум, пардоз ва бироз эътибор.

5. Ҳар бир инсоннинг ўз шахсий чегараси мавжуд бўлади ва бу чегара турмуш қурилгандан сўнг ҳам сақланиб қолаверади. Бу чегарага даҳл қилиш муносабатларни жиддий бузади.

Оила бу бир кичик салтанат. Ота бу қирол, она эса малика. Фарзандлар эса бу халқ.

Фарзандларингиз бахтли ва соғлом ўсишини истайсизми? Унда фарзандларингизнинг онасини ардоқланг, чунки онанинг руҳий саломатлиги бевосита фарзандлар саломатлигига ҳам жуда катта таъсир кўрсатади. Бахтсиз аёл фарзандларига бахт тушунчасини сингдира олмайди! Отанинг фарзандлари учун қила оладиган энг катта туҳфаси бу уларнинг онасини севиши ва ардоқлашидир.

3.73 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.73 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.39 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Mavjuda Karimova 20/05/2018
5 Nargiza Hon 20/05/2018
5 Lobar Nadjimova 20/05/2018
5 shahnoza 20/05/2018
5 Nigora Iminova 20/05/2018
5 Marifat Akbarova 20/05/2018
5 Fer Uz 20/05/2018
5 Malika Zubaydullayeva 20/05/2018
5 Soliha Shahobiddinova 20/05/2018
5 Nargiz Yusuf Esmanur 20/05/2018
5 Nilufar Abdurahmanova 21/05/2018
5 Nargiza Sattarova 21/05/2018
5 Shahina Hoja 21/05/2018
5 Munira Shuxratbekovna 21/05/2018
5 Nozima 21/05/2018
5 Mehriniso Ravshanovna 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
8 та фикр