Ўзбекистонда "авиацион мафия" фаолиятига қачон чек қўйилади?

Ўзининг муросасиз чиқишлари билан танилган блогер Санжар Саид яқинда фейсбукдаги саҳифасида қуйидаги мазмунда пост қолдирди: «Бир ҳафтача бўлди, турфирма офисида ишлаяпман. Ёнимизда авиакасса бор. Одам узилмайди ҳисоб. Гап-сўзлар қулоғимга чалиниб туради. Улардан шуни сездимки, бизнинг монопол "Ўзбекистон ҳаво йўллари" нархларни отни калласидай қилиб, рейсларни кўпайтирмаслиги оқибатида минглаб потенциал мижозларини Қозоғистон ва Қирғизистон авиакомпанияларига қўшқўллаб топшираяпти. Келган одам Чимкент, Олмаота, Ўш, Бишкек орқали қаерларгадир чипта сотиб олиб кетаяпти.

Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги энг катта бозорга эга давлат. Лекин негадир авиачипталар нархи аҳолиси учдан биримизниям ташкил қилмайдиган Қирғизистонникидан ҳам қиммат. Нега? Қачонгача одамлар арзонроққа етиб бориш учун қўшни давлатларда сарсон бўлиши керак?»

Мазкур пост анчадан бери қораламоқчи бўлган фикрларимнинг қоғозга тушишига қайсидир маънода мажбурлади. Хўш, гапни нимадан бошласам экан.

Қозоғистонда тириклайин ёниб кетган 52 ўзбекистонлик фожиаси ҳали ёдингиздан кўтарилмагандир. Мазкур воқедан сўнг Миллий авиакомпания раҳбари Улуғбек Рўзиқулов ишдан олинган, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг аивчипталари ҳаддан ортиқ қимматлиги қаттиқ танқид қилинган, Ўзбекистонда ҳам лоукостер авиакомпаниялар фаолияти йўлга қўйилиши, натижада Тошкентдан Москвага учадиган рейс чиптаси тахминан 100 доллар атрофида бўлиши ҳақида хабарлар урчиганди. Бироқ фожиа унутилиши баробарида бу гап-сўзлар ҳам кун тартибидан тушиб қолаётгандек...

Хўш, лоукостер ўзи нима? Унинг Қозоғистондаги фожиа ва Санжар Саид кўтарган масалага қандай дахли бор? Бундан ўзбекистонликларга не наф? Ўйлайманки, бу саволлар кўпчиликни қизиқтиради.

Лоукостерлар бу кам бюджетли, эксплуатация харажатлари паст бўлган авиакомпания бўлиб, унинг чипталари бошқа авиакомпанияларникидан анча арзон бўлади. Тўғри, бундай авиакомпанияларнинг самолётларидан беш юлдузли комфорт бўлмаслиги мумкин, аммо парвозлар нархини кўпчиликнинг чўнтаги кўтаришга қодир бўлади.

Лоукостерлар одатда йўловчи класси битта, сиғими унча катта бўлмаган самолётлардан фойдаланади, қўналға сифатида чекка аэропортларни танлайди, бортда максимал даражада пуллик хизматлар (овқатланиш, жой танлаш ва бошқалар)ни таклиф этади, чипталарни фақат ва фақат ўз сайти орқали сотади (агентлар ва воситачиларга комиссиялар тўламайди), катта авиакомпанияларни қизиқтирмайдиган нисбатан кичик шаҳарларга учади (ва бунинг эвазига маҳаллий маъмуриятдан дотация ҳам олади).

Бундан ташқари, лоукостерлар аэропортларга имкон қадар камроқ пул тўлаш учун «энг арзон» парвоз вақтини танлайди (рейслар одатда ё эрта тонгда, ёки ярим тунда учади), ҳеч қандай қўнишларсиз «А пунктдан Б пунктга» тамойили асосида парвоз қилади, бир самолёт бир кунда бир неча рейсни амалга оширади, авиакомпания ходимлари бир неча турли вазифаларни бир вақтнинг ўзида бажаради (бир ходимнинг ўзи ҳам самолётни тозалаши, ҳам йўловчиларни рўйхатга олиши ҳамда бортда уларга хизмат кўрсатиши мумкин). Шу йўл билан чипта нархини арзон қилиш мумкин.

Лоукостер авикомпанияларнинг чиптаси одатдагидан икки-уч баробар арзон бўлади. Буни интернетдаги бир хил йўналиш бўйича учадиган нуфузли авиакомпания ва лоукостер компаниялар чиптасининг фарқидан ҳам аниқлаб олиш қийин эмас.

Хўш, шунчалик фойдали экан, нега шу пайтгача лоукостерлар тажрибаси Ўзбекистонда оммалашмаган? Ҳамма гап мана шу ерда.

2018 йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатга кам бюджетли авиакомпанияларни жалб этишни назарда тутувчи қарор қабул қилинган эди. Мазкур қарор қабул қилинишидан олдин Бош вазир ўтказган видеоселекторда миллий авиакомпания фаолияти қаттиқ танқид қилинган, асосли эътирозлар билдирилган эди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонга лоукостер компанияларини олиб келиш бўйича анча олдин топшириқ берилган, лекин МАКдагилар турли баҳоналар билан буни бажармай келишган. Йиғилишда Ўзбекистонда «авиационний мафиялар» борлиги очиқ айтилган, улар шу пайтгача республикага лоукостер компанияларнинг кириб келишига қаттиқ қаршилик қилиб келгани рўйи рост айтилганди.

Гарчи бу кўпчиликка маълум ҳақиқатлар бўлса-да, ўша йиғилишда бу гаплар биринчи марда расмий тадбирда, яна ҳам Ҳукумат раҳбари тилидан айтилганди.

Шу ўринда ўзимга маълум айрим фактлар билан ўртоқлашсам. Лоукостернинг кириб келса, нархлар арзонроқ бўлишини юқорида айтиб ўтдим. Лекин Ўзбекистонда шу пайтгача назарий жиҳатдан лоукостер бозорга кириши мумкин бўлган, лекин нархлар арзон бўлмаган. Нимага деган савол туғилади. Чунки улар шартнома асосида фаолият юритган. Соддароқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Масалан, миллий авиякомпания реал бозор шароитига эркин қўйиб берилса уч кунда касодга учраши эҳтимол юқори. Чунки замонавий менежмент ва замонавий рақобатга чидай олмайди. Замонавий рақобатни тушунадиган менежерлари йўқ уларнинг умуман. Соҳани яхши билмийди. Майли, бу алоҳида мавзу.

Хўш, ниманинг ҳисобига Ўзбекистонда лоукостерлар яхши ишламаслиги, нархлар ўзгармаслиги эҳтимоли юқори? Битта мисол келтираман: Турк ҳаво йўлларининг Ўзбекистонга келиш учун чипталари қиммат. Масалан, мен бизнес класс олсам чет элда қандай учаман? Регистрация алоҳида. Ўзбекистондаям регистрация алоҳида, лекин бизнес лаунчга кираман. У ерда овқатланишим, ювинишим, китоб ўқишим, ҳамма нарса текин. Хоҳласам ўша ерда бир икки соат маза қилиб ўтиришим мумкин. Ҳамма нарса шунинг ичида.

Бизда Турк ҳаво йўлларининг бизнес классини олсангиз ҳам бизнес лаунчдан чиқиб кета олмайсиз. Ҳамма қатори СИПдан чиқиб кетишингизга тўғри келади. Чунки Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳар битта йўловчи учун 300 евро миқдорида пул сўраган. Яъни битта йўловчи бизнес лаунчдан чиқиб кетиши учун 300 евродан тўлаши керак. Бу битта билетнинг нархи дегани. Бунинг учун Турк ҳаво йўллари бизнес классдаги чипта нархини икки баробарга ошириши керак бўлади. Шунинг учун бу ерда бизнес классга олишадию оддий сипдан чиқади. Лекин самолётда шароитни ҳақиқатда зўр қилиб қўйишади.

Лоукостерлар нархи қимматлигининг иккинчи сабаби Ўзбекистон Турк ҳаво йўлларига шартнома бўйича авиакеросинни Ўзбекистондан сотиб олишни мажбурий қилиб қўйган. Унинг нархи ҳаво йўллаларида бозор нархидан уч баробар қиммат нархда сотилади. Аммо улар бошқа арзонроқ жойда “заправка” қилишга ҳаққи йўқ. Бу ерда уни мажбур қилиб қўйишган.

Буёққа келадиган авиакомпанияларнинг ҳаммаси шунақами?

Менинг хабарим бори фақат Турк ҳаво йўллари. Бошқаси ҳақида маълумотим йўқ. Аммо билганларимнинг ўзиёқ Миллий авиакомпания тизимидаги “ўйинлар” ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Агар МАК нархни сал арзон қилса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да ҳеч ким учмай қўяди. Чунки дунёда йўқ бунақа нархлар. Унинг нархлари сунъий кўтарилган. Бунинг сабаби компанияда кераксиз ходимлар кўп. Битта ишни ўнта одам бажаради ва харажатларни қоплаш учун шунақа нархлар қўйилади.

Хўш, бу ҳолатга ечим борми? Нима қилинса, Ўзбекистонда парвозлар ҳамёнбоп ва ҳаммабоп бўлади? Ўлимдан бошқа ҳамма нарсанинг иложи бор, албатта.

МАК ходимларига ойлик белгилашнинг механизми бўлиши керак. Ходимлар сонини оптималлаштириш керак. Қолаверса, ходимларга ишласа-ишламаса отнинг калласидай эмас, балки компаниянинг даромадидан келиб чиқиб ойлик тўлаш керак. Яна уларни ойлик миқдорини фоизга ўтказиш керак. Топ менежер бўладими, менежер бўладими, директорми, бошқасими... Яъни меҳнат қил, ҳақ ол. Меҳнат қилмадингми, кечирасан ҳақ олмайсан. Бепул ишлайсан. Айни пайтда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимида ишловчиларга тўланаётган иш ҳақини эшитса, оддий одамнинг оғзи ланг очилиши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам бу маълумотлар махфий тутилади. Уларнинг бир ойлик иш ҳақини оддий одамлар бир йилда ҳам тополмайди.

МАК фаолитини тартибга солишнинг яна бир йўналиши аэропортларнинг сонини қисқартириш билан боғлиқ. Қисқартириш эмас, уларни хусусий қўлларга топшириш. Бизда халқаро аэропортлар жудаям кўпайиб кетди. Қаёққа борсанг, халқаро аэропорт. Ҳафтасига иккита халқаро ва учта ёки тўртта маҳаллий рейс бор. Ҳафтасига бор йўғи етти саккиз рейс қабул қиладиган аэропортга шунча харажат. Битта аэропортни қўриқлашнин ўзи катта гап. Бунинг учун бутун бошли битта батальон керак. Қўриқлаш хизматини айтмадим ҳали. Бу бир.

Иккинчидан қанча техник хизматчилар керак, қанчадан-қанча, электр энергия керак. Бинони сақлаш учун қанча харажат керак. Европа мамлакатларини олиб қарасангиз ҳам ҳар 70, 80 кмда учта халқаро аэропорт бўлиши жуда кам ҳолат. Ақлга сиғмайдиган нарса.

Масалан, Андижондан Фарғонага, Намангандан Фарғонага ёки Фарғонадан Наманганга поездда етволиш мумкин ёки бошқа транспортлар бор. Бу аэропортларни сақлаш учун давлат жуда ката пул сарфлайди. Нима учун буни оптималлаштирмаслигимиз керак? Оптималлаштириб, хусусий бошқарувга берсак, хусусий ширкатларнинг ўзи давлат стандартидек шароит қилиб қўяди. Ва улар рақобатчига айланади. Ўзбекистон ҳаво йўлларида агар чиндан рақобат учун курашадиган бўлса енгилади. “Убыточная компания” чунки. Фаолияти ипидан игнасигача нотўғри тузилган. Янги қон керак, акс ҳолда ўнгланиши маҳол.

Кейинги масала. Хавфсизлик билан қўрқитиб жуда кўп сунъий тўсиқлар яратилган. Оддий мисол. Сиз аэропортга машинангизда бораётган бўлсангиз, чет эллик меҳмонни охиригача (панусгача) кузатиб қўёлмайсиз. Сиз фақатгина биринчи йўлак - автотураргоҳгача боришингиз мумкин. Иккинчи йўлаккача бориш фақат киракашларга мумкин. Учинчи йўлак вип зона бўлса, тўртинчиси, яъни панусгача ҳеч ким боролмайди, фақатгина махсус рўйхат бўйича алоҳида машиналарга мумкин. Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида 15 дақиқада “стоянка”да тургани учун пул олинмайди. Бу ерда бир дақиқага кирсангиз ҳам бир соатга 3 минг сўм тўлаб чиқасиз. Нимага? Бу пуллар қаёққа кетяпти? Бу пулларнинг ҳаммаси чўнтакка кетяпти. Яна битта нарса: иккинчи йўлакка киришингиз учун телефонда кимдир айтиб қўйса, машинангизга рухсат бериши мумкин.

Энди ўзингиз ўйланг, масалан, оғир юкли бир сайёҳ нима учун 30 килолик юкини аэропортнинг эшигигача ўзи кўтариб бориши керак? Сабаб нима нима?

Мен кўзбўямачиликка ишлатиладиган нарсаларни санаб ўтаман. Биринчиси, стоянкага киряпсизу, багажни очинг дейди. Багажни очади-ёпади. Бунинг учун пул олади. Багажни очиб-ёпишдан маъно нима? Рентген бўлмаса. Агар бомба бўлсаям, у очиб текширмайдию! Шунчаки номига очади-ёпади.

Иккинчиси, аэропортга киришингизда эшикда мелисадан ташқари аэорпорт хавфсизлик хизматининг ходими туради. Сиздан сўрайди, қаёққа учяпсиз деб. Биринчидан, бу саволни беришнинг ўзи нотўғри. Одам хоҳлаган жойига учиши мумкин. Иккинчиси паспортни олиб текширади. Бунинг нима алоқаси бор? Дейлик, биз электронний билет тизимини киритдик. Билетинг қани деб сўрайди. Билетим йўқ, электронний десангиз, телефон қилиб, шу йўловчи борми йўқми деб сўрайди. Сенга нима? Бундан маъни нима? Нима, қўйиб берса ҳамма кириб кетиб тўполон бўп кетадими? Ё бошқа бўладими? Мақсад турникет. Турникет орқали хавфсизликни таъминлаш. Унинг ҳужжатини ёки билетини текшириш уларнинг ваколатига кирмайди.

Ҳа, дарвоқе, меҳмонни кузатмоқчи бўлсангиз, бир-икки сўм берасиз. Тезроқ чиқинг ака, дейди, ўтказворади. У ерга кирганиздан кейин яна текширади биттаси. Худдики у текширмаса сиз самолётга қочиб чиқиб кетасиз. Унгача қанча тўсиқ борку!

Кейинги масала. Электрон регистрация деган нарса бутун дунёда бор. Бизда узун навбатлар бўлиб кетади. Сунъий нарсалар. Бу орқали кераксиз одамларга маош тўлаймиз. Куни кеча кўзим билан кўрган бир воқеани айтай. Биз таниш-билишлар орқали аэропорт ичига кириб кутиб оламиз. Қаранг, паспорт назоратидан ўтяпти. Дейлик битта одам жиноий қидирувда бўлса, паспорт назоратида бўлади, тўғрими? Божхона зонасидан ўтяпти, тоза чиқяпти. Юкларни ортиб чиқиб келяпти, кейин мелиса тўхтатяпти: «ҳужжатларингизни бир кўриб қўяйлик». Сабаб?! Паспорт ва божхона назоратидан ўтган одамни тўхтатишнинг сабаби нима? Сўрайман: — Нега текширяпсиз? «Кўзимга шубҳали кўринди-да», дейди. У чарчаб келяпти, нимаси шубҳали кўриниши мумкин? Сен унинг сумкасини текширасанми? Паспортиними? Ҳозир текшириб бўлишди-ку! Нимаси шубҳали бўлиши мумкин? Унинг айби битта — қишлоқнинг боласи! Шу билиниб турибди! Мақсад — пулини олиш!

Кутиб олаётганларга ҳам тўсиқ қўйиб қўйишади. Майли, хавфсизлик, аэропортга зарар қилмасин. Одам кўп жойда портлаш бўлиши мумкин деб ўйлашади. Лекин у ернинг ўзидаям кўп одам тўпланяптику? Нима, тўсиқнинг олдида портлаш бўлса майлими? Мантиқ қани? Ундан кўра, турникет қил, ўтказ, тамом. Ичкарига кириш минг азоб. Аэропортнинг ичидаги хизматларни ҳам иш ҳақидан келиб чиқиб белгилаш керак. Бизда қиммат, масалан, сумкани оддий скотчлаш 20 минг сўм.

Москвада учиб келаётганимда бир жанжал бўлди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бортида учдим. Бир йигит нарсаларини қўйиш учун тепадаги багажни очган пайти бошқа йўловчи қўйган виски пастга тушиб кетди. Вискининг эгаси айб ўзидалигини билиб, «майли ука, бўлари бўлди, сиқилма», деб ҳали йигитга далда бериб турса, самолёт хизматчиси келиб, боланинг қўлига латтани тутқазиб, ҳаммаёқ расво бўлгани учун бортни тозалашни талаб қилди. Йўловчига! У йўловчи, пул тўлаб кетяпти! Қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар!

Яна бир ахмоқона нарсалардан биттаси — билетни алмаштириш билан боғлиқ. Яқинда эконом классга олган билетимни бизнес классга алмаштириш учун кассага бордим. Кассир айтяптики, компьютери қотиб ишлармиш, шунга бу муаммо экан! Мен пул тўлайман, деяпман, у эса баҳона қилади. Биринчи қатордан жой сўрасам, учинчи қаторда бор деяпти. Бизнес классга киряпман, мендан бошқа одам йўқ! Бу аҳволда ички туризмни қандай қилиб ривожлантирамиз?

Авиакомпанияларнинг кўпчилиги ўзини-ўзи оқламайди. Масалан, яна Туркияни олайлик. Улар чет элдан йўловчиларни зарарига ҳам олиб келаверади. Нега? Чунки давлат ўша маблағни тўлаб беради. Мақсад — туризм! У ахир давлатга киряпти-ку! Уни арзонроқ олиб келсаям, мамлакатга энг камида минг доллар пул ташлаб кетади!

Кейинги муаммо. Бизда ички рейсларнинг деярли ҳаммаси Тошкент орқали. Сурхондарёдан Нукусга учиб кўрингчи?! Сурхондарёдан Навоийга учиб кўринг, Бухородан Андижонга учиб кўринг — рейс йўқ! Нимага? Бу ички маҳсулот айланмасини ҳам оширадику!

Яна бир энг муҳим маълумотни айтаман: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бошқа давлат авиакомпанияларининг нарх сиёсатига аралашади. Яъни, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан арзонроқ билет сотишга йўл қўймайди. Қиммат нархда сотсанг келасан, дейди. Бу — Бош вазир айтган «авиацион мафия»нинг иши. Ҳаво йўллари тизимини тубдан алмаштирмаса бўлмайди — чириб кетган, коррупцияга ботиб бўлган. Еб ўрганган одамлар ўзининг дастурхонига хиёнат қилмайди. Бу ҳаром дастурхонни йиғиштириш керак, холос. Бошқа илож йўқ. Ана шундагина бирор натижага эришиш мумкин.

Мавзуга қайтсам. Марказий Осиёда Қирғизистоннинг Air Manas авиакомпанияси лоукостер компания ҳисобланди. Унинг 49 фоиз акцияси Туркиянинг Pegasus Airlines лоукостерига тегишли, қолган 51 фоизи хусусий шахслар қўлида. Қозоғистонга эса Венгриянинг Wizz Air ва БААнинг Flydubai лоукостерлари учади. 

Хўш, уларнинг пайдо бўлиши "Ўзбекистон ҳаво йўллари"га қандай таъсир кўрсатади. Таъсири бўлади албатта. Аввало, компания реал бозор шартлари асосида фаолият кўрстишга ўтишга мажбур бўлади. Бу эса осонмас. Бироқ лоукостерлар камдан-кам ҳолларда йирик авиакомпаниялар билан тўғридан-тўғри рақобатлашади. Одатда, уларнинг ўз йўриғи ва ўз аудиторияси бўлади. Европада лоукостерлар сон-саноқсизлигига қарамай, йирик авиакомпаниялар ҳеч нарса бўлмагандек — аввал қандай ишлаган бўлса, шундай ишлашда давом этмоқда. Шу боис иш тўғри йўлга қўйилса, МАК бундан кўп нарса йўқотмаслиги мумкин.

Ўзбекистонда лоукостерни ташкил этиш бўйича ишларни 2018 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Бироқ МАК тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмас ва юқоридаги муаммолар ҳал қилинмас экан, лоукостерларнинг кириб келиши парвозлар нархи арзонлашувига хизмат қилмайди. Аксинча, бундан ҳам кимлардир "соққа" қилиш пайида бўлишади.

3.94 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.94 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.44 / 50

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Muslimbek Abdullayev 12/05/2018
0.5 Ma'mur Parmonov 12/05/2018
5 Aziza Sobirova 12/05/2018
5 Khojiakhmad Umurzakov 12/05/2018
5 Valijon Turakulov 12/05/2018
4 Xurshidbek Ibrohimov 12/05/2018
5 Sanjar Said 12/05/2018
5 Farruxbek 13/05/2018
5 Quramboyev Jamshid 13/05/2018
5 Aziza Qurbonova 13/05/2018
4.5 Ботир Ғофуров 13/05/2018
5 Илхомиддин Алимов 14/05/2018
5 Gayratjon Turdiev 14/05/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 14/05/2018
5 Otabek Safarov 15/05/2018
4 Javohir Izzatullaev 15/05/2018
4 Sherzod Shermukhamedov 20/05/2018
5 Xudoyberdi Mirhosilov 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
25 та фикр