АҚЛ ВА ҲИСЛАР ГИГИЕНАСИ

(Жамшиддин)

Эгизак укам билан бирга катта бўлдим. Хавас қилса арзийдиган ука эди. Эгизаклик сизни одам ажратиш, ён босиш, ортиқ кўриш (фаворитизм) каби масалаларда мутахассис қилиб қўяр экан. Агар унинг пишириғи (печеньеси) меникидан озгина бўлса ҳам катта бўлса борми, менда саволлар туғилар эди. Лекин оч қолмаганим рост.

Психолог бўлганимдан сўнг эса мен бошқа турдаги фаворитизмни пайқай бошладим. У ҳам бўлса, ақлдан кўра вужудни кўпроқ қадрлаш. Психология соҳасидаги докторлик даражасини олиш учун университетда 9 йил умримни сарфладим. Кўпчиликнинг ташриф қоғозим (визитка)га қараб, нима учун мана бундай деганини тушунтириб беролмасам керак: “Демак, психологсиз. Ҳақиқий шифокор эмас яъни.” Худди бу нарса ташриф қоғозимда ёзиб қўйилиши керакдек. Вужудни ақлдан устун қўювчи мана шу фаворитизмни ҳар ерда кўраман.

Яқинда бир танишимнинг уйида бўлгандим. У беш ёшдаги фарзандини ухлатиш тараддудида экан, фарзанди бу пайт кичик курси устига чиқиб, чиғаниқ (раковина) қаршисида тишларини тозалаётган эди. Бирдан сирғаниб кетиб, йиқилди-ю, оёғини шилиб олди. Бироз йиғлагач, ўрнидан туриб, курсига қайта чиқди ва бу сафар тиббиёт қутиси (аптечка)га қўл узатди. У ердан бир дона яра учун қуллоб (лейкопластырь) олиб, ҳозиргина шилиб олган жойига ёпиштирди. Оёқ кийимининг ипларини ўзи аранг бойлай оладиган беш ёшдаги бу бола яра яллиғланмаслиги учун уни ёпиш кераклигини ва тишларни соғлом сақлаш учун уларни кунига икки марта ювиш лозимлигини билар эди. Танамиз соғлиғи ва оғиз бўшлиғи гигиенаси ҳақида қандай қайғуриш кераклигини ҳаммамиз биламиз. Шундай эмасми? Биз буни беш ёшимизданоқ биламиз. Хўш, руҳий соғлиғимиз сақлаш ҳақидачи? Бу ҳақда нима биламиз? Очиғини айтадиган бўлсак, ҳеч нарса. Фарзандларимизни ҳиссиёт гигиенаси хусусида нималарга ўргатяпмиз? Ҳеч нарсага. Биз қандай қилиб ақлимиздан кўра тишларимизга кўпроқ вақт ажратишимиз мумкин? Нима учун жисмоний соғлиғимиз биз учун руҳий соғлиғимиздан ҳам муҳимроқ?

Ҳолбуки, бизнинг бошимизга руҳий жароҳатлар жисмоний жароҳатлардан кўра кўпроқ тушади. Муваффақиятсизлик, рад қилиниш, ёлғизлик каби руҳий жароҳатлар. Агар эътибор бермасак, мазкур жароҳатлар яна ҳам чуқурлашиб, ҳаётимизга жиддий таъсир қилиши мумкин. Руҳий жароҳатларни даволашнинг илмий жиҳатдан исботланган усуллари мавжуд бўлишига қарамай, биз улардан фойланмаймиз. Биз хатто бундай қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. “Тушкунликка тушиб қолдингми? Бошингдан чиқариб ташла, буларнинг ҳаммаси бошингда холос”. Мана шу гапларни оёғи синган одамга айтишни бир тасаввур қилиб кўринг-а? “Оёғинг синиб қолдими? Жуда чуқур олма. Юриб-юрвор. Ҳамма гап оёғингда”.

Жисмоний ва руҳий соғлимиз ўртасидаги бўшлиқни тўлдириш вақти келди. Иккисига нисбатан бирдек муносабатда бўлиш, иккисини ҳам тенг кўриш вақти. Худди эгизаклар каби.

Эгизаклар ҳақида гап кетар экан, укамнинг ҳам психолог эканлигини айтиб ўтай, яъни у ҳам юқоридаги кўпчилик ўйлагандек “ҳақиқий шифокор” эмас, гарчи биз бирга ўқимаган бўлсак ҳам. Аслида, умримда қилган энг қийин ишим бу - психология соҳасида унвон олиш учун Атлантика уммони оша Нью-Йоркка бориш эди. Ҳаётимизда биринчи марта бир-биримиздан ажралдик. Айрилиқ ҳар иккаламиз учун ҳам оғир эди. Бироқ у оиламиз ва дўстларимиз билан бирга экан, мен бошқа бир давлатда бир ўзим эдим. Бир-биримизни жуда соғинардик. У пайтда халқаро телефон сўзлашмалари ҳам қиммат эди, пуллимиз эса ҳафтада атиги беш дақиқагина гашлашишга етарди. Туғилган кунимиз бўлган кун бу сафар биринчи марта уни биргаликда нишонлай олмас эдик. Бир ҳаражат қилайлик, деб шу ҳафта 10 дақиқа гаплашишга қарор қилдик. Унинг қўнғироғини кутар эканман, хонамда тинмай юриб чиқдим ва шу алфозда тонгни ўтказдим. Кутдим, яна кутавердим, аммо телефон жирингламасди. Ўртадаги соат фарқини ҳисобга олиб, эҳтимол, ҳозир дўстлари билан биргадир, кечроқ телефон қилиб қолар, деб ҳам ўйладим. У вақтларда қўл телефонлари йўқ эди. Лекин у барибир телефон қилмади. Ўн ойлик айрилиқдан сўнг мен бир нарсани тушуниб ета бошладимки, у энди мени мен уни соғинганимдек соғнимаётган эди. Ўша тонг телефон қилишини билар эдим, аммо ўша тун ҳаётимда ўтказган энг маҳзун ва энг узун тун бўлди. Эртаси кун уйғонгач, телефонга назар ташладим. Не кўз билан кўрайки, бир кун аввал хонамда у ёқдан бу ёққа юрар эканман, телефоннинг симини оёғим билан чиқариб юборган эканман. Ётган жойимдан сакраб турдим. Телефонни улаганимни биламан, орадан сониялар ҳам ўтмай у жиринглади. Ҳа, бу укам эди. Овозидан тепа сочи тикка эканлигини сездим. Ўша тун унинг ҳам ҳаётида энг маҳзун ва энг узун тун бўлибди. Нима бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо у “Бир нарсага тушунмаяпман. Мени телефон қилмаётганимни кўрганингдан кейин, нега ўзинг гўшак (трубка)ни кўтариб, менга сим қоқмадинг?”, - деди. У ҳақ эди. Мен нима учун унга телефон қилмадим? Ўша пайтда менда бу саволга жавоб йўқ эди, лекин бугун бор ва у жудда оддий – ёлғизлик.

Ёлғизлик руҳиятимизни шу қадар чуқур яралайдики, натижада у ҳиссиётимизни бузиб, ўй-фикрларимизни алғов-далғов қилиб юборади. Атрофимиздагилар, аслида ундан бўлмаса ҳам, биз ҳақимизда жуда кам қайғуряпти, деб ўйлашга мажбур қилади. Бизни бошқаларга мурожаат қилишдан қўрқадиган ҳолатга тушириб қўяди. Қалбинг шундоқ ҳам чидаб бўлмас даражада оғриётган бир пайтда нима учун ўзингни рад қилиниш ва изтироб гирдобига дучор қиласан? У вақтларда мен ҳақиқатдан ҳам ёлғизлик чангалида эдим. Бироқ кун давомида атрофим тўла одамлар бўлгани учун бу нарса ҳеч ақлимга келмаган экан. Ёлғизлик мутлақо субъектив нарса. У ўзингизни атрофдагилардан ижтимоий ёки руҳий маънода қанчалик яккаланиб қолган, деб ҳисоблаб ҳисобламаслигингизга боғлиқ. Мен ўзимни шундай ҳис қилаётган эдим. Ёлғизлик бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси кишини даҳшатга солади. Ёлғизлик сизни фақат аянчли ҳолатга солиб қўймайди, балки у сизни ўлдиради ҳам. Ҳазиллашаётганим йўқ. Сурункали ёлғизлик барвақт оламдан ўтиш эҳтимолини 14% га оширади. У юқори қон босими ва юқори миқдордаги холестеринга ҳам сабаб бўлади. Хатто иммунитетингизга ҳам салбий таъсир кўрсатиб, турли касалликларга қарши сизни заиф қилиб қўяди. Қолаверса, олимлар ҳам сурункали ёлғизлик умуман олганда сизнинг узоқ муддатлик саломатлигингиз ва узоқ умр кўришингизга тамаки чекиш каби жиддий салбий таъсир кўрсатади, деган хулосага келишган. Бугунги кунда тамаки маҳсулотларининг устида “чекиш соғлиғингиз учун хавфлидир” деган огоҳлантирувчи ёзувларни кўриш мумкин. Аммо ёлғизликдан огоҳлантириш йўқ. Руҳий соғлиғимиз ҳақида қайғурар эканмиз, айнан мана шунинг учун ақлий ва ҳиссий гигиенага биринчи навбатда эътибор беришимиз лозим. Агар психологик травма олганингизни билмасангиз, уни даволай ҳам олмайсиз.

Ҳиссиётларимизни бузиб, бизни нотўғри фикр ҳосил қилишга сабаб бўлувчи ягона психологик травма фақат ёлғизлик эмас. Муваффақиятсизлик ҳам худди шундай. Бир куни болалар боғчасига бордим. Учта ёш бола айнан бир хил ўйинчоқларни ўйнаётган эди. Ўйинчоқнинг қизил тугмасига боссангиз, ичидан чиройли кучукча чиқиши керак эди. Бир ёш қизалоқ қизил тугма ўрнига пушти рангли тугмани тортиб кўрди, босиб кўрди, натижа бўлмагач, охири ўйинчоқни суриб қўйди. Кўзлари ҳамон ўйинчоқда-ю, аммо жажжигина лаблари титрай бошлади. Унинг ёнидаги бола бу ҳолатни кўриб, ўз ўйинчоғига қаради, лекин унга қўл ҳам теккизмай йиғлаб юборди. Худди шу пайтда бошқа бир қизча қизил тугмани босиш учун ақлига келган минг бир усулни синаб кўраётган эди. Ва ниҳоят у қизил тугмани босди. Ўйинчоқ ичидан чиройли кучукча чиқиб келганини кўриб, кўзлари қувнаб, суюниб кетди. Уч болада ҳам бир хил ўйинчоқ эди, аммо уларнинг муваффақиятсизликка нисбатан муносабатлари турлича эди. Биринчи иккита бола ҳам қизил тугмани бемалол боса оладиган даражада эди. Муваффақиятга эришишларига тўсқинлик қилган ягона нарса бунга уларни ишонтириб қўйган ақллари эди. Катталар ҳам доим мана шундай алданиб қоладилар. Аслида ҳаммамизда тушкунлик ва муваффақиятсизликка дуч келганимизда ишга тушиб кетадиган ҳислар ва ишончлар мажмуи мавжуд.

Ақлингиз муваффақиятсизликка нисбатан қандай муносабатда бўлишини биласизми? Билишингиз лозим. Агар ақлингиз сизни маълум бир ишни қилолмаслигингизга ишонтирса ва сиз ҳам бунга ишонсангиз, худди ҳалиги икки болага ўхшаб сиз ҳам ўзингизни ночор ҳис қила бошлайсиз ёки хатто уриниб ҳам кўрмайсиз. Ундан кейин эса муваффақиятга эриша олмаслигингизга ўзигизни янада чуқурроқ ишонтириб қўясиз. Мана шу сабабдан жуда кўп одамлар ўзларининг ҳақиқий салоҳиятларидан пастда ҳаракат қилишади. Чунки ҳаётларининг маълум бир палласида биргина муваффақиятсизлик уларни муваффақиятга эриша олмасликларига ишонтириб қўйган, бунга ўзлари ҳам ишонишган.

Бир нарсага ишониб қолгандан кейин фикримизни ўзгартириш жуда қийин. Бу нарса менга укам билан бирга ўсмирлик пайтимизда ўзига хос тарзда дарс бўлган. Ўртоқларимиз билан ярим кечаси машина ҳайдаб кетаётганимизда йўлда бизни милиция ходими тўхтатди. Айланиб юрган жойимизда талончилик содир этилган ва гумондор шахсларни қидиришаётган экан. Милиция ходими машинамиз ёнига келиб, қўлидаги чироғини аввал ҳайдовчи ўриндиғида ўтирган укамга, кейин эса менга қаратди. Кўзларини катта қилиб очиб, “Сенинг юзингни аввал қаерда кўрганман?”, - деб сўради. Мен эса “ёнимдаги ўриндиқда”, деб жавоб бердим, чунки укам билан эгизак бўлганимиз учун юзларимиз ўхшаш эди. Аммо бу жавобимдан милиция ходими ҳеч нарса тушунмади шекилли, унинг ўрнига мени наркотик моддалар таъсирида, деб ўйлади. Мени машидан тушириб, уст-бошимни текширди, ўз хизмат машинаси ёнига олиб борди. Ниҳоят, жиноятчи эмас, туппа-тузук бола эканлигимга ишонч ҳосил қилгандан кейингина мен унга машинамизнинг ҳайдовчи ўриндиғида ўтирган бола эгизак укам эканлигини кўрсата олдим. Бироқ бизни қўйиб юборгандан кейин ҳам, машинада узоқлашар эканмиз, мен ҳақимда барибир ниманидир яширди, деган гумони унинг юзидан кўриниб турарди.

Бир нарсага бир марта ишониб қолсак, ундан кейин фикримизни ўзгартириш қийин. Шу сабабли муваффақиятсизликдан сўнг тушкунликка тушиб, жасоратимизни бой бергандек ҳис қилишимиз табиий бўлиши мумкин, бироқ муваффақиятга қайта эриша олмасликка ўзингизни ишонтириб қўйишга йўл қўймаслигингиз керак. Чорасизлик, иложсизлик туйғусига қарши курашиб, вазиятни ўз қўлингизга олишингиз ва мана шундай салбий айлана вужудга келишидан аввал уни бузишингиз лозим. Ақлимиз ва ҳис-туйғуларимиз биз ўйлагандек ишончли дўстларимиз бўлавермайди. Аксинча улар худди қайсар ўртоққа ўхшайди, бир қарасангиз қўллаб-қувватловчи бўлади, яна бир қарасангиз ёқимсиз. Қачонлардир бир аёл беморим бор эди. 20 йиллик турмушидан кейин жуда нохуш тарзда ажрашган эди. Орадан маълум бир муддат ўтиб, у ниҳоят янги учрашувчига чиқишга қарор қилибди. Бир киши билан Интернет орқали танишибди. Назарида у киши ҳушмуомала, муваффақиятли ва энг асосийси бу аёлга қизиқиш билдираётгандек эди. Аёл жуда тўлқинланган ва бунинг учун алоҳида янги кўйлак ҳам сотиб олганди. Улар Нью-Йоркдаги ҳашаматли бир майхона (бар)да учрашишган. Учрашувдан ўн дақиқа ҳам ўтмай ҳалиги киши бу аёлга қизиқиши йўқлигини билдириб, узр айтиб, чиқиб кетган. Рад этилиш инсон учун жуда аламлидир. Бу ҳолат аёлга шу қадар оғир ботганидан, у ўтирган жойидан қимирлай ҳам олмаган. Фақат дугонасига телефон қила олган. Дугонаси эса унга мана бундай деган: “Сен нима кутган эдинг? Ёнбошларинг тарвақайлаб ётган бўлса, айтишга арзийдиган чиройли бирон гап ҳам бўлмаса, келишган ва омадли бир киши сенга ўхшаган омадсиз аёл билан нега учрашсин?”. Дугона дегани ҳам шунчалик бераҳм бўладими? Агар бу гапларни айтган одам унинг дугонаси эмас эди, десам, балки бунчалик шафқатсиз туюлмаган бўлар эди. Аслида эса, аёлнинг ўзи бу сўзларни ўзига айтаётган эди. Мана шу иш ҳаммамиз қиладиган нарса, айниқса рад этилганимизда. Биз дарров ўз хато ва камчиликларимиз, қандай бўлишни хоҳлаб, қандай бўлишни хоҳламаганимиз ҳақида ўйлашга тушиб кетамиз, ўзимизни турли номлар билан койимиз. Эҳтимол ўзимизни бу даражада қаттиқ койимасдирмиз балки, аммо бор гап шуки, бу ишни ҳаммамиз қиламиз. Ўзимизга нисбатан бўлган ҳурмат ва иззатга шундоқ ҳам путур етиб турган пайтда яна ўзимиз ҳам қўшилиб шундай қилишимиз қизиғ-а? Нима учун чуқур кетиб, ярага туз сепамиз? Ҳолбуки, баданимиздаги жисмоний жараҳотга туз босмаймизку, тўғрими? Ёки қўлимиз кесилганда пичоқни олиб, қани кўрайликчи яна қанчалик чуқурроқ кеса оларкинман, демаймиз-ку.

Аммо психологик жароҳатларда бу ишни доим қиламиз. Хўш, нима учун? Чунки ҳиссий гигиенага етарлича амал қилмаймиз. Чунки руҳий соғлиғимизга биринчи навбатда эътибор бермаймиз. Олиб борилган ўнлаб тадқиқотлардан шу нарса маълумки, ўзимизга нисбатан ҳурматимиз паст бўлганда стресс ва хавотирлар қаршисида яна ҳам заиф қоламиз, муваффақиятсизлик ва рад этилишлар бизни янада ранжитади, улардан тузалишимиз эса узоққа чўзилади. Шунинг учун рад этилганингизда, ўлганнинг устига тепган қабилида курашга бел боғлаб, ишни “охирига” етказиб қўйиш эмас, балки, энг биринчи навбатда, ўзингизга бўлган ҳурматни қайта тиклашга ва жонлаштиришга киришишингиз керак. Ҳис-туйғуларингиз жароҳатланганида бундай пайтда ҳақиқий дўстдан кутиладиган раҳмдиллик билан ўзингизга муомалада бўлинг. Биз ўзимиздаги носоғлом психологик одатларимизни тушуниб етиб, уларни ўзгартиришимиз лозим. Буларнинг орасида энг носоғломи ва энг кенг тарқалгани бу “кавш қайтариш” (руминация)дир. Бу маънодаги “кавш қайтариш” салбий бир нарса ҳақида қайта-қайта ўйлайверадиган, “чайнайверадиган” ҳолатга тушиб қолиш деганидир. Масалан, бошлиғингиз сизга бақирганида, домлангиз сизни бутун синф олдида “эси паст”га чиқариб қўйганида ёки ўртоғингиз билан урушганингизда, мана шу саҳна ҳеч ақлингиздан кетмай, бир неча кунлар, баъзан ҳафталар давомида кўз олдингизга қайта-қайта келаверади. Нохуш ҳолатлар ҳақидаги ўй-фикрларингизни мана шундай усулда “чайнайверишингиз” алалоқибатда буни одатга айланишига сабабчи бўлиши ва бу сизга жуда ҳам қимматга тушиши мумкин. Чунки нохуш ва салбий ҳолатлар устида ўйланишга қанча кўп вақт сарфлаганингиз сари сиз клиник депрессия, ичкиликбозлик, овқатланиш тартибининг бузилиши ва хатто юрак касалликларига чалиниш хавфини шунча кўпайтирасиз.

Муаммо шундаки, руминацияга интилиш жуда кучли ва муҳимдек туюлиши мумкин. Шунинг учун бу одатни тўхтатиш осон эмас. Мен буни аниқ биламан, чунки бир йилча аввал бу одат менинг ўзимда шаклланди. Укамга “Неходжкинские лимфомы (НХЛ)” саратон (рак) касаллигининг III босқичи ташхиси қўйилди. Унинг касаллиги жиддий суръатда ривожланиб бораётган эди. Хатто баданида кўзга ташланадиган даражадаги ўсмалар пайдо бўлган эди. Оғир кимётерапия курсини олишига тўғри келди. Укам бошидан нималарни ўтказаётганини тасаввур қилолмаётгандим. Ақалли бир марта бўлса ҳам ўз ҳолидан шикоят қилмаган бўлса-да, унинг қанчалик азоб чекаётгани ҳақида ўйлашдан ўзимни тўхтатолмаётган эдим. У эса ниҳоятда ижобий муносабатда эди. Унинг психологик соғлиғи ҳайратланарли даражада эди. Мен жисмонан соғлом бўлсам ҳам, руҳан адо бўлган эдим. Лекин нима қилиш кераклигини билар эдим. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, руминация (“чайнайвериш”) истагининг олдини олиш ва уни енгишда икки дақиқалик бўлсин эътиборни бошқа ижобий нарсага қаратиш кифоя қилар экан. Шунинг учун ҳар сафар хавотирга ёки тушкунликка тушганимда, салбий фикрлар таъсирида қолганимда ана шу истак ўтиб кетгунга қадар мен диққатимни бошқа нарсага қаратишга ўзимни мажбурлар эдим. Бир ҳафта ичида менинг ташқи дунёга бўлган муносабатим, бутун қарашларим ўзгарди, янада ижобий ва умидвор ҳолга келдим. Кимётерапиядан тўққиз ҳафта ўтгач укам компьютер томографиясидан ўтди. Натижалар чиққанида мен унинг ёнида бўлдим. Барча ўсмалар йўқолган эди. Ҳали яна уч курс кимётерапия олиши керак бўлса ҳам, аммо энди унинг соғайишини билар эдик.

Ёлғизликда тегишли чораларни кўриш, муваффақиятсизликка нисбатан муносабатингизни ўзгартириш, ўзингизга бўлган ҳурматни ҳимоя қилиш, салбий ўй-фикрларга қарши курашиш орқали сиз нафақат психологик жароҳатларингизни даволайсиз, балки руҳий барқарорликка ҳам эришасиз, яйраб-яшнайсиз. Юз йил аввал одамлар шахсий гигиенага амал қилишни бошлашди ва атиги бир неча ўн йил ичида умр кўриш давомийлиги 50% дан кўпроққа ошди. Аминманки, агар барчамиз ақл ва ҳиссий гигиенага амал қилишни бошласак, ҳаётимиз ва турмуш даражамиз ҳам худди умримизнинг давомийлиги каби юксалади.

Ҳар биримиз психологик жиҳатдан янада соғлом ва бардам бўлган дунёнинг қандай бўлишини тасаввур қила оласизми? Камроқ ёлғизлик ва камроқ депрессия бўлса. Одамлар муваффақиятсизликни қандай қилиб енгиб ўтишни билса. Ўзларини янада яхши ва кучли ҳис қилсалар. Янада бахтли ва ҳаётдан мамнун бўлсалар. Мен буни тасаввур қила оламан, чунки мен мана шундай оламда яшашни истайман. Укам ҳам яшамоқчи бўлган дунё мана шундай. Агар сиз ҳам мана шулардан хабардор бўлиб, бир неча оддий одатларингизни ислоҳ қилиб, ўзгартира олсангиз, бу олам ҳаммамиз яшай оладиган дунё бўлади.

Психолог Guy Winch’нинг “Why we all need to practice emotional first aid” номли тақдимотининг эркин таржимаси.

3.20 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.20 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 G'ayrat Norqobil 01/05/2018
5 Shokhrukh Azamov 01/05/2018
5 Jahongir Muxtorov 02/05/2018
4 Dilnavoz Berdiyeva 04/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр