Абдулла Қодирийнинг уй-музейи борми?

Anora Sodiqova
Саралаш

Абдулла Қодирийнинг уй-музейи борми?

Абдулла Қодирийдан нафақат буюк асарлар, балки улуғ адибдан ўз қўли билан яратган боғ, эскизларини Петербургдан келтириб қурдирган уй, шийпон ва кўпгина ёдгорликлар ҳам мерос қолган. 

Тошкентнинг Cамарқанд дарвоза маҳалласида ўзбекча, эскича ҳовли бор. Ҳовли ташқарисида бир туп ёнғоқ, уни Абдулла Қодирийнинг онаси Жосият ая эккан. Бу ёнғоқ қандай кунларга гувоҳ бўлмаган, унинг соясида не-не буюк адиблар гурунг қилмаган дейсиз: Садриддин Айний, Алексей Толстой, Чўлпон... Яна у қанчадан қанча аччиқ кунларга ҳам гувоҳ бўлган: Қодирийни кишанлаб олиб кетганларига, Қодирийнинг фарзанди Ҳабибулла қўлига ҳам кишан солганларига, файзли ҳовлини чўчқахонага айлантирганларига жимгина гувоҳ бўлган бу азим ёнғоқ. 

IMG_2572.JPG

1956 йилда Қодирий номи оқланди, чўчқахона ва файтунлар тураргоҳига айлантирилган ҳовли Қодирий фарзандларига қайтарилди, аммо унга музей мақоми берилмади. 

Уй аслида музей тугул катта маданий даргоҳга айлантиришга арзиса-да бу ишларга ҳеч ким бош қўшмади. 

1989 йил Абдулла Қодирийнинг фарзанди Маъсуд Қодирий отасининг 95 йиллик юбилейида уни ёд этиш учун йиғилган зиёлилардан яна уйни музейга айлантиришни сўраб, илтимос қилади, аммо яна натижа йўқ. 

1994 йилда яна бу иш кўтарилади, бироқ бугунги кунда у ерда яшаб келаётган миллат фидойисининг авлодларини бошқа уйга кўчириш масаласи кўндаланг бўлиб, масала яна чала қолади. 

IMG_2579.JPG
Музейни ташкил этиш бўйича бир неча ташкилотларга хат билан чиққан, олдимизга бир сумка хатлар уйимини қўйган Хондамир Қодирий шундай дейди: “Абдулла Қодирий уйини музейга айлантириш масаласи бўйича ўтган йили февраль ойида хат ёзиб Президент девонига мурожаат қилдик. Девондан бу иш Ёзувчилар уюшмасига тегишли экани ҳақида хат келди ва ушбу масала юзасидан уюшмага чиқишимиз сўралди. Биз, Қодирийлар авлодидан 25 нафар киши имзо чекиб уюшма, Маданият вазирлигига мурожаат қилдик. Аммо масала ҳал бўлмади. 

Вазирлик Абдулла Қодирийдек буюк адибимиз уйини музейга айлантиришда “катта маблағ” талаб этилишини ва бу ишдаги айрим ҳолатлар вазирлик ваколатидан ташқари эканлигини важ қилиб кўрсатади. Хатдан қисман келтирамиз: 

“Уй-музейи ташкил қилиш учун уй ҳудудини асл ҳолатига келтириш керак, бу эса, ўз навбатида, катта маблағни талаб этади... 

Шунингдек, уй-музейи ташкил этиш учун А.Қодирийнинг оила аъзоларини бошқа уй-жой билан таъминлаш масаласи Маданият вазирлигининг ваколат доирасига кирмаслигини ва бу масала Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳал этилиши мумкинлигини маълум қиламиз.” 

Хатда яна вазирлик музей ташкил этиш учун, экспонат ва инвентарлар етишмасилигини ҳам сабаб қилиб кўрсатилган. Маданият вазирлигининг ушбу “маданият”ли жавобига К.Акилова имзо чеккан. 

Адибнинг невараси Хондамир Қодирийнинг маълумот беришича, Адабиёт музейида Қодирийга тегишли экспонатлар мавжуд бўлиб, Қодирий уй-музейи ташкил этилса бу ёдгорликлар адиб ҳовлисига қайтарилишини маълум қилган. Уйда ҳозирда авлодлар томонидан адибга тегишли бўлган бир-қанча буюмлар сақланмоқда. 

IMG_2609.JPG
Маданият вазирлигининг маблағ ва экспонатни баҳона қилишидан ташқари у таклиф этган янгилик янаям кишини таажублантиради. Хатга кўра, Қодирийга тегишли буюмларни келажак авлодга бутун ҳолда етказиш учун Тошкентда барпо этилган Ёзувчилар уюшмасидан алоҳида бўлим ажратиб унда мазкур буюмларни сақлаш мақсадга мувофиқ бўлар экан. 

Қодирийнинг ўз қўллари билан яратган боғлари-ю, қурган шийпонлари қолиб, унинг табаррук ҳовлисидан воз кечилиб, уюшмадан хона ажратиш кулгили эмасми? 

ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ НИМА ДЕЙДИ?

Бахтиёр Ҳайдаров,
Ёзувчилар уюшмаси раиси ёрдамчиси: 

– Абдулла Қодирийнинг уй-музейини ташкил этиш менинг назаримда чорак аср кечиккан масалалардан бири. Ватанимизни ўтган кунларини эслаш, келажак авлодларга етказишда Абдулла Қодирийнинг уй-музейи жуда катта ёрдам қилган бўлар эди. Қодирийнинг миллат тарбиясидаги ўрни ҳам беқиёсдир. 

Қодирийнинг бугунги кундаги авлодлари уйни музейга айлантириш борасида хат билан мурожаат қилмаган ташкилотнинг ўзи қолмаган. Бу борада шаҳар ҳокимиятига ҳам бир неча бора чиқилган. Аммо мутасадди ташкилотлар “...Бизнинг ваколат доирамизга кирмайди”, жавоби билан қутулиб қолаверишган. Савол туғилади, хўш, уй-музейни ташкил этиш қайси ташкилот зиммасида. Бу ишни амалга ошириш учун қайси идора тегишли вазирлик ва ташкилотлар бошини бирлаштириб иш бошлаши лозим? 
 
“САМАРҚАНД ДАРВОЗА” МАҲАЛЛАСИ БУЗИЛИШ АРАФАСИДА

Абдубосит Миррасулов, 
“Самарқанд дарвоза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: 

– “Самарқанд дарвоза” маҳалласи бузилиш арафасида. Маҳалламиз, “Термиз” кўча томонидан бузилиб келмоқда. Кичик, эски уйлар ўрнига 9-12 қаватли уйлар қурилиши бошланмоқда. “Термиз” кўчасидан кираверишда буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг уйларига чиқилади. Бундан бир йил аввал, ҳокимиятдан комиссия вакиллари келиб, Қодирий уйи атрофлари бузилиши кераклиги, аммо адибимизга дахлдор жойлар атрофи боғ, кўкаламзор қилиниб ўралган ҳолатда уйларини сақлаб қолиш кўзда тутилганини маълум қилган эди. Мен ҳам албатта, Қодирийнинг мухлиси, ватандоши сифатида уйларини “уй музейи”га айлантириш тарафдориман. Қодирийнинг ҳозирги авлодлари яшаётган ҳовли кўп қаватли уйлар орасида қолиб кетиши ҳам ҳунук бўлади. Унинг атрофини кенгроқ олиб, боғли жой қилиш, зиёратгоҳга айлантириш керак. Бу фикрлар ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлигидан келган комиссия томонидан айтилган эди. Аммо бу ҳақда баённома тузилиб, амалий ишлар бошланганидан хабарим йўқ. Бир неча йилдан бери мазкур маҳаллада раис бўлиб ишлаб келаман, адибимиз ҳовлиларини суриштириб, сўраб чет-элдан, ўзимиздан зиёратчилар келиб туришади. Шундай вазиятларда Абдулла Қодирийнинг ҳовлилари музейга айлантириб, обод қилинмаганидан ҳижолат бўламиз. 

Кўпгина адабиётшунослар, журналист ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандларининг фикрича Абдулла Қодирий уйини нафақат уй-музейи балки, маданият марказига айлантириш мумкин. Бунинг учун ҳовлининг майдони катталиги, Қодирийга дахлдор бўлган ва ҳозиргача сақланиб қолган табиат манзаралари мавжудлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Қолаверса, Қодирий даврида бу ҳовлида кўпгина ўша даврнинг етук зиёлилари рус, қирғиз, тожик, қозоқ ёзувчилари бу даргоҳга ташриф буюриб, адабиёт гурунгларини уюштирган. Миллатимиз қаҳрамонидан қолган ушбу табаррук ҳовли тез орада маданият марказига айланади деган умиддамиз. 

Мазкур мақола эълон қилингач, эртасигаёқ Маданият вазирлигидан хат келди. Хатда 2018 йил якунига қадар Абдулла Қодирий ҳовлиси боғ-музейига айлантирилиши маълум қилинганди. Ўша куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қодирий ҳовлисига ташриф буюрди ва бу янгиликни уй эгаларига етказди. Журналист учун энг мухими у кўтарган муаммо ҳал бўлишидир. Асл мақсадимиз ва мукофотимиз ҳам шу.

3.91 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.91 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.17 / 17
  • Муштарийлар баҳоси
    4.39 / 24

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Isroil Tillaboev 23/04/2018
5 Mirzo Subkhanov 23/04/2018
5 Anora Sodiqova 23/04/2018
5 Aziza Sobirova 24/04/2018
5 Farhod Allamuradov 24/04/2018
5 Javohir Izzatullaev 26/04/2018
5 Doniyorbek Yulchiev 27/04/2018
1 Baxtiyor Ahmad 27/04/2018
5 Jonuzoq Halil 01/05/2018
5 Xurshidbek Ibrohimov 01/05/2018
1.5 Masud Kayumov 01/05/2018
4.5 Gayratjon Turdiev 10/05/2018
5 Даврон Файзиев 15/05/2018
4 Otabek Yusupov 17/05/2018
5 G'ayrat Norqobil 18/05/2018
5 Ғайрат Йўлдош 19/05/2018
4 Sherzod Shermukhamedov 20/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
10 та фикр