Юз юлдузнинг сўниши

 2 апрель. Афғонистон. Қундуз вилояти Дашти Арчи тумани.

— Аббос, уйғон, ўғлим!

— Ухлаганим йўқ, она. Ахир, бугун ҳаётимдаги энг муҳим кун-ку!

—  Бу кунни отанг қанча кутган эди. Аллоҳ рози бўлсин, фарзанди Қуръонни ёдласа, у дунёда ота-онага тож кийдирилар экан. Сен шу ишни қилдинг. Отангнинг руҳи шод бўлади, албатта.

Худо хоҳласа, онажон. Ҳали юртим учун кўп ишлар қилишим керак. Диёримизнинг уруш ва жанжал гирдобидалиги, дунё аҳли Ислом билан худкушликнинг фарқига бормай қолаётгани юрагимни эзади. Ҳали афғон халқининг қанчалар тинчликсевар ва илмга ташна эканини дунёга кўрсатишим керак.

Бугун юзлаб хонадонда ана шундай кайфиятдаги афғон болалари тонгни шодон кутиб олди. Қуръонни ёд олган болалар — келгусида Исломнинг таянчи бўлишни истаган болалар мадрасада олган шунча йиллик билимларининг эътирофига муяссар бўлишни интиқ кутишмоқда. Ҳали 16-17 ёшга кириб-кирмаган 100 нафар жафокаш халқ фарзанди, таҳликали юртда, хавфу хатар ичида илм излаган 100 нафар ўспирин бугун ўз меҳнатининг мукофотига эришади.

Аббос тонг ғира-ширасида мадрасага йўл олди. Йўл бўйлаб бораркан ўзи, дини ва миллатининг тарихи-ю келажаги ҳақида ўйлади. Амакисидан эшитган 1978 йилги Савр инқилоби, 1979 йил декабрида Ҳафизулло Аминнинг ҳокимият тепасига келишию ундан кейин бошланган можаролар, қарийб қирқ йилдан буён давом этаётган нотинчлик... У эртанги кунга саломат етармиканмиз, деган ўй қачон уларни тарк этажаги, қачон хотиржам ухлай олишлари, юртининг қандай қилиб тинчликка эришиши мумкинлиги ҳақида ўйлади. Ёдига яқинда Ўзбекистонга кетган ўртоғи Ашраф тушди. Қачон келаркин-а, деб орзиқди беихтиёр.

Мадрасага яқинлашгач, сабоқдошларининг ўзи сингари шошиб келаётганини кўрди. Бу тадбирга узоқ-яқиндан катта-катта олимлар ташриф буюрган, ота-оналар фарзандларининг муваффақиятини кўриш учун ҳозир бўлган. Ҳали замон онаси ҳам етиб келади.

Маросим бошланди. Қориларни бирма бир даврага таклиф қила бошлашди. Мана ниҳоят кутилган онлар келди. Унинг исми айтилди. Аббосни тақдирлашди. Унга нуфузли мадрасалардан бирида ўқишни давом эттириши учун йўлланма топширилди ва яна бир бора тиловат қилиши сўралди.

Аббос бир энтикиб нафас олди ва бошлади...

Шу пайт чор-атрофни вертолётлар овози тутди. Ҳамма ўзини панага олишга тушди. Бироқ жуда кеч, ҳадемай, кули кўкка совуриладиган мадраса титрашга тушган эди...

«Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари 2 апрель куни Қундуз вилоятида амалга оширган операция натижасида аксарияти болалар бўлган 100 киши ҳалок бўлди, 150 киши яраланди. 

Ҳукуматнинг айтишича, ҳаво зарбаси толибларга қаратилган эди. Аммо ҳаво зарбасига учраган Дашти Арчи туманидаги мадрасада ҳофизи Қуръонликка эришганларни тақдирлаш маросими бўлаётган эди. Маросимда “Толибон” етакчиларининг ҳам бўлгани айтилмоқда. 

Афғонистон парламенти депутатлари ушбу ҳодисани қаттиқ қоралади. Айни пайтда ҳодиса бўйича текширув давом этмоқда», деб хабар берди Azon.uz нашри.

Кузатганим, ўтган йили Стокгольмда, ундан кейин Лондонда содир этилган терактларда ўхшаш воқелик содир бўлди. Яъни юк машинаси ҳайдовчиси уловни йўловчилар устига қараб ҳайдади. Натижада Стокгольмда тўрт, Лондонда саккиз киши вафот этди. Оммавий ахборот воситалари бу воқеаларни шунчалик ноғора қилиб чалдики, алалоқибат дунё ҳамжамияти нафақат теракт ижрочилари, балки уларнинг миллатдошларига ҳам нафрат билан қарай бошлади.

2 апрелнинг қонли тонги ҳақида эса бирорта нуфузли Европа нашри ғиринг деганини эшитмадим. Қарийб бир ойдирки, кенг жамоатчиликда «адашиб» қилинган ҳаво ҳужуми ҳақида фикр уйғотилмади, қарши фикр билдирилмади. 100 нафар бегуноҳ ўспирин ҳақида деярли ҳеч ким қайғурмади.

Шу воқеа Европада юз берганида нима бўларди, дейлик, 5 нафар роҳиб йигит теракт қурбони бўлса? Ватикан, Рим папаси Франциск оёққа қалқмасмиди? Уларнинг дафн маросимида тик турмасмиди? Бутун дунё оммавий ахборот воситалари тағин исломофобияга берилмасмиди. «Голливуд» бегуноҳ 5 нафар роҳиб ҳақида фильмлар тайёрлаб, «Оскар»га даъвогарлик қилмасмиди? Жабрдийда беш оилага ҳукумат ва дунё христианлари томонидан моддий ва маънавий ёрдам берилмасмиди?

Бу каби саволлар кўп, дилни ўртаган воқеага лоқайд муносабат, мусулмон фарзанди бўла туриб, ҳаттоки дадил фикр билдиришга журъат этолмаслик ҳақида ўйлаш эса янада оғир. Гап фақат диний томонда эмас. Назаримда, қўшниси аза тутганда кулиш, уйида нотинчлик бўлса, бепарво туриш инсофсизлик. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистонда вазиятнинг барқарорлашиши минтақадаги хавфсизликни таъминлашини алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Фикримча, воқеага шу нуқтаи назардан ёндашишимиз керак.

Орадан салкам бир ой ўтди. Она ўзининг ёлғиз фарзанди, жигарбанди, бу ҳаётдаги ёлғиз суянчини — Аббосни учратиш илинжида Қундуз кўчаларида изғиб юрибди...

3.66 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.66 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.17 / 5
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Нозим Ашуралиев 27/04/2018
5 Aziza Sobirova 27/04/2018
5 Sayyora Shodiyeva 27/04/2018
5 Baxtiyor Ahmad 27/04/2018
4.5 МММ 27/04/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр