ПФЛ СЎЗИДА ТУРМАДИ! СЎНГГИ УМИД САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ТУРОБЖОН ЖЎРАЕВДАН!

Farhod Norbutayev
Саралаш

Инсонийлик мезони нима? Бу саволнинг жавобини бундан салкам олти аср олдин буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари айтиб кетган эди:

Одамий эрсанг демагил одамий,

Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Инсонийликнинг мезони шу! Ҳар бир киши

модомики, инсон деган буюк рутбага муносиб бўлишни истар экан, у ўзгалар дардига шерик, ҳамдард ва ҳаммаслак бўлишга маҳкумдир.

Афсуски бу дунёда инсонийлик тушунчаси ҳаммада ҳам баравар бўлавермайди. Айниқса, кўз ўнгингда кимдир ҳаётда яшаши, бу ёруғ дунёнинг бир неча дақиқалари учун курашаётган бир вақтда, унинг сабабчилари шунчаки, ақлан ўзини четга тортиб, моддий ва маънавий ёрдамни бермай турса, оғир дард билан курашаётган инсон дардига яна юз бор дард қўшилиши турган гап.

2014 йилнинг 24 октябрь куни Тошкентда

«Локомотив»га қарши кечган ўйин Сирожиддин Сайфиев учун профессионал фаолиятидаги сўнггиси бўлди. Ўша ўйинда у «Динамо» учун борини бериб ўйнади. Аммо 84-дақиқада содир бўлган ўша машум воқеа ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Алам қиладигани шундаки, жароҳатдан сўнг тез тиббий ёрдам машинасида уни пойтахтдаги «Травматология ва ортопедия республика илмий текшириш институти» шифохонасига олиб келишди. Бироқ футболчининг ортидан «Динамо» клуби раҳбариятидан ҳеч ким бормади. Ҳол-аҳвол ҳам сўралмади. Тақдир экан ўша оғир кунларни ҳам енгиб ўтган Сирожиддинни кутилмаганда бошқа бир дард қамраб олди. Ҳеч ким кутмаганда у саратон касаллигига чалинди.

Бу хабарни эшитиб қанчадан-қанча инсонлар карахт аҳволга тушиб қолди. Кўпчилик, унинг бу дардга йўлиқққанига ишонмади ҳам. Бу гаплар шунчаки ёлғон дея эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Аммо аччиқ бир ҳақиқат шунда эдики, умрини «Динамо» жамоаси ва Самарқанд футболига бағишлаган Сирожиддин Сайфиев оғир дардга чалингани рост эди.

Сирожиддин Сайфиевнинг оёғи сингандан сўнг бошидан кечирган кечинмаларини аввал ҳам ёзган эдим. Бу сафар ҳам уни такрорлаш ниятим йўқ. Аммо бугун бетоб бўлиб, ҳаётда беш кун бўлсада яшашга умид қилган инсонни «Динамо» клуби раҳбарияти йиллар давомида алдаб келаётганлигини айтмасам бўлмайди.

Ҳа, бугун саратон касаллиги сабаб ўлим билан

курашаётган Сайфиевни “Динамо” клуби раҳбари Шуҳрат Ҳотамов ва футболни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Жўраевлар мана неча йилдирки “қулоғига лағмон” илиб келмоқда. Айнан уларнинг найранглари, ёлғонлари, сохта маълумотлари, клубдаги, умуман Самарқанд футболида қилаётган молиявий ўғирликлари сабаб бугун миллионлаб самарқандлик футбол ишқибозларининг севимли ўйинчиси бўлган Сирожиддин Сайфиев Москвада пулсиз қолиб кетди.

- Мен бу ерда (Москвада) ҳаёт билан курашаяпман! Яқинларим, дўстларим билан яна аввалгидек бирга бўлиш учун ҳаракат қиляпман. Аммо “Динамо” клуби раҳбари Шуҳрат Ҳотамов ва фонд бошлиғи Бахтиёр Жўраевлар неча йилдирки мени алдаб, пешона терим билан топган пулларимни бермаяпти. Натижада мана икки ҳафтадирки муолажани ололмаяпман. Бу ерда муолажасиз ўтаётган ҳар бир куним ҳаётимга зиён. Ҳар дақиқа мен учун ғанимат. Аммо улар буни тушунмаяпти. Тушунишни истамаяпти.

Оғир хасталикка чалинган Сирожиддин Сайфиевдан “Динамо” клуби раҳбарияти ўша вақтда 60 милион сўм ойлик маоши ва мукофот пулларидан қарздор эди. Минг бир машақат билан ўша пулларнинг 20 миллион сўмини олди холос. Бугун эса клуб раҳбарияти яна 40 миллион сўм пулини бермаган. Бироқ, клубнинг расмий сайтида нафақат футболчини, балки бутун бир халқни алдаб Сирожиддин Сайфиев олдидаги ойлик маош қарзларини ҳисоб-китоб қилиб тўлади деган ёлғон

хабар тарқатилди. Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу хабар клуб раҳбари ва фонд бошлиғининг қистови асосида қўйилганлиги аниқ бўлди.

- Зоир Мирзаев вилоятда ҳоким вақтларида Бахтиёр Жўраев ва Шуҳрат Ҳотамов вилоят ҳокимлиги томонидан ёзма равишда тасдиқланган кафолат хатининг ижросини таъминламади. Кафоат хатида 2015 йил 1 октябригача қарзлар тўлиқ тўлаб берилиши аниқ қилиб кўрсатилганди. Кейин, 2016 йилнинг май ойида ЎФФда бўлган йиғилишда яна ўшалар ёзган аризамни қайтариб олсам пулингни берамиз деб иккинчи бор алдашди, - дейди Сирожиддин Сайфиев. – Яна бир бор алданганлигимни билганимдан сўнг шахсан ўзим вилоят ҳокимининг қабулида бўлдим. Вилоят ҳокими уларга қарзларни узиш бўйича топшириқ берди. Лекин барибир улар пул бермади. Кейин, 2017 йилнинг апрел ойида халқимиз ва клубларимиз томонидан хайрия акцияси ўтказилганда, клуб 20 миллион пластик карточкамга ташлаб, ҳамма қарзларини тўладик деб ёлғон маълумот берди. Охирги марта 2018 йилнинг март ойида клуб раҳбарларига қолган иккита ойлик ва олтита мукофот пулларини беришини, у пулларга мен Москва шаҳрига навбатдаги даволанишни ўташ учун боришимни айтганимда, улар ҳокимият пул бермаганлигини, бу ерда мен ҳам, клуб ҳам айбдор эмаслигини айтишди. Ҳоҳласанг, 10-15 миллион қилиб беришимиз мумкин, лекин уни ҳам қачон пул бўлса дейишди. Мана бир ойдирки Москвада муолажасиз кутиб ўтирибман.

Ҳозирги кунда клуб футболчидан 40 миллион сўм ойлик маош ва мукофот пулдан қарздор. Бу сўзимизга клуб мутасаддилари эътироз билдириб, ҳокимият қилинган смета пулларини бермаганлиги сабаб қарздор бўлиб қолганликларини баҳона қилишлари мумкин. Аммо фонд раҳбари Бахтиёр Жўраев 2018 йилги мавсум бошидан “Динамо” жамоасининг ПРО лига 1-турдаги сафар учрашуви ва ундан кейинги ўйинлари олдидан футболчиларга 2017 йилдаги ойлик маошларидан қолган қарздорлик сифатида икки-уч бора пул ташлаб берди. Буни “Динамо”да тўп тепупчи виждони бор исталган футболчидан сўрасангиз тасдиқлайди.

Хўш, айтингчи, тўрт мучаси соғ бўлган футболчилар учун ўтган йилдан қолган қарзлари тўлаб берилаяптию, бугун ҳаётда яшаш учун курашаётган Сирожиддин Сайфиевни неча йиллардан бери қолиб келаётган ойлик маошлари нега тўланмай келинмоқда. Хўш, энди ўйлаб кўрингчи, ҳокимият ўтган йили пул бермади деган баҳона қанчалик асосли бўла олади? Ўзига керак бўлганда 2018 йилда футбол учун ажратилган пулларни 2017 йилги қарзлар учун ишлатиш мумкину, оғир хасталикка чалинган, энг муҳими “Динамо” учун жон куйдириб ўйнаган футболчининг пулларига келганда ҳокимият пул бергиси келмай қоладими?

Бошқаларни билмадиму, менинг назаримда клуб раҳбарияти ва фонд ҳамкорликда ўша пулни аллақачон “туя” қилиб бўлган. Алал оқибатда бугун ўша пулни чўнтагидан тўлаб беришни исташмаяпти.

Мени бир савол қийнайди. бутун бошли вилоят, дунё цивилизациясига ҳисса қўшган, дунё тан олган шаҳарда оғир хаста бўлиб қолган футболчининг қарзларини бериш учун пул топилмай қолсая! Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевларнинг одатий боҳонаси битта. Ҳокимият пул бермаяпти. Ўз-ўзидан ҳар қандай инсонда ҳокимият ва ҳокимга нисбатан нафрат уйғонмоқда. Аслида ҳақиқатдан ҳам ҳокимият “Динамо”га пул бермаяптими? Менимча бу Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевнинг ҳокимиятни “печка” қилиб мухлислар олдида ўзини оқлашнинг оддий йўли. Боиси, “Динамо” жамоаси учун 2015 йилда 5 миллиард, 2016 йилда салкам 4 миллиард, 2017 йилда 12 миллиард, 2018 йилда 12 миллиард 800 миллион сўмлик смета қилиб келинган ва ўша пуллар клубга берилган. Футбол фонди ва клуб раҳбариятининг виждони бўлса ушбу маблағлар ичидан Сирожиддиннинг пулларини тўлаб бермасмиди! Оддий мухлисларга доимо, ҳокимни айбдор қилиб келадиган бундай ноинсофлардан яна нимани кутиш мумкин.

Мен касбим тақазоси билан Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраевни бугунги фаолияти, халқ билан бирга ишлашига кўп бора амин бўлганман. Ҳар қандай масалани эътибордан четда қолдирмай, унинг ечимини топиб келганига гувоҳ бўлганман. Ўйлайманки, бугун тирик қолиш ва бу дунё ҳавосидан яна нафас олиш учун курашаётган Сирожиддин Сайфиевга ҳам Самарқанд вилоят ҳокимлиги алоҳида эътибор қаратади. Сирожиддин учун пешона териси билан ҳалол ишлаб топган ойликларини берса кифоя. Шундай салоҳияти кенг, довруғи бутун дунёга машҳур Самарқандда биргина футболчининг ойлик маошини олиши шу қадар муаммога айланиб кетмаса керак, назаримда.

Ҳа, айтганча! Бугун футболни ривожлантириш

йўлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси қилаётган ишларга ортиқча таърифнинг кераги йўқ. Айниқса, тартиб интизомни бузган жамоаларга қатъиятлик билан кўрилаётган жазолар бугун клублар ўз ишларига тўғри ёндошишига сабаб бўлмоқда. Мухлисларни стадионда сўкингани, футболчиларнинг майдондаги қўпол ҳаракати, ва ҳатто оддийгина галустук тақмаганлиги учун отни калласидек жарима тортишни биладиган ташкилот наҳотки бир инсоннинг тақдири, унинг бу дунёда яшаш учун қилаётган ҳаракатига келганда қўлидан ҳеч нима келмаса.

Сирожиддин Сайфиев ойлик маошларини олиш учун бир неча бор ЎФА ва ПФЛга мурожаат қилди. Аммо улар ҳам Шуҳрат Ҳотамов ва Бахтиёр Жўраевнинг “лағмонлари”га алданиб қолишди. Ахир Сирожиддин Сайфиев ушбу ташкилот вакилларига хайрия ўтказиб пул йиғиб беринглар демаяптику. У шунчаки ҳалол ишлаб топган пулларини олишда ёрдам беришни, мавжуд муаммони керак бўлса вилоят ҳокими Туробжон Жўраевга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб тўғри тушунтириш кераклигини ва даволаниш учун ўз ойликларини тезроқ олиб беришларини сўраб мурожаат қилган холос.

Манашундай ҳаёт билан курашаётган футболчиларга, умуман футболчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларига беэътиборлик бўлса, футбол бўйича тузилаётган меморандумларнинг нима кераги бор бизга. ЎФА футболчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бўйича ҳам қатъий қарор чиқариш вақти келди назаримда. Ахир, Сиррожиддин каби ойлик маошларини ололмай юрган футболчилар қанча? 

3.57 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.57 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 11

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 28/04/2018

Birovga xizmatini qildirib pulini to'laman odamdanda jirkanchroq kishi bormikan bu dunyoda?! Axir oyligini so'rayaptikanku, qolaversa kasal ekan, bermaysanmi hech yo'q o'zini pulini. Shu kishilarni vijdoni bo'lganda oyliga qo'shib yana biroz yordam puli ham berar edi. Kasal odamga davolanish uchun pul ayrim vaqtda hamma narsadan muhim ekanligini shunaqa kasal bo'lganlar biladi. Alloh insof bersin.

4 Маҳсуджон Асқаров 04/05/2018
4 Олимжон Солижон ўғли 05/05/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 10/05/2018
4 Расул Кушербаев 10/05/2018
4 Шерзод Шерматов 13/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 18/05/2018
4 Нигора Умарова 18/05/2018
4 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
3.5 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
4 Умид Гафуров 20/05/2018
3 Музаффар Назаров 20/05/2018
4 Мақсуд Саломов 20/05/2018
4 Шунқор Чориев 20/05/2018
4.5 Беҳзод Қобулов 20/05/2018
3 Абдумалик Носиров 20/05/2018
4 Мансур Тангишов 21/05/2018
4 Иноят Садикова 21/05/2018
4 Нодир Закиров 21/05/2018
3 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
4 Адҳам Отажонов 21/05/2018
4 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр