Ошкоралик шамоли қачон Бош прокуратурага етиб боради?

Тарихий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Гарчи Президент кейинги пайтда телевизорда аввалгидан анча кам кўриниш бераётган, унинг селектордаги одамларни жунбушга келтирадиган видеолари интернетга анча кам сиздирилаётган бўлса-да, ижобий ўзгаришлар тўлқини давом этаяпти. Бу Президент командаси ишлаётганидан, тизим шаклланаётганидан далолат.

ОАВ фаолиятининг эркинлашаётгани, шу пайтгача ёпиқ ҳисобланиб келган жуда кўплаб ташкилотларнинг матбуотга очилаётгани, кўплаб вазирлик ва идоралар журналистлар учун пресстурлар ташкиллаштираётгани, ҳатто махфий фаолият юритиб келган идораларнинг ОАВ билан ҳисоблашаётганини кўриб қувонмай илож йўқ. Демократия матбуотнинг эркинлигидан, давлат идораларнинг том маънода очиқлигидан бошланади аслида.

Фуқаро қачонки ўзи истаган идоранинг фаолияти, унинг мансабдорлари хатти-ҳаракати ҳақида тўлиқ маълумот ололсагина бизда демократик қадриятлар қарор топишига ишонишим мумкин. Ҳозирча бизда бунга анча бор. Ҳозирча журналистлар ана шундай маълумотларни қўлга кирита олсалар ҳам катта гап. Уларнинг билгани халқ билгани демакдир. Бу борада илк қадамлар ташланаётгандек...

Аммо Бош прокуратура ҳақида бундай деб бўлмайди. Бу идора ҳануз икки метрли панжаралари ортига бекингача, совуқ ва қўрқинли қиёфасини сидирмай, очиқланишни истамай турибди. Гарчи бу идорада кенг кўламли тозалашлар ўтказилган, кадрлар қарийб буткул ўзгартирилган бўлса-да Бош прокуратуранинг матбуот хизмати фаолиятида ўзгариш сезилгани йўқ.

Айни пайтда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё жамоатчилиги диққат марказида бўлган собиқ бош прокурор Қодиров ва унинг жиноий шериклари устидан тергов жараёни кетмоқда. Халқаро амалиётга кўра шов-шувли ишлар бўйича кунда-кунора, ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта баёнот бериб турилади. Бизнинг жонажон прокуратурамиз нима қилаяпти? Оғзига талқон солганча жим турибди.

Бошқа давлатлар тажрибасини кўрадиган бўлсак, бундай вазиятда сукут сақланмайди. Биргина Россия иқтисодиёт вазири мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Терговнинг бошидан то суд жараёнларигача батафсил маълумот бериб борилди. Унинг статуси назаримда Қодировникидан асло кам эмасди. Бундан мисоллар ўнлаб келтириш мумкин.

Гапим битта: бундай вазиятда сукут сақлаш кўпроқ миш-мишларга, асоссиз гап-сўзларнинг болалашига сабаб бўлади. Ва бўлмоқда ҳам. Қанийди Бош прокуратуримиздагилар буни англаб етишса. Аммо бунга ҳали кўп қовун пишиғи борга ўхшайди.

Яқинда Бош прокуратура матбуот хизмат раҳбари Гулноза Раҳимова Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари этиб сайланди. Телеграмдаги “Давлетов.ўз” каналида Гулноза Раҳимова ҳақида кичкина досъе эълон қилинди:

“Асосан рус тилида мулоқот қиладиган Гулноза Раҳимова ҳаддан ташқари протокол доирасида ишлайдиган, субординацияга қатъий риоя этадига юрист. Унинг тайинланиши ҳадемай Ўзбекистонда бўладиган парламент ва президент сайловларида хорижий кузатувчилар билан ишлай оладиган, шартли Светлана Ортиқованинг ўрнини босадиган кадр сифатида кўрилганидан дарак беради. Наманганлик кадрлардан (Қодиров, Ортиқова мактаби).  Ортиқовадан фарқли ўлароқ ўзбошимчалик билан иш тутмайди, оғзидан ҳар хил гаплар янграмайди”.

Гулноза Раҳимова ҳақидаги юқоридаги таърифга унинг ўта эҳтиёткорлиги, итоаткорлиги, ташаббускор эмаслигини илова қилиш мумкин. У ҳеч қачон ўзининг оғзи билан гапирмаган. Ўзгалар оғзи бўлиб келган. Бу хислати ўзининг фойдасига, идорасининг эса, аксинча, зарарига ишлаб келган. Ким билсин, балки юқоридагиларга айнан шундай кадрлар керакдир ҳозир ҳам. Ундай эмас деб умид қиламан.

Раҳимованинг Бош прокуратурадаги ўрни узоқ вақт бўш қоладиган лавозим эмас. Тез орада янги матбуот котибини тайинлашса керак. Балки аллақачон тайинлангандир ҳам. Бироқ бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилмаса ҳам керак. Чунки бунга одатланишмаган.

Яна бир гап. Узунқулов гапларга қараганда Ўзбекистондаги туман, вилоят прокуратурасида ишловчилар қайсидир газет-журналда мақола чиқармоқчи, радио, ТВда чиқмоқчи бўлса, Бош прокуратура матбуот хизматининг "ижозати"ни олиши керакмиш. Тавба дейсан киши. Беихтиёр ёқа ушлайсан. Бу нима эркинликни чеклашми? ОАВни чеклай олмай қолгач, матбуотга маълумот сизиб чиқиб кетмаслиги учун ходимларни чеклашга ўтишдими?!

Умид қиламанки, Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясига ва қонунларнинг бутун республика бўйлаб бир хилда, сўзсиз ижро этилишига масъул идоранинг матбуот хизматиган келадиган (балки келган) бу ерда узоқ йиллар давомида шаклланган шаблон ва стериотипларни парчалай олади ҳамда жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни ҳис этиб янгича фаолият юритади. Гарчи ақлим бунга ишонмаса-да юрак тушмагур шуни истаяпти. Яхшисига умид қилиб қоламан.

4.04 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.04 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.33 / 6
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 3

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 G'ayrat Norqobil 01/06/2018
3.5 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
3.5 Doniyorbek Yulchiev 01/06/2018
4 Gayratjon Turdiev 01/06/2018
5 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
3 Baxtiyor Ahmad 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр