Одамларга дўст ва душман шаҳар

Sanjar Said
Ярим финал

Тошкентдаги «Новза» метро бекати яқинига қурилган пиёдалар кўпригидан тез-тез ўтиб тураман. Баъзида болалар аравачаси билан зиналардан қийналиб тушиб-чиқаётган аёлларга ёрдам беришга тўғри келди. Аввалига нима учун кўприкда болали аёллар, ногирон ва кексаларга шароит яратилмаган деб жаҳлим чиқди. Кейинроқ эътибор берсам, кўприкнинг ҳар икки томонида лифт қурилган экан. Аммо у ерда лифт борлигини билдирадиган бирор белги ҳам, ёзув ҳам йўқ, лифт эшиклари эса қулфланган.

Бу ерда лифт бор. Фото: Санжар Саид

Худди шу кўприк устида туриб машиналар йўлини кузатсангиз, яна бир манзарага гувоҳ бўласиз: баъзилар 100-200 метр наридаги кўприккача бориш, тепага чиқиб-тушишга эриниб, ҳаётини хавф остига қўйганча кўчадан югуриб ўтмоқда. Бу ерда машиналар жуда тирбанд ва тез ҳаракатланади. Йўлдан ўтиб олиш осон эмас...

Пиёдалар жонини хатарга қўйиб йўлни кесиб ўтмоқда. Айб фақат пиёдалардами? Фото: Санжар Саид

Кўприкдан тушиб, Миллий боғ томон пиёда юриб кўрамиз. Бир вақтлар бу ерда катта йўлнинг ўртасида пиёда сайр қилиш учун йўлак бўлар эди. Қалин дарахтзор ўртасидаги йўлак Миллий боғ яқинидан бошланиб, то метронинг «Олмазор» бекатига қадар давом этарди. Ҳозир эса йўлак узиқ-юлиқ, пиёда кетаркансиз, тўсатдан тугаб қолади, аксига олиб серқатнов автойўлдан ўтиш учун бирор имконият йўқ, машиналар сийраклашишини кутишга мажбурсиз. Агар аравача ёки велосипед бўлса, орқага қайтишга мажбурсиз, на ўнг, на чапда ўтиш учун шароит бор.

Умид ва ишонч билан кетаётган йўлингнинг тўсатдан тугаб қолиши аламли. Фото: Санжар Саид

Миллий боққа қадар етиб олишингизда шуларнинг ўзи тўсқинлик қилмайди. Йўлнинг қайси томонида бўлманг, пиёдалар йўлакларига қўйиб кетилган машиналарни айланиб ўтишга мажбур бўласиз. Баъзан эса ортингиздан сигнал чалиниб қолади: ҳайдовчи йўлимдан қоч дея аслида сизга тегишли ҳудудга хўжайинлик қилади. Хуллас, Тошкент кўчаларида пиёда сайр қилиш турган-битгани асаббузарлик, стресс, қўрқув ва камситилишлардан иборат.

Йўл - ҳамманинг ҳақи. Ўзгалар ҳақига бундай усулда хиёнат қилиш учун жавобгарлик муқаррар бўлиши керак. Фото: Санжар Саид

Ҳайдовчилар учун эса шаҳар бир олам қулайликлар, имкониятларни тортиқ қилаяпти. Автомобиль йўллари текис ва равон, кенг ва қулай. Шаҳарнинг у бошидан бу бошигача бир зумда етиб бориш учун ҳар қандай тўсиқлар, биринчи навбатда пиёдалар инфратузилмалари олиб ташланмоқда, одамлар йўлни кесиб ўтиши учун кўприкка чиқиши ёки ер остига тушиши керак. Унинг устига юз йиллик дарахтлар оммавий равишда кесиб ташлангани оқибатида пиёдалар қуёш тиғида юришга мажбур бўлиб қолди.

Назаримда ҳайдовчиларга йўллардаги мутлақ устунлик «коттакон» бўлиб олганидан кейин бирор марта шаҳарни пиёда айланмаган, доимо хизмат ёки шахсий машинасида юрадиган амалдорлар томонидан берилган. Аниқроғи улар мансаби, таъсир кучидан фойдаланиб, шаҳарни ўзлари учун қулайлаштиришди. Қорни тўқнинг қорни оч билан иши йўқ деганларидек, пиёдалар, кексалар, ногирон ёки касалмандлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳисобга олинмади, инсон ҳақ-ҳуқуқлари очиқчасига топталди, ҳақорат қилинди.

Америкага сафарим давомида ҳар ким ўз йўлидан юришига гувоҳ бўлдим. Ҳеч кимнинг ҳудудига даҳл қилиш йўқ. Фото: Санжар Саид

Россиялик урбанист Аркадий Гершман, даниялик архитектор Ян Гейлнинг Тошкентга ташрифи, Россиянинг «КБ Стрелка» консалтинг компаниясининг Тошкент кўчаларини одамлар учун қулай ҳолга келтириш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришгани, пойтахтдаги Байналмилал кўчасига Сеул номи берилиб, корейс услубида реконструкция қилиниши Ўзбекистонда ҳам шаҳарларни одамларга яқинлаштириш ва дўстлаштириш борасида дадил қадамлар ташланаётганидан дарак беради. Лекин бу борада ҳали жуда кўп иш қилиниши керак.

Энг аввало шаҳарларда пиёдалар, айниқса ногиронлар, кексалар ва беморлар катта устунликка эга бўлиши шарт. Ҳаракат иштирокчилари бир-бирларининг ҳудудига дахл қилиши қонун билан қатъий тақиқланиб, қоидабузарлик учун жавобгарлик муқаррар бўлиши керак. Аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудларда машиналар ҳаракатини имкон қадар чеклаб, айрим ҳудудларни, масалан кўп қаватли уйлар атрофи, подъездлар олдиларини машиналардан бутунлай холи ҳудуд қилиш керак.

Одамларга дўст шаҳарларда бино ва иншоотларни қўйиб туринг, ҳатто тикроқ кўчаларга ҳам шу каби пандуслар ўрнатилганига гувоҳ бўласиз. Фото: Санжар Саид

Шаҳарларда пиёдалар йўлаклари учун ягона қурилиш талаблари ишлаб чиқилиши лозим. Шу йилнинг февраль ойида бир гуруҳ журналистлар билан Америкага хизмат сафарига борганимизда айни шу нарсага эътибор қаратдим. Яъни, қайси шаҳарда бўлмайлик, ҳатто идора ва ташкилотлар, университет ҳовлиларида ҳам пиёдалар йўлаклари умумий ўзига хосликларга эга. Ўтиш жойлари ногиронлар ёки болалар аравачалари, велосипедлар учун мослаштирилган. 

Пиёдалар йўлаклари ва ўтиш жойлари аравачалар ғилдираклари тақалиб қолмаслиги учун шундай ҳолда пасайтириб чиқилиши лозим. Фото: Санжар Саид

Шунингдек, Америкада бирор жойда очиқ лотокларни учратмадим: барча ирригация инфратузилмалари ер остида. Бу каби шарт-шароитлар инсон ҳуқуқларининг олий даражада ҳурмат қилиниши ва таъминланишини кўрсатиш билан бирга, одамларни пиёда юриш, спорт ва жисмоний машғулотлар билан шуғулланишга ҳам рағбатлантиради.

4.38 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.38 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.43 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Murodxoja Muratov 31/05/2018
5 Hakimjon Fozilov 31/05/2018
5 Murodilla Jakbaraliyev 31/05/2018
5 Kahramon No'monjonovich Rahmonov 31/05/2018
5 Kamoliddin Xotam 31/05/2018
5 Soliha Shahobiddinova 01/06/2018
3.5 Parvina Sultonova 01/06/2018
5 Ashurov Zokir 01/06/2018
4 Zafarali Murodov 01/06/2018
2.5 Hikmatillo Matqosimov 01/06/2018
5 Шахноз Шахноз 01/06/2018
4 Шуҳратбек Само 01/06/2018
4 Sardor Bek 01/06/2018
5 Husnia Babakulova 01/06/2018
5 Shokir 02/06/2018
5 Zarnigor Ahmadaliyeva 02/06/2018
5 Bekzod Komoldinov 02/06/2018
5 Sherzod Bek 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр