Нотенглик

Финал учун нима ёзишни кўп ўйладим. Шов-шувли, ҳаммага ёқадиган бир нарсалар ёзишга уриниб кўрдим. Қўлимдан келмади очиғи. Хуллас, шу босқичгача бўлганидай билган, анчадан буён ўйлаб юрган нарсаларим ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Ўзбек жамиятида қизларнинг бошида муаммолар кўп. Буни кўпчилик яхши билади. Бироқ аввалдан шундай бўлиб келгани учун айтарли жиддий эътибор бермайди, ўзгартириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Мени кўпдан бери жамиятда қиз болаларнинг ўрни, уларга бўлган муносабат масаласи ўйлантириб келади. Кўп кузатдим. Қизларининг олий маълумотга эга бўлишини истайдиган оилалар жуда кам. Кўпчилик бу масалага: “Эртага узатилиб кетса ўқиб уйимни обод қилармиди” деб қарайди.

Шундайлар борки, қизларининг репититорга, пулли тўгаракларга қатнашигаям қарши. Уларга қиз боланинг ўқимишли, маърифатли бўлиши учун сарфланадиган бир чақа ҳам ортиқча харажат. Коллежни битиришсаю тезроқ узата қолишса. Қонун билан тақиқланганига қарамай айримлари қизларини 18 тўлмай туриб ҳам турмушга бериб юборишади, коллежда ўзим раҳбарлик қилган гуруҳда шундай бўлганди. Ўзбекчилик, бир жойга хабар берсанг маломатларга қоласан.

Олий маълумот олган қизларнинг иши ҳам беш эмас аслида. Улар нари борса 3 курс рисоладагидек ўқишлари мумкин. Аксарият 1-, 2-, 3-курсдан узатилиб кетади. Бунга на университет ва на бошқа ташкилот қаршилик кўрсата олади. Табиийки, келинлик вазифалари, ҳомиладорлик ва ҳоказолар оқибатида ўқиш ўлда-жўлда бўлади, фанлар керагича ўзлаштирилмайди, кўпда домлалар уларни аяб 3-4 баҳоларини қўйиб беришади.

Ўзим ҳам 3-курсни тамомлаб турмушга чиққанман. Айрим дугоналарим бундан ҳам вақтли оила қуришган. Келинлик юмушларидан ташқари омиладорлик, токсикоз қанчалик қийнагани ўзимга ва Яратгангагина аён.

Буларни нима учун ёзаяпман? Бизнинг шароитимизда қизларнинг муносиб таълим олиши учун имконият йиғитларникидан анча чегараланган. Буни юқорида баҳоли қудрат изоҳлаб ўтдим. Назаримда, никоҳ ёшини ўзгартириш, узлуксиз таълимни таъминлаш ҳақида бош қотираётганлар шу муаммоларга ҳам эътибор қаратишса зарар қилмасди.

Бу муаммолар урф-одати, турмуш тарзи ўхшаш қардош қўшни давлатларни айтмаса бошқа юртда учрамаса керак. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури деймиз. Аммо унинг миллийлигини сезмаганман. Агар бу дастур чиндан миллий бўлганда мана шу каби истисноли вазиятларга жавоб берилган бўларди.

Қизлар ҳеч бир муаммосиз олий маълумот олишди ҳам дейлик. Яъни тўйлари университетни битиргандан кейин бўлиб ўтди. Бироқ бунда ҳам уларнинг муаммолари камайиб қолмайди. Янги рўзғор, янги оила, янги ишхона... Буларнинг барига мослашиш учун вақт керак-ку! Аммо келинларга бунга вақт қаёқда дейсиз? Худо бериб, тезда фарзандли бўлишса, иш ҳам қолиб кетади, агар талаба бўлишса, ўқиш ҳам.

Аввало энди турмуш қурган қизларни осонликча ишга қабул қилишмайди. 7-8 ой ишлаб декретга чиқиб кетишидан хавфсирашади. Бу ҳақда 1-босқичда ёзгандим.

Бу билан қизларни турмушга чиқмасин, туғмасин демоқчимасман. Аёл зоти учун бундан ортиқ бахт йўқ аслида. Шунчаки таълим олиш жараёнидаги қийинчиликлар, йигитлар ҳамда қизларнинг имкониятлар ўртасидаги тафовутга эътиборингизни тортгим келди холос.

Аммо бу масалаларга ечим таклиф қила олмайман. Ўтган босқичларда айрим ҳакамларимиз блогерлардан ўзи олиб чиққан муаммога ўзи ечим беришини талаб қилишди. Мен буни оқламайман. Менимча бу ҳақда жамиятшуносларимиз, таълим, хотин-қизлар муаммолари билан шуғуланувчи идоралар шуғуллангани маъқул. Мен шунчаки бир ўқитувчи, бир она ва бир аёл сифатида кўрган-кечирганларимни, ўзим муаммо деб билган нарсаларнигина қораладим. 

Мен қиз ўстираётган ота-оналар, Ўзбекистондаги таълим-тарбия жараёнига масъуллар бир нарсани билишларини холардим. Миллатимиз жаҳондаги илғор миллатлар сафида бўлишини, юртнинг ривожланган дафлатлар сафида бўлишини хоҳласак ислоҳотни аёлларимизга, қизларимизга эътибордан, уларнинг муносиб таълим олишига замин яратишдан, қизларга уй, ошхона ишларига маҳкум ё бўлмаса авлодимизни давом эттирувчилар деб қаровчи тушунчаларимизни ўзгартиришдан бошлашимиз керак. Бола ўзидаги асосий хислатларни асосан онадан оларкан, яъни она қанча ўқимишли, ақлли, зиёли бўлса, бола ҳам шундай бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳаларда кадрлар тақчиллиги сезилаяпти, муаммонинг илдизи таълим тизимидаги инқироз ва коррупция ҳолатлари билан бирга мен юқорида тилга олган муаммоларга ҳам боғлиқ деб ўйлайман.

4.12 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.12 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.58 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.51 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Gayratjon Turdiev 11/06/2018
5 Анвар Намозов 11/06/2018
4 G'ayrat Norqobil 11/06/2018
3.5 Farhod Abdurahmon 11/06/2018
4.5 Feruza Sattarova 11/06/2018
4 Шаҳноза Тўрахўжаева 12/06/2018
5 Xudoyberdi Mirhosilov 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр