Меҳнатнинг таги меҳнат. Роҳат қачон?

Менимча, кундалик турмушда ҳар доим ҳам Жиноят кодексига амал қилинмаса қилинмасин, лекин ўзини ҳурмат қилган жамиятда Меҳнат кодексига қатъий амал қилиниши лозим ва лобид.

Агар мантиқан ўйлаб қарасак, жуда кўп нарса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан келиб чиқади:

иш ҳақларнинг камлиги – аксарият ҳолларда коррупция ёки шу каби жиноятларга етаклайди (ёки қашшоқликка);

иш вақтининг тайинсизлиги (ҳар куни кечқурун соат 10-11 (ёки ундан ҳам кеч)гача ишлаш) – фарзандлар тарбиясининг сустлашишига етаклайди, саломатликнику гапирмай қўя қолай;

дам олиш кунларисиз ишлаш – руҳий зўриқиш ва оилалардаги нотинчликка етаклайди;

таътилсиз ишлаш – иш сифатининг кескин пасайишига олиб келади;

меҳнат муҳофазаси таъминланмаган жойда ишлаш – ҳалок бўлганлар ва ногиронлар сонининг кўпайишига сабабчи бўлади;

ишсизликнинг юқори даражаси - жамиятдаги умумий норозилик ва пессимистликни келтириб чиқаради, ижтимоий мувозанатни издан чиқаради.

Балки буларнинг барчаси биттада содир бўлмас. Яъни фарзандлар бир кунда бетарбия бўлиб қолмайди, оилалар бир кунда ажрашиб кетмайди, бир кунда ҳамма жиноятчига ёки коррупционерга айланиб қолмайди. Лекин бу секин таъсир қилувчи оғу, вақт ўтиши билан жамиятни фалажлайди, охир-оқибат барибир салбий оқибат содир бўлади.

Ходимларнинг қадр-қиммати етарлича таъминланмаган, қилган меҳнатига яраша рағбатлантирилмайдиган (қонуний йўл билан, албатта) жамият ривожланмайди. Ёки бир жойда депсиниб тураверади, ёки орқага кетади.

Шундай экан, янги давр сари олға қадам ташлаётган Ўзбекистон меҳнат соҳасини ислоҳ қилишга жиддий эътибор қаратиши лозим. Тилёғламаликдан ҳоли равишда айтаманки, сўнги йилларда бу борада сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Биргина мажбурий меҳнатнинг ТАН ОЛИНИШИ (!) ва унга қарши курашнинг бошлангани кўп нарсадан далолат. Биргина шу жиҳатнинг ўзи Ўзбекистоннинг халқаро имиджини каррасига оширгани ҳам айни ҳақиқат.

Айрим соҳалар ва давлат органлари тизимида ойлик иш ҳақларининг сезиларли равишда ошириб борилиши, яратилган янги иш ўринлари ҳақида сафсата статистикалар берилишининг тўхтатилгани ва ҳ.к. кенг кўламли ишларни ҳам эслаб ўтиш керак.

Аммо буларнинг барчасини етарли даражада деб бўлмайди. Ҳали муносиб меҳнат дастури бўйича қилинадиган ишлар бисёр, муаммолар етарлича. Келинг, қуруқ ва умумий гап бўлиб қолмаслиги учун, айрим кичик мисоллар ва таклифларим билан ўртоқлашсам.

БЕШ КАРРА БЕШ, НОЛЬ ЙИГИРМА БЕШ!

<