Меҳнатнинг таги меҳнат. Роҳат қачон?

Менимча, кундалик турмушда ҳар доим ҳам Жиноят кодексига амал қилинмаса қилинмасин, лекин ўзини ҳурмат қилган жамиятда Меҳнат кодексига қатъий амал қилиниши лозим ва лобид.

Агар мантиқан ўйлаб қарасак, жуда кўп нарса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан келиб чиқади:

иш ҳақларнинг камлиги – аксарият ҳолларда коррупция ёки шу каби жиноятларга етаклайди (ёки қашшоқликка);

иш вақтининг тайинсизлиги (ҳар куни кечқурун соат 10-11 (ёки ундан ҳам кеч)гача ишлаш) – фарзандлар тарбиясининг сустлашишига етаклайди, саломатликнику гапирмай қўя қолай;

дам олиш кунларисиз ишлаш – руҳий зўриқиш ва оилалардаги нотинчликка етаклайди;

таътилсиз ишлаш – иш сифатининг кескин пасайишига олиб келади;

меҳнат муҳофазаси таъминланмаган жойда ишлаш – ҳалок бўлганлар ва ногиронлар сонининг кўпайишига сабабчи бўлади;

ишсизликнинг юқори даражаси - жамиятдаги умумий норозилик ва пессимистликни келтириб чиқаради, ижтимоий мувозанатни издан чиқаради.

Балки буларнинг барчаси биттада содир бўлмас. Яъни фарзандлар бир кунда бетарбия бўлиб қолмайди, оилалар бир кунда ажрашиб кетмайди, бир кунда ҳамма жиноятчига ёки коррупционерга айланиб қолмайди. Лекин бу секин таъсир қилувчи оғу, вақт ўтиши билан жамиятни фалажлайди, охир-оқибат барибир салбий оқибат содир бўлади.

Ходимларнинг қадр-қиммати етарлича таъминланмаган, қилган меҳнатига яраша рағбатлантирилмайдиган (қонуний йўл билан, албатта) жамият ривожланмайди. Ёки бир жойда депсиниб тураверади, ёки орқага кетади.

Шундай экан, янги давр сари олға қадам ташлаётган Ўзбекистон меҳнат соҳасини ислоҳ қилишга жиддий эътибор қаратиши лозим. Тилёғламаликдан ҳоли равишда айтаманки, сўнги йилларда бу борада сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Биргина мажбурий меҳнатнинг ТАН ОЛИНИШИ (!) ва унга қарши курашнинг бошлангани кўп нарсадан далолат. Биргина шу жиҳатнинг ўзи Ўзбекистоннинг халқаро имиджини каррасига оширгани ҳам айни ҳақиқат.

Айрим соҳалар ва давлат органлари тизимида ойлик иш ҳақларининг сезиларли равишда ошириб борилиши, яратилган янги иш ўринлари ҳақида сафсата статистикалар берилишининг тўхтатилгани ва ҳ.к. кенг кўламли ишларни ҳам эслаб ўтиш керак.

Аммо буларнинг барчасини етарли даражада деб бўлмайди. Ҳали муносиб меҳнат дастури бўйича қилинадиган ишлар бисёр, муаммолар етарлича. Келинг, қуруқ ва умумий гап бўлиб қолмаслиги учун, айрим кичик мисоллар ва таклифларим билан ўртоқлашсам.

БЕШ КАРРА БЕШ, НОЛЬ ЙИГИРМА БЕШ!

Яқинда Kun.uz сайтида “Ўзбекистонда ойига 400 минг сўмга қандай қилиб яшаш мумкин?” номли мақола эълон қилинди. Унда муаллиф ҳар қандай иш берувчи ойига 426466 сўмдан кам тўламасликка мажбурлиги, бу қоиданинг натижасида хусусий сектордаги иш берувчилар атайин ойлик иш ҳақларини 500-600 минг сўм қилиб белгилаётганини қайд этар экан, «ахир ойига 500 минг сўмга кун кўриб бўлмайди» дея таъкидлайди. Муаллиф фикрида давом этар экан, «ойига 500-600 минг маош» муаммоси давлат ва жамиятнинг муаммосига айланмоғи керак» деб хитоб қилади.

Мақолани ўқир эканман, юртимизда 500 минг сўм ойлик оладиганлардан ҳам ночорроқ қатлам борлиги, улар “ноль йигирма бешлар қатлами” деб аталиши ёдимга тушиб кетди. Гап 0,25 ставкада ишлаётган ходимлар ҳақида кетаётганлигини сезган бўлсангиз керак.

Ўтган йили Facebook ижтимоий тармоғида энг кам ойлик иш ҳақи 172 минг сўм эмас, 426 минг сўмлиги ҳақида ёзган пайтим, айримлар эътироз билдириб, 150 минг сўм ойлик оладиганлар ҳам борку, алдаманг дейишганди. Кейин билсам улар ҳам “ноль йигирма бешлар қатлами”ни назарда тутишган экан.

Бандлик ва меҳнат муносабатларининг расмий вакансиялар базасига кириб, бўш иш ўринларини қидирдим ва 0,25 ставкалар билан танишиб чиқдим.

Тиббиёт соҳасида
Таълим соҳасида
Техник ходимлар

Эътибор берсангиз, иш ўринлари миллий базасида 0,25 ставкалар бўйича эълонлар етарлича топилади. Ойлик иш ҳақлари эса 100 минг сўмдан 250 минг сўмгача (устамаларига боғлиқ).

“500 минг сўмга яшаб бўладими, бу давлатнинг муаммосига айланиши керак” деб турилган жойда расман 100-150 минг сўм ойликка яшайдиганлар борлиги фожиадан бошқа нима?

“Ноль йигирма бешлар” асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида. Бунинг келиб чиқишига бир қанча сабаблар бор. Аввало иш ҳажми катта, лекин штат кам. Иш берувчи ноилож кўпроқ одамни ишга олгиси келади, ходимлар 0,25 бўлса ҳам эртадан кечгача ишлашади баъзан.

Шунингдек, ҳар йили меҳнат бошқармалари квоталанган иш ўринларини яратиш мажбуриятини қўйишади (жуда ҳам оқсоқ тизим шу). Бюджет ташкилоти янги иш ўрнини қаердан ҳам очарди, деган саволни бериб кўришмайди. Кейин иш берувчи ноилож ставкани бўлишга мажбур бўлади. Вакансилар базасида битта ташкилотнинг ўзида 7-8 та 0,25 ставка учун бўш иш ўрни эълон қилинганини кўриш мумкин. Хўш, шу 8 та 0,25 нинг ўрнига 2 та бутун ставка ишга олишга нима ҳалақит беради?

“Ноль йигирма бешлар”нинг нафақат бугуни (иш ҳақи), балки эртаси ҳам (пенсия) муаммо. Улар пенсияга чиқаётганда ҳар 4 йилда атиги 1 йиллик иш стажига эга бўлади. Тасаввур қилинг, эркакларга минимум 25 йиллик иш стажи талаб қилинадиган замонда “ноль йигирма бешлар” пенсияга чиқиши учун 100 йил ишлаши керак!

ТАКЛИФИМ:1. Ставкаларни сунъий бўлишнинг қонун доирасида олдини олиш керак. Масалан, 0,25 ставкага ишга олиш учун бошқа жойда ишлаётгани ҳақида маълумотнома сўраш керак. Лекин бунинг учун аввало муносиб иш ўринлари кўпайиши керак, йўқса ставкалар яхлитланса, ишсизлар сони баттар кўпаяди.2. 0,25 ставкада ишлаётганларни ҳам ишсизлар статистикасига қўшиш керак. Яъни бу меҳнат бозорини реал талаблар асосида шакллантиришга ва имкони бўлиши билан “0,25”ларни тўлиқ ставкага ишга ўтказишга ёрдам беради.

ҲОВЛИНИ КИМ СУПУРАДИ? ЎЗИМИЗ СУПУРАМИЗ!

Мана, бугунги кунда ўқитувчи ва шифокорларни, ўзи умуман барчани мажбурий меҳнатга жалб этмаслик сиёсати кун тартибида бўлиб турибди. Аммо айрим раҳбарлар мажбурий меҳнатни фақат пахта териш деб тушунади. Пахтага олиб чиқмасам бўлди, ҳаммаси жойида деб ўйлайди. Яъни корхона ҳовлисини супириш, ёввойи ўтларни юлиш, ерни юмшатиш, боғбонлик, фаррошлик каби ишларни эса оддий ҳол деб қабул қилишади. “Оқ ҳалатли ҳамшира шифохона ҳудудидан чиқмаса бўлди, ичкарида ҳаммаси мумкин” деган ақида кўп учрайди.

Кимдир эътироз билдирса, “ўз уйимизни сизу биз тозаламасак, ким тозалайди” деб узундан-узун маъруза ҳам қилишади. Лекин “биз ҳовлини супурсак, беморларга ким қарайди, фаррошларми?” деб савол бериб кўрингчи, жавобига иш ҳақидан қирқиш ҳақида таҳдид эшитасиз.

Бир нарсани унутмаслик керакки, ватан остонадан бошлангани каби, мажбурий меҳнат ҳам ташкилот ҳовлисини суришдан бошланади.

Аммо мен танганинг иккинчи томони ҳақида гапирмоқчиман. Иш берувчиларнинг зорланишига ҳам асос бор, айрим шифохона ёки таълим муассасаси ҳудуди 3-4 гектар, лекин бюджетдан фаррош, боғбон лавозимларига саноқли штат ажратилади. Ҳудуд салмоғи ва штатлар сонида катта номутаносиблик бор. Шу сабабли улар мажбур бўлишадики, ўз қўл остидагиларини ялиниб, ёлвориб, дўқ уриб, қўрқитиб ишлатишга.

Биз иш берувчилардан мажбурий меҳнатга йўл қўймасликни талаб қилишдан олдин шароитни ҳам тўғрилашимиз керак.

ТАКЛИФИМ:Агар штатларни кўпайтиришни ҳозирча давлат бюджети кўтармайди, дейишадиган бўлса, унда ҳақ тўланадиган жамоат ишлари учун йилига ажратилаётган 714 миллиард сўм маблағни шу мақсадга йўналтириш керак. Яъни ҳудуди катта, лекин техник штати кам бўлган ташкилотларни ободонлаштириш ишларига айнан ишсиз қатламни йўналтириб, уларга жамғарма ҳисобидан иш ҳақи берса бўлади. Шундоқ ҳам бу пуллар ишлатилмаётгани айтилган эди.

ҲАШАР – ЭЛДАН ОЛИШАР

Бизда ажойиб ибора бор – “ихтиёрий-мажбурий” деган. Яъни зоҳиран ихтиёрий кўринсада, лекин ботинида мажбурий ижро этиладиган буйруқлар кўп. Шулардан бири – ҳашар!

Гарчи жорий йилнинг 17 апрел куни Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигидаги видеоселекторда энди бундан буён ўзбошимча ҳашарлар бўлмаслиги, ҳокимият топшириғига биноан ходимларнинг иш ҳақидан қонунга хилоф равишда маблағ ушлаб қолиш ҳолати аниқланса, жазо қаттиқ бўлиши баралла айтилган эди.

Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, бу каби ҳолатлар ҳалиям учраб турибди.

Аниқ факт ҳақида гаплашадиган бўлсак, Андижон вилоят ҳокимининг 2018 йил 6 майдаги 66-ф-сонли фармойиши асосида 11-12 май кунлари умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилинган ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир ходимнинг 1 кунлик иш ҳақи ихтиёрий ўтказилиши белгиланган.

Вилоят ҳокимининг фармойиши

Сиз нима деб ўйлайсиз, бундай вазиятда ихтиёрийликка амал қилинармиди? Албатта, йўқ! Ҳаммадан бир хил пул ушлаб қолинган ва ҳокимият ҳисобига ўтказилган. Айримлари номига касаба уюшмаси йиғилиши баённомаси ҳам қилиб қўйишган, худдики ихтиёрийлик белгиси сифатида, лекин бу асос бўла олмайди. Меҳнат кодекси 164-моддасининг қўпол равишда бузилиши ва Президент сиёсатига қарши қадам дегани бу.

Ҳашар учун Андижондаги мактаб ўқитувчисининг ойлигидан мажбурий 20 минг сўм ушлаб қолинган

Ходимлар орасида эса бошқача мазмунда гап юрибди: “Обод қишлоқ”ни бизни пулимизга обод қилишлари шартми, деб савол беришмоқда.

ТАКЛИФИМ:Вазирлар Маҳкамаси даражасидан пастки қатламда ўзбошимчалик билан ҳашар эълон қилган ва пул ушлаб қолган раҳбарларга нисбатан жазо чорасини расман Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш керак. Гарчи 2018 йил 10 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорига биноан, ихтиёрий-мажбурий ҳашар тақиқланган ва бунда мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий жазолар қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлсада, лекин аниқ жазо чоралари санаб ўтилмаган.

ИШЛИ ҲОМИЛАДОРЛАРНИНГ ТАШВИШИ

Яқинда Молия вазирлиги бир хабарни эълон қилди. Яъни 4 апрелдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашда ўзгаришлар бўлгани ҳақида.

Айнан шу масалада мени бир нарса жуда хафа қилади.

Бир ярим йилдан буён юртимиздаги ҳомиладор ва она бўлган аёлларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани ҳеч кимни ўйлантирмайди, ташвишга солмайди.

Тушунтиришга ҳаракат қиламан.

2016 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори қабул қилинди ва унинг 23-бандида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасига оид қуйидагича қоида белгиланди:

ишга қабул қилинган кундан бошлаб 6 ойгача - ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

6 ойдан 12 ойгача - иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида;

12 ойдан кўпроқ вақт - иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа тўланади.

Ушбу қарор Шавкат Мирзиёев кўп бора кемирувчиларга таққослаган молия тизими масъуллари томонидан ҳомиладор аёлларнинг ҳисобига бюджетни иқтисод қилиш учун ишлаб чиқилган эди. Ва ўз навбатида бу халқаро конвенцияларга зид қарор эди.

ХМТнинг “Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 183-конвенцияси 6-бандига биноан, ҳомиладор аёлларга бериладиган нафақа миқдори иш ҳақининг 3 дан 2 қисмидан кам бўлмаслиги керак. Бу 66% дан юқори дегани. Бироқ Ўзбекистонда салкам 1 ярим йил давомида халқаро нормаларга зид равишда 50% тўлаб келинди. Фақат апрель ойига келибгина молия вазирлигининг янги таркиби бу шармандаликка чек қўйди.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас!

Меҳнат кодексининг 286-моддасига биноан, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади. Гарчи орадан шунча пайт ўтган бўлсада, лекин Меҳнат кодексига тегишли ўзгариш киритилгани йўқ, ҳалиям ТЎЛИҚ ИШ ҲАҚИ бўлиб турибди.

Президент қарори эса қонундан устун бўла олмайди. Шу сабабли аслида Меҳнат кодексининг 286-моддасига тегишли ўзгариш киритилмагунгача ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳаммага 100% тўланиши керак эди.

Бироқ шу чоққача бутун мамлакат бўйлаб “пақиллатиб” 50-75% тўлаб келинмоқда. Мабодо айрим қонуни яхши тушунадиган бухгалтерлар “ҳали Меҳнат кодексига ўзгариш кирмадику” дея 100% тўлаган бўлса, КРУ деган қўрқинчли молиявий ташкилот текширувлар ўтказиб, ўша бухгалтерларга “ортиқча тўланган” пулларни қайтартиришиб, интизомий жазоларга тортишмоқда.

Ана шундай жабрдийда бухгалтерлардан бири билан суҳбат

Бундан ташқари 2016 йил 27 декабрдаги Президент қарорида Меҳнат вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин, дея белгиланган бўлсада, бундай тартиб бир ярим йилдан буён тасдиқлангани йўқ.

Ҳомиладорларнинг дарди фақат бу эмас. Улар фарзанди туғилгач, бола парваришлаш таътили ҳақида ҳам кўп қайғуришади.

Меҳнат кодексининг 234-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши кўзда тутилган.

Бунда ҳар ой энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида нафақа тўланади.

Аммо 2013 йили яна ўша Молия вазирлигининг ташаббуси билан бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёллар бундай нафақа олмаслиги белгилаб қўйилди. Улар нари борса маҳалладан кам таъминланганини исботловчи миллионта ҳужжат тақдим этгандан кейингина олиши мумкин, лекин бу амалда деярли имконсиз.

Бюджет ва бюджет бўлмаган ташкилотларда ишлайдиган аёллар ана шундай 2 фронтга бўлинган ва шахсан менинг фикримча бу ҳолат меҳнат соҳасида камситиш (дискриминация) ҳисобланади.

ТАКЛИФИМ:1. Барча ислоҳотлар қонун доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида ҳомиладорларнинг ҳалол ҳаққи бўлган, лекин молия органларининг қонунни нотўғри татбиқ этиши натижасида ушлаб қолинган суммаларни қайтариш лозим. Масалан, улар судга берса ҳам, ютиб чиқишади, аммо бизнинг ёш оналаримиз судлашиб юришни ўзларига эп кўришмайди. Аммо давлат томонидан ижтимоий адолатни таъминлаш жуда муҳим.2. Конституциявий суд 2013 йилда киритилган ўзгаришларни ноқонуний деб топиши ва аёлларнинг меҳнат ҳуқуқини тенглаштириши керак.
Давлатимиз бюджетининг куни ҳомиладор аёллар ва ёш оналарнинг қўлига қараб қолмагандир? Шу билан қашшоқ бўлиб қолмасмиз. Агар жуда бюджетдан пул топилмаса, келажак авлодни дунёга келтирган оналар учун Ёшлар иттифоқининг ҳисобидан қопланса ҳам бўлаверади, мантиқан ҳам тўғрироқ бўларди. Барибир 200 миллиарднинг ҳаммасини ишлатишмаётгандир.

ОНАНГНИ ҚОЗИ ХАФА ҚИЛСА...

Меҳнат соҳасидаги яна бир муаммолардан бири бу фуқаролик ишлари бўйича судлар тизимида меҳнат қонунчилиги бўйича мутахассисларнинг етишмаслигидир. Ходимнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ўтказилаётган суд мажислари кўп ҳолларда юзаки бўлади. Чунки айрим судяларнинг ўзи ҳам меҳнат қонунчилигини яхши тушунмайди ва масала моҳиятини англамасдан юзаки қарор қабул қилади. Буни шунда кўриш мумкинки, бир хил вазият бўйича Ўзбекистоннинг турли бурчакларидаги судлар турфа хил қарор чиқаришади.

Масалан, ўтган йили нефт-газ соҳасидаги ўзгаришлар ва оммавий “сокращения”лар пайтида ёки халқ таълими тизимида анчадан буён давом этиб келаётган ўрта махсус маълумотли тарбиячиларга қарши ноҳақ “қирғин”ларда судларнинг қонунларни турлича талқин қилишига шахсан гувоҳ бўлганман.

Метрополитен воқеасини олайлик. “Тошкент метрополитени” ДУК раҳбарияти 2010 йилдан буён ходимларига нотўғри иш ҳақи тўлаб келади. Яъни ўзлари ўзбошимчалик билан Президент томонидан бутун республикада ўрнатилган энг кам ойлик иш ҳақидан паст даражада энг кам иш ҳақи белгилашади. Натижада ходимларнинг ойлиги бошқа ташкилотлардаги худди шу разрядда ишлайдиганларнинг ойлигидан кам бўлиб келмоқда.

Метрополитендаги ноқонуний буйруқлардан бири

Бугунги кундаги ҳолатни айтадиган бўлсам, республика бўйлаб энг кам ойлик иш ҳақи 172 минг 240 сўм этиб белгиланган, лекин Тошкент метрополитенида 136 минг 752 сўм. Шунингдек, ташкилотни ўзида яққол дискриминация ҳам бор, Дирекция ишчилари учун ҳамма қатори 172.240 сўмлик энг кам ойлик иш ҳақи даражаси белгиланган. Худди шундай ҳолат 8 йилдан буён давом этаётганини энди тасаввур қилаверинг.

Ўзингиз айтинг, “Тошкент метрополитени” ДУК раҳбари ким бўлибдики, Президент фармонини ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқарса? Ким унга бундай ҳуқуқни берган?

Худди шу масала бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси 2014 йилда ташкилотни судга берган эди. Мана орадан 4 йил ўтдики, ҳалигача иш судралиб юрибди. 4 йил-а, 4 йил!

Энг қизиғи Олий суд раисининг ўринбосари - фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Х.Ёдгоров ҳамда бир нечта даражадаги прокуратура органлари касаба уюшмалари фойдасига протест келтириб, “Тошкент метрополитени” ДУК раҳбариятининг ишини нотўғри деб айтиб келишаётган бўлсада, лекин қуйи бўғиндаги Тошкент шаҳар ва туман судлари буни тан олмай рад қилиш билан овора. Олий суд ўринбосари бошқа қонунларни, қуйи бўғин судялари бошқа қонунларни ўқишармикин ёки?

ТАКЛИФИМ:Судлар тизимида меҳнат қонунчилигига ихтисослашган судяларни тайёрлаш керак. Ҳар бир бўғинда айнан шу соҳанинг устаси бўлган, айнан меҳнат ҳуқуқи бўйича қайта малака оширишдан ўтган судялар фаолият олиб бориши лозим. Йўқса, юзлаб, минглаб ҳуқуқлари бузилган ходимлар додини кимга айтишни билмай юраверади. Бир ишонгани суд бўлса, уларнинг аҳволи бундай...

* * *

Мен имкон қадар қисқароқ ёзишга ҳаракат қилган бўлсамда, барибир чўзилиб кетди. Аслида бундай муаммолар ҳақида соатлаб, кунлаб эмас, ҳафталаб, ойлаб гапирса бўлади. Лекин машойиқлар айтганидек, гап кўп, (к)ўмир оз.

Илоҳим, ҳеч қачон меҳнат ҳуқуқларингиз бузилмасин. Саломат бўлинг!

4.66 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.66 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.66 / 27
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 99

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 11/06/2018

Hozirgacha o'qiganlarim orasida final uchun haqiqiy munosib bo'lgan blogpost bo'libdi. Bir nafasda o'qidim va maqolada tilga olingan jihatlarni o'z ko'zim bilan ko'rganim, bu borada qonunchilikning amalda oqsoqligi yuragimdagi dardni yana bir karra kattalashtirdi. Omad tilayman.

5 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018

Бироз узуууун макола чикибди, лекин зур езилган. Мавзу яхши танланган.

4.5 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Блогпостда ёритилган кўп фикрларни аввал ўқиганмиз. Лекин талқини оригинал бўлибди.

5 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Ажойиб пост бўлибди. Худди кутганимиздек. Яхши меҳнат учун аъло баҳо.

5 Абдумалик Носиров 11/06/2018

Хуқуқсизлигимиз тўғрисида ўзим хам кўп куйиниб гапираман. Аслида тангани иккинчи томони бўлгани каби раҳбарлар олдида ходимлар хозирда хам "хуқуқсиз" бўлиб қолишмоқда. Дам олиш кунлари иш жойга чақиришларни адоғи йўқдек. Бир гап гапирсанг "Ишласанг ишла. Бўлмасам сендан бошқаси ана ишлеман деб турибди." каби гапларни важ қилади. Аслида иш берувчи шундай дейишга қанчалик хақли?

5 Беҳзод Қобулов 11/06/2018

Изоҳга ҳожат йўқ...

5 Уйғун Ғафуров 11/06/2018

Имкон бўлса 6 қўярдим

4.5 Қаҳрамон Асланов 11/06/2018

Жуда равон тилда, эринмасдан ёзилган. Мавзу турли қисмларга бўлинса-да, чалғиб (кўп блогпостларда шу касалликни кўрдим) кетилмаган.

5 Расул Кушербаев 11/06/2018
5 Саид-Абдулазиз Юсупов 11/06/2018

Катта меҳнат маҳсулини ўқидим. Муаллифга раҳмат. Баҳо ҳам шунга яраша бўлиши керак. Хушнудбек сингари блогерлар кўпайсин деб қоламиз. Умид қиламанки, Блогерлар чемпионати кўплар ёш ижодкорларнинг қалбида ана шу ҳавасни ёқа олди.

4.5 Мубашшир Аҳмад 12/06/2018

Мақола беш олиш учун ҳар томонлама лойиқ. Аммо ўта чўзилиб кетгани учун ярим бал кам қўйдим.

5 Нодир Закиров 12/06/2018

Финалда кўрган мақолаларим ичида энг чуқур таҳлил қилинганларидан. Жуда ўринли мулохазалар.

4.5 Ботиржон Шерматов 12/06/2018

Ёзиш услуби яхши, лекин бир канча имловий хатолар мавжуд, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Маколада расмлардан фойдаланилган. Аслида бу сохада айтилмаган муаммолар хам куп. Маколадаги муаммоларни хам бир нечта блогпостда туликрок ёритиш мумкин. Бахолаш осон булмади.

5 Мансур Тангишов 12/06/2018

Ҳаммаси ўз ўрнида. Гарчи лонгридга айланиб кетган бўлса ҳам, долзарб муаммо ва муҳими қисман ечимлар берилган. Мисоллар ва фактлар билан бойитилган. Шундай блогпостлар кўпайса зора жамиятимиздаги кўплаб муаммоларга ҳукумат ва фуқаролар томонидан эътибор қаратилар. Блогпостдаги айрим камчиликлар мавжуд бўлса ҳам, қилинган меҳнат ва муносабат учун юқори балга лойиқ деб топдим.

5 Нигора Умарова 12/06/2018

Далиллар асосида ҳам ҳаётий, ҳам қонуний, ҳам ижтимоий ранг-баранг ёритилган мақола.

5 Мақсуд Саломов 12/06/2018

Dastlab qoldirgan izohim boshqacharoq edi, izohimni o'zgartirdim: Adliya xodimlari tomonidan bildirilayotgan e'tirozlar o'rinli. Xushnudbek Xudayberidyev postda Adliya vazirligi harakatlariga biroz noto'g'ri baho bergan. Biroq muallifning o'z xatosini har xil "gap aylantirishlar" orqali yopishga urinmasdan, ochiqchasiga tan olganligi tahsinga sazovor ("Эътирознинг асосий мазмунини тушуниб етдим. Бу ерда энг эътиборли жиҳати 98-модда мазкур ҳолатга тўғри келмаслигида дея таъкидланаётган экан. Фикрингизда тўлиқ жон бор. Хатойимни англадим"). Oddiy fuqarodan toritib, mansabdor va rahbarlar ham xatolarini ochiqchaisga tan olib, ularni to'g'rilasa, jamiyatda yaxshiga ijobiy o'zgarishlar boshlanadi. Muallif tomonidan yo'l qo'yilgan kamchilik izohni o'zgartirishimga sabab bo'lgan bo'lsada, muallifning harakati bahoni o'zgartirmaslik uchun asosli deb hisoblayman.

5 Умид Гафуров 12/06/2018

Бу мавзу кўпроқ кўтарилиши керак. Ёзилганлар асосида видео тайёрланиб интернетда, телевидениеда эфирга узатилиши зарур. Блогпостга келадиган бўлсак узун бўлган, тўғри. Лекин бу мавзуда бундан ҳам узун матнлар ёзса бўлади.

5 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Dolzarb. Muammo bor. Taklif bor. Adliyani ozgina tergab turadigan bloger, yurist va mutaxassisning borligi quvonarli hol.

5 Шерзод Шерматов 13/06/2018
5 Музаффар Назаров 13/06/2018
5 Иноят Садикова 13/06/2018

Rahmat! Siz ham salomat bo'ling, millatimizning huquqiy ongini rivojlantirish yo'lida charchamang.

4.5 Адҳам Отажонов 13/06/2018
5 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
74 та фикр