Коррупцияни урчитаётган имтиёзлар

Бир пайтлар, мактабнинг 11-синфида ўқир эканман, фан олимпиадасида она тили ва адабиёт фанидан туман босқичида 1-ўринни олиб, вилоят босқичида қатнашган эдим. Ўшанда мени олимпиадага олиб борган она тили ва адабиётдан дарс берадиган устозим билан уйга қайтар эканмиз, у менга: «Отангнинг шу пайтда уйдан узоқда бўлгани яхши бўлмади-да», — деди. «Нега бундай деяпсиз, устоз?», — десам, «Агар отанг уйда бўлганида одамини топиб гаплашиб сенга вилоятда 1-ўринни олиб берсак бўлар эди», — деди. Шунда мен: «Устоз, наҳотки 1-ўринни билим билан олиб бўлмаса?», — деб ҳайратланиб сўрадим. «Йўқ, билиминг минг зўр бўлмасин вилоят босқичида 1-ўринни пулсиз олиб бўлмайди. Бунинг сабаби, вилоятда биринчи ўринни олганлар республика босқичига боради. Уёқда ҳам одамини топиб «харажат»ни қилиб биринчи ўринни ололса ўша ўқувчи ўзи хоҳлаган ОТМга имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади», — деб ўқитувчим менга очиғини айтди-қўйди.

Умумтаълим мактабларининг 9-10-синф ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг 2-босқичи. 2018 йил 23 март. Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати сурати.

Ўшанда мен ўзимнинг билимим билан вилоят босқичида 3-ўринни олдим. Биринчи ўринни эса ўқитувчимнинг айтишича, «мен бор эканман, қизим республика босқичида ҳам ғолиб бўлади» деб гапнинг ҳам каттасини гапирган, «харажат»нинг ҳам каттасини қилган одамнинг қизи олган.

Коррупцияга шароит очиб бераётган, уни урчитаётган имтиёзга ўшанда илк марта дуч келган эдим.

Орадан бироз вақт ўтди ва олдимизда армия хизматини ўташ масаласи кўндаланг бўлди. Ўшанда бизда армияни қисқартириш ишлари кетаётган эди. Шу туфайли танамдаги битта кичкина ярани деб мен армияга боришдан озод қилиндим ва муқобил хизматни ўтаб, икки йил давомида қандайдир суммаларда ойма-ой давлатга пул тўладим. Ўша пайтда армияга кетиш ҳам осон эди, муқобил хизмат ўташ учун армиядан қолиш ҳам осон эди. «Мен хизмат қилмоқчиман» десангиз бўлди, армияга кетаверар эдингиз. Ёки арзимаган битта кичкина яра ёки чандиқ, бошдаги қазғоқни деб муқобил хизматга қолдирилаверар эдингиз.

Орадан бироз ўтди ва «армияга борганларга ОТМларга кириш имтиҳонларида фалон баллдан қўшиб берилсин» деган қарор чиқди. Шундан кейин бирданига ҳамма ўзини ҳарбий хизматга урди. Энди ота-оналар ўғилларининг ҳарбий хизматга бориб қандайдир имтиёзларга эга бўлиб келишлари учун ҳар қандай харажатдан қочмайдиган бўлдилар ва ўртада пул ўйнай бошлади.

Минг афсуски, ана шу имтиёз туфайли билимли болалар аро йўлда қолиб кетиб, саводи ҳаминқадар бўлган йигитлар ҳарбий хизматга бориб, бунинг ортидан ўқишга имтиёзли қабул қилиниб кетавердилар.

Ҳарбий хизматга кузатув жараёни.
ЎзА сурати. 2015 йил 23 декабрь

Яна йиллар ўтди ва бу орада қизлар ўртасида Зулфия мукофоти таъсис этилди. Бу мукофотни қўлга киритадиган қизларга моддий рағбатлантириш билан бирга ўзлари хоҳлаган ОТМга имтиҳонсиз кириш имконияти бериладиган бўлди. Ана шундан кейин бу мукофотни қўлга киритиш кўпкари ўйинидай бўлиб кетди. Ҳаттоки Хотин-қизлар қўмитасида ишлаган машҳур бир шоира у кўплаб бўлғуси Зулфиячилар номидан шеърлар ёзиб, китоблар чиқаргани, сўнгра унинг қилмишлари фош бўлиб устидан жиноят иши очилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. Аммо қайсидир йўллар билан бу очилаётган излар ёпилиб, иш босди-босди бўлиб кетди.

Йўқ, мен бу билан «ҳамма Зулфиячи қизлар ўз мукофотларини «харажат»ини бериб олганлар» дейишдан йироқман. Аммо шундай йўл билан ушбу мукофотни олган қизлар ҳам бисёр. Чунки тўғридан-тўғри ўқишга бориб кира олмай юргандан кўра пулни Зулфия мукофотини олишга сарфлаб, шу йўл билан ОТМларга имтиёзли тарзда имтиҳонсиз кириб кетиш осон ва қулай йўл эди.

2018 йилда 28 нафар қиз Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Фото: Qalampir.uz

Эсингизда бўлса, ўтган йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига автосалонлардан имтиёзли равишда арзон нархда автомашина сотиб олиш имконияти тақдим этилди. Шу имтиёз эълон қилиниши ортидан жойларда автосалонларда навбатга туришдан кўра уруш қатнашчиси бўлган отахонлар ёрдамида машина олишни хоҳловчилар пайдо бўлди. Ўртада «менга фалон машинани олиб берсангиз сизга фалон пул бераман» деб савдолашишлар бошланди. Кимдир гаплашиб қўйган отахонни иккинчи бир одам келиб каттароқ сумма ваъда қилиб айнитган ҳолатлар ҳам бўлди.

Шундай воқеалардан бири қишлоғимизда юз берди. Уруш қатнашчиси бўлган отахоннинг олдига бир ҳамқишлоғимиз «менга «Каптива» олиб берсангиз сизга 20 миллион сўм бераман» деб борибди. Отахонга машина керак эмас. Ўғилларида эса энг арзон машинани имтиёзли нархда сотиб олишга ҳам пул йўқ. Бундай пайтда Президент берган имтиёздан фойдаланиб қолишмаса аниқ аҳмоқ бўлишади. Отахон кўнибди. Ҳалиги ҳамқишлоғимиз уч кундан кейин келишини ва автосалонга бирга боришларини айтиб кетибди.

Эртаси куни эса отахоннинг олдига иккинчи бир ҳамқишлоғимиз келиб, «агар ўша «Каптива»ни менга олиб берсангиз сизга 30 миллион бераман. Шартим автосалонга ҳозироқ борамиз» дебди. «Отахоннинг олдидан чиқиб кетсам яна кимдир келиб суммани ошириб уни айнитади» деб ўйлаган бўлса керак-да.

Автосалондан имтиёзли равишда автомашина сотиб олган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. ЎзА сурати.

Отахон ва харидор ўша куни бориб «Каптива»га пул тўлайдилар. Эртаси куни қишлоқда бу гап тарқагач отахоннинг олдига биринчи келган «мижоз» югуриб келади. Аммо ғишт қолипдан кўчган, машина бошқага кетиб бўлган эди. Шундан кейин у бориб машинани олган маҳалладоши билан «сен мен келишиб қўйган машинани номардлик билан олдинг» деб жанжални бошлайди. Халқ иккаласини зўрға ажратиб қўяди.

Албатта, имтиёзга эга бўлган ҳамма отахонлар ҳам пул учун бошқаларга машина олиб берганлари йўқ. Машинани ўғилларига олиб берганлари ҳам бор. Аммо бегоналарга пул учун машина олиб берган отахонлар ҳам, минг афсуски, бор.

Қаранг, оқибати ўйланмасдан берилган бир имтиёз жамиятимизда қанчалаб ноқонуний ишлар келиб чиқишига ва гап-сўзлар тарқашига сабаб бўлди.

Мен уруш қатнашчиси бўлган инсонларнинг рағбатлантирилишига қарши эмасман. Аммо уларни рағбатлантириш бундай имтиёз билан эмас, балки бошқачароқ йўл билан, масалан, уларга йирикроқ пул мукофоти ёки қандайдир бошқа совғалар ёки улар яшайдиган хонадонга коммунал тўловлар ва солиқлардан чегирмалар бериш орқали қилинганда юқоридагидай ишлар келиб чиқмас эди.

Яқинда Президент Наманган вилоятига борганида у ерда Исҳоқхон Ибрат номли лицей-интернат очиш ва ана лицейни битирган ўқувчиларни ОТМларга имтиёзли равишда, имтиҳонсиз қабул қилиш ва уларга бюджет ҳисобидан ўқиш имкониятини бериш ҳақида қарор эълон қилди. Шу ерда савол туғилади: лицей ўқувчиларига берилган имкониятларни эшитиб кўплаб ота-оналар ўз фарзандларини ушбу лицей-интернатга жойлашни хоҳлаб қолишлари мумкин ва бунинг ортидан лицейга ўқувчиларни қабул қилишда коррупция урчиб кетмасмикин?

Имтиёзлар бизга керакми?

Имтиёзлар албатта керак. Аммо юқоридаги ҳолатлардай коррупцияни ва ноқонуний ишларни урчитаётган имтиёзлар эмас, балки ҳақиқий маънода ўша имтиёзлар жамиятга, одамларга ёрдами тегадиган ҳолатда, одамларнинг оғирини енгил қиладиган ҳолатда берилиши керак.

Масалан, агар эсингизда бўлса анча йиллар олдин ўқитувчиларга газ, электр, солиқ ва бошқа коммунал тўловларнинг 50 фоизини тўлаш имтиёзи берилган эди. Аммо негадир менга қоронғи бўлган сабабларга кўра ўша имтиёз олиб ташланган экан. Хўш, энди ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини инобатга олиб ўша имтиёзни қайта жорий қилишдан бизни нима қайтариб турибди?

Яқинда Президент Андижон вилоятига қилган сафари давомида: «Ўзимга қолса ўқитувчиларнинг маошини ўн баравар оширар эдим. Аммо иқтисодий ҳолатимиз бунга йўл қўймаяпти», — деди. Ўқитувчининг маошнини ўн баравар оширишни ҳозирги иқтисодий ҳолатимиз кўтармас экан, хўш, унда уларнинг маошини бир баравар, ана боринг 50 фоиз оширишдан бизни нима қайтараяпти?

«Имтиёз» сўзини «Google»га ёзиб маълумот қидирсангиз асосан «ҳарбийларга имтиёз», «ички ишлар ходимларига имтиёз», «ДХХ ходимларига имтиёз» деган маълумотлар бирин-кетин чиқиб келаверади. Лекин турли имтиёзлар энг аввало уларга эмас, балки жамиятимиздаги кам таъминланган инсонларга, болаликдан ногирон бўлиб ёки етарли иш стажига эга бўлмагани учун арзимаган пенсия олиб юрган инсонларга берилиши керак деб ўйлайман. Адашмасам I ва II гуруҳ ногиронларига қандайдир имтиёзлар бор. Аммо ўша имтиёзлар арзимаган имтиёзлардир. Уларга ёрдам беришни хоҳласак уларга берилаётган имтиёзлар кўламини ошириш керак.

«Google» қидирув тизимида имтиёз сўзи қидирилгандаги ҳолат акс этган скриншот.

Шунингдек турли оғир ишларда ишлайдиган аёлларга имтиёзлар беришни йўлга қўйиш лозим. Чунки фарзанд тарбияси, рўзғор юмушларидан ортиб яна қандайдир қийин соҳаларда ишлаётган аёллар имтиёзлар орқали ёрдам олишга албатта лойиқдирлар.

Умуман олганда, биздаги турли имтиёзлар ҳақида ёзаман десангиз гап кўп. Шунинг учун сўзимни шу ерда якунлайман. Фақат шуни таъкидламоқчиманки, ҳозирги кунда коррупцияга сабаб бўлаётган имтиёзлар зудлик билан бекор қилиниши, уларнинг ўрнига эса ёрдамга муҳтож одамларга турли имтиёзларни коррупцияга олиб бормайдиган йўллар билан жорий қилиш керак. Акс ҳолда биз адолат қилмаган бўламиз.

4.48 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.48 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.63 / 23
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 29

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Azizbek Yusupov 07/06/2018
5 Aziza Sobirova 07/06/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 07/06/2018
4.5 Javohir Izzatullaev 07/06/2018
5 Baxtiyor Ahmad 07/06/2018
5 Gayratjon Turdiev 07/06/2018
4 Акрамжон Бозоров 08/06/2018
5 Anvar Ortiqov 08/06/2018
5 G'ayrat Norqobil 08/06/2018
5 Muzaffar Umar 08/06/2018
5 Feruza Sattarova 08/06/2018
4 Farhod Abdurahmon 08/06/2018
4.5 Shukurjon Islomov 08/06/2018
5 Воҳид Собирович Ҳамидов 08/06/2018
5 Охунжонов Махамадумар Носиржонович 09/06/2018
5 Shuxrat Boboyev 09/06/2018
5 Ulug'bek Oripov 09/06/2018
4.5 Diyor Imamkhodjaev 09/06/2018
5 Mamur Akhlidinov 09/06/2018
5 Elyorxon Rahimberdi 09/06/2018
4.5 Ботир Ғофуров 09/06/2018
4.5 Шаҳноза Тўрахўжаева 12/06/2018
5 Bahodir Daminov 12/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
29 та фикр