Келгуси авлод қандай бўлади?

Abror Zohidov
Ярим финал

Башарият ҳамиша келгуси авлоднинг ғамини еб ўтган. Халқнинг, кўпчиликнинг, ёки яқинларининг келажаги тўғрисида фикрламаган одам ҳам ҳеч бўлмаганда фарзандлари ҳақида ўйлайди. Бу инсонни инсон қилиб турган хислатлардан бири.

Фарзандларимиз келажаги ҳақида ўйлаганда кўпинча қўрқиб ҳам кетамиз. Оммавий маданият, ёмонлашаётган экология, маънавиятсизлик, жиноятлар, урушлар...

Шу билан бирга инсон оғирини енгил қилувчи мураккаб технологиялар, ривожланаётган тиббиёт, дипломатик муносабатлар бу муаммолар ечимини албатта топишига умид қиламиз.

Бу ҳаётда фарзандларимиз бизнинг бугунги кунимиздан баҳра олиб улғайишмоқда. Хўш, биз уларга қандай хислат ёки иллатларни мерос қилиб қолдирамиз?

Ютуқларимиз ўзимизники, келинг, камчиликлар тўғрисида гаплашайлик. Аниқроғи бугунги кунда қаттиқ илдиз отган ва келгуси авлод оддий ҳол сифатида қабул қилиши мумкин бўлган битта иллатни таҳлил қилиб кўрайлик.

Аксариятимиз (айримларимиз эмас, айнан аксариятимиз) бугун илм-фанда, спортда, бунёдкорликда бирор каромат кўрсатмаганимиз ҳолда танқидни, шикоятни, боқимандаликни боплаяпмиз. Ғийбатга, бўлар-бўлмас норозиликка, нолувчанликка мойил кўнглимиз кимдандир ниманидир кутиб ўтиб кетмоқда. Имкон бўлса оёғимиз остида ётган чўп ҳақида соатлаб ваъз ўқишимиз, шуни олиб ташловчи ташкилотларнинг гўрига ғишт қалашимиз, бунинг учун ҳозиргию ўтган ҳукуматларгача айблаб ташлашимиз ҳеч гап эмас. Аммо шу чўпни олиш учун бир энгашиш бизга малол келиб қолган.

Эртаю-кеч давлатдан ниманидир кутишни, имтиёзлар айнан бизга берилишини, биз тўламайдиган солиқлардан шаклланган бюджет биринчи навбатда бизнинг манфаатларимизга хизмат қилишини истаймиз.

Хўш, биз мана кайфиятда яшашимизнинг келажакдаги инъикоси нима бўлади? Ўзи ҳаракат қилмай ялпайиб ётиб нолийверадиган отанинг, арзимаган ташвишни енгиш ўрнига маҳаллаю ҳокимиятга дод солиб боришни одат қилаётган онанинг боласи қандай инсон бўлиб улғаяди?

Яхши ўқимаганига қарши ўзимизча курашамиз, соғлиги ҳақида қайғурамиз, моддий жиҳатдан бекаму кўст яшаши учун ҳаракат қиламиз. Аммо бугунги боқимандалик ва зўраки эҳтиёжмандлик руҳияти фарзандларимиздаги шижоат, ўзига ишонч деган ҳисларнинг туғилмай кўмилишига сабаб бўлмайдими?

Японнинг боласи отаси яратаётган роботларни кўриб ўзи ҳам ясашга уринаётганда, инглизнинг фарзанди иқтисодий жараёнларни кузатиб таҳлил қилаётганда, французнинг ўғли отаси мўйқаламга олаётган тасвирларни кўриб ўзи ҳам дунё санъатида етакчилик руҳида улғаяётганда бизнинг болаларимиз нимамиздан ўрнак олишини бир ўйлаб кўриш вақти етмадими?

Билмадим, негадир 20 йил кейинги кунларни тасаввур қилишга ҳайиқаман...

3.76 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.76 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.31 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Jasur 31/05/2018
4 Abdulhaq Xushvaqtov 31/05/2018
3 Шахноз Шахноз 01/06/2018
4 Shokir 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр