Илм экспортини бошлаш вақти келди

Ўзбекистон чет эллик талабаларни жалб қилиш орқали илм экспортидан катта даромад кўриш имконияти ва салоҳиятига эга давлат. Буни тан олиш, бор имкониятлардан самарали фойдаланиши керак холос.

Мени бир масала жуда кўп ўйлантиради: нима учун Ўзбекистон жуда катта салоҳиятга, кадрлар базасига эга бўла туриб мамлакатга чет эллик талабаларни кенг жалб қила олмайди? Ахир юз йиллик тарихга эга университетларимиз, фойдаланилмаётган илмий салоҳиятимиз, ўз қадрини тополмаётган олимларимиз бор. Агар имкониятларимизни тўғри баҳолаб, улардан самарали фойдаланишни бошласак, мамлакатимизга қўшимча миллиардлаб доллар маблағ кириб келиши мумкин.

Шу ҳақдаги фикрларимни қораламоқчи бўлиб юрган вақтим ҳозирда Хитойда илмий лабораторияда фаолият олиб бораётган курсдошимдан маслаҳат сўрадим. У бўлса менга Ўзбекистон университетлари аввал ўзимизнинг талабаларга тузукроқ билим беришни бошлаши кераклигини, домлаларнинг порахўрлиги, чет эллик талабаларга дарс ўтиш учун инглиз тилини билмаслигини айтиб, яхшиси бошқа мавзу танлашимни маслаҳат берди.

Унинг ҳам гапида жон бор аслида. Олий таълим даргоҳларида талабалар ўқиса-ўқимаса пора бериши, билим олишга интилиш ва иштиёқ унчалик ҳам кучли эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин университетларимизда билимли, бир неча хорижий тилларни биладиган, ҳалол ва виждонли педагоглар, олимлар борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Ўзим таълим олган олийгоҳ мисолида айтсам, Ўзбекистон Миллий университети кимё факультети декани Мухторов Одил Пазилович бир неча йиллар муқаддам хорижда PhD ёқлаган, инглиз тилини яхши билади. Кимё фанлари доктори Муҳамадиев Мухтор Ганиевич, кимё фанлари номзоди Тоҳир Раҳимов Ҳакимович эса полимерлар кимёси соҳасида наноматериаллар бўйича илмий иш қилиб, хорижий олимлар эътирофига сазовор бўлган. Кимёнинг энг қийин соҳаларидан бири - математик моделлаш бўйича сабоқ берувчи устозимиз Алишер Эшимбетов Н.Д. Зелинский номидаги органик кимё институти (Москва) ва Ҳиндистоннинг IТEC дастури бўйича аналитик ускуналар соҳасида Ҳиндистонда малака ошириб қайтган. Ҳар бир олий таълим муассасаси, илмий тадқиқот институтларида ана шундай жаҳон даражасидаги кадрлар фаолият олиб бораётгани исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатлардан. Уларнинг аксариятини дунёнинг етакчи илм даргоҳлари ҳозироқ ўз сафига қўшиб олишга тайёр эканига ҳам шубҳа йўқ.

Унинг устига, бугун Ўзбекистонда бир қатор хорижий олийгоҳлар филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда таълим халқаро стандартлар асосида олиб борилади. Буларнинг барчасини ҳисобга олиб, ҳукумат Ўзбекистонга хорижий талабаларни кенг жалб қилиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ.

Маълумот учун: 2016-2017 йилларда АҚШдаги 4500 дан ортиқ олий таълим муассасаларида 20 млн нафардан зиёд талаба таҳсил олган бўлса, уларнинг қарийб 1,8 млн нафари чет элликлардир. 2016 йилда чет эллик талабалар АҚШ иқтисодиётига 39 млрд доллар соф фойда келтирди. Бу ҳали уларнинг ўқиш учун тўлаган пуллари. Бундан ташқари яшаш, овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатлар ҳам борки, барчаси охир-оқибат мамлакат иқтисодиётига фойда қўшаверади.

РХДУ (Россия Халқлар Дўстлиги университети) нинг 2017 йилги маълумотига кўра, пулли таҳсил олаётган чет эллик талабалардан тушган даромад 84 млрд рублни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилга бориб 373 млрд рублга етиши режалаштирилган

Ўзбекистон ҳам чет эллик талабаларни қабул қилувчи реципиент-давлатга айланиши учун биринчи навбатда қўшни ва яқин хориж давлатлари – Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон ва Покистонга эътибор қаратиш, ушбу давлатлар талабаларига АКТ, техника, иқтисодиёт, нефть-газ, аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар, тиббиёт каби 36-40 та устувор йўналишларда олий таълим хизматларини тақдим этиши мумкин.

Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан ўқиш, яшаш ва бошқа харажатларнинг нисбатан арзонлиги билан устунликка эга бўлиши мумкин. Энг катта муаммо эса олий таълим муассасаларининг қабул имкониятлари чекланган.

Агар АҚШ аҳолисининг 325 миллион, мамлакатдаги талабалар сонининг эса 20 миллиондан ошиқ эканини инобатга олсак, Ўзбекистонда 32 миллион аҳолига 2 миллион талаба, уларнинг 180-200 минг нафари чет элликлар бўлиши мантиққа тўғри келади.

Университет ва институтлар ўқув бинолари, аудитория, ётоқхона ва бошқа инфратузилмалари қўшимча талабалар контингентига мослаб реконструкция қилинса, мамлакатда хусусий университетлар очилишига рухсат берилса, университетларга таълим йўналишларини мустақил танлаш ҳуқуқи тақдим этилса (масалан, ЎзМУда тиббиёт, ҳуқуқ, иқтисод, АКТ, спорт, мусиқа ва бошқа йўналишлар очиш), бу муаммони ҳал этиш унчалик ҳам қийин кечмайди.

Олий таълимда керакли моддий-техник, ўқув-услубий база яратилиб, малакали кадрлар билан тўлиқ таъминланганидан сўнг илмий салоҳият, яратилган шароитлар ва имкониятлар кенг тарғиб қилиниши ҳам керак. Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, экспорт салоҳияти хорижда қандай тарғиб қилинаётган бўлса, илмий потенциали ҳам шундай PR (пиар) қилиниши керак.

ОТМларимиз ўз сайти устида жиддий ишлашлари керак. Ваҳоланки, чет эллик талабалар айнан интернет маълумотларидан фойдаланиб у ёки бу ўқишни танлашлари мумкин. Шу ўринда ЎзМУ сайтининг хорижий талабалар ва абитуриентлар учун мўлжалланган контентига эътиборингизни қаратмоқчиман. Афсуски, ўқишга топширишда қандай ҳужжатлар лозимлиги ҳақидаги инглиз тилидаги саҳифа бўм-бўш.

Бу саҳифа бир неча хорижий тиллар, айниқса юқорида санаб ўтилган мамлакатлар тиллари – тожик, туркман, пуштун, урду, араб, рус ва инглиз тилларида юритилиши керак. Сайтда мутахассисликлар ва ўқитувчилар ҳақидаги маълумотлар базаси яратилиши лозим.

ОТМлар берган маълумотлар асосида ўқитувчининг чет тилини билиш даражаси, олиб борадиган фани номи каби анъанавий маълумотлардан ташқари, чет тиллардаги илмий ишлари, чет тиллардаги ўқув дастурлари ҳақида маълумотлар базасининг бўлиши муҳим.

Чет эллик талабаларга таълим тилини мустақил танлаш имконияти берилиши керак. Ўзбек тилида таълим олганлик учун қўшимча имтиёз, чегирмалар берилиши мақсадга мувофиқ.

Университетларда маҳаллий кадрлар билан бир қаторда чет эллик ўқитувчи-профессорлар ҳам ишлаши керак. Ўзбекистондаги муҳим илмий изланишларга хорижлик тадқиқотчиларни жалб қилиш, чет эллик талабаларнинг илмий салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш орқали қўшимча даромад олиш мумкин.

Мамлакатга чет эллик талабаларни кенг жалб қилиш орқали йилига энг камида 800 млн-1 млрд доллар атрофида соф фойда олиш мумкин, агарда 10 минглаб талабаларнинг авиация, транспорт, яшаш ва бошқа мақсадлардаги харажатларини ҳам қўшсак, бу рақамлар янада кўпроқ бўлиши мумкин. Демак, таълим ҳам фойдали ва манфаатли экспорт йўналишларидан бири. Бу масалани чуқурроқ ўрганиш, имкониятларни ишга солиш вақти келди.

4.18 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.18 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 15
  • Муштарийлар баҳоси
    4.52 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Husnia Babakulova 10/06/2018
5 Махбуба Бабакулова 10/06/2018
4 Shokir 10/06/2018
4 Xudoyberdi Avazov 10/06/2018
3.5 Rasul Fayzullayev 10/06/2018
2.5 Mirjahon Sattorov 10/06/2018
5 Jahongir Muxtorov 10/06/2018
2 Zafarali Murodov 10/06/2018
4 Rustam Salimov 10/06/2018
5 Murodxoja Muratov 11/06/2018
4.5 Yusuf 11/06/2018
5 Ibragim Karimov 11/06/2018
0.5 Aziza Fatxullaeva 11/06/2018
3.5 Parviz Abduvohidov 12/06/2018
5 Soliha Shahobiddinova 12/06/2018
5 Nurxo‘ja Muhammad 12/06/2018
5 Umida Ehlbekova 12/06/2018
4 Дилдора Матазимова 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
16 та фикр