Ҳокимлар евол-ютсанинг қайси босқичида?

Farrux Jabborov
Ярим финал

Ким // нима қандай ейди? Масалан, товуқлар қўқитиб ейди, маалимлар ўқитиб ейди, пишаклар ҳуркитиб ейди, прокурор қўрқитиб ейди.

Эчкилар тергилаб ейди, мелиса турткилаб ейди, терговчи сургилаб ейди, кадастр белгилаб ейди, геолог бурғулаб ейди, солиқчи юлқилаб ейди.

Ўргимчак осиб ейди, департамент босиб ейди, гаилар тўсиб ейди, жарроҳлар кесиб ейди, МИБчилар узиб ейди.

Тулпорлар туриб ейди, аравачи суриб ейди, бозорчи уриб ейди, мироблар буриб ейди, фаррошлар супуриб ейди, фирибгар тушириб ейди, футболчи ошириб ейди, катталар яшириб ейди.

Қофияни ҳар қанча уйқаштириш, сатрларни қалаштириб айқаштириш мумкин. Лекин моҳият шу-шу. Тушунганингиз. Айтганча, энг асосийси қолиб кетибди:

Мегажин ботиб ейди, бойвучча ётиб ейди, овчилар отиб ейди, ҳокимлар сотиб ейди!!!

Аввалида келган саъжнинг замиридаги зарларни зукко ўқирманнинг инжа фаҳмига ишонаман. Сўнгги жумлани бироз ёймоққа, атроф-жавонибда воқеъ бўлғон ҳодисотлардан тимсол олиб очиқламоққа ўзумда бениҳоя эҳтиёж сезадурман. “Бале, мавлоно!” деб туринглар .

Беш мучални тўлдирган бир одамни дилбузорда кўрсатади, у кишим шитоблаб кетаверади, ёнидагилар халлослаб қолади. Шунча ҳам бераҳм бўладими одам?! Бундоқ ён-ёғингизга қаранг, қанчасининг тили осилиб тиззасига тушган. Йиққанинг бировники, сочганинг ўзингники, деган мақолга тескари амал қиларак, биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи... янгачаларникига яширгани камлик қилгандай, танасига ҳам унча-мунча тўплаволган, қаламравидаги маконлардаю пойтахтнинг ҳашамдор массивларида кўтарган иморатлари етмагандай, менга ўхшаб баданида ҳам балкон солган амакиларга сизнинг ортингиздан югургилаш осон эканми, дейдиган кишим топилмас. Сиз қайтганингиздан кейин бир салқин-сўлим сўрини эгаллаволиб, ҳафта-ўн кун дайрободнинг шамолига танини чиниқтирмаса, ўзига келолмайди-ку. Шундан кейин ҳам ислоҳотлар орқага кетмай, олға боссинми, деб саволга тутиб қолсам-а?!

Муболағага йўғрилган иддаолардан ҳақиқатга беланган мудааога кўчсак, бугун Ўзбекистоннинг тараққиёт машинасига эскича фикрлайдиган (ҳатто шу сўзни ҳам ишлатиш ҳайф) амалдорлар онда-сонда учрайдиган текис кўчаларимизга жўрттага қурилган дўнгалаклардай тўғоноқ бўлмоқда. Пойтахтда қўпган бўрон вилоятларга бир шамол бўлиб, туманларга бир шабада бўлиб етиб борганида ҳам майлийди. Халқимизнинг яланг тўшига гоҳ эпкин тегиб, гоҳ тепки тегиб ётибди.

Ҳукумат қандай қарор чиқарса ҳам, амалдорлар ўз манфаатига йўйишда устаси фаранг бўлиб кетишган ўзиям. Эски бозор бузилиб, янгиси қурилиши керак бўлса, аҳолига замонавий шароитлар яратиш ниқоби остида соққа қилинади. Фермер хўжаликларини оптималлаштириш мақсадида ерлари қўшилса ҳам, ерлари бўлинса ҳам, соққа базм уюштирилади. Халқимизга нимаики имтиёз берилса, бир ҳовуч “палаги тоза”лар ҳузурини кўради. Ҳатто кам таъминланган оилаларга ажратиладиган моддий кўмакларнинг қанчаси манзилидан адашиб, қўшқаватли қасрларга кириб ғойиб бўлади. Шуни ўзимизга эп кўрганимизга қойил аммо-лекин. Сергелида қурилган орзон-орзон уйларнинг анча-мунчасини “иномаркали кам таъминланган”ларга ‘мажбурлаб’ берилгани ҳам тузумимизнинг афзаллигидан, десам янглишмаган бўламан (кейинги сура-сурини эшитган чиқарсиз). Қашқадарёнинг бир-икки туманини картошкачиликка ихтисослаштириш масаласи қўйилгач, фермерларга уруғлик бозор нархидан икки бараварига мажбурлаб ўтказилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилди-ю, босилди. Бир журналист акамиз туман ҳокимидан воқеанинг тагини суриштирса, интернетга қайси фермер ёзибди, менга топиб беринг, кўтанини суғириб оламан, деган жавобни эшитибди. Саллани ол деса, яна қайтиб келиб юрмайлик деб калласи билан бирга оладиган бундақа бекбаччалар биз билан шу замонда, XXI асрда яшаётганига ишонгинг келмайди баъзан. Лекин ҳокими қурғур дангал экан: мени зўрлаяптими, мен ҳам зўрлайман. Палсапани қаранг .

Пойтахтдан олисда бўлган яна бир воқеа: мажбурий меҳнатни бекор қилиш бўйича Бош вазир раҳбарлигидаги селектор тугаши билан туман ҳокими беихтиёр (аслида табиий ва мантиқий) равишда сўкиниб юборибди: “Вой, бл... энди нима қиламиз?! Олдимизда пилла турибди. Ташаббус кўрсатмасанглар бўлмайди”. Халқ таълими бўлими мудири дик этиб ўрнидан сакраб рапорт берибди: “Фалонча мактабда писмадонча синфхонани ўқувчилардан бўшатиб, қурт боқишга мослаштириб қўйдик...”. Шу бугуннинг латифаларида булар. Куясизми, куласизми?! Ҳайтовур, туман катталарининг ақли қуртхона (пиллахона)ни ўқитувчиларнинг уйига кўчиришга ақли етибди. Ўзи, мактаб бизга нега керак?! Болаларнинг вақтини олади нуқул. Ундан кўра юртимиздаги 10 мингга яқин мактабни мавсумий ишлар биносига айлантирсак, шу фойда эмасми. Бугун пиллахона, эртага пахтахона... Ўқиб Лелин гўр бўлдими, энди бизнинг болалар обод бўлса... Ҳе, беш юз-олти юз минг нуфуси бор туманимиз бир йилда топган пулни битта дастурчи битта илова яратиб топаяпти-ку!!!

Халқимизда бир ёмон одат бор: давлат қандай ислоҳот бошласа, катталарнинг ўйини деб сергак туради. Менталитетимизга бу иллат ўз-ўзидан ёпишмаган. Сутдан оғзимиз куйган-да, қатиқни ҳам пуфлаб ичамиз. Кўпни кўрган одамлар чорак аср олдинги сиёсат такрорланяпти, аста-секин ҳамма нарса “ўз изига” тушиб кетади, эски ҳаммомда эски тосимиз билан қолаверамиз, деб ишонади ва иккиланади: “Ўпкангни босвол, бола!”. Ижро органининг энг халққа яқин, энг ҳаётга яқин тузилмалари эски кадрлари билан эскича ишлашда давом этар экан, президентнинг жон куйдиришлари популизмнинг шунчаки ёрқин намунаси бўлиб қолаверади. Бу ҳақда ёзиш, бунга иқрор бўлиш қанчалар оғир ва оғриқли...

Бўлган воқеа: чекка бир туманга марказдан каттакон борибди. Иш битгач, зиёфат дегандай. Маст-аласт. Боди-шоди. Қаланғи-қасанғи... Қайтар чоғи бизнинг ҳокимга қисқа ва лўнда маслаҳат берилибди: кругингни ўзгартир! Туманда тўртта круг (айланма ҳаракатли чорраҳа) бор, қайси бирини айтди экан. Кўп ўтмай, ҳаммаси текислаб ташланди: тенг аҳамиятли йўллар кесишувига айланди . Нақадар мажозий маънога эга воқеа-латифа: айланма ҳаракат, тенг аҳамиятли йўллар... Умид шулки, истиқболли кадрларни тайёрлаш тўғрисидаги кечаги қарор ҳам шахсий манфаатларга буриб юборилмасдан, тўла-тўкис ижросини топса, эскича фикрлайдиган амалдорлар круг-пруги ва плуги билан музейга қўйиб қўйилса, биз ҳам элликнинг элагига етганда ўзимиздан кейингиларга “Ўзингни босвол, бола! Тарих такрорланади!” деб насиҳат қилиб ўтирмасмидик. Ҳокимларимиз ҳам евол-ютсанинг (эволюция) янги босқичига кўтарилармиди...  

4.10 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.10 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.40 / 19
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 23

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 G'ayrat Norqobil 01/06/2018
5 Aziza Sobirova 01/06/2018
5 Ulug'bek Oripov 01/06/2018
5 Sanjar Said 01/06/2018
4 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
3 Doston Qamariddinov 01/06/2018
5 Baxtiyor Ahmad 01/06/2018
5 Otabek Safarov 01/06/2018
5 Нозим Ашуралиев 01/06/2018
5 Dilobar Asliddin Qizi 01/06/2018
5 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
4 МММ 01/06/2018
5 Gayratjon Turdiev 01/06/2018
5 Suhrob Ziyo 01/06/2018
4 Ойбек С. Номозов 01/06/2018
5 Ma'mur Parmonov 01/06/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 01/06/2018
5 Шаҳноза Тўрахўжаева 02/06/2018
4 Sirojiddin Olimov 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
18 та фикр