Гўдаклар нега дардманд бўлиб туғилмоқда?

Икки нафар неварам бор. Каттаси “черепной давление” билан туғилганди. Ота-онаси елиб-югуриб даволатишди. Хайрият, йиллар ўтиб асоратсиз тузалиб кетди. Ўшанда чақалоққа бу дард қаердан ёпишаркин, асабийлашмаса, зўриқмаса деб ҳайрон бўлгандик. Илгарилари гўдакларда бундай касал бўлмаган-да.

Мана, энди маълум бўлишича, бу муаммоларга сифатсиз тиббий хизмат, тиббий маданиятнинг пастлиги, қизларни турмушга тиббий жиҳатдан тўғри тарбияламаслик, экологик ҳалокатларнинг қизлар физиологиясига таъсири кабилар сабаб бўлган экан.

Кейинги пайтда “черепной”сиз туғилмаётган боланинг ўзи йўқ ҳисоби. Роддомдагилар ҳам, поликлиникадагилар ҳам бунга оддий қарашларидан гоҳида ҳайратга тушаман. “Ҳаҳ, ҳозир ҳаммада бор бу нарса, ҳеч нарса қилмайди” деб қўл силтаб қўйишади. Улар буни оналарни тинчлантириш учунгина айтаётган бўлса гўрга эди. Аммо ундаймас-да. Улар росманасига совуққонлик тўнини кийиб олишган.

Ўзимнинг ҳам “черепной”им бор. Ҳаво булутли ёки дим бўлганда, ё бўлмасам магнитли бўрон кузатилганда дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади. Ичмаган дорим қорлмайди, кошки фойда қилса... Дардимни ва унинг сабаларини била туриб менки шунчалик азобланаётган эканман, тили-забони йўқ гўдаклар чекаётган азоб қанчалик бўлса?!

Менга айтишларича, чақалоқлар ўртасида бу касалликнинг кўпайиши қизларнинг тоз суяги рисоладагидай ривожланмаётгани, бунинг оқибатида улар турмушга чиқиб, ҳомиладорликдан сўнг кўзи ёриётганда қаттиқ зўриқиши, боз устига боланинг боши тозсуягидан қийналиб ўтиши бу касалликнинг ривожланишига сабаб бўлаётган экан. Демак, қайсидир маънода муаммонинг сабаби аниқ. Бундан бошқа сабаблари ҳам бордир, буни билмадим.

Айтмоқчи бўлганим Соғлиқни сақлаш вазирлиги мана шу масалани назоратга олиб, қизларнинг саломатлигини балоғатга қадар мустаҳкамлаш, улар оила қургунларига қадар физиологик жиҳатдан турмушга тайёр бўлиши ва соғлом наслни дунёга келтиришга қодир бўлишлари устида бош қотирсалар яхши бўларди. Фақат аввалгидек қоғозларда ёки хўжакўрсингамас, амалда, чинакамига.

Қишлоқларда эрга теккунга қадар тўлиқ тиббий текширувдан ўтмайдиган, тиббий маданият, гигиена каби тушунчалардан бехабар вояга етаётган қизлар талайгина. Агар бу борада росмана сўров ёки ўрганиш ўтказилса натижаси кўпчиликни даҳшатга солиши аниқ. Ҳали тўйиб овқатланмаётган, натижада она бўлиши, соғлом фарзандни дунёга келтириши учун организмида етарли микроэлементлар етишмаётган қизлар, аёллар ҳақида тўхталмадим. Бош омон бўлса бу борадаги ҳақиқий ҳолат ошкор қилинадиган, ўрганиладиган кунларни ҳам кўриб қолармиз. Фақат ўша пайтда кеч бўлмаса бўлди.

Танлов баҳонасида керакли жойларга етиб бориши учунгина ёздим буларни. Зора Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги миллат генофондининг яхшиланиши аввало аёлларнинг саломатлигига эътибордан бошланишини англаб етишса ва биргаликда бу борада амалий ҳаракатларга ўтишса... Зотан Тошкентда муздайгина кондеционерли муҳташам кабинетларда ўтириб, қоғозлардаги ёлғон ҳисоботларга асосланиб асил вазиятдан хабар топишлари мушкул. Шу сабабли уларга қараб машҳур қўшиқдаги қўйидаги сўзларни айтмоқчиман: “Бир келиб кетинг қишлоғимизга!”

3.83 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.83 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.34 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
4 G'ayrat Norqobil 01/06/2018
3 Doniyorbek Yulchiev 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр