Эътиборсиз қолаётган эътибор

Bekzod Ibragimov
Саралаш

Яқинда йиғилиб қолган кераксиз буюмларни чиқиндихонага ташларканман, махсус қутининг ичида қоришиб ётган чиройли гулдастага кўзим тушди. Гуллар ҳали сўлишга улгурмаган, демак, узилганига кўп бўлмаган. Бандига боғланган қоғозчага «Дунёдаги энг қадрдон дўстимга» сўзлари битилган эди. Бундай эъзоз ва эътиборга сазовор киши кимлигини ўйлаганим сари унинг нақадар беэътибор эканини ҳам англаб юрагим сиқилди. Наҳотки кимнингдир совғасини — эътибор ва ҳурмати, қалб қўри ила кўрсатган ҳимматини шундай хор қилиш мумкин бўлса...

Шулар ҳақида ўйлаб, ўтган йили устозимникида рўй берган воқка ёдимга тушди.

Ўшанда мен уларникига меҳмонга боргандим. Аёллар байрами арафаси бўлгани учун кичикроқ гулдаста сотиб олдим. У менинг бундай эътиборимдан болаларча севиниб кетди ва уйидаги совғалар коллекцияси билан таништирди.

Бир хонанинг ярми турли ўйинчоқ ва гулвазалар билан тўла. Энг қизиғи, гулларнинг аксарияти қуриб, барглари ҳам тўкилиб кетган, фақат чўпи қолган. Ҳар бирининг тагига кичкина қоғозчага совғани берган кишининг исми ва санаси ёзиб қўйилган эди. Мен қувончимни яширолмай, «Менинг ҳам совғам шулар орасидан ўрин оладими», деб сўрасам, у мени янада ҳайратлантириб, «Ҳа, албатта, буни мана бу ерга қўяман. Сен икки йил олдин туғилган кунимга олиб келган мана бу шоколад қутисини танидингми», деб гуллар билан безатилган жимжимадор қутичани кўрсатди.

Тўғриси, бу совға аллақачон ёдимдан чиқиб кетган. Наҳотки, оддийгина ширинлик қутиси ҳам шунчалар қадрли бўлса, у учун?

— Бу совғалар менинг қувончли умримнинг ёрқин лаҳзаларини эслатиб туради, — деди у кўзлари порлаб. 

— Бўш вақтим бўлди дегунча уларнинг ёнига келаман ва термулиб туриб, яқинларим мени қанчалик қадрлаши, яхши кўришини ўйлаб ўзимни бахтли ҳис этаман. Нимадандир хафа бўлган кезларим кайфиятимни кўтаришнинг йўли ҳам мана шу коллекциям бўлади. Кимдандир совға олиш кимгадир кераклигингни ва унинг сенга эътиборини билдиради. Бундан ортиқ бахт борми, оламда?

Унинг сўзларини ёдга олиб, ҳозиргина кўрган манзарам яна хаёлимдан ўтиб, хунобим ошади. Менчи, ўзим охирги марта олган совғамни қаерга қўйганимни эслай оламанми? Кимнингдир эътиборига яраша жавоб бера оламанми?

Ҳа, эсладим, яқинда бир шоир дўстим янги чиққан китобини совға қилган эди. Аммо уни тўла ўқиб чиқишга вақт тополганимча йўқ. Бир ҳафта бўлган бўлган бўлса-да, ҳатто қўнғироқ қилиб бир оғиз муносабат билдириб қўймабман ҳам. Бугуноқ уйига бориб, китоби ҳақида фикрларимни айтиб келаман. Унгача баъзи шеърларини ёдлашга, китобнинг умумий мундарижаси билан танишишга улгураман.

Китоб нега совға қилинади?

Шоир мени ҳар доимгидек очиқ чеҳра билан кутиб олди. Ўшандан бери менинг фикр билдиришимни кутаётганини айтди. Бир пиёла чой устида роса гурунглашдик. Китобининг айрим жойларини танқид ҳам қилдим. Маънони янада кучайтириш, ташбеҳлардан кўпроқ фойдаланиш кераклигини айтдим. Энг қизиғи, менинг танқидларим ҳам унга хуш ёқиб, эътиборимдан жуда-жуда мамнун бўлганини айтиб, яқинда бўлган бир воқеани гапириб берди.

— Бир даврада янги нашрдан чиққан китобимдан камида йигирматача одамга тарқатдим, — деди у куйиниб. — Ҳаммаси казо-казолар. Тўрда ўтирганидан бошлаб бериб келавериб, пойгакдаги бир кишига етмай қолди. Унинг афсус билан боқишини кўриб, хижолат бўлиб, сизга эртага жўнатаман, деб ваъда бердим. Аммо иш билан бўлиб китоб юбориш ёдимдан чиқиб кетди. Бир ҳафта ўтиб, китоб олганлардан ҳеч ким тайинли муносабат билдирмагач, бир-иккитасига телефон қилдим. Ишонмайсиз, баъзилари ҳатто китобнинг номини ҳам ёдидан чиқарибди. «Ҳа энди, иш кўп, вақт бўлмаяпти китоб ўқи-и-иб ўтиришга...», деб баҳона қилди. Эътиборсиз қолган эътибордан хунобим чиқиб турган вақтимда ўша китоб етмай қолган танишим қўнғироқ қилиб қолса бўладими. Ўзиям нақ бир соатга яқин янги асаримни муҳокама қилдик. Китобни даврадан чиқаётганда тўрда ўтирган биттасидан бир кўриш учун олган экан. У қайта сўрамагач, қўлида кетиб қолибди. Энг қизиғи, бермасам хафа бўлишини айтиб, мени ҳайрон қолдирган ўша олифта шу пайтгача ҳам китоб ҳақида ҳеч нарса демабди. Ўқиб тезда қайтариб бермоқчи бўлган танишим унинг бундай эътиборсизлигидан кейин фикридан қайтибди.

Бировнинг қувончидан қувониш бахти

Аслида совғанинг катта-кичиги бўлмайди. Бир оғиз ширин сўз, самимий тилак ҳам ким учундир қимматбаҳо буюмлардан-да азиз туюлади. Масалан, туғилган кунингизда кутилмаган инсонингизнинг қўнғироқ қилиб табриклаши сизни қанчалик қувонтиради. Ёки ишда яхши бир муваффақият қозониб, бирор юқори натижани қўлга киритиб, ичингизга сиғмай юрганингизда бир оғиз табриклаган киши сиз учун қадрдонга айланади. Олдида қарздордек бўлиб қоласиз. Унинг ҳам бахтли кунида ана шундай табриклашни дилингизга тугасиз. Аммо ўша кун келганда паришонлигингиз тутиб, унутиб юборасиз ёки ҳафсаласизлик қиласиз. Унинг сизнинг табригингизни кутгани, ширин сўзингизга муштоқ эканини ўйлаб ҳам кўрмайсиз.

Бир танишим ҳикоя қилади. «Яқинда туғилган кунимда курсдошим Ғулом телефон қилиб табриклади, — дейди у. — Табрикдан кўнглим кўтарилиб, гўшакни қўярканман, ўйлаб қолдим. Ғуломнинг ўзининг туғилган куни қачон эди? Қанча уринмай эслолмадим. Охири жавоннинг бир четига ташлаб қўйилган курсдошлар ҳақидаги маълумотлар ёзилган дафтарни очиб кўриб, ҳушим учиб кетди. Унинг туғилган куни меникидан икки кун аввал ўтиб кетган эди. Наҳотки, талабалигимизда кўп нишонланган бу кунни унутиб юборган бўлсам. Кўпинча иккимиз туғилган кунимизни бир кунда ўтказар, ўртадаги харажатнинг ҳам кўпроғини Ғулом тўлаб юборар эди-ку. Шунчалар паришон бўлиб қолдимми?..

Минг бир хижолатда Ғуломга қайта қўнғироқ қилдим. У гўшакни кўтараркан, ҳайронлигини яширмади.

— Дўстим, кечир, икки кун аввал сенинг туғилган кунинг эди-я, рости, ёдимдан кўтарилибди, кеч бўлса ҳам табриклайман, кейинги йил бирга нишонлаймиз, — дедим хижолатпазликни тарқатиш учун. — Сен табриклаганингдан кейин ёдимга тушди. Болалар ҳам айтишмабди, бир оғиз.

Сўзларимдан Ғулом ёш боладек қиқирлаб кулди. Кейин бирдан овози ҳазинлашиб шундай деди:

— Шунисигаям раҳмат. Ишонасанми, курсдошларимиздан бирортаси менинг туғилган кунимни эслай олмаса керак. Чунки ўша куни ҳеч қайси ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади. Аммо мен ҳаммасиникини биламан. Истасанг, бир бошидан сўраб кўр. Ҳар бирини ўша куни биринчи бўлиб табриклашга, бир оғиз яхши тилак билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Уларнинг баъзилари бундан хурсанд бўлади, баъзилари ҳайрон қолади.

Ғуломнинг сўзларини тинглаб, дунёда шундай одамлар ҳам борлигидан қувондим. Биз қанчалик ҳаракат қилмайлик ундай бўлолмаслигимиздан, ўткинчи орзу-ҳавасни деб оддийгина меҳру эътиборимизни яқинларимизга улашолмаётганимиздан куйиниб кетдим».

Ҳа, киши ҳар доим кимнингдир эътибор ва эъзозига муҳтож бўлади. Дунёдаги энг арзон ҳадя ҳам бир-биримизга эътибор ва самимий тилакларимиз эмасми, аслида. Ҳеч бўлмаса, бизга бўлган эътиборга муносиб бўлайлик, кимнингдир эъзозини, илиқ муносабати, эътиборини эътиборсиз қолдирмайлик.

Бекзод ИБРАГИМОВ

3.49 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.49 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 6

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Xudoyberganov Ulug‘bek 22/04/2018
1 Farhod Allamuradov 27/04/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр