Cифатли қуллар

Dilshod Zunnunov
Ярим финал

Ижтимоий тармоқларда бир воқеа кўп айланади. Айтишларича, Ҳазрати Умар хокимиятга илк келган пайтларида айёнларига "агар хато қилганимни кўрсангиз, мени огоҳлантиринг" дейди. Шунда, Умарнинг елкадошларидан бири Али (р.а) айтади:

- Агар хато қилсанг, қиличим сени тўғрилаб қўяди!

Бу воқеанинг бу қадар кўп эсланишининг сабаби, мунозарали ва баҳсли мавзуни очиб беради. Савол туғилади, бу суҳбатни бу қадар намунага айлантирган ким? Алининг довюраклигими ёки Умарнинг бағрикенглигими?

Ҳамма ҳар хил баҳо беради, менимча, қарс икки қўлдан чиқишини айтган бўлардим. Гап Умар ёки Алининг шахсиятида эмас, бу ҳолатни алоҳида бошқа даврга кўчириб кўрсак англаймиз: агар шунақа пайтда ҳамма жим ўтираверса, бир кун келиб хоким ўз хатолари ҳақида ўйламай қўйиши мумкин. Ёки аксинча, агар у бу қадар бағрикенг бўлмаса, ким билади, раҳбарга бу қадар оғир сўз айтгани кимнинг ҳам ҳадди сиғарди...

Бу ерда дақиқ нуқта шуки, Умар ҳам мана шу Алиларнинг жамиятидан етишиб чиққан, жамият Умардек инсонларни бошга келтириб қўйганди. Агар Умар бўлмаса, бошқаси худди шу бағрикенгликни кўрсатар, агар Алидан бўлмаса, бошқасидан мана шу кескин жумла чиққан бўларди. Мен бунга ишонаман. Нуқта.

Яқинда ҳамма ўзбек блогерларнинг устози бўлган Муҳрим Аъзамхўжаев блогида ўз вақтида Ғофур Ғулом, Ойбек каби адибларимизнинг нақадар усталик билан "пахта қўйганларига" мисоллар келтирди. Жуда ажойиб. Мен масалан, Абдулла Қаҳҳор сценарийси асосида ишланган "Маҳаллада дув дув гап" фильмига кўп эътибор бераман. Билишимча, бу фильм ўша пайтларда эски маҳаллалар бузилиб, аҳолини янги "домлар" кўчириш лойиҳалари (бугунги тил билан "Обод маҳалла") Тошкент бўйлаб амалга оширилаётган даврларда мана шу сиёсатни тарғиб қилиш, мақташ учун пропаганда сифатида, буюртма билан суратга олинган экан. Лекин қарангки, кино шу қадар кучли ишланганки, шедеврга айланган, мана, орадан эллик йилдан зиёд вақт ўтса-да, зерикмай томоша қиламиз. Бояги пропаганда мавзуси ҳам, сиёсат ҳам неча марта ўзгарган бўлса ҳам кино қолди.

Бу қанақадир маънода, аслида қул бўлган йилларда ҳам жуда сифатли қул бўлганимиз, пахталаримиз ҳам, мадҳларимиз ҳам энсақотар эмас, юксак дид билан қилинганини исботлагандек бўлади. Ёлғоннинг сифатлиси яхшими ёки сифатсизими, бу масалага чуқур кириш ниятим йўқ, аммо жамият ҳар қанча биқиқ бўлмасин, ўзгаришларга тайёр бўлгандек туюлади ўша пайтларда. Исботи шуки, 80-йилларнинг иккинчи ярмида ошкоралик шабадаси эсиб, халқларга ўзлигини англаш имкони берилганда, зиёлиларимиз халқни ўз ортидан бошлай олдилар. Мана шу саксонинчи йиллар иккинчи ярми ва тўқсонинчи йиллар бошида жуда кўп романлар, мақолалар, шеърлар ёзилди. Энг муҳими, истиқлол шабадаси эсганда биз буюк оғасиз яшай олмайдиган қолоқлар эмас, ўз тарихи, миллати, эрки ва буюк адибларига эга бўлган бир халқ эканимизни тушуна олгандик. Нуқта.

Бир куни россиялик сиёсатчи, марҳум Борис Немцовнинг бир интервьюсидан парча кўриб қолдим. Журналист ундан сўраяпти:

- Айтингчи, биз мана тоталитар режимдан қутулгандик, эркинлик сари қадамлар босгандик, аммо нега бунча тез, осонлик билан яна эски фикрларга қайтмоқдамиз? Билиб туриб, эркинликдан воз кечяпмиз?

- Менимча, биз ўша режимдан жуда осон қутулиб, ўша эркинликка жуда осон эришганимиздан бўлса керак. Гўёки, бизга юқоридан совға қилинганди, балки шунинг учун қадрига етмагандирмиз.

Бу Немцовнинг фикри, кимдир баҳслашиши, ўзимизга қиёсласак, ўша Қодирийлар-у Чўлпонлар мустақиллик йўлида жон бердилар, бу осон бўлмади, дейиши мумкин. Аммо ўша совет тузуми энг гуллаган даврларда ҳеч кимимиз Қодирийни тилга олишга ҳам ботина олмаганмизми, демак, Немцов ҳақ, жамият сифатли эди, аммо қул эди. Нуқта.

Бир неча йил олдин бир масалада танишларим билан суҳбатлашиб қолгандик: бир кун келса-ю, худди ўша саксонинчи йиллар каби ошкоралик шабадаси эсса, ўшандай савияли, кучли асарлар, фикрлар янгрармикин, мана шундай ҳолат учун жамиятимиз тайёрмикин.

Микрофон лабимизга рўпара қилинди. Нимадир жонланди, ҳеч ким буни инкор эта олмайди. Аммо биз нималар деяпмиз, нималарни истаяпмиз? Кимдир чиқиб, фалон киноларни тақиқлашни сўрайди. Бошқасини унисининг кийими ёқмайди. Бири, ҳамма намоз ўқиса, жамият илмсиз бўлиб кетади, деб қўрқитади. Биз тинмасдан раҳбарларимиздан бир биримизни тақиқлашни, биз учун қандайдир менталитет яратиб беришни сўраяпмиз, эътибор беряпсизларми?

Аслини олганда, менталитет ҳам, маънавият ҳам давлат томонидан белгилаб берилмайди. Агар буни ўз қўлимиз билан буни белгилашни бошқаларга топширар эканмиз, эркимизни ҳам қайтариб бераётгандек бўламиз, бу шубҳасиз.

Миллатнинг менталитети унинг шонли тарихи ҳам эмас, буюк келажак эмас. Менталитет бу бугунги халқнинг фикрлари, яшаш тарзи ва ҳоказо. Халқ "Миллион"га кириб хохолаб кулаётган эканми, демак "Миллион" бизнинг бугунги менталитет. Халқ енгил турк сериали қаршисига чўкка тушдими, мана шу бизнинг бугунги менталитет. Буни ўзгартириш буйруқ ё тақиқ билан эмас, мана шу халқнинг савиясини ошириш билан бўлади. Биз эса, бир томонга қараш ўрнига бир-биримизга қарашдан тўхтамаяпмиз. Орамиздаги ўхшашликлар устида бирлашиш ўрнига, орамиздаги фарқларга урғу бериш билан оворамиз. Бунинг сабаби, ҳар ким эркинликни бошқача тушуниши туфайли эмасми?

Эркинлик нима ўзи?

Бир диндор одам эркинликни қоидасизлик, бошбодоқлик деб билади. Бошқа бири эркинлик фақат динсизликда деб билиб, барча диндорларни қолоқликда айблайди. Аслида иккиси ҳам нотўғри. Эрк фақат динсизликда бўлмаганидек, қадриятлар фақат динда бўлмайди. Дунёда турли ўлчовлар, қадриятлар, яшаш қоидалари мавжуд.

Инсоннинг эрки мана шу қоидаларни ўзи танлаш ҳуқуқига эга эканидир. Бир сифатли инсон диндаги қоидаларни тўғри деб билиб, шунга амал қилмоқчими, демак у ҳам эркиндир, чунки ўзи яшайдиган қоидани ўз эрки билан танлади. Динсиз инсон учун ҳеч қандай қоида йўқ, деб билиш ҳам хато, у ҳам, агар сифатли бўлса, хоҳ умуминсоний, хоҳ виждоний қадриятлар асосида бирор бир ўлчовни танлайди ва шу асосида ўз ҳаёт тарзини белгилаб олади. Мана шундай фарқли ўлчовлар биргаликда, мамлакатда белгилаб қўйилган умумий қонунларни ҳам тан олган ҳолда яшаши ҳақиқий фуқаролик жамиятини шакллантиради. Ана ўша жамиятда инсонлар ўз ўлчовларига бошқа инсонни солмайдилар, ўз яшаш тарзларидан бошқасини душман деб эълон қилмайдилар.

Акс ҳолда ҳар қандай ички низо ва унинг давомий бўлиши юқоридан аралашувни талаб қилади. Ҳар қандай аралашув эркинликларимизни чеклайди. Сериални чеклашса, бир томон чапак чалади, рўмолни чеклашса, нариги томон "бу бизнинг муаммо эмас" деб туради ва бояги чапак чалганлар устидан кулади. Бир қараганда икки томон ҳам бир мартадан ғалаба қозонгандек, лекин аслида икки мағлубият эмасми бу?

Эркинликни қандай ишлатишни билмайдиган инсон учун эркинлик керак эмас, яъниким сифатсиз эркин инсоннинг сифатли қулдан фарқи катта эмас. Иккиси ҳам аслида қулдир. Нуқта.     

3.67 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.67 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.34 / 14
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 25

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 G'ayrat Norqobil 30/05/2018
3 Bahodir Daminov 30/05/2018
4.5 Gayratjon Turdiev 30/05/2018
4 Doniyorbek Yulchiev 30/05/2018
4 Farhod Abdurahmon 30/05/2018
3.5 Javohir Izzatullaev 31/05/2018
3 Muzaffar Umar 31/05/2018
4 Xurshidbek Ibrohimov 31/05/2018
5 Aziza Qurbonova 31/05/2018
4 Sarvar Qurbonov 31/05/2018
4.5 Ulug'bek Oripov 31/05/2018
5 Islombek Ahmadaliev 31/05/2018
4 Sirojiddin Olimov 31/05/2018
5 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр