Чумолиларга хос орзу

Мен чумолиман. Оддий чумоли. Бухоро тарафларда каминани «мўрича» деб аташади. Бизнинг уяда 40 мингга яқин ўзимга ўхшаган чумолилар яшайди. Уларнинг 90 фоизи менга ўхшаб «Буғдой донларини йиғиш» университетининг «Доннинг сифатига шикаст етказмаслик» факультетида таҳсил олган. Ўзи бизда иккита университет бор: биринчиси, юқорида айтганим, иккинчиси — Чумолилар хавфсизлигини таъминлаш қўмондонлиги билим юрти. Ишимиз жуда оддий — яқин 500 метр атрофдаги ейишга арзигулик донларни топиш ва уни қишда ейиш учун уямизга кўтариб келиш, ғамлаш. Магистрлик дипломимни «Донни иккига бўлиб, баргнинг устида серияли ташиш» мавзусида ёқлаб бўлганимдан сўнг, тенгқурларим қатори ишлашга, чумоли халқининг улуғ мақсадлари йўлида фидокорона хизмат қилишга қарор қилдим.

Иш кунимнинг дастлабки бир ойи ажойиб ўтди. Қилган меҳнатимдан завқ олиб ишладим. Ахир кимларгадир фойданг тегаётганини билсанг, хурсанд бўласан чумоли. Бироқ кейин ўйлаб қарасам ҳар куни битта юмушни бажараётган эканман: эрталаб тураман, дон қидираман, топсам уямизга кўтариб келаман. Бошлиғимизга «келинг яхшиси донларни қамиш турбалари орқали ташийлик. Қамишнинг бир учидан донларни ташайверамиз, иккинчи учидан эса омборга келиб тушаверади. 20 та чумоли бажрадиган ишни 4 та чумоли эплайди», деган таклифни билдирдим. Нима эмуш, «биз ота-бобо чумолилари фойдаланган усулдан фойдаланишимиз керак экан». Ақллилик қилмасдан, бошқалар қатори меҳнат қилишни маслаҳат берди.

Нима қилардим, жон бериб ишлашни бошладим.

Аввалига ёш бўлганим сабаб ўзимдан икки-уч баробар оғирроқ юкни кўтариб келавердим, кейинроқ белим оғрийдиган бўлиб қолди. Секин-аста битта донни аранг ташийдиган бўлдим. Кечалари оёқларим қақшайди. Оёғинг 6 та бўлса ҳам қийин экан…

Баъзида кечалари иссиқина тупроқда ётиб, нега 6 йил ўқиганимни ўйланиб қоламан. Барибир оддий ишчи бўлсам, айтган ғояларим, фикрларим инобатга олинмаса… Ойлик кам бўлса. Бир кунда 30 та дон олиб келсам, шундан бир яримтасини менга беришади. Эрталаб яримда, тушликда яримта, кечаси яна яримта ейман. Топганим ўзимдан ортмайди. Ҳали оила қуришим, тўй қилиб, уядагилар ҳеч бўлмаганда зиғир донидан тарқатишим керак. Бу ойлик билан тоқ ўтиб кетаманов…

Қўшним Чумолилар хавфсизлигини таъминлаш қўмондонлиги билим юртини тамомлаган. Уямизни бошқа ёт ҳашаротлар ва бекорчи чумолилардан ҳимоя қилади. Айтганча, бир қарашда ҳамма чумолилар меҳнат қилаётгандек, туюлсада, улар орасида бекорчилар ҳам жуда кўп. Айниқса, бизнинг ҳудудда. Йўлини топганлар бир-иккита лайлакка осилволиб, хорижга ҳам кетяпти. Фақат лайлаклар хизматидан фойдаланиш ҳам қиммат бўлиб кетган: жанубгача етволиш учун камида иккита бақанинг жойлашган ўрнини айтишиз керак. Кўрсичқонлар ҳам худди шу хизматни таклиф қилади, аммо лайлаклардан арзонга. Шунга яраша улар ўз мижозлари хавфсизлигини таъминламайди. Яқинда уямиздан олтитаси шу усулда совуқ ўлкаларга кетаётганди, йўлда кўрсичқон тулкига ем бўлибди. Унга қўшилиб чумоли қардошларим ҳам… Қисқаси қўшимнинг иши ёқиб қолди. Ўзи уямизга деярли таҳдид уюштирилмайди. Ора-сира битта-яримта чигирткалар келиб қолади. Шунда улар катта калласини уянинг кириш жойига тиқиб, «проход»ни ёпади ва ўз жонини қурбон қилади. Маоши эса яхши. Кунига 3 та дон, пилус яна бир қатор имтиёзлар: ипотека кредити, госпиталда даволаниш, шиллиқуртлар устида текин ҳаракатланиш…

Олти ой елиб-югуриб, ҳужжатбозликлардан ўтиб, хизматнинг тиббий кўригига етиб бордим. Тиббий кўрикдан ўта олмадим. Орқа иккинчи чап оёғим ясси экан. Шунинг ҳисобига «негоден» деб чиқарворишди. Икки йилдан бери йиғиб юрган 8 та донимни якуний хулоса ёзадиган чумолига бериб, «негоден»дан «не» қўшимчасини олдириб ташладим. Дон бўлса, чангалда шўрва дейишганлари шу бўлса керак. Менку майли, 10 та донга орқа иккита оёғи йўқ чумолилар ҳам кўрикдан «аъло»га ўтганига нима дейсиз.

Режаларимга кўра, ҳар куни 1,5 тадан дон йиғсам, 2 йилда 1000 дан ортиқ захира ғамлаб қўйишим керак. Кейин бу донларнинг юзтасини йилига 20 та қўшиб бериш шарти билан қарзга бераман ва яна 5 йилда ўзим топганларим билан 4000 мингта дон йиғиб, катта тўй қиламан…

3.54 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.54 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 6
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Бахтиёр Шералиев 28/04/2018

Masal juda chiroyli boshlanibdi, lekin yakunida kutilgan intriga yuzaga kelmagan. Masallarning yakuni odamni o'yga toldiradigan, fikrlashga majbur qiladigan bo'lsa yaxshiroq bo'lar edi.

3 Олимжон Солижон ўғли 05/05/2018
4 Давронбек Тожиалиев 10/05/2018
4 Мақсуд Саломов 12/05/2018
5 Расул Кушербаев 15/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05/2018
4 Шерзод Шерматов 17/05/2018
3 Қаҳрамон Асланов 18/05/2018
5 Нигора Умарова 18/05/2018

Тагмаъноси кучли, рамзларга тўла масал

5 Маҳсуджон Асқаров 18/05/2018
3 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
3.5 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
3.5 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Музаффар Назаров 20/05/2018
3.5 Шунқор Чориев 20/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Моҳияти чиройли экан.

2.5 Абдумалик Носиров 20/05/2018
3 Иноят Садикова 21/05/2018
4 Мансур Тангишов 21/05/2018
4 Нодир Закиров 21/05/2018
4 Адҳам Отажонов 21/05/2018
4 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр