Билимлими ёки ақлли?

Биз ўрганаётган муаммо

Маълумки ўсмир ёшларни турли ҳил бузғунчи мафкуралардан, наркомания, диний фундаментализм, терроризм каби иллатлардан ҳимоя қилиш, уларни ватанпарвар ва инсонпарварлик руҳида, комил инсон қилиб тарбиялаш жамиятимизнинг энг долзарб масаласига айлангани айни ҳақиқат.

Агар аҳамият берсак, биз ўқув юртларида ўқувчиларимизга билим беряпмиз. Яъни асосий урғу фарзандларимизни билимдон қилишга қаратилмоқда. Бизнинг таълим тизимидаги мана шу бир ёқламалик жуда кўп салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Тўғри, ўқувчиларимиз ва талабаларимиз турли халқаро фан олимпиадалари, санъат конкурсларида юқори ўринларни олиб келмоқда. Лекин кейинчалик бу ёшларимиз буюк олим ёки санъаткор бўлиб етишиб чиқмаяптилар. Чунки уларда фақат билим бор холос.

Биз уларни даҳо қилиб тарбиялашимиз учун эса русча айтганда “Их надо воспитать так, чтобы они имели аналитический склад ума, умели мыслить логически а также имели богатую фантазию”.

Мен таълимдаги бир ёқламалик деганда шуни назарда тутган эдим. Биз фарзандларимизни билимли бўлиши учун интиляпмиз. Лекин “– Нима қилсак улар ақлли бўлади ?” –деган савол очиқлигича қолмоқда. Ёшларимиз ўз ҳаётларида дуч келаётган минглаб информацияни таҳлил қилиб сарак ва пучакка ажратишлари учун фақат билимли бўлишлари етарли эмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Биз фарзандларимизда китобга қизиқиш уйғотиш кераклигини тинмай гапиряпмиз. Лекин аввал уларда китоб ўқишга “эҳтиёж” уйғотиш лозимлигини унутиб қўяяпмиз.

Ёшларни турли интернет ўйинларидан қайтармоқчи бўляпмиз. Лекин уларга бу ўйинлардан қизиқроқ бошқа нарса таклиф қила олмаяпмиз.

“Инсон дунёни ҳам, Аллоҳни ҳам ўз ақли билан танийди” – деган буюк ибора бор. Демак фарзандларимизни аввало ақлли қилиб тарбиялашга энг асосий эътиборни қаратишимиз керак. Ақлли бола эса ҳар қандай фанни қийинчиликсиз ўзлаштира олиши ойдек равшан.

Биз ўтмишда ўтган буюк аждодларимиз билан фаҳрланамиз. Лекин ўзимиз уларнинг мос давомчилари бўла олмаяпмиз. Дунёга “-мана биз яратган кашфиёт” – деб кўрсатадиган бирон бир арзирлик кашфиёт қилганимиз йўқ.

“Мана биз яратган нодир адабиёт наъмунаси” – деб кўрсатадиган, дунё адабиёти даражасидаги бирорта китобимиз йўқ. Биз яратган фильмлар дунё аҳли тугул, хатто ўзимизнинг ҳам асабимизга тегадиган даражада саёз ва бачкана.

Биз ўқитувчилармиз. Дунёнинг ҳамма халқларида устоз доим ота билан тенг даражада қаралади. Шу вақтгача биз ўқувчиларимиздан ўзимизга оталарга бўлиши керак бўлган ҳурматни талаб қилдик. Бугун биз ўқувчиларимизга ота ва она қилиши керак бўлган ишни, яъни бутун меҳримиз, салоҳиятимиз, керак бўлса умримизни уларга аташимиз керак. Юқоридаги айтилган дунёга кўз кўз қилса бўладиган нарсаларни, биз тарбиялаган ўқувчилар яратиши керак. Демак биз давр талаби, Президентимиз истаётганидек иш услубимизни мутлақо ўзгартиришимиз, ўз устимизда тинмай ишлашимиз лозим бўлади.

Бу постда мен фарзандларимизни ақлли қилиб тарбиялашнинг бир неча усулини эътиборингизга ҳавола қиляпман. Фарзандларимиз ва уларнинг устозлари бу машқлардан самарали фойдаланишларига ишонаман. Улардан бунданда самаралироқ, бунданда қизиқроқ усуллар яратилишини кутиб қоламан. Барча ўқитувчиларимиз ўз ишларига ижодкорлик билан ёндашсалар ўқувчиларимиз ўзларининг “Дунёда хеч кимдан кам эмас” лигини кўрсатиб қўядилар.

Муаммонинг ечими

Бу пост болаларни ақлли қилиб тарбиялашга мўлжалланган 3 қисмли машғулотнинг биринчи қисми бўлиб, у болаларни аналитик фикрлашга ўргатади. Унда турли машқларда берилган информацияни таҳлил қилиш орқали ечим топилиши талаб этилади.

Ҳар бир машқ таҳлил қилишнинг янги бир йўлини ўргатади. Машқлар етти ҳил йўналишда бўлиб, болалар учун тушунарли сўзлардан тузилган ва ечимни топиш учун ақлни ишлатишга мажбур этади. Машқлар соддалиги учун болаларнинг ўзлари ҳам шундай машқларни туза оладилар. Машқлар болаларда қизиқишни кучайтириш учун улар жозибали шаклда берилган. Ечимларни топиш эса ҳар сафар оргиналликни талаб этади. Бу машқлар айнан соддалиги, жозибадорлиги ва оргинал ечимлари билан болани ўзига мафтун этиши ва уларнинг ҳам шундай гўзал нарсалар яратишга даъват этиши энг асосий мақсад қилиб олинган. Бундай машқлар тузиш учун эса болалар албатта китоб ўқишга, билмаган нарсаларини сўраб суриштиришга мажбур бўлади. Янги машқлар тузганда эса уларда “Ижод завқи” деб аталувчи туйғу уйғонади ва бу завқ улар умрининг оҳирига қадар сақланиб қолади. Ҳаммага маълумки масала ечишдан, масала тузиш қийинроқ, демак ўқувчилар ҳар бир янги масала тузиши билан зуккороқ бўлиб бораверадилар.

1. Бу машқ “Бир сўз билан уч сўз туз” деб аталади. Бу машқда қавс ичидаги СЎЗ ни топиш талаб этилади. Бу қавс олдидаги сўзнинг охири, қавсдан кейинги сўзнинг эса боши бўлиши керак. Демак қавс ичидаги сўзни топсак яна иккита сўзни хосил қиламиз. Бу ерда ҳосил бўладиган ҳар уч СЎЗ ҳам ким? ёки нима? сўроғига жавоб бўладиган СЎЗ лардир.

Масалан: Ҳа ( ) оит

Жавоб: Шар. Шунда биринчи СЎЗ Ҳашар иккинчи сўз эса Шароит бўлади.

Бу машқ учун яна иккита мисол.

1) Нақ ( ) иқ

2) Мўй ( ) пир

Машқ бир масалани уч ҳил усулда ечиш мумкинлигини ўргатади.

2. Бу шарт “Жуфтини топ” деб аталади. Бунда берилган икки жуфтликни таҳлил қилиб, улар қандай хусусиятларга кўра ЖУФТ бўлиши топилади. Ҳудди шундай хусусиятли сўзни топиб, учинчи ЖУФТ лик ҳосил қилинади.

Масалан:

Сурхондарё – Термиз, Сирдарё – Гулистон, Хоразм - ...?

Жавоб: Урганч. Бу ерда жуфтликлар вилоят-вилоят маркази кўринишида тузилган. Шу машққа доир яна иккита мисол:

1) АҚШ – бургут, Австралия – кенгуру, Ўзбекистон - ...?

2) Ўрик – довучча, Пахта – кўсак, Қовун - ...?

Бу машқни ечиш учун ўқувчи дастлабки жуфтлик учун қонуниятни топади. Кейин бу қонуният иккинчи жуфтлик учун тўғри келиш келмаслигини аниқлайди. Агар тўғри келса учинчи жуфтликка мос сўзни топишга уринади.

3. Бу шарт “Янги сўз яса” деб аталади. Бунда биринчи сатрдаги қавс ташқарисидаги икки сўздан ҳарфлар шундай танлаб олинганки, қавс ичидаги сўз хосил қилинган. Иккинчи сатрдаги икки сўздан ҳам худди юқоридагидек усулда ҳарфлар танлаб олинса, қавс ичида қандай сўз ҳосил бўлиши топиш керак.

Мисол: Бўри (бўёқ) қуён.

Рашк ( ) маст

Жавоб: Расм

Шу машққа доир яна икки мисол:

1) Иншо (шимол) мулк

Олча ( ) рукн

2) Само (дазмол) юлдуз

Гадо ( ) ишқор

Бу машқ ўқувчиларда формулалар билан ишлаш малакасини ҳосил қилади.

4. Бу машқ “Ортиқча сўзни топ” деб аталади.

Бу машқда берилган тўрта сўздан учтаси қандайдир умумийликка эга. Биттаси эса бу ҳислатга эга эмас. Умумийликка бўйсунмаган шу сўзни аниқлаш керак.

Мисол: Лайлак, ғоз, ўрдак, оққуш.

Жавоб: Лайлак. Чунки қолган учта қуш сувда сузади.

Бу машқ учун яна икки мисол:

1) Сирдарё, Амударё, Қашқадарё, Сурхондарё.

2) Дутор, Танбур, Доира, Рубоб.

Бу машқ сўзларни таҳлил қилиб, уларнинг хусусиятларини, уларни бирлаштирувчи, умумий қонуният нима эканлигини топишга ўргатади.

5. Бу шарт “Ҳаёлга келмайдиган саволлар” деб аталади. Бу машқни ечиш учун умумий бир қоида йўқ. Ҳар бирини ечиш учун алоҳида ёндашув талаб этилади.

Мисол: Тумов, мўйлов, палов, яйлов.

Сўзларни инглиз тилида сўзлашувчи кишига айтсак, у қайси сўзни тушунмайди.

Жавоб: Палов, чунки қолган сўзларнинг инглиз тилида ҳудди шундай айтилувчи жуфти бор.

Бу машққа доир яна икки мисол:

1) Қайси мамлакатларда ўқувчиларга бошланғич синфларда ҳарф ўргатилмайди?

2) Ой билан қуёш қачон бир бирига кўринмайди?

Бу шарт энг оддий кўринган нарсалардан ҳам ақлни чархловчи нарса топиш мумкинлигини ўргатади.

6. Бу шарт “Бешинчисини топ” деб аталади.

Бу машқда берилган тўрт сўз мантиқий қаторни ташкил этиб, худди шу шартни бажарувчи ягона бешинчи сўзни топиш талаб этилади.

Масалан: Бош, кўрсатгич, ўрта, номсиз, ....?

Жавоб: Жимжалоқ.

Шу мавзуга оид уч топшириқ.

1) Ҳайрат-ул Аброр, Хазонул-ул Маоний, Фарҳод ва Ширин, Садди Искандарий, ....?

2) Йўлбарс, Қоплон, Мушук, Пума, ....?

3) Бўри, Тулки, Қарға, Чумчуқ, ....?

Бу машқ берилган информацияни таҳлил қилиб, унинг қайси унсур асосида танланганини аниқлашни ўргатади.

7. Бу шарт “Қулоғингга ишонма” деб аталади.

Бу машқ айрим жумлаларнинг айтилганда бошқача эшитилиши, ёзилганда эса бутунлай бошқа маъно беришига асосланган.

Тасаввур қилингки, компютерда матн тераётган қизга дугонаси қўлёзмани ўқиб бермоқда. У эса эшитганини ёзмоқда. Биз шу қизнинг терган матни аслида қандай ёзилиши кераклигини ва тўғри матндан топишмоқ жавобини топишимиз керак. Бу турдаги топишмоқлар русларда кенг тарқалган. Улардан энг машҳури айтилганда шундай эшитилади.

Что делает слон, если выйдет Наполеон?

Бу топишмоқ қўлёзмада:

Что делает слон, если выйдет на поле он?

Шаклида ёзилган бўлган. Демак ёзаётган қиз иккита “Пробел”ни қўймасдан кетган. Бу турдаги топишмоқнинг ўзбекча вариантлари:

1) “Қўнғирот!” деб қичқирганда самолар титрар,

Топинг қайси пахлавон ўз отини чақирар?

Қўлёзмада бу топишмоқ қуйидагича бўлган.

“Қўн Ғирот!” деб қичқирганда самолар титрар,

Топинг қайси пахлавон ўз отини чақирар?

Жавоб: Алпомиш

Келтирилган мисолларимиздан кўриниб турибдики, топишмоқда бир ёки икки “Пробел” нотўғри қўйилган ёки умуман қуйилмаган. Бу турдаги машқни ечиш учун аввало “Пробел”ларни тўғри қўйиб олишимиз керак экан. Шу машққа доир икки мисол:

1) Бир ҳайвоннинг боласи, тутиб олиб бойланса,

У нимадир? Атрофида онаси гир айланса.

2) Қирдаги сичқонларни тулки пойларди муштоқ,

Бирин тутди. Жуфтакни ростлагани жуфтми, тоқ?

Бу машқлар ўқувчиларни ахборотдаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор билан қарашга, шеъриятнинг энг нозик жиҳатларидан бири, ундаги ҳар бир сўз ўз вазнига эга эканлигини англашга ўргатади.

Биз қилишимиз керак бўлган иш

Танловда эълон қилинган постларнинг бирида “Бизнинг аждодларимиз буюк алломалар бўлганлар. Шу сабабли биздан яна буюк алломалар чиқиши аниқ” – деб таъкидланган.

Лекин биз кутиб ўтираверсак улар ҳеч қаердан пайдо бўлиб қолмайдилар. Алломаларни биз тарбиялаб, етиштиришимиз керак. Ҳозирча дунё бизни аждодларимиз яратган тарихий обидалар ва ўлмас таълимотлар орқали танияпти. Лекин дунё Ўзбекистонни биз бугун яратган буюк асарлар ва ихтиролар орқали танишлари учун ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса фарзандларимизни ақлли қилиб тарбиялашни бугундан бошлашимиз керак.

Машқлар билан танишиб чиқдингиз. Фарзанд (ўқувчи)ларингизга ҳам уларни ўргатинг. Ҳафтасига ҳеч бўлмаганда турли машқларда камида бешта янги машқ тузишини назорат қилинг. Болангиз уч ойдан кейин аълочига айланади. Унга келажакда Олий ўқув юртига кириши учун ҳеч қандай репетитор керак бўлмайди. Ўқув юртининг ҳам энг илғор талабаси бўлади.

Мақола бошида япон, немис ва яҳудийларни ақлли халқ деб таъкидладик ва “Ҳўш бизчи ?” – деб сўроқ қўйдик. Жавоб эса бундай:

БИЗ ЭНДИ АҚЛЛИ БЎЛАМИЗ!

3.66 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.66 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    0.00 / 0

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
3.5 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Бахтиёр Шералиев 20/05/2018

Maqola yaxshi yozilgan, ko'tarib chiqilgan masala ham ijtimoiy ahamiyatga ega, lekin yarq etgan narsa chiqmayapti. Shu bois yaxshi bahoga loyiq ko'rdim

4 Мақсуд Саломов 20/05/2018
3.5 Қаҳрамон Асланов 20/05/2018
4.5 Ботиржон Шерматов 20/05/2018
4.5 Мансур Тангишов 20/05/2018
4 Шунқор Чориев 20/05/2018
3.5 Музаффар Назаров 20/05/2018
3 Абдумалик Носиров 20/05/2018
4 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
4.5 Маҳсуджон Асқаров 20/05/2018
4.5 Иноят Садикова 21/05/2018

To'g'ri tavsiyalar berilgan, lekin ikkita tayin muammo: 1. Bunday mashqlar yoshlarga nisbatan bo'linishi kk. 2. Rangli tasvirsiz bular bola uchun shunchaki gaplar bo'lib qoladi.

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 21/05/2018
5 Нодир Закиров 21/05/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 21/05/2018
4 Шерзод Шерматов 21/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
5 Олимжон Солижон ўғли 21/05/2018
4 Нигора Умарова 21/05/2018
4.5 Адҳам Отажонов 21/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 21/05/2018
3 Расул Кушербаев 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр