Ҳар куни телевизорда чет эл фильмлари-ю сериаллар намойиш этилади. Бироқ, ўзбек томошабини учун ажнабий фильмлар нима беради? Нега миллий телеканалларимиз бундай фильмларни керагидан ортиқ намойиш қилади. Бу очиқдан-очиқ хориж киносини реклама қилишга кирмайдими?
Фикримча, чет эл фильмлари намойишини миллий телеканалларимиз кескин камайтириши шарт. Ахир кунда чет эл киносини реклама қилгандан кўра ўзимизнинг фильмларимизни кўрсатган маъқул эмасми? Қачонгача телеканалларимиз эфирни хориж киносини билан тўлдиради? Наҳотки, ўзбек телевидениеси халқимизга кунда битта-иккита янги сериал ёки фильм тақдим этолмайди. Тўғри, сийқаси чиққан сериаллар ҳамма каналларда навбати билан айланиб туради. Лекин, бу томошабиннинг миллий сериалларга бўлган талабини қондирмаяпти. Телеижодкорларимиз вақтни қизғанади чоғи нуқул олган сериаллари 20, 30, 40 дақиқадан ошмайди. Нима учун сериалларнинг ҳар бир қисмини 1-2 соатлик қилиб олиш мумкин эмас? Шунда эфирни тўлдириш ҳам назаримда осон бўлармиди. Бундан табиийки, томошабин ҳам хурсанд бўларди.
Ишончим комилки, Ўзбекистон телевидениеси ижодкорларида миллий сериал ва фильмлар ишлаш учун салоҳият ҳам, имконият ҳам етарли. Қолаверса, “Ўзбектелефильм” студияси томонидан тез-тез сценарийлар танлови ўтказиб турилади. Наҳотки, ана шу сценарийлар орасида бирорта ҳам пичоққа илинадигани бўлмаса. Майли кўп қисмли сериалларни суратга олиш қийинчилик туғдирса, унда мелодрама жанрида бир ярим соатлик фильмлар олишсин. Зерикарли хориж мелодрамаларидан кўра ўзимизнинг фильмларимизни кўрган барибир бошқача-да. Айниқса, ўзбек актёр ва актрисаларимиздаги истара, ҳозиржавоблик ва ўзига хос маҳоратни чет эл артистларидан топиш амримаҳол.
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини бот-бот таъкидлайди. Яқинда Ёшлар иттифоқини тузиш чоғида ҳам бу масала кўтарилди. Айтиш жоизки, ёшларимиз тарбиясини бузаётган омиллар сирасига қайсидир маънода хориж фильмларини ҳам киритиш мумкин. Бундай фильмлар истаймизми йўқми ёшларда ғарбона ҳаётга бўлган ҳою-ҳавасни уйғотиб, бошқа халқларга тақлид қилишни кучайтиради. Шу боис, миллий телеканалларимиз хориж киносини имкон қадар камроқ намойиш этишлари мақсадга мувофиқ бўларди.
Сир эмас, чет эл фильм ва сериаллари катта маблағ эвазига сотиб олинади. Ундан кўра, ана шу пулларга ўзимизда кино олган афзал эмасми? Қолаверса, юртимизда хусусий киностудиялар талайгина. Уларнинг қўлига яхши сценарий тутқазиб, фильмга буюртма бериш мумкин. Бундай амалиёт хориж мамлакатларида анчадан буён қўлланиб келинмоқда. Бизникилар ҳам буни йўлга қўйсалар фойдадан холи бўлмасди. Ҳозирги кунда катта экранларимизга чиқарилаётган фильмлар сони кескин камайиб кетган. Суратга олинаётган фильмларнинг ҳаммаси ҳам катта экран юзини кўраяпти, деёлмаймиз. Шундай экан, айрим фильмлар телеэкран учун мослаштирилса ёмон бўлмасди. Телеканалларимиз эса турли мавзу ва жанрдаги фильмларга янада бойиган бўларди.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр