Саксон бирга кирган бобом борлар. Ҳар куни Қуръони карим хатм қиладилар, яна, ойига учта-тўртта роман, қисса ўқийдилар, бизга айтиб ҳам берадилар. Яқинда тоблари қочиб қолди. Врач ҳар куни чоракта ичиб турасиз деган дорининг яримтасини ичиб қўйибдилар. Бир ҳафта реанимацияда ётдилар. Сўнгра ўн беш кун муолажа қилишди ва “мана энди қондан ўша дорининг асоратини ювиб бўлдик”, деб даволаб, жавоб беришди. Чоракта дорининг юқини...
Аристотел давлат ҳақидаги назариясида уқтиришича, ҳар бир давлатнинг худди инсон каби “тана”си ва “руҳ”и бўлади. Истеъмолчилик эҳтиёжини қондириш билан машғул меҳнаткашлар – деҳқонлар, ҳунармандлар, савдогарлар, ёлланма ишчилар – давлатнинг “тана”си. Давлатнинг “руҳ”и эса – ҳарбийлар, судялар, қонун чиқарувчи кенгаш ва илм аҳли. Бамисли инсон учун муҳим бўлганидек, давлатнинг “руҳ”и “тана”сидан муҳимдир, дейди аллома.
Давлат сифатида, миллат сифатида бизнинг танамизда, руҳимизда, қонимизда қандай-қандай иллатлар борки, санаб адоғига етолмаяпмиз. Қайси “дори”дан қанча ичиб қўйганлигимизни, уларни қондан қандай ювиб ташлашни, бунга қанча вақт кераклигини билмай ётибмиз. Бизга берилганми, ўзимиз топиб ичганми, ё бизни нашавандга айлантириб, шу дорисиз яшолмайдиган қилиб қўйганми – ўша “дори”ларнинг ўзи нима эди?
Гапни чўзмай, “дори”ларнинг каттаси – қўрқув эканлигини айтиб қўя қолай.
Маълумки, ўғрилик энг қадимий “касб”лардан. Дунёдаги энг катта уруш ҳам ўғриликдан бошланган. Троя уруши. Ҳомер “Илиада”сини албатта ўқигансиз. Троя шаҳзодаси Парис Спарта подшоҳи Менелайнинг уйига меҳмон бўлиб борганида мезбоннинг рафиқаси Еленага ошиқ бўлиб, уни ўғрилаб кетади. Кейин юнонлар Троя устига бостириб борадилар. “Панчатантра”, “Авесто”, “Минг бир кеча”, “Калила ва Димна”... ҳаммасида ўғрилик ҳақида бор.
Ўша-а-а-а замонлардан буён ўғридан қўрқамиз, ўғриликдан қўрқамиз, бир-биримиздан қўрқамиз.
Бир-биримиздан қўрқмасак, бир-биримизни ўғри деб ўйламасак, уйларга, супермаркетларга, машиналарга камералар, сигнализациялар ўрнатишгача, ҳамма жойга девор, паржара, симтўр тортишгача етиб келармидик?
Барча нимасинингдир ўғриланишидан хавотирда. Бундай иҳоталанган ашёларни ўғирловчиларга қонунлар, жазолар ҳам ўйлаб топганмиз.
Аммо биз нашавандга ўхшаб кўникиб кетган, қўрқув – қўрқувлигини йўқотган, бизни бепарво, бефарқ қилиб қўйган, на жиноят кодексида моддаси, на жазоси мавжуд ўғриликлар бор.
Жазоланмайдиганлари – гап, вақт, қалб, умр, тақдир ўғриликарини қўятуриб, энг кичигидан бошлайлик, кейин каттасини айтаман. Ота-оналар боласининг таълим-тарбияси билан шуғулланмасдан, унга китоб ўқитмасдан – келажагини ўғрилайди. Бунга ном қўйиб олганмиз – вақт йўқ. Олиму ишбилармонлардан тортиб, кўп соҳанинг одамлари фикрни, ғояни ўғрилайди. Бунга ҳам ном қўйиб олганмиз – яшаш учун кураш. Билимлининг ўрнига билимсиз ўқишга киради – нималар эвазига ҳамма билади – орзулар ўғриланади. Бунинг ҳам номи бор – ҳамма шундай қиляпти... Буларнинг ўғрилик эканлигини эсимиздан ҳам чиқариб юборганмиз. Олдини олишга журъат нари турсин, ҳафсаламиз ҳам йўқ,
Чунки – энди каттасига келдик – ишонч ўғирланган. Бу каби ўғриликларнинг жазоланишига ишонмаймиз. Давлатга ишонмаймиз. Адолатга ишонмаймиз. Ўзимизга ишонмаймиз. Ҳеч кимга ишонмаймиз.
Шунинг учун тиш докторига ишимиз тушса, таниш орқали бормоқчи бўламиз. Ўғлимиз аълочи бўлса ҳам, ўқишга киритишга таниш излаймиз – ўзи киришига ишонмаймиз-да. Ишга кирмоқчи бўлсак таниш излаймиз, банкдан кредик олмоқчи бўлсак, машина олмоқчи бўлсак, ҳатто бирор танловга қатнашмоқчи бўлсак, таниш излаймиз.
Қонимиздаги иллатдан яна бири – бепарволик. Нималарга бепарвомиз?
Қадимда маҳаллаларда, қишлоқларда битта-иккита ўғри бўлган. Эл уларни ўғри бўлсаям ўзимизни ўғри деб, отни қашқасидай таниган-билган. Одамлар бегона ўғридан қўрққан – бошқа қишлоқдан, бошқа вилоятдан келадиган ўғридан. Ҳозир бизда бегона ўғрилар кўпайиб кетди. Ҳаёмизни, номусимизни, маданиятимизни, дунёқарашимизни ўғрилаб, худди бриллиант кўзли узугимизни сохтаси билан алмаштириб қўяётгандек, ўз мусиқаси, киноси, клипи, урф-одатлари, ақидалари, яшаш тарзи, кийими билан алмаштириб қўймоқда. Биз эса онг, қалб, кетма-кет келаётган авлодлар ўғриланаётганидан, болаларимиз сохтасига “алмаштириб” қўйилаётганидан, шафқатсиз, худбин, ҳаётдан лаззатланиб қолишга чорлаётган идеаллар яратилаётганидан ташвишга тушаяпмиз.
Камерани қаерга қўйсак экан? Деворни қаердан тортсак экан? Сим билан қайси ҳудудни ўраб олсак экан? Қаерга сигнализация ўрнатсак экан?..
Катта-катта амалдорларнинг ўғриликларини эшитиб ваҳимага тушардик. Фалон минг, фалон миллион... энди миллиардлаб суммаларни эшитиб ҳам ҳайратланмай қўйяпмиз. Тепадагиларнинг ўзи шундай бўлгандан кейин... Ишонч ўғирланган эди.
Талабалик пайтимда мен ва тил биладиган икки курсдошим Олий Мажлисда амалиёт ўтаганмиз. Рус тилида тайёрланган қонун лойиҳаларини ўзбек тилиги таржима қилардик. Ҳар куни дарсдан чиқиб, Олий Мажлис ҳовлисини ўраб турган панжара ташқарасида рухсатнома бериладиган мўъжазгина бино бор – шу ердан рухсат қоғозини олиб кирардик. Қабул ва мурожаатларни тинглаш учун эшиксиз, хонасифат, очиқ бир жой ҳам бор эди. Офтобда майиз бўлиб қолган, қўлидаги даста-даста қоғозга қандайдир ташкилотларнинг, кафтига ва юзига эса машаққатли меҳнатнинг муҳрлари босилган одамларнинг мулозимлар қаршисида адолат истаб кўзига ёш олганларини кўп кўрганман. Тасаввур қилинг. Тепада қонунлар ёзиляпти. Биз ўтирволиб таржима қиляпмиз. Пастда ҳақиқат истаб келган чорасиз, ишонч ўчиб қолган кўзлар... Чидолмай ташлаб кетдим.
Биринчи Президентимиз “Ўғри бўл, инсофли бўл” деган гапни кўп такрорларди. Муққаддас китобларда “инсофли”, “оз-моз” деган жойи йўқ, ўғриликдан бутунлай қайтарилган.
Шавкат Мирзиёев “Ўғри бўлма” деяпти. Ўша мансабини суистеъмол қилган корчалонларга муттаҳам, ўғри, халқнинг пули бу, жойига қўй, деяпти. Ўша ўғриланган ишончни қайтараман, деяпти. Фикрлашни ўзгартираман, деяпти. Порталлар, “Халқ қабулхоналари” – уларнинг қандай ишлаётгани алоҳида мавзу – ҳеч бўлмаса гапириш қўрқуви йўқолишига хизмат қиляпти.
Булар қондаги қўрқувни, ҳафсаласизликни, бепарволикни ювиш, ишончни қайтариш муолажаси. Бу муолажа ҳали узоқ давом этади.
Мен нажотни маърифатда, инсон ўз-ўзини ўзгартиришга қадам ташлашида, бадиий китоблар қалбларни (секин бўлса-да) эзгулик, инсоф, ватан, миллат манфаати туйғуси билан даволашида деб биламан.
Шунинг учун диққат эътибор қаратилаётган китоб мутолааси саъй-ҳаракатларига қўшимча таклифим бор.
Дейлик чиқариш, етказиб бериш вазифалари бажарилди, миллионлаб маблағ сарфланиб китоблар ёшларнинг эшигига қадар келтириб берилди. Энди савол туғилади – улар ўқийдими?
Адабиётга, китобхонликка қизиққан саноқли ёшларни, бир икки тадбирлар ва танловларни назарда тутиб “Ўқийди” деб жавоб беришдан олдин, очиқ тан олиш керакки, бугунги дунёқараш: “Китоб ўқишдан менга нима фойда?” деган саволни қўяди. Бу “фойда” дегани “менга нима зарурати бор” дегани. “Маънавиятинг юксалади, дунёқарашинг кенгаяди” ва ҳоказо маърифий жавоблар уни қониқтирмайди. Уни келажакдаги ҳаётий ниятларини амалга ошириш учун китоб ўқиш заруратини, “фойда”сини ҳис қилдирадиган аниқ Сабаб керак.
Шунинг учун китобхонлик ва китоб мутолааси маданиятини ошириш борасидаги ҳаракатлар аниқ натижа бериши учун аҳолининг барча қатламларида, айниқса, ёшларда китоб мутолаасига Эҳтиёж, Зарурат ва Мажбурият вазиятини яратиш лозим.
Бунинг учун йўналишидан қатъий назар барча олий ўқув юртларига кириш учун синов тестлари топширишдан олдин иншо ёзиш имтиҳонини жорий қилиш ҳамда барча мутахассисликлардаги ўқув дастурларига адабиёт дарсларини киритиш зарур.
Чунки, иншо имтиҳонига тайёрланиш мактаб давриданоқ китоб ўқиб боришни тақозо қилади. Мунтазам адабиёт билан танишиб бориш эса фикрни, дунёқарашни, орни, номусни, ўз-ўзига ишончни, бир-бировига ишончни тарбиялайди. Қалбдан қўрқувни, бепарволикни, лоқайдликни ювади, ўзини миллат деб ҳис қилишни ўргатади..
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
12 та фикр