Тошкент Давлат Техника Университети Энергетика факультетида ўриндош сифатида кузги семестрда “Энергоаудит ва энергомониторинг асослари” фанидан талабаларга маъруза дарсларини олиб бордим. Семестр сўнгида талабалар билан алоҳида суҳбатлашиб feedback олишга ҳаракат қилдим. Мақсадим яна шу фандан дарс берсам нималарни ўзгартиришим кераклигини аниқлаш, талабалардан “пичоққа илинадигани”ни “кўз остимга олиш” ва кейинчалик ҳамкорлик қилиш, уларнинг режалари билан қизиқиш, тавсияларимни бериш ва имконим даражасида йўл-йўриқ кўрсатиш эди. Суҳбат давомида улар менга савол беришлари ёки танқид қилишлари керак эди. Кутилмаганда бир қанча талабалар “Устоз, бу фан менга нега керак бўлади?” деб савол беришди. Саволнинг остида келажагига ишончсизлик ва аниқ режанинг йўқлиги каби ёқимсиз оҳанглар бор эди. Менимча Олий таълимнинг кутилган натижа бермаётганига мана шундай ноаниқлик сабаб бўлса керак. Талаба фанни нега ўрганиши кераклигини тўлиқ билмайди. Олдимда қисқа вақтда уларга ҳам фанни мақсадини тушунтириш ва ишончсизлигини олиб ташлаш топшириғи пайдо бўлди. Шунда мен уларни 4–5 йилдан кейинги ҳолатини кўз олдига келтиришиларига ҳаракат қилиб кўрдим. Бунда кўп ташкилотларда энергоаудит жараёнида кузатганим вазиятлардан фойдаландим. Шундай суҳбатларни бир қанчасини келтириб ўтаман.
Раҳбарга айланган талаба
- …
- Устоз, иссиқлик энергетикаси талабасиман, энергоаудит менга нега керак?
- Келинг тасаввур қилиб кўрамиз. Сиз ўқишни битириб, бир корхонада иш бошлайсиз. Яхши ўқигансиз ва билимингиз етарли, демак сиз тезда назарга тушасиз, ўзингизни кўрсатасиз. Ёшларга катта ишонч билдирилаётган вақтда бир кун (президент ёки вилоят ҳокими олиб бораётган) мажлисда сизни банкрот бўлган корхонага раҳбар қилиб сайлашади. Сиз корхонанинг банкрот сабабларини, харажатларини ўрганасиз ва уларни камайтиришга ҳаракат қиласиз. Ишчи ходимларни қисқартираолмайсиз, ойлигини тушираолмайсиз, хом-ашё харажатларини камайтираолмайсиз. Демак, олдингизда ишлаб чиқаришда ишлатиладиган электр энергияси ва табиий газ харажатларини камайтиришдан бошқа йўл кўрмайсиз. Ишни нимадан бошлайсиз?
- …
- Агар энергоаудит асосларини билганингизда энергия истеъмолини асл ҳолатини аниқлаш учун ички ёки ташқи энергоаудит ўтказишдан бошлар эдингиз. Энергиятежамкор технологияларни жорий қилиш ва энергия самарадорлиги юқори режимларни аниқлашдан бошлар эдингиз.
- Ха, яна энергия самарадорлиги кўрсаткичларини таҳлил қилган ҳолда, энергомониторинг ишларини ташкил қиламан…
- Ҳа, сиз мен иссиқлик энергетика талабасиман, электр энергетикасини яхши билмайман, технолог эмасман деб ўтираолмайсиз. Ахир сиз энди корхонада ишлаётган ишчиларнинг оиласи учун ҳам масъулсиз…
- …
Тўйхонада ишлайдиган талаба
- …
- Сиз ўқишдан ташқари вақтда тўйхонада ишлар эдингиз-а?
- Ҳа шундай.
- Агар сиз энергоаудитор каби энергия истеъмоли учун синчков бўлганингизда тўйхона сарфларини камайтириш учун раҳбарга таклифлар берган бўлар эдингиз. Масалан, идишларни ювишга ишлатиладиган иссиқ сувни ўчоқ ёнидан қувур олиб ўтиш билан ҳал қилиб газни тежаб қолар эдингиз. Кейинги ойда сув тежовчи жўмракларни тавсия қилиб сув истеъмолини яримигача тежар эдингиз. Тўйхона фойдасини оширсангиз раҳбар нима қилади деб ўйлайсиз?
- Премия беради ёки мени даражамни ошириши мумкин.
- Ҳа, бу менинг ишим эмас деб ўйласангиз, оддий ишчи бўлиб юраверар эдингиз…
- …
Бўлим бошлиғига айланган талаба
- …
- Тасаввур қилинг, сиз корхонада қозонхона бошлиғисиз. Сиз табиий газдан фойдаланиб иссиқлик энергияси ишлаб чиқарасиз, аммо бу корхона истеъмоли учун етмайди. Энг осон варианти қуввати каттароқ бошқа янги буғ қозонини ўрнатиш. Аслида эса ишлаб чиқариш бўлимларида шу буғни тежашнинг оддий усулларини йўлга қўйиш мумкин ва шу билан самарадорликка эришиш мумкин. Сиз эса бу менинг вазифам эмас, деб самаралироқ таклиф бермайсиз. Нима бўлади?
- Шу таклифни берган бошқа одам катта эҳтимол билан мени ўрнимни эгаллайди…
- Ҳа…
Энергиятежамкор аёл
Дарс вақтида мен энергетика соҳасида ишламайман, уйдагилар рухсат беришмайди деган ёш фарзанди бор талаба қизлардан бири билан бўлиб ўтган суҳбатдан парча.
- …
- Уйда энергиядан энг кўп фойдаланадиганлар аёллар эканлигини билмайсизми? Бу кўпроқ сизга керакку. “Ўзбекона оилавий энергосервис шартномаси” номли блогпостимни ўқиганмисиз? (талабаларим блогпостларимни ўқиб, таҳлил қилишини эшитган эдим)
- Ҳа, ўқиганман ))
- Мана шундай энергиятежамкор аёл бўлсангиз ва оила ҳаражатларини камайтирсангиз, бу ҳам фойда келтириш бўлади. Агар шартнома тузиб олсангиз, совғали ҳам бўлиб оласиз?
- …
Талаба vs бухгалтер
- …
- Тасаввур қилинг, сиз ишлаётган корхонада яқинда энергоаудит ўтказилган. Энергоаудит сўнгида ишлаб чиқилган энергия самарадор чора-тадбирларни жорий қилишда раҳбар шу фанни ўқиган ёш кадр сифатида сизни ҳам мажлисга таклиф қилди. Аммо, у мажлисда бухгалтер кўп ҳаражатли бу энергиятежамкор технологияни сотиб олиш корхонага зарар бўлишини уқтирябди. Сиз нима қиласиз? Жим ўтирасизми? Агар энергия самарадорлиги юқори технология корхона маҳсулоти рақобатбардош бўлишида муҳимлигини асослаб берсангиз ва бухгалтерга Жаҳон банкининг энергиятежамкор технологиялар учун имтиёзли кредит линияси бўйича маълумот берсангиз нима бўлади? Балки шу мажлис иш фаолиятингизда бурилиш нуқтаси бўлар…
- …
Умуман олганда бундай суҳбатлар менга Олий таълим тизимида талабалар билан психологик тестлар ва ҳар хил таҳлилий-амалий вазиятлар (case study) билан ишлаш кўникмасини шакллантириш керак эканлигини кўрсатди.
Талаба ўқишдан кейинги тушиши мумкин бўлган ҳолатни ҳис қилиб кўриши учун ҳам шундай вазиятларни ишлаб чиқишимиз керак. Шу вазиятга тушган талаба ўз даражасини ҳис қилаолади. Ўзим талабалигимда кўп тажриба иш ва амалий машғулотларни бажарганман, аммо диспетчерлик курсисида бажарган тажриба ишимни ҳозиргача эслайман. Бошқаларида негадир ёқимли ҳиссиёт ва адреналинни ҳис қилмаганман. Балки бунда ўқитувчимнинг касалхона жойлашган тармоқни нотўғри ўчириб қўйган вазиятимда “операциядаги одам нима бўлди? Ана энди эртага прократурага чақириласан!” деган таҳдидли эътирози таъсир қилгандир. Шу ҳолатда ўзимни энергетик эканлигим ва масъулиятимни ҳис қилган бўлсам керак.
Агар ўқитувчи ҳам талабаларга билим беришда имкон даражасида индивидуал ёндашса ва уларни “қозонда қайнатаолса” улар таълим стандартида белгиланган ҳар бир фанни мақсадини тушунган, шунга кўра масъулиятли ўқиган бўлар эди. Қарс икки қўлдан чиқади. Айб биз ўқитувчиларда ҳам бор. Мана шу мен олган энг катта дарс ва feedback бўлган.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
13 та фикр