Менинг амаким, Ўзбекистон фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, республикамиздаги асосий Навоийшунос олим, Азиз Пўлатович Қаюмовни кўпчилик яхши билади. Амакимнинг ҳаётлари давомидаги жуда қизиқ бир фактни сизларга тақдим қилмокчиман. Азизхон амаким, Усмон Юсупович Юсуповдан бошлаб, Шавкат Миромонович Мирзиёевгача бўлган хамма Ўзбекистон биринчи раҳбарлари билан шахсан мулоқот қилган ватанимиздаги ягона инсон ҳисобланадилар. Бирлари билан кўпроқ, бирлари билан камроқ бўлса хам, бир неча марта кўришиб гаплашишган.
Усмон Юсупович Юсупов.
Амаким 1926 йилда Қўқон шаҳрида туғилиб, мактабни битириб, Нефт техникумида таҳсил бошлашган пайтларида, Усмон ота Қўқон шаҳрига келадилар. Ҳукумат боғида, Қўқонлик машҳур шоир Асқарали Чархий билан суҳбат чоғида, Усмон ота классик қўшиқ айтиб берувчи хонанда чақиришни сўрайдилар. Чархий домла таклиф қилган қўшиқчининг куйини эшитиб таъсирланган ота, қўшик шеъри муаллифини сўрайдилар. Чархий домла, шеър муаллифи, ўзларининг шогирди, ўн олти ёшлик, Пўлотжон дўстларининг уғли Азизхон эканини айтадилар. Боққа тезда чақиртирилган Азизхондан яна шеър ўқиб беришни сўрашади. Азизхон, ҳавоскор шоирлигини айтиб, Усмон ота ташкиллаштирган ката Фарғона канали ҳақидаги шеърларини ўқиб беради. Суҳбат давомида Азизхон, Усмон отанинг эътиборини шундай қозонадики, уни Тошкентга, ота ўз уйларига олиб кетишларини айтадилар. Тошкентга келиб амаким, Ўрта Осиё Давлат Университетининг шарқшунослик факультетида ўқишни бошлаб, Усмон отанинг ҳовлиларида, у кишининг ўғиллари Влад Юсупов билан битта хонада бир неча йил яшашади. Усмон ота амаким учун иккинчи отага айланадилар. Отанинг вафотларигача бирга бўладилар.
Амин Эрматович Ниёзов.
1950 йилда Усмон ота марказга кўтарилгандан сўнг, Ўзбекистон раҳбари қилиб тайинланган Амин Эрматович билан, шарқшунослик илмий текшириш институдида ишлаётган Азизхон амаким, олдиндан таниш бўлганликлари сабабли яхши муносабатда бўлишади. Илм фан, адабиёт мавзуларида кўп маротаба суҳбатлашишади.
Нуриддин Акрамович Муҳитдинов
1955 йилдан 1957 йилгача биринчи раҳбар бўлган Нуриддин Акрамович бир неча марта Азизхон амакимни таклиф қилиб суҳбат қурган.
Собир Камолович Камолов
1957 йилда тайинланиб, икки йил раҳбарлик қилган Собир Камолович хам, амакимга эътибор қаратган ва уз йўналишларига оид мажлисларга мулоқотга чақиртирган.
Шароф Рашидович Рашидов.
1962 йилдаги катта мажлислардан бирида нутқ сўзлаётган, у вақтда докторликни ёқлаган Азизхон амаким, залда ўтирган Шароф Рашидовичнинг эътиборини ҳам тортадилар. Биринчи таклифдан сўнг, амаким Шароф Ращидович билан бирга ишлай бошлашади. Мансабпарастликни умуман ёқтирмайдиган амакимни, Шароф Рашидович турли лавозимларга тайинлаб, 1983 йилги вафотларигача жуда яхши муносабатда бўлишган.
Ином Бузрукович Усмонхўжаев.
Амаким у пайтларда қўлёзмалар илмий текшириш институти раҳбари эдилар, Ином Бузрукович билан олдин таниш бўлганлари учун кўп марта у кишининг таклифи билан суҳбатлашганлар ва кўп лойиҳаларни амалга оширганлар.
Рафиқ Нишонович Нишонов.
Рафиқ Нишонович, амакимни икки марта чақиртирганини айтишган.
Ислом Абдуғаниевич Каримов.
Азизхон амаким Ислом Абдуғаниевич билан тўрт марта ҳамсуҳбат бўлганларини айтганлар. Делегация билан бир марта Туркияга бирга сафар қилганлар. Академиклик унвони билан президент шахсан табриклаганлар. "Миллий тикланиш" партияси раҳбари ва Олий мажлис депутати бўлган пайтлари ҳам, Ислом Абдуғаниевичнинг қабулига чақиртирилганлар.
Шавкат Миромонович Мирзиёев.
Шавкат Миромонович билан икки марта, президент ўтказган академиклар йиғилишида ва фанлар академиясига ташриф буюрган пайтларида, самимий суҳбатлашишган. Президентимиздан бир марта ҳат олганлар. Бир неча ойдан кейин 2018 йил 92 ёшда февралда вафот қилдилар.
Айтганимдек Азизхон амаким, раҳбарларимиз билан учрашув қидирмаганлар. Фақат таклиф қабул қилганлари, биринчи раҳбарларимизнинг хаммаларини қандайдир эътиборларига сазовор бўлганликларини билдиради. Амакимни шу қизиқ фактлар ҳақида менинг илтимосим билан, хотиралар ёзишни ваъда қилган эдилар. Афсус улгурмадилар.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр