Тўйлар – ўзбекнинг қон-томирига сингиб кетган, миллатнинг энг юксак орзу-умидларини ўзида мужассам этган тантана ҳисобланади. Фарзанд кўрган инсон борки, унинг бахт-камолини, тўйини кўрай деб ният қилади. Қизи бор хонадон у туғилганидан бошлаб сандиғига сарпо ташласа, ўғил кўрганлар бир жонлиқни тўйга атаб боқишади.
Афсуски, кейинги йилларда тўйлар билан боғлиқ орзу-ҳавасларнинг бўйи осмон қадар чўзилиб, асл моҳиятини йўқотмоқда. Одамлар ёшларнинг бахти учун эмас, ким ўзарга тўй қилишаётгандек туйиляпти. Худди “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Ойпошша сингари “Душманларим аламидан куйиб ўлсин дейман-да...” қабилида иш тутишаётганга ўхшайди.
Афсуски, замонавий тўйлар, улардаги исрофгарчилик ва ортиқча дабдабалар ҳақида қанча кўп гапирилмасин, ёзилмасин, тавсиялар ишлаб чиқилмасин амалда ҳеч қандай натижа бермаётган эди. Муҳтарам Президентимиз зиёли қатлам вакилларини ўйлантираётган муаммога ечим топиш мақсадида, маърузаларида тўйлар масаласига жиддий эътибор бердилар. Тўйга ташриф буюрувчи меҳмонлар, хонандалардан тортиб, дастурхонга тортиладиган ноз-неъматларгача белгилаб берилиши ва назорат қилиниши таъкидлаб, дабдабали тўйлар нафақат иқтисодимизга, балки, жамиятимизда коррупциянинг илдиз отишига замин яратиши ҳақида айтиб ўтилди. Кўнгил тубидан отилиб чиққан самимий гаплар нечоғлик аччиқ бўлмасин, ҳақлигини инкор этолмаймиз.
- Юртбошимизнинг жон куйдириб минбарда айтган гаплари ҳақида кўп ўйладим. Ҳақиқатан ҳам болам деб яшайдиган, топганини ўзи емай тўй-тантанасига асраб яшайдиган ўзбекнинг юзига кўзгу қаратгандек бўлдилар, - дейди таҳририятга қўнғироқ қилган Муқаддам Саъдуллаева исмли онахон. – Ёшим 56 да, уч ўғил, бир қизнинг онасиман. Ёлғиз бошим билан тўрт фарзанднинг тўйини қилиб, унинг заҳматини тортган аёлман. Тўй қилиш осонмас, айниқса рўзғорбоши аёл бўлса, унга икки ҳисса қийин экан. Тўйдан аввал қудаларим билан маслаҳатлашиб, маросимларни қисқартириш ҳақида таклиф киритиб кўргандим. Унашмади, одамлар гап-сўз қилишмасмикан, деб истиҳола қилишди. Улар келин салом, чаллари каби маросимларни қисқартиришмагач, мен ҳам қарз ҳавола қилиб бўлса-да, 450 кишилик тўйхонада тўй бердим. Бир кунлик тўй ўтди-кетди, ундан кейин бир йилга яқин тўйнинг қарзини тўлаш учун рўзғордан қисишимга тўғри келди. Тўй ёшларнинг бахтини кафолатламайди, шундай экан ортиқча дабдаба ва маросимлардан воз кечганимиз билан ҳеч нарса йўқотмаймиз. Аксинча, исрофгарчилик учун сарфланаётган пулларни фарзандларимизнинг таълим олиши, ҳунар ўрганиши учун сарфлаганимиз маъқул, - деди куюнчаклик билан мухлисамиз.
Кети узилмаётган қўнғироқлардан яна бирида тўйлар мавзусида гап кетди.
- Мен Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшайман. Яқинда пойтахтлик бўлиб кетган қариндошларимизнинг нон ушатар маросимига бориб, оғзим ланг очилиб қолди. Катта ҳаражат ва ҳаракат натижаси ўлароқ кичик маросим ҳам тўйга айланди. Тоғорадаги ош-овқатнинг кети узилмайди. Бутун қўзичоқдан тортиб, бедана, жўжа ва балиқ кабобларгача бор. Ширинликларнинг хилла-ҳиллиги ва уч қаватли патнисдаги меваларнинг ранг-баранглигини гапирмаса ҳам бўлади. Сарпа суруғ – келин ва куёвдан ортиқ, уларнинг она-онаси, бувиси, амма-ҳоласига ҳам тортиқ этилди. Кичик қутичаларга солинган патир, ҳолва ва магизнинг бежиримлигини бузмаслик учун уни очгингиз ҳам келмайди. Хуллас, тўймисан тўй. Майли ҳаммани тўйга етказсин, топгани тўйга буюрсин, дедим. Эртаси куни сафаримиз қариб, йўлга отландик. Мезбон бироз хижолат чекиб, “Қўшним сизларни автовокзалга олиб боради”, деди. Ҳамроҳимга кечаги нон ушатар маросими ҳақида оғзимни тўлдириб гапираётгандим, “Эҳ ака, бундай тўйнинг кимга кераги бор? Шўрлик қўшнимиз бўлажак қудаларнинг олдида тилимиз қисиқ бўлмасин, деб машинасини сотибди. Ҳали тўйни ўтказгунча, бор-будидан айрилмаса бўлди”, деди. Унинг гапидан хиппа бўғилдим, эсли-ҳушли одамларнинг қилаётган иши шундай бўлса деган ҳаёлда автовокзалга ҳам бориб қолибман, - дейди деновлик нафақадаги шифокор Аҳрор Қўчқоров.
- Шахсан мен дабдабали тўй ўтказаётган фуқороларнинг қўшимча солиқ тўлашлари ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлайман, - дейди Самарқанд шаҳридан қўнғироқ қилган мухлисларимиздан бири. Бундай инсонлар сабаб, бошқаларда ҳам тўйни шундай қилишим керак, деган тушунча пайдо бўлаяпти. Охирги икки-уч йилда тўйлар билан боғлиқ янгича урф-одатлар шунчалик урчиб кетдики, тўй қилаётган одамнинг боши каловлаб кетиши аниқ. “Love story”, “Гул отиш”, “Келин-куёв вальси”, “Келин-куёв дуэти” каби янгиликлар кўпайиб кетди. Улар ўз-ўзидан ташкил этилмайди. Яқинда ҳамкасбларимдан бири тўй қилди. Ресторандаги катта мониторда келин-куёвнинг тўйдан олдин тушган суратлари намойиш этилди. Миллий ва замонавий суратлар барчанинг эътиборини тортди. Уни кўриб бир кулгинг, бир йиғлагинг келади. Хотин-у, эркак билан тўлган жамоа ҳали чимилдиқ кўрмаган келиннинг юзи-кўзини томоша қилишяпти, куёвтўра эса жуфтининг белини қучиб тушган суратларини ошна-оғайнилари билан баҳам кўраяпти.
Тўй давомидаги яна бир “маросим” эътиборимни тортди. Адашмасам, гул отиш маросими мексика сериалларида намойиш этиларди. Замоннинг зайлини қарангки, устамон халқимиз бу одатни ҳам ўзлаштириб олибди. Даврабоши “Оила қуришни истаган қизлар борми?” деганди келиннинг дугоналари шоша-пиша ўрниларидан туриб, майдон марказида саф тортишди. Келинбола улоқтирган гулдастани талашиб-тортишиб қўлга киритишди. Бунинг маъноси шуъки, гулдастани ким қўлга киритса, яқин орада турмушга чиқар экан. Гулдастани қўлга киритган қиз қувончдан ўзини қўярга жой тополмасди. Замонасига ярашада, илгари қизлар турмушга чиқасанг дейишса юзи қизариб, уятдан уни кафтлари билан тўсарди, ҳозиргилар эса, - деди самарқандлик ўқитувчи Ашур Бойқўзиев.
Хуллас, таҳририятимизга шу мавзудаги қўнғироқларнинг ва йўлланаётган мактубларнинг кети узилмаяпти. Муштарийларнинг фикрлари тинглаб, ўйга чўмасан киши. Нима ўзбекнинг тўйдан бошқа ташвиши, орзу-умиди йўқми? Нима учун бир кунлик тўй учун 10 йиллик меҳнат маҳсулини совуриши, кези келганда соғлиги учун аяган пулни кераксиз маросимларни ўтказишга сарфлаши керак?
Хориж сериалларини томоша қилиб, қаҳрамонларнинг тўкин ҳаётига ҳавас қиламиз. Улар йилда 2-3 бор хориж сафарларига чиқади, табиат қўйнида дам олади. Чунки уларда ортиқча урф-одат, маросимлар йўқ. Улар топганини кераксиз орзуларга сарфламайди. Борида соғлигини асраб, ҳаётдан баҳра олиб яшайди. Биз-чи, қачон ўғил-қиз ва набираларнинг тўйидан ортиб, ўзимиз учун яшашга вақт аратамиз?!
Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри ёдимга тушди.
НЕГА ЯПОН ЮЗ ЙИЛ ЯШАР?
Нега япон юз йил яшару
Ўзбек бунча ёшга бормайди?
Чунки япон биздек қоронғу
Саҳар туриб ошга бормайди.
Таъзияда эл кўзи учун
Минг кишилик зиёфат қурмас.
Ҳайити йўқ, бел боғлаб уч кун
Шамдай қотиб кўчада турмас.
Гарчи биздан юз бор фаровон,
Гарчи биздан юз карра тўқдир.
Тўй харжида юзта бой япон
Бир камбағал ўзбекча йўқдир.
Бу сўзимни японга айтсам
Деди баттар қисиб кўзини:
—Япон бундоқ яшолмас ҳеч ҳам,
—Харакири қилар ўзини.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр