Ташқарига “кириш”
Қудуқ чуқурми, арқон калта?
Хитой халқ мақоли
I чорраҳа:
— Ойи? Ойи-и?
— Нима дейсан?
— Кўчага кириладими, чиқиладими?
— А?
— Кўчага... кириладими?
— Уф-ф, шунақа гапларингни қачон йиғиштирасан-а-йей? Кап-катта бола...
— Айти-инг, кўчага...
— Э, бо-ор, ўша кўчага... даф бўл! Индамаса, то-озза...
Олти яшар, “кап-катта” болакай, тумшайганча ташқарига йўналди. Эшикни очдию, туриб қолди. Баланд қилиб қўйилган “тилбузар”, тинимсиз “жиноят кўчаларига кириб кетаётган” ёшлар ҳақида жаврарди;
II чорраҳа:
...Милодий XIII асрнинг иккинчи ярми. Бағдод. Ҳукмдор саройи. Аҳли уламо қизғин баҳсга берилган. Мавзу: “Аллоҳ э-энг аввало, ибтидода нимани яратган?”. Пешволар бир неча тарафга бўлиниб олган, ҳар биттаси ўзиникини ўтказишга тиришарди. Тўрда ўтирмишларидан биригина алланечук хомуш, сукутда эди. Аҳён-аҳён теграсига назар ташлаб, билимлар намойишига нимтабассум-ла “қатнашиб” қўярди. Оғизларидан тупук сачратган кўйи бақириб-чақираётган замона зиёлиларидан юраги увишар, улар авжланган сари унсизлашиб, нафас олиши ҳам сезилмай борарди.
Илм-урфон бобида унча-мунчасини “бир чўқиш”да қочирадиган, башарти ҳозир сўзлаганда ҳам, анави “аналҳақ”ларни ер чиздириб қўядиган бу аллома нечук жим, мунозарадан хорижда?.. Йўқ, бунинг боиси на бефарқлик, на беписандликдир. Билъакс, ғалаён унинг ботинида борарди: “...улус очлиқ, муҳтожлиқдин мук тушуб, ўлаётғон бир паллада булар... Уҳ-ҳ, илм бисёр ўлуб, идрок етишмаса-да муаммо... Валек, кўнгул бу кун... бўлак бир тараддуд ичра? Гўё, ҳадемай, у... муносиб ҳабибини, ҳамрозини топғуси... Валло-оҳ!..”.
Ниҳоят, ул зотга ҳам дов беришди:
— ...Мавлоно, Сиз не фикрдасиз?
— ...Сўйланг, тақсир, қулоғимиз Сизда?
— ...Уламолар кутиб қолишди, ҳазрат?
— ...Ухлаб қолдилар, чоғи?
— ...Кўзларини очиб-а?;
III чорраҳа:
...Қишлоқ. Ёз ўрталари. Тик туш. Янги ҳовлининг чала-ярим созланган хоналаридан бирида икки йигитча, ёнма-ён ўтирибди. Биттаси — ёши кичикроғи, иккинчиси — “кўп кўйлак йиртган”роғига, беўхшов чиққан муҳаббатини айтиб беряпти: “...э-э, ака, шетиб мен уни беҳаз-зил яхши кўриб қолувдим. Лекин... анишу гапидан сўғин... совублар кетдим-ей, қандайдир. Энди, кимди боласи бўсаям, қишлоқ ҳақида, қишлоқлиқлар ҳақида... бундайчикан гап қилиши... натўври-да. Кейинчи, ака, бир нарсага ҳайрон қолдим: бетида, тамақларида, қўлларида... майда-майда, оқиш доғлари боракан. Ўзиям... мендан баттар қарача, қовжираққина қизакан. Товба-а, дейман ҳалигача, нимасини яхши кўрганаканман?..”.
Дардкашининг дами ичига тушиб борар, ахир унинг-да оламидаги бир шаҳар “шалола”си — фақат ток кучи, сунъий қувват билан ишлайдиган “фаввора”га дўниб борарди, наздида;
IV чорраҳа:
...1917 йил. Декабрнинг бошлари. Петроград. Муваққат марказқўм биноси. Навбатдаги махфий кенгаш. Ўнғайсиз сукунат. Афтодаҳол аъзолар бир-бирига саволомуз қараб қўймоқда: са-ал оширвормадимикан?
Нима эмиш: “Агар ҳокимиятни қўлда тутиб қолишга муваффақ бўлинса... мамлакатнинг ҳамма бойлигини ҳам қўлга олиш керак... Ҳамма ғаллани, ҳамма озиқ-овқат маҳсулотини, ҳамма тураржойларни, хуллас, одамларнинг тириклиги нимага боғлиқ бўлса, шуларнинг барини эгаллаш керак. Сўнгра уларни шундай тақсимлаш керакки, силласи қуриган ва очликдан кўп хўрликлар кўрган одам, бор-йўғи нон карточкаси учун бажонидил меҳнат қиладиган ва умуман буюрилган ҳар қандай ишни бажарадиган бўлсин. Жуда оддий ва доҳиёна!”.
Ҳа, чаккимас. Аммо... қандай қилиб? Шусизам халқни бир сидра шилдик, шиляпмиз. Ойига ҳатто юз сўм даромади борларниям “буржуй”га чиқариб, билганимизни қиляпмиз. Буёғи... қандай бўларкин?
Жуда оддий буёғиям, жаноблар, доҳиёна фикрнинг давомини, асосини эшитинг: “...бадавлат одамларга қўлланадиган мажбурий меҳнат принципини аста-секин... ишчи-деҳқон меҳнаткашларга нисбатан қўллашга ўтмоғимиз керак”.
Ана холо-ос, керакмиди! Чўғ устида ўтиргандай ғимирлаб қолишди. Тоқатсиз томоқ қириб қўйишар, азбаройи жиғилдонларини жизғанак қилаётган саволларни ютишга, қайтаришга чиранишарди.
— ...Россиядан нима қолади, ахир?, юрак ютиб минғирлади биттаси. — Бунинг оқибатида минг йилдан бери яшаб келган Россия бутунлай мавҳ бўладику?!
Шундоғам мум тишлаган машваратчилар, бадтар пилдирпис бўлиб, жавобни кута бошлашди. Даҳрийлар доҳийси “бемаврид ватанпарвар”га қаттиқ тикилди:
— Эсингизда бўлсин, азизим... Россияга тупураман! Чунки, мен — большвекман!
Аъзолар, илонни кўрган бақадай танг қотишди. Вақт қўрғошиндай қуюлиб, ўртага чўкиб қолганга ўхшар, изғириннинг изиллашигина жимликнинг жиғига тегаётгандек эди;
V чорраҳа:
...Етти йил бўлди (балки, ўн йилдир?) — у иш қидиради. Топгандай, ялчигандай бўлган “шанс”лар ҳам учрадию, эвазига... Ўшандай пайтларда фақат бир нарсадан — эркак эмаслигидан ғижинарди. Йўқса битта-иккитасини, ҳеч инжилмай, чиққан жойига...
Ўзиям шу дардисар иш илинжида эшикма-эшик юрувриб, турфа хотинакларни кўрувриб... эркакбитиш бўп кетди. Ҳар тур сўкинишу қарғишларнинг кифтини келтирар, бир неча шеваларда бафуржа ҳангама қила оларди. Камига: туманида нечта муассасаю ташкилот бор, қайси бири қаерда жойлашган, катталари ким, уларнинг ўринбосару котибалари қанақа кимсалар, ойликлари қанчаю “олиш”лари қанча, биргина ўзлари нечталаб ўринни “банд”лаб ўтиришибди, уруғ-аймоқларичи... ҳамма-ҳаммаси борасида “справочник”ка айланиб қолганди.
Сирасини айтганда-ку, шунча вақт оралиғида бирорта институт-пинститутда ўқиб чиқсаям бўларкан. Минг қилсаям, “ўрта маълумот” билан... “ўтириб” қолиш ҳеч гапмасакан-да. Ундай деса, шу, “ўрта”ниям ялчитмаган қа-анчаси ишли-жойлику?.. Жонга тегди, номига бўсаям иш чиқса, бас, ҳар қандай ўрлигу ўсмоқчилашни йиғиштириб, кўнади!
Ичу ташида шунақа аҳд, мана, ярим кундирки, ишберар идорада соат билан “кўз уриштиряпти”. Эрталаб хабар беришганди(тўғрироғи, ўзи, неча сон мингинчи марта хабар олганда, айтишганди): битта иш ўрни бор, шошилмаса унданам...
Қанақа иш, нима иш... тайин-тутуруқли гап айтишмади ҳозирча. “Масъул ходим” билармиш, қай гўргадир кетганмиш, кутиб турса келармиш, ўзи айтармиш... Ҳар доимгидай, зоримиз бор, холос.
Дунёда қабулхонадай диққинафас жой ва унда биқсиб кутишдай юракни қон қиладиган машғулот бўмаса керак. Анавини ўтиришиничи: телефонда валақлашишу интернетти ижикилашдан бошқа балоям қилгани йўқ-ку... энасиникига тиришадими? Ўзича “ишчи”да шуям, ойлик олади... паразит! Манов радиосиям хит қилди-да хиш-шиллувриб. Бирортаси туриб, тўғрилаб қўйса, ўладима-йей... Уф-ф, қачон келийкан энди, у гўрсўхта?..
Ва ниҳоят, келдилар, “салом”намо бош ирғадилар, совуқ чойни идиш-пидиши билан кўтариб ичдилар, чуқу-ур “Уҳ” тортдилар, тахлам қоғозлардан бирини олиб, жон-жаҳд билан елпиндилар, теваракка сер сола бошладилар... Бўлди-да-йей:
— ...Кечирасиз, мен... иш бўйича келувдим?
— Иш? Қанақа иш?
— Бугун эрталаб... телефон қилувдим-ку? Ҳа, битта иш ўрни бо-ор.., дедингизлар-ку?
— Шундай дебмидик? Замзамахон?
— Йў-ў-ў(қ), Босар Тусарович, ҳа-амма ўринлар за-айнит, уже!
— Ана!?
— Эби-ий, ака, тепамда Худо, бугун... эрталаб... ўзларингиз...
— Тушунмовчилик, всё!
Одамнинг энг тез тўладиган ва ўта хавфли тариқа тошадиган нарсаси — сабр косаси, ҳойнаҳой. Айниқса, бунақа... “комикс”лардан кейин. У, қандай туриб кетдию, катта стол узра қандай ёпирилиб борди... ўзи ҳам илғамаган чиқар:
— ...Ҳов, бундайчикан нағмангизди неварангизга қиласиз! Мен силарга, ўқишини кеча тугатиб-тугатмай, бугун ишсираб кеп ўтирган, ўзи лабини... маймундикидай қип бўяшу, ҳиринг-ҳиринг қилишдан бошқасига ярамайдиган, йигирма яшар қизчамасман, понял?! Неччи йилдан бери қатнийман: “эрта”, “индин”, “бу ҳафта”, “кейинги ой”... Э, тўтиям чарчаб қолган бўлийди, бунча қайтаришдан!..
— Ҳай... сингил... ўзингизни босинг...
— Ий-й, қачонгача-а? Шу қабулхоналарингда қариб, ўлиб-пўлиб қолгинчами? Бўлди, э-энди ўзларингдан ўпкаланглар...
Телефонини олиб, рақам тера бошлади. Тергандаки, тани-иш, “тепа”га тааллуқли рақамларни зарда ила, овозини қўйиб-қўйиб, терарди. “Масъул ходим”, бироз шуурсиз, серрайиб тургач, бир ҳатлаб келиб, қизнинг қўлларига ёпишди:
— ...Ҳай-ҳай-ҳай, оғир бўлинг, синги... қизим, нима кераги бор шуни? Ишми, бўпти-да... Қани, ҳужжатларингизни берингчи? Ҳа-а, яша-анг! Та-ак... ўтиринг, ўтирволинг... Аҳа, шунда-ай... Ҳм-м, хўш-ш... “...иқтисодиёт коллежи”... бугалтерия... Яхши, жуда яхши-да... Хў-ўп, рўйхатга яна бир сира, яхшилаб қарайликчи-и... Ҳм-м-м...
Қизнинг юз-кўзлари чирой очиб борар — умид, ишонч унга ич-ичидан пардоз берарди: “...наҳотки, шу бугун... ҳозир... Э, Художоним-ейй!”.
— ...Хў-ўп, қизим, именной соҳангиз, дипломингиз бўйича бўмасаям... иш боракан битта.
— Иҳи?
— Лекин...
— Мактабми, боғчами, амблотория... Фарқи йўқ, ишлувраман!
— Шундай-ку...
— Ака, чайналманг, илтимос?!
— Хай, қабристон қоровули... Биб-бўладими?..
— А?..
— ...
...Нимадир портлади: қаттиқ, бор товушида портлади. Йўқ, у атом ҳам, водарод бомбаси ҳам эмасди. У — қаҳқаҳа эди. Қиз... кулгидан ўзини тиёлмас, хона ўртасида тиззанлаганча хандон отар, қизариб, бўғриқиб кетган юзларига сочлари тўзғиб тушарди. Теваракдагилар қаққайиб турар, радио, “хш-пш”лараро, узуқ-юлуқ ғўлдирарди: “...тадқиқотлар...хш-ш...бугун мамлакатимизда...хш-ш...олти юз минг нафар...хш-ш...уларнинг бандлигига кўмак...хш-ш...қуйидаги чора-тад...хш-ш...кун тартибига...хш-ш...”;
VI чорраҳа:
...Буюк Туғилишдан тўрт асрча аввал. Афина. Қатлгоҳ. Қафас ичида “сиёсий маҳбус”, теграсига вазмин боқади. Негадир нимтабассум қалқади юзига. Худдики, ташқаридагилар — маҳкумлару, ўзи — маҳкамачи.
Бу беўхшов, кўримсиз касни айбсиз атаб, тарафини олувчилар — икки юзтадан ортиқ кишиларнинг кўзида ачиниш, ҳамдардлик, ёш... Бироқ уни тезроқ тинчитишларини илҳақлик-ла кутаётган уч юзга яқин “ҳушёр”ларнинг кепатасидаги қувончнинг салмоғи мўлроқ. “Адолат қарор топишини” бетоқат кутишяпти:
— ...Бошлашсачи-а? Намунча чўзишди?
— Шуни айт. Ҳе-ей... Фемида ҳаққи, анавини тезроқ бир ёқлик қилингла-ар!
Маҳкумнинг мийиғида ҳануз синиқ кулгу. У ўйларди, фақат ўйларди. Нималарни? О, бунга Зевснинг ҳам фаҳми етмас-ов! Қаршисида унинг ўлимини тусаб, шовқинлаётганларга бир неча кун олдин, судда сўзлаган нутқининг қанчалик ҳақиқат, фожей ҳақиқатлигига хавотир ичра иқрор бўлаётгандир, эҳтимол.
Ўша куни, у, ўзини — сўнага, афиналикларни эса — катта, олийжаноб, аммо семиз ва ялқов отга менгзатганди: “...бундай отларни бирорта сўна чақиб, чоптириб туриши лозим. Фикримча, Тангри мени кун бўйи кезиб, ҳар бирингизни уйғотиш ва тинмай танбеҳ бериб, тўғри йўлга бошлаш учун юборган. Сўзларимга ишонинг, афиналиклар, мен кабиларни топиш сизларга осон бўлмайди. Менга ишонсангиз, ҳаётимни сақлаб қоласиз, бироқ сиз, сўна чақиб, туйқусдан уйғонган ва ғазабга минган одамлар каби мени осонлик билан уриб, ўлдиришингиз ҳам мумкин. Унда Тангри яна кимнидир йўллагунга қадар, қолган умрингизни ғафлатда ўтказасиз!”.
Алоҳа, ҳукм ижросига киришишди. Унга заҳар — зангпояни эзиб ичиришди... Одатда, танни тарк этган руҳни “капалак”, “оққуш”, “кабутар”... га қиёслашади. Шулардан бирига эврилган руҳ, секин-секин баландлаб, учи-иб кетди... каби ўхшатмалар сўқишади.
Йўқ, бу сафар уларнинг ҳеч бири бўлмади. Яъни юқоридагиларнинг бирортаси, шоирона алжирасак, халойиқ узра сарсари кеза-кеза, осмон тоқига, мангулик сари парвоз айламади. Ортидан хуршиди жаҳон юзини абри бало қоплаб, жазокор жала ҳам қуймади. Саркаш шамол қўпиб, жавонибни жунбушга келтирмади ҳам... Ҳеч нарса ўзгармади. Бари бурунгидай, манзара ўша-ўша, оломон, табиий равишда тарқаларди.
Фақат бир... сўна... қаёққа кетарини билмай, гарангсиб ўрмаларди. “Томоша”ни тугатиб, аста-аста сийраклашаётган одамларни оралаб, жонҳалак изғирди:
— ...Ах-х, лаънати жондор!
— Нима бўлди?
— Сўна чақди... Тутолмай қолдим...
— Ҳм-м... Биласанми, анави ҳақида... са-ал... калта ўйлаган кўринамиз...
VII чорраҳа:
...Театр биноси. Авжи муҳокама. Ўн-ўн бештача билгичлар, бири олиб-бири қўйганча гапиряпти. Аниқроғи, юлқилашяпти — ярим соатча муқаддам тақдимоти тугаган спектаклни. Пахса қўллару, палағда сўзларнинг барчаси, ҳу-ув, бурчакда бўғриқиб ўтирган мардумга қаратилганди.
Ҳа, у — шу муҳораба... йўғей, муҳокаманинг бош “айбдор”и — режиссёр бўлиб, газетчилар тилида лақилласак: ёш, умидли, истеъдодли ва... “ўзбошимча”. Йўқ, бу охирги “фазилат”ни унга газетчилар эмас, манави “мулки турон”лар, ҳозиргина тақашганди.
Зални ёппасига шуларнинг шовури тутган, ўша “жонли бурчак”дан бошқа барчасининг даҳани дам билмасди:
— ...ну, слишком писсимистик пъеса бўпти...
— Бир минут, кечирасиз, сизнингча, шу... пъесами? Ша-ахсан мани ўйлашимча, бунда бир-рортаям конкрет элементи йўқ, пъесанинг!
— Ну, да-а... Энди, ман... умумий қоидалар дегандай...
— Қанақа қоидалар? Хўп, музика, хўп, актёрлар ижроси, хўп ана, декорациясиям боракан. Уям бошдан-оёқ бир-р хил: саҳнани айланасига ўраб, ўрнатилган эшиклар, эшиклар... И орасида қаққайган “қаҳрамон”. Шуми?..
— Тўғри-и, ну...
— Йўқ, сиз, гаппи эшитинг мундоқ! Узру тағин? Бу, саҳна асарида жа-анр, тугу-ун, коллизия, кульминация... деган нарсалар бўларди. Қани, аншулар?..
— Шундай-шундай! Ну... биринчи иши экан... тажрибасизлик...
— Хў-ўп, назарияни ўтишгандир, ўқитишганди-ир? И кегин... “герой”. Ўзи-и ўн беш яшар бола... Тўғри тушунган бўсам-де, агар? Ўн беш яшар. Му-унча манологлари анақа... фалсафий? Мунақа гапларри айтиш-чун одам... камида қирқ бешши уриб қўйган бўлиши керак, ка-амид-да! Яна... Гапимми бўлмий туринг, илтимос? Яна, воқеаларни бир-бирига улашам қийин: абстракт, абсурд...
— Иҳм, Зоҳиржон ака?..
— Где композиция?!
— Зоҳиржон ака-а?..
— Где-е гармо-ония!..
— Зо-оҳиржон ака... Бўлди, қизишманг, мана, сувдан ичволинг, ака... Э-эй, омон бўлинг, ишқилиб. Сиздай профессионал жонкуярларимиз боракан, санаътимиз ҳам бор! Ҳа-а, боризга шукр, ака... Хў-ўп, сиз... бе-емалол ўзиззи успокоит қип туринг... Унгача манам... икки оғиз, а? Раҳмат. Та-ак... оволамбор, ман, бу... томошанинг номини чуствит қиломияпман — “Менинг отам Америкада”. Мани битта “айб”им бор, логик фикрлашши яхши кўраман. Ҳа, бу... “қаҳрамон”, Зоҳиржон ака айтганларидай, ўн беш яшар болапақир. Афтидан, афғон ё эроний... Ироқими ёки?.. Ишқилиб-де, исломий бир довлатти фуқароси. Хўп, отаси Америкада нима қилади: ишга кетганми, қочоқми, сотқинми? Ё кандидат наукми, маъруза қилишга кетганми?.. (кулгисифат пихиллашлар).
Онасини оти Шафақ бўганакан. Тошбўрон қип ўлдиришганакан... Ҳм-м, бу-ку тушунарли... Валадизинони — ҳалиги болапақирри туққани-чун. Шафақдай чиройли аёл бўганакан... Хўп, қайси шафақдай: тонггими, кечги? Бирови — кўтарилиш, ҳаёт, умид... дегани. Иккинчиси, набарот —тушкунлик, чарчоқ, ўлим... эффектларини беради. Қайси бири именно? И яна бир гап, нима учун бола ҳарбий зотидан ўлгудай қўрқади? Айниқса, келгиндиларини кўрса, шайтонлайди, пачти? Лекин шу қўрқув бараварида қанақадир қутуришми-йей, ваҳшийликка ўхшаш хилтлар кўпиради қонида... Буниси вапше-е парадокс! Умуман, тушунарсиз персонаж. Темболи-и, охири, эпилогидаги нутқини эшитган одам совсем чалғиб кетади. Эринмай блокнотимга ёзволувдим... Ҳо-озир... мана, ўқийман:
“...Мен — бугунман. Хаёл ва ҳаёт оралиғидаги остонада турган бугунман. Ўтмиш рўдапосига ўралашганча, кун сайин калтариб бораётган эртанинг этакларига қараб-қаролмаётган бугунман(шу жойини боплабди, даюс!). Ортимдан ҳовлиқма вақт турткилайди: бўлсангчи, бў-ўл! Олдимда — ташқарида эса, буқаламун ҳаёт. Минг бир тусда жилва қилиб, ўзига чорлайди: келсангчи, ке-ел! Аросатда аланглайман. Қадам қўйсам, бас, ташқарида бўламан. Ва қўлимга қурол тутқазишади: ма, ватанингни, қавмингни ҳимоя қил! Сўнгра мен отишга тушаман — одам отишга. Отавераман, отавераман... То ўзимни отишгунларича. Вассалом. Ташқаридаги ҳаётимга якун ясалади...
Йў-ўқ, мени чўчитаётган ўлим эмас, ундан-да оғирроғи — шармсорлик, иснод. Ахир, мен... отамга қарата отаман. Унинг қавмига, балки болаларига — ношаърий эса-да... оға-иниларимга қарата. Балким, унинг ўзи... Йўқ-йўқ, истамайман, юраверсин Америкасида! Етар, шунча шафақларнинг бевақт сўнгани!..
Демак, ташқарида мени кутаётган вазифа... она юртни... отадан ҳимоялаш — шараф сиёқидаги шармандалик! Ичкарида эса: тийиқсиз маломатларга чидаш, даҳшатли ёлғизлик... Бас-с, ўзинг айт, Аллоҳ, ташқарига... чиқяпманми?!..”.
Шутга кеганда қий-чув, портлаш, отишма овозлари қўйилиб, саҳна чирпирей бўп айланвотти. Анув... “сўтақул” бўса, аренанинг ўртасида чўнқайволиб, йў-ўқ, йў-ўқ, деб додлавотти(пихиллашлар кучаяди)... Етмагандий, чироқ ўчиб, қоп-қоронғулик устидан парда туширилвотти... Нима, бу загадка? Анувга нима бўлди: ўқ тегдими, уйига бомба тушдими... Томошабин пол очадими, ўтирган жойида? Или... саҳнага чиқиб, бориб, парданинг тегидан ўтиб, тепасида фонар ёқиб қарайдими: ўлибдими бу, қоптими, деб?..
...Пихиллашлар қийқириққа, ундан қарсакларга айланади. Режиссёрнинг ранги синиқ, қизиб бораётган бошини кафтларига тираганча, ҳорғин ўтирибди. Шу сўнгги соатлар ичида бир неча йилга қаригандай туярди ўзини. Яхшиям дераза олдига ўтирган экан — тоза ҳаво. Нигоҳларини нимагадир қадаган, мижжа қоқмай кузатарди. Олисда, паст-баланд иморатлар узра бир алвон варрак ожизгина, инграганнамо сас чиқариб, учарди. Ўзича қайларгадир “бош олиб” кетишга уринар, яна-да юксакларга интилар, аммо ингичка, пишиқ ипдан қутулолмас, тортқилаб-тортқилаб қўйишарди...
Шербек Бобонор ўғли
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
6 та фикр