Уйда қурилиш кетаяпти. Ёзнинг одамни кўйдирар даражадаги иссиғи. Тушликдан сўнг ҳашарчилар 2-3 соат дам олиб кун бироз салқинлашса қайтишларини айтиб тарқалишди. Мен ҳам деразалари кўчага қаратиб солинган кенг хонали уйда, кондиционер роҳатида бироз ухлашга чўзилдим.
Эндигина кўзим илинган экан... Дераза ортидан, кўчадан ёш болага ўхшаб йиғлаган овоз ва йигит кишининг минғирлаганча ниманидир тушунтираётгани қулоғимга чалинди. Бироз жаҳлим чиқса ҳам ташқарида нима бўлаётгани билан қизиқдим. Пардани суриб қарасам, дереза ортида уйма-уй юриб пенсия ва ижтимоий нафақаларни тарқатадиган ҳамда коммунал тўловларни қабул қиладиган сайёр касса, яъни “Дамас”. Рулда банкда ишлайдиган таниш дўстим, Бахтиёр. Ёнида битта қиз, шериги шекилли икковиям бир хил кийиниб олган. Машинанинг ён эшиги очилган ва ҳайдовчи ортидаги ўриндиқда қишлоқнинг нариги чеккасида яшайдиган Ойсулув момо икки кўзи ёшга тўла ҳолда ўтирибди.
Деразани очиб, нима гаплигига қизиқдим. Аммо қизиқишим мен учун яхшигина тарсаки каби бўлишини билганимда деразани очмай қуя қолардим. Ошнам “менга қара жўра, бир маза қилиб сув билан меҳмон қилсангчи”, деди кулимсираб. Уйга кириб 3 литрли шиша банкада доим турадиган совуқ чойни битта пиёла билан олиб чиқдим. Аввал ошнам, кейин ҳалиги қиз чойдан ҳузур қилишди. Момога таклиф қилгандим, бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
- Момо, тушунсангизчи, мендаги рўйхатда сизни фамилиянгиз йўқ, келинингиз ва ўғлингиздан сўранг, нима учун сизга нафақа берилмаётганлигини билмайман. Ахир мен ёнимдан тўламайманку, - деди ошнам кўйиб-пишиб момога ўгирилган ҳолда. Ҳали эшитганим минғирлаш муаллифи кимлигини тушундим. – Сен ҳам тушунтирсангчи деб тинимсиз ёзув-чизув қилиб турган қизга уқрайди. Қиз эса пинагиниям бузмади, ҳатто на ошнамга, на менга ва на момога қарамади ҳам.
- Энди мен нима қиламан, нимани ҳисобига яшайман, келиним ҳам шаҳарга кетиб қолган. Ўғлим четга кетганига 1 йилдан ошди, яна қўни-қўшнилардан қарз оламанми, - деб ҳўнграшга тушди момо. Гарчи унинг муаммолари ошнамга беш қўлдек аён бўлса ҳам, худди бу гаплардан бехабардек, “йўғей, наҳотки” деб тураверди.
- Майли хафа бўлманг, келинг яхшиси мен машинада сизни уйингизга обориб қўяман, шу иссиқда қийналиб юрасизми, биз қайтиб келамиз, кейинги маҳаллада яна ишимиз бор, - ошнам тасалли оҳангида гапирди. Банкадаги совуқ чойни менга узатаркан, “қачон энди бир ош-пош қиламиз” деб машина эшигини қарсиллатиб ёпди. Машина ўрнидан қўзғалаётганда қиз бошини кўтариб қаради. Унинг ҳам икки кўзи жиққа ёш экан...
Момога ичим ачишиб, ошнамни қандайдир айбдор эканлигини ҳаёл суриб турсам, деразадан 3-4 қадамча нарида турган Шерзодни (қўшнининг 15 яшар ўғли) овози келди. Мен уни пайқамабман ҳам...
- Ҳе ўша сени... Иплослар, шунчаликкаям борадими одам дегани, ака, мана сиз олий маълумотли, кўпни кўрган ўқитувчи одамсиз, нима ҳозир шунақа тарбия берилаяптими?! – деб жаҳл ва қизарган ҳолда олдимга келди.
- Ҳа нима гап, Бахтиёрни сўкаяпсанми, у ўз ишини қилаяпти, саал ўзингни босиб ол, уялмайсанми, - дедим нима гаплигига тушунмасам ҳам.
- Эййй, ака ошнангизни эмас, Ойсулув момони ўғли ва қизини айтаяпман. Мана сиз пойтахтда юрасизда, қишлоқда баъзан нима гаплар бўлишини билмай қоласиз. Дадангиз шунча йил “калхуз”да кассир бўлган экан, сўрангчи, ҳозирги ҳолатга дуч келганмикан.
Шерзодни жаҳли чиққанича бор экан. Момони ўғли чет элга кетиб устачилик қилиб юришидан хабарим бор эди, аммо келини эри билан келишиб туманимиз марказидаги янги қурилган уйлардан бирини узоқ муддатга кредитга олгани ва тўловларга момони нафақасиниям ўзига билдирмай, ими-жимида қўшиб юборгани, шунинг учун 3 ойдан бери бечора момо қўни-қўшнилардан қарз олиб яшаётганини гапирди. Буни устига келини ҳам неваралари билан 6 ой аввал ўша уйга кўчиб ўтиб, умуман хабар олмай қўйганмиш.
- Буниси ҳали ҳолва ака, ўғли қайтиб келса момони ҳовлисини сотиб, ўзини қариялар уйига топшириб, бутунлай шаҳарга кўчармиш, келини қўни-қўшниларга айтиб юрганмиш, бунисига нима дейсиз?!
Юқоридаги айтган тарсакини Шерзод туширди десам ҳам бўлади. Наҳотки, наҳотки одам шунчаликка борсая, мендан икки синф катта бўлсада, ёшликда бир маҳаллада ўсган (исмини ёзишгаям қўлим бормайди), буни устига бундай характерга умуман эга бўлмаган йигит шу ишларга қўйиб бераятгани, одамга шапалоқ эмас, мушт туширгандай бўлди...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр