Ҳаётда кимгадир суяниб яшаш маза-да!Бу сиздаги баъзи босим ва масъулият ҳисларини енгиллатади.Худди,Барселона ва Реал,тегишлича Месси ва Роналдуга,қария чол кампирига,ўзбек халқи Мирзиёевга суянаётгандек."Суяниш" осон лекин,кимгадир тиргак бўлиб умр кечириш хаммагаяммас экан.
Оилада кенжа фарзанд бўлганлигим сабабли,бошланғичда ўқиб юрганимда,синфдошларим ўз укалари хақида гапирса,уларга "хасад" қилардим.Тақдир экан укалик эмас сингиллик бўлдим,лекин хурсанд қиладигани,мени мехрибон АКАМ бор!Мактаб давримиздаги кўча жангларида биринчи қўрқмас бўлиш учун боланинг,уйи яқин бўлиши ёки бўйи баландлиги,асосийси акалари кўп бўлиши муҳим фактор эди.Агар акангиз ўз тенгқурлари орасида "қири чиққанлардан" бўлса,сизга ўз тенгдошларингиз орасидаги "духи бетон" болалар ҳам тиши ўтмасди.Қолаверса оиладаги эркаклар қилиши лозим бўлган уй ишларида сиз учун "танка"бўлиб оғирликни ўз елкасига оладиган акангиз бўлиши яхшида.Эсласам куламан!
Эсимда,болалигимизда ёзги таътилда акам иккимизни "лагерь"га юборишди.Ўн саккиз кундан кейин,кўпчилик ўз уйига кетиб лагеримизда ўнтача бола қолди.Уйимиздагилар бизни унутиб юборишди деб йиғлашни бошлагандим,акам мени юпатдилар.Эртасига тўрт нафарча бола қолдик ва энди..Кечаги мени гапларимга ишониб,акам йиғлаганлар.Овутиш навбати менга келди.Иккимиз, дадам бизни олиб кетишларини кутардик...Кейин маълум бўлишича,опоқдадам оғирлашиб қолганликлари сабабли,падари бузрукворим кечиккан эканлар.Дадам кўп ишлаганликлари учун,уйдаги, эркак бажарадиган хамма ишлар акамни бўйнига тушарди.Мени бўлса хар доим ёнларига "шотир" қилиб олардилар.Онам эркалатиб бизни ,"Нортой ва Зокир" дердилар."Бурнимни чумак ари чаққан" давримда,гумрохлик қилиб волидамга "озорча" бериб қўйганимда,улар акамга устимдан шикоят қилгандилар.Акам эса жавобан:
-Ўзи иккитагина ўғил бўлсак.Илтимос,инимни камчиликларини менга айтиб ёмон кўрсатиб қўйманг,хали эси кириб қолади дегандилар.
Акамни армиядан қайтишларини оиламиз билан кутардик ...Ва ниҳоят,мен яхши кўрган жинси шим ,"водолазка","саламандер" туфли каби совғалар билан "харбий"дан қайтдилар!Дадасининг устарасида бекитиқча соқол олиб,юзидаги"севги дўмбоқча"ларига одекалон суриб юрган мендек бўйдоқ учун,бу ҳадяларнинг қиймати бебаҳо эди.
Акам оиламизга ёрдам бериш мақсадида,хар бир уйим жойим дейдиган ўзбек йигити сингари турли касбларни эгалладилар.ТВ устаси,қассобчилик,электрик,"сваршик"лик,нонвойлик,хаттоки "аравакаш"лик қилиб кўрдилар.Ўша пайтлар оиламизда молиявий қийинчиликлар ҳукм сурарди.Дадам ва акамни узоққа ишга кузатиб,ойлар тезроқ ўтишини ва уларни эсон-омон бағримизга қайтишларини кутардик...
Мен тинмасдан ўқирдим.Ниятим шифокор бўлиш эди.Ўқиш контрактига пул тўлашга имкониятимиз бўлмаганидан,бир таниш савдогарга шогирд тушдим.Бундан норози бўлган,дадам ва акам,биз пул топамиз,сиз ўқийсиз!дейишди.Мен кўнмадим,чунки икки опам узатилган,акамни уйлантиргандик."Олахўржин"ни кўтаришга ёрдам керак эди.Акамга уй қуриш учун бир пайтлар сотиб олган қўшимча еримизни сотдик.Пулини,мустақил бизнес бошлашим учун,уйимдагилар менга ишониб топширишди.Тижоратда ишларим юришиб,акамни ҳам ёнимизга чақирдим.Қийинчилик кунларимиз ортда қолди.Бирин кетин дунё неъматлари "оқиб"кела бошлади.
Мен ёзги каникулда оиламни олиб,узоқ юртга дам олишга кетдим.Акам бўлса қўйинг дейишимга қарамай,ёзнинг жазирамасида ҳам рамазон рўзасини тутиб("язва"лари бориди),ҳам дўкон ишини юрғизиб мен учун ховли қурдирдилар!
Сафардан қайтганимда,қўлларида янги ховлининг калити билан,жилмайганча аэропортда кутиб турардилар!
Бир куни кечқурун,акамни ўз уйига кузатиш учун биргалашиб кўчага чиқдик.
Юқори қаватда яшовчи рус қўшниларим сўради:
-Ха,оға-инилар! Кеч бўлганда қаерга кетяпсизлар?
-Акамни,уйларига кузатгани чиққандим.
-Ия,сизлар бир уйда яшамайсизларми?
Ака-ука,"борди-келди"миз яқинлигидан бизни бир уйда яшашади деб ўйлашаркан.😄Меҳр оқибат танқислашиб қолган хозирги даврда,барча танишлар бизни муносабатларимизга хозиргача ҳавас қилишади.Аллоҳ менга шундай ака берган-ки,у нафақат менга ва яқинларига,балки хар қандай ёрдамга муҳтож инсонга,керак пайтда "туриб берадиган" характер билан сийлаган.
Икки минг ўн олтинчи йил,1-январь!Ангрен-Тошкент йўналишида,йўл носозлиги туфайли ,машина ағдарилиб кетибди.Ҳайдовчи,йўлда мавжуд бўлган иккита чуқурдан машинасини опқочиб,учинчисига тушган.(ачинарлиси худди ўша чуқурларда уч кун ичида учта машина халокатга учраган ва бир неча одам ўлган).Машина ичида олти нафар йўловчи бўлган экан!Шулардан бири ,саккиз ёшли қизча воқеа жойида ҳаётдан кўз юмганди!Қолган тўрт кишининг аҳволи қониқарли,фақат ҳайдовчи жиддий жарохат олганди. Жамиятдаги мавжуд муаммоларнинг барчаси бир бирига занжир каби узвий боғлиқ.Сўнги пайтларда интернет тармоқларида тизимсизлик асорати хақида гапирила бошланди.Россиядан қайтаётган "груз 200"ларни,юртимиз ва Қозоғистон йўлларида фожеали ўлим топаётганларни,нохақлик қурбони бўлаётганларни кўрганимда,тизимсизлик жабрдийдалари сафи ортаяпти деявераман.. Авваламбор йўлларимиз тез муддатда жаҳон талабларига мос равишда таъмирланиши лозим ва йўл харакати қоидаларини янгилаш керак.Бизда халиям "алмисоқ"дан қолган қоидалар ҳукмрон.Шу кетишда бўлса,яқин йилларда йўлларимизда харакатланиш,жуда катта ноқулайликлар келтириб чиқаради.Хукуматимиз бунга масъул шахслардан иш сифатини қаттиқ талаб қилиши шарт.Вазифаларини виждонан бажармаганлар аёвсиз жазолансин токи қолганларга ибрат бўлсин!Кейин радар қурилмаларни керакли ерларда имкон қадар кўпайтириш керакдир.(бизни ҳайдовчилар Дан ходими ва радардан қўрққанчалик бошқа нарсадан қўрқмайди)
Биз оиламиз билан жабрдийдаларга ёрдамга шошилдик!
Ўзгаларнинг мусибатидан "тирикчилик" қиладиган инсонлар,ғирт пасткашлардир!
Бундайлар сафида,турли соҳа вакиллари қатори,докторлар,орган ходимлари,ҳизмат ваколатини бажармайдиган мансабдорларни,шу воқеа сабаб яна бир марта кўрдим."Морг"даги "қассоб",ҳалок бўлган қизчанинг жасадини кесмаслик учун эллик доллар пора олгани,ИИВ терговчиси бир варақ"справка"ни чойчақа олмагунча ёзмаганлиги,"шофёр акани"шароити яхшироқ бўлган,Республика тез тиббий шифохонасига ўтказмоқчи бўлганимиздаги баъзи"жаллод"ларнинг қаршиликлари буларга яққол мисол.
Авария натижасида шофёр йигитни боши "очилиб" қолибди.Лекин руҳияти тетик эди.Уни,ҳалокат юз берган жойдан энг яқини бўлган Охангарон тумани тез тиббийсига етказдик."Тез тиббий"деб ёзилган дамас русумли "тошбақада" ҳеч "сайр" қилганмисиз?Илоҳим бундай "бахт" ҳеч кимга насиб қилмасин!
Касалхонада рентген қилдирганимиздан кейин "шофёр ака"ни бошини тиктириб палатага ётқиздик ва ота-онасига хабар бердик.Докторлар,беморни умуртқа суяклари синиб,ичидаги нерв толаларини сиқиб қўйганини таъкидлашди ва умид тўқсонга-ўн нисбатда,агар тирик қолса ҳам фалаж бўлиб қолади дейишди.
Юртимиз туманларидаги шифохоналар қўрқинчли аҳволда.2011-йил қиш ойида,Фарғона вилояти Боғдод тумани марказий шифохонасида,ичак чириши ташҳиси билан онажоним тезкор операция қилиндилар.Акам иккимиз Тошкентдан "учиб"бордик ва касалхонада ажойиб "романтика"ни гувоҳи бўлиб "томимиз кетиб қолди".Теҳника асрида ҳамширалар бино коридорда худди ўрта асрлардагидек фонар кўтариб юришарди.Шифохона жонлантириш бўлимидан музлатгич иссиқроқ эди.Яна "бахилла" олиш мажбурийлигига қотаман-эй.Биринчи ишимиз,"тез ёрдамга,тезёрдам" кўрсатиб,иссиқ одеял ва постел етқазиш бўлди.Кейин хавфсизлик қоидаларига мос келмаса ҳам,жонлантириш бўлими палатасига газ баллонли печка қуриб бердик.Наилож,у ерда портлашдан ўлишдан кўра совуқдан ўлиш хавфи юқори!"Шағам ГЕС ва фонар ГЕС"лар билан электр муаммосини бартараф қилдик.Онамни айтишларича,қўшни палатадаги ҳамширалар ҳам кечқурун,иссиққина,онам ётган хонага чиқволишаркан(уларгаям жон ширин).Муштипаримни кейинги амалиётларини пуллик шифохонада қилдирдик.У ердаги кўрсатилган ҳизматдан,биз ҳам шифокорлар ҳам хурсанд.Барибир юртимиздаги давлат шифохоналарида ҳам "қўл хақи"сиз иш битмаяптику,тўғрими?Аммо,лекин,бироқ,имконияти чекланган миллионлаб юртдошларимиз юқоридагидек шароитларда "даволанишга" мажбурми ёки шундай тақдирга лойиқми?Бу вазиятда докторларни айблашгаям уялади одам.Муаммоларни илдизи жуда чуқур.
"Шофёр ака"нинг керакли дори дармонларига ёрдамлашиб,бемордан ҳол сўрагани кирдим.У,шифтга термулганча ўйчан ётарди.Мени кўриб ташвишли холда сўради:
-Дўхтирлар нима деди?Агар "кетиш"керак бўлса,мен тайёрман деди ва йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлади.
-Докторлар хавотирли ҳеч нарса йўқ,даволансалар соғайиб кетадилар дейишди.Ҳудо хоҳласа "отдек" бўлиб кетасиз деб тасалли бердим.
Туман шифохонасида,оғир шароитдаги беморга лозим бўлган операцияни ўтқазишни имкони йўқ экан.Шу билан бирга ,бошқа шифохонага кўчиришгаям рухсат беришмайди.Борди-ю беморни амаллаб Тошкентга олиб борсангиз,у ерда хам қабулхонадагилар худди ўз уйидан жой бераётгандек тўнғиллашади.Қизиқ холат,қоғозбозлик,жавобгарликдан қочиш...
Аслида юқоридаги касалликни биринчи олти соатда операция қилинса,"эффект"яхши бўларкан.Биз эса беморни ходисадан саккиз кун!ўтиб операция қилдира олдик.Бунга,янги йил арафасидаги таътилдан кейинги докторлар етишмаслиги ва суякни улашга керакли анжомлар топилмаганлиги сабаб бўлди.(шахар бўйича бир жойда бор экан.МОНОПОЛИЯ)Қолаверса,нахотки теҳника ривожланган замонда юз километр масофага беморни 1-2 соатда элтиш ёки малакали шифокорларни алмашиб ишлашини таъминлаш имконсиз бўлса?Бизда бундай холатларда биринчи бўлиб 03 га қўнғироқ қилиш онгимизга сингиб кетган.Шахар шароитида бу тўғридир,лекин аҳоли сийрак, четроқ худудларда менимча нотўғри қарор.Балки,Америкадаги 911 ҳизматидек,Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги ҳизматини оммалаштиришимиз керакдир!ФВВ рекламаларини,телефон рақамларини ТВ да ва катта йўл бўйидаги "биллбоард"ларда тақдим қилиш керакдир?!Халқ кўрсин ва улар билан боғлансин.ФВВ эса,қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларимизни вертолёт билан бўлса ҳам керакли манзилга тез муддатда етказишни таъминласин!
Ўша кунлари акам иккимизга тегишли "дом"ни сотгандик ва қўлимизда анчагина пул бор эди.Агар,шу "шофёр ака"нинг соғайиб кетиши пул билан битадиган бўлса,Европа ёки Ҳиндистонда даволатишга ҳам тайёр эдик.Лекин ҳаётда пул билан битмайдиган ишлар ҳам кўп!Докторлар,беморни жойидан қўзғатиш мумкин эмас дейишди.
Аввало тақдир,қолаверса юқорида ёзганимдек тизимсизлик қурбони,яъни ,йўл қурилиши ишчилари ва мансабдорларининг айблари сабабли содир бўлган юқоридаги ҳодисада,машина ичида бўлган олти нафар йўловчининг бири,"воқеа жойида вафот этган" фаришта мисоли қизалоқ,менинг ҚИЗИМ эди !!!
Фожеадан кейин ҳаётим остин-устун бўлиб кетди.Эрталаб қучоқлашиб хайрлашганим мурғаккина қалб,мангулик қаърига шўнғиганди.Мевасидан мағизи ширин дегандларидек,ота-онам бир зумда чўкиб қолишди.Начора,тақдирдаги иш бўлди.Энди ўзимни қўлга олиб,омон қолганларга ёрдам бериш мени бурчим эди.
"Шофёр ака"ни,Республика тез тиббийсига кўчириб,парваришни кучайтирдик,лекин барибир ахвол яхши эмасди.Бемор харакатсиз,фалаж холда ётарди ва кундан-кун сўлиб борарди.Ётган холида ибодатларини бажарар ва ўз ўлимини кутарди...
Елиб югуришларимиз,харакатларимиз бесамар кетди.Фожеадан роппа-роса бир ой ўтиб,беморимиз айни навқирон ёшида жон омонатини топширди!У худди ухлаб ётгандек,бошида оқ дўпписи ва эхромига ўралган холда табассум билан ётарди.
Жанозада тумонат одам йиғилди.Яқинлари ноласи қалбларни титратди.Аёли бева,уч фарзанди"етим"номини олди.
Мен маййитни ювишда,кафанлашда,жанозасида ва қабрга қўйилишда қатнашдим!Айнан ўша кундан бошлаб худди,акамдан ўрганганимдек,инсонларга суянчиқ бўлишим кераклигини,буни "шофёр аканинг" оиласидан бошлашим лозимлигини тушуниб етдим.
Чунки,ўша"шофёр ака",мени ўз жонидан ҳам ортиқ кўрган,дўстим ва суянчиғим АКАМ эди!!!
Дунёдаги,баъзида ёқимли,баъзида ёқимсиз,оғриқли ҳислардан бири нима,биласизми?
Менимча бу,КУТИШ!
Мен энди ОЛИЙ СУЯНЧИҒИМ раҳматидан умид қилиб яшаяпман...!Севиклиларим билан дийдорлашиш учун,ЖАННАТни кутиб яшаяпман!
П.с. Хабар.уз сайтида келтирилишича 2017-йилнинг 11 ойида,республикамиз худудида ЙТҲ оқибатида 2200 дан зиёд киши ҳаётдан кўз юмган.Биздаги статистика шаффоф эмас деб ўйлаганим сабабли,асл холдаги рақамлар бир неча баробар юқори бўлиши мумкин.Яна минглаб жарохатланганлар ва етказилган миллиардлаб моддий ва маънавий зарарларни ҳисобласак муаммо кўлами анча жиддий тус олади.Таққослаш учун,65 млн аҳолиси бор Францияда 2015 йилда 1216 та,Германияда 82 млн аҳолига 1200 та,Японияда 126 млнга 1745 та,Буюк Британияда 65 млн аҳоли бошига,бор йўғи 583 нафар инсон ЙТҲ си қурбони бўлган.Ҳа,энди улар ривожланган давлатларда дейишингиз мумкин.Хўш,нима бўпти?Уларни жони жон-у,ЎЗБЕКники бақлажонми???
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
41 та фикр