Ҳозирги кунда интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда уйдан ташқарига чиқмасдан дунёнинг нуфузли университетларида сифатли билим олиш имконияти пайдо бўлди. Бу эса таълим парадигмасини буткул ўзгаришига олиб келди.
Бунга МООС (Massive open online courses) – оммавий очиқ онлайн курсларнинг пайдо бўлиши сабаб бўлди.
МООС (Massive open online courses) – оммавий очиқ онлайн курслар бўлиб (ООО курслар ёки МООС), интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда тайёрланган ва Интернет тармоғида очиқ ҳолда жойлаштирилган таълим курсига айтилади. Оммавий очиқ онлайн курсларни тез ва кенг қамровда тарқалиши уларга дунё таълим бозорида талаб борлигидан далолат бермоқда.
ОООК орқали олий ўқув юртига кирмоқчи бўлган абитуриентлар, коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасаси талабалари, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар фойдаланишлари мумкин.
Абитуриентлар олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари мавжуд бўлган фанлардан ОООК билан тақдим этилаётган курслар орқали бепул билим олишлари мумкин.
Хусусан, Khan Academy (https://ru.khanacademy.org/) орқали математика, физика, биология, кимё, информатика ва бошқа фанлар бўйича видео маърузалар орқали “нолдан” бошлаб чуқур билимга эга бўлиш мумкин. Шунингдек, https://www.udemy.com сайтида ўзбек тилида мустақил ўрганувчилар учун математикадан видео дарслар берилган бўлиб, https://www.udemy.com/matematika-darslari/ ҳаволаси орқали курсни бепул ўрганиш мумкин.
Шунингдек, олий таълим тизимида маълум масалалар мавжуд бўлиб, бу масалаларни барчасини оммавий очиқ онлайн курслар орқали ҳал қилиш мумкин. Хусусан:
Хорижий олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчиларни юқори рейтингдаги хорижий олий таълим муассасида малакасини ошириш масаласи;
Энг юқори рейтингдаги хорижий олий таълим муассасасида талабаларни ўқитиш масаласи;
Юқори сифатли, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш масаласи;
Энг юқори рейтингдаги хорижий олий таълим муассасасидаги ўқитилаётган фанларни маҳаллий олий таълим муассасаларида жорий этиш масаласи;
Янги киритилган фанлар бўйича ўқув мажмуаларни шакллантириш масаласи;
Мутахассислик фанларини чет тилларида ўқитиш масаласи;
Талабаларнинг мустақил ишларини ташкил этиш масаласи.
Юқорида келтирилган масалаларни айнан ОООК орқали ечиш мумкин.
ООО курслар орқали дунёнинг энг нуфузли бўлган олий таълим муассасаларида уйдан чиқмасдан мутахассислик олиш имконияти мавжуд.
“Хўш, қаердан шу ООО курсларни топиш мумкин?”, – деб сўрарсиз. Жавоби оддий бунинг учун барча ООО курсларини ўзига жамлаган https://www.class-central.com/ сайти орқали (ООО курслар провайдери деб ҳисобласак ҳам бўлади) сизни қизиқтирган фан бўйича қидириш операцияси орқали топишингиз мумкин.
Онлайн курслар жойлаштирилган ва таълим жараёнини ташкил этаётган учта энг йирик платформаларлар: Coursera, Udacity ва edX ни турли таққослаш мумкин бўлган кўрсаткичлари билан таҳлил этиб чиқамиз.
Coursera платформаси
Coursera (https://www.coursera.org) нотижорат таълим компанияси бўлиб, Стэнфорд университети профессорлари Эндрю Hг (Andrew Ng) ва Дафни Коллер (Daphne Koller) лар ташкил этишган. Ушбу стартап Kleiner Perkins Caufield & Byers (KPCB) ва New Enterprise Associates (NEA) компанияларидан ҳамкорлик лойиҳаси бўйича $16 млн. инвестиция олган. Компаниянинг мақсади – энг нуфузли университетларнинг энг малакали профессорларини энг сифатли курсларини ахборот-коммуникация технологиялари орқали дунё бўйича бепул киришга имконият яратишдир.
Давомати: 10 млн. фойдаланувчи.
Ҳамкор таълим муассасалари сони: 100 дан ортиқ
Онлай курслар сони: 1400 та
Курслар йўналишлари: ахборот технологиялари, физика, муҳандислик фанлари, математика, биология, тиббиёт, иқтисодиёт, тадбиркорлик, гуманитар фанлар, санъат.
Ҳамкорлари: Жаҳоннинг турли давлатларидаги етакчи университетлари. Coursera компаниясининг биринчи ҳамкорлари сифатида Стенфорд, Пристон, Пенсильвания ва Мичиган университетлари бўлган. Бундан ташқари, ҳозирги кунда платформада Американинг қуйидаги нуфузли университетларининг онлайн курслари қўйилган: Калифорния технология институти, Колумбия университети, Йель университети, Висконсин-Мэдисон университети, Шимолий-Ғарбий университети, Эмори университети, Вандербильт университети. Европа давлатларидан ҳамкор сифатида Эдинбург университети, Людвиг-Максимилиан номидаги Мюнхен университети, Мюнхен Техника университети, Боккони, НЕС Paris, Копенгаген университетлари, испан IE ва IESE бизнес-мактаблари, Лозанна университети, Цюрих университети, Лондон университети, Женева университетини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ушбу платформада Осиё давлатларининг курсларини ҳам кўриш мумкин: Сингапур миллий университети ва Тайвань миллий университети. Россия Федерациясидан: Олий иқтисодиёт мактаби ва Москва физика-техника институти (МФТИ).
Курсларнинг муддати: 4 ҳафтадан 10 ҳафтагача.
Ўқитиш тили: 20 та тилларда. Кўпчилик курслар инглиз тилида олиб борилади. Кейинги ўринда – хитой тили. Маърузаларни бошқа тилларда ёзилган субтитрлар орқали кўриш имконияти яратилган. Coursera компанияси яратилган курсларин бошқа тилларга таржима қилиш учун дунё бўйича таълим муассасалари ва волонтёрларни жалб қилмоқда. Чет тилини билган иҳтиёрий инсон Coursera ҳалқаро таржимачилик жамияти (Global Translation Community) га аъзо бўлиши мумкин ва курсларни ўз она тилига таржима қилишга ёрдам бериши мумкин. Coursera платформасида онлайн курслар рус тилида ҳам жойлаштирилган.
Қатнашиш шарти: Coursera платформасида ўқиш учун веб-сайтдан рўйҳатдан ўтиши, ўзи учун қизиқарли курсни танлаши ва ёзилиши етарлидир. Рўйҳатдан ўтиш барча қизиқувчилар учун очиқдир.
Ўқув шакли: видеомаърузалар, ўқиш учун материаллар, курс қатнашчилари учун форумлар. Coursera тингловчиларни ижтимоий тармоқларда ишлашини қўллаб-қувватлайди (ҳар бир тинловчида ижтимоий тармоқларнинг бирида камида битта аккаунти (account) бўлади). Баъзан, бир шаҳардаги тинловчилар ўзлари учун учрашувлар ташкил этишлари мумкин. Тартиб бўйича ҳар бир онлайн курсининг бошланиш санаси ва тугаш санаси белгиланган бўлади. Янги материаллар ҳар ҳафтада қўйилади, топшириқларни белгиланган санагача бажариш зарур (одатда, бу муддат янги видеомаъруза чиққунча ҳисобланади). Бундан ташқари, платформада тингловчилар учун ўзини ҳоҳлаган вақтида – OnDemand режимида таълим олиши мумкин бўлган курслар қўйилган. Coursera платформаси ихтисослик (Specialization) бўйича бир қатор онлайн-курсларини тақдим этади ва уларни тугатган сўнг сертификат олиш мумкин. Сертификатда Coursera компаниясининг логотипи, курс номи, курс яратилган университет номи, ўқитувчининг исми-шарифи кўрсатилади. Лекин, сертификат олинган курс университет академик даражаси бўйича дастурларидаги фан сифатида қабул қилинмайди.
Билимларни назорат қилиш шакллари: тестлар (жавобларидан танлаб олиш вариантлари билан), ёзма ишлар, бошқа тинловчилар қўйган баҳолар (аноним тарзда, изоҳи билан ёки изоҳсиз), якуний имтиҳонлар. Университет ўқитувчилари онлайн-курсларнинг муаллифлари, одатда, тингловчиларнинг вазифаларини текширишмайди ва баҳо қўйишмайди.
Сертификат мавжудлиги: бор. Онлайн курслар вазифаларини бажарган тинловчилар курсни муваффақиятли тугатганликлари тўғрисида электрон гувоҳнома (Statement of Accomplishment) олиш имкониятлари мавжуд. Гувоҳномани олиш учун, одатда, маълум миқдорда баллар йиғиш керак бўлади. Гувоҳномада тинловчининг исми-шарифи, курс номи, курснинг қисқача таърифи ва ўқитувчининг электрон имзоси ёзилган бўлади. Гувоҳнома университет-ҳамкорлари учун курсни тамомлаганлиги ҳақида расмий ҳужжат ҳисобланмайди. Бундан ташқари, SignatureTrack билан белгиланган курсларини тугатганда, тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) олиш имконияти мавжуд, лекин, ушбу ҳизмат пулликдир. Тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) электрон гувоҳнома (Statement of Accomplishment) дан фарқи шундаки, тасдиқланган сертификатда тинловчининг шахси тасдиқланади (паспорт нусҳаси ва веб-камера орқали олинган фотографияси юкланади). Тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) да университет логотипи қўйилган бўлади, бундан ташқари, унда ушбу сертификатда махсус қатор (ссылка) мавжуд бўлиб, у орқали курс ва тингловчи тўғрисида (тинловчининг исми-шарифи, ўқитувчининг исми-шарифи, курснинг дастури ва муддати) маълумот олиш мумкин. Тасдиқланган сертификат ҳам университет дастуридаги фан сифатида қабул қилинмайди.
Аккредитация: йўқ.
Қиймати: бепул. Агар тингловчи фақатгина гувоҳнома эмас, балки, тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) олмоқчи бўлса, у ҳолда бунинг учун тинловчи 50 доллардан 150 долларгача ҳақ тўлаши керак бўлади. Бир нечта курслари йиғиндиси ҳисобланган ихтисослик (Specialization) сертификати олиш учун эса таҳминан 500 доллар миқдорда пул тўлаш керак бўлади.
Мобиль иловалар: бор (iOS, Android)
Udacity платформаси
Udacity (http://www.udacity.com) ҳусусий нотижорат таълим компанияси бўлиб, Стэнфорд университети профессорлари Себастьяном Трун, Дэвид Ставенс ва Майкл Сокольски томонидан ташкил этилган ва инвесторларнинг 20 млн. долларлик маблағи сарфланган. Ушбу стартапнинг максади таълим соҳасини демократизациялаш ва ўзгартиришдан иборатдир. Бошқа шунга ўхшаш платформалардан фарқи шундаки, Udacity платформасидаги онлайн курсларини яратишда университет профессорларидан ташқари, етакчи соҳа экспертларини ҳам жалб қилинмоқда. Масалан, компьютер илми, дизайн, математика, технологик бизнес. Бундан ташқари, ҳар бир курс турли даражада тақдим этилмоқда: бошловчилар, асосий ва иқтидорли тинловчилар учун.
Давомати: 2 млн. фойдаланувчилар.
Ҳамкор-таълим муассасалари сони: 2 та университет ва 13 та компаниялар.
Онлайн курслар сони: 50 та онлайн курслар
Курслар йўналишлари: Udacity платформасидаги аксарият курслар ахборот технологияларга бағишланган, чунки, ушбу платформа Стенфорд университети базасида олиб борилган АКТ бўйича бепул курслардан ташкил топган. Бундан ташқари, платформа тадбиркорлик, дизайн, математика ва физикадан курсларни таклиф этади.
Ҳамкорлари: Сан-Хосе давлат университети, Джорджи (ГаТех) технология институти, бундан ташқари, Google, Facebook, Twitter, AT&T, Cloudera, MongoDB, Salesforce, Autodesk, Nvidia, 23andMe, Zipfian, Cadence ва Hack Reactor компаниялари.
Курсларнинг муддати: қўйилмаган, фойдаланувчининг хохишига боғлиқ. Ҳар бир курснинг таърифида ҳафтада 6 соат ҳисобида таҳминий муддатлари берилган. Агар ушбу ҳисоб бўйича кўрилса, у ҳолда, курсларнинг ўртача 6-10 ҳафтада ўташ мумкин.
Ўқитиш тили: инглиз тилида, бир хил курслар испан, француз, португал ёки хитой тилларида субтитрлар орқали берилган.
Қатнашиш шарти: Кириш имтиҳонлари йўқ, талабгор сайтда рўйҳатдан ўтиши кифоядир. Вазифаларни бажариш муддатлари ҳам белгиланмаган. Фойдаланувчи ўзи қачон ва қандай ўтишни ўзи белгилайди. Платформада таклиф этилган курслар тайёрлаш даражаси бўйича бир нечта гуруҳларга бўлинган: New to Tech гуруҳидаги курслар АКТ ни умуман билмайдиганлар учун, Beginner гуруҳи – бошланғич, Intermediate гуруҳи – ўртача, Advanced гуруҳи – юқори даражада билувчилар учун ҳисобланади.
Ўқув шакли: Ҳар бир курс видеомаърузалардан ташкил топган бўлади, уларга тест саволлари бириктирилган. Бир хил курсларда лойиҳаларни бажариш керак бўлади, бу қатнашчиларда янги билимлар олишига сабаб бўлади. Udacity платформасининг яъна битта вазифаларидан бири – бу тингловчилар лойиҳа портфолиосини яратишдир. Тингловчи бир нечта лойиҳаларни (5-7 лойиҳа) топширгандан сўнг, “Nanodegree” сертификатини олиши мумкин. Бу илмий даража бўлмаса ҳам, ушбу сертификатни АКТ соҳасидаги компанияларга ишга кириш вақтида ҳисобга олишлари мумкин. Бундан ташқари, Udacity – бу ҳамжамият бўлиб, курс тинловчилари форумда ўзаро фикр алмашиш орқали ҳам ўрганишлари мумкин.
Билимларни назорат қилиш шакллари: тестлар (жавобларидан танлаб олиш вариантлари билан), уй вазифалари ва шахсий лойиҳалари. Бир хил курсларда шахсий муррабий (Coach) белгиланиши мумкин, унинг зиммасига вазифаларни текшириш, саволларга жавоб бериш ва лойиҳа ишларида ёрдам беришлар киради.
Сертификат мавжудлиги: бор. Курсларни тугатган тинловчиларга электрон гувоҳнома берилади. Бу электрон гувоҳнома расмий хужжат ҳисобланмайди. Бир хил курсларда тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) олиш имконияти мавжуд.
Аккредитация: йўқ.
Қиймати: бепул. Курсларга кириш барча учун бепул. Шахсий мураббий мавжуд бўлган курлар (Coach) бўйича тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун якуний лойиҳани топшириш, якуний суҳбатдан ўтиш ва шахсни тасдиқловчи хужжатни тақдим этиш зарур бўлади. Ушбу курсларга қўшимча 300 доллар тўлаш керак. “Nanodegree” – 200 доллар ойига.
Мобиль иловалар: бор (iOS, Android).
EdX платформаси
EdX (https://www.edx.org) платформаси Гарвард университети ва Массачусетс технология институти ҳамкорлигидаги онлайн курслар соҳасидаги лойиҳа бўлиб, 2012-йилда ташкил этилган нотижорат таълим компанияси ҳисобланади. EdX платформасининг асосий мақсади таълим бериш таркибидан ташқари, ушбу МООС-платформа асосчилари янги технологиялар талабаларнинг ўқишига ва таълим соҳасини трансформация қилишда таъсир кўрсатиши бўйича тадқиқот олиб боришдан иборатдир.
Давомати: 7 млн. фойдаланувчилар.
Ҳамкор-таълим муассасалари сони: Гарвард университети, Массачусетс технология институти ва 60 дан ортиқ университетлари ва тижорат ташкилотлар.
Онлайн курслар сони: 983 та онлайн курслар
Курслар йўналишлари: платформада турли йўналишлар бўйича курсларни топиш мумкин: биология, кимё, ахборот технологиялари, бизнес, иқтисодиёт, молия, амалий фанлар, статистика, математика, физика, тиббиёт, овқатланиш, тарих, гуманитар фанлар, ҳуқуқшунослик, адабиёт, фалсафа, мусиқа и бошқалар. Берилган фанларни кўп қисми компьютер технологиялари, билогия, табиий фанлар, бизнес ва менежментга тегишлидир.
Ҳамкорлари: Американинг етакчи олий таълим муассасалари: Бреклидаги Калифорния университети, Бостон университети, Корнелл университети, Колумбия университети, Калифорния технология институти, Дартмут коллежи, Чикаго университети. Европа олий таълим муассасалари: Сорбонна, Каролин институти, Мюнхена Техника университети, ЕТН Zurich университети. Осиёнинг қуйидаги университетларининг дастурлари қўйилган: Гонконг Фан ва технологиялар университети, Пекин университети, Сеул миллий университети ва Токио университети.
Курсларнинг муддати: 4 ҳафтадан 10 ҳафтагача. Кўпчилик курсларнинг бошланиш санаси ва курс тугаш санаси мавжуд, бундан ташқари вазифаларни бажариш муддатлари белгиланган бўлади. Сертификат олиш керак бўлса, албатта, курс бошлангунча ёзилиш керак, бу билан вазифаларни ўз вақтида бажариш имконияти пайдо бўлади.
Ўқитиш тили: кўпчилик курслар инглиз тилида берилган. Бундан ташқари, хитой, француз, испан ва ҳинд тилларида ҳам курслар мавжуд, бу курслар инглиз тилида субтитрлар орқали берилган.
Қатнашиш шарти: ҳар бир курс таърифида тинловчиларга шартлар берилган (масалан, ушбу курсни ўқиш учун керакли билимлар кераклиги), бу фақат муаллифларнинг тавсиясидир. Кириш имтиҳонлари йўқ, талабгор сайтда рўйҳатдан ўтиши кифоядир.
Ўқув шакли: видеомаърузалар, ўқиш учун материаллар, тестлар, онлайн-форумлар. Форумда бошқа иштирокчилар билан мулоқотда бўлишлари мумкин, бундан ташқари, улар ўқитувчига савол ҳам беришлари мумкин. Платформа ижтимоий тармоқларда аккаунти борлиги сабабли тингловчилар бир-бирлари билан боғланиш ва саволлар бериш имкониятига эга, бундан ташқари, дунё бўйича турли шаҳарларда барча ҳохловчилар учун учрашувлар ташкил этилади.
Билимларни назорат қилиш шакллари: тестлар (жавобларидан танлаб олиш вариантлари билан), ёзма ишлар, бошқа тинловчилар қўйган баҳолар (аноним тарзда, изоҳи билан ёки изоҳсиз), якуний имтиҳонлар.
Сертификат мавжудлиги: бор. edX уч хил сертификатларни тақдим этади: Honor Code Certificate of Achievement, Verified Certificate of Achievement ва XSeries Certificate of Achievement. Тасдиқланган сертификат (Verified Certificate of Achievement) кypc тугагандан ва маблағ тўлангандан сўнг берилади. XSeries Certificate of Achievement сертификати бир нечта курслардан ўтганларга берилади. Барча сертификатлар электрон шаклда берилади.
Аккредитация: йўқ.
Қиймати: бепул. Курслар барча учун бепул, истисно сифатида маълум касбий курсларни кўрсатиш мумкин. Баъзи курслар тасдиқланган сертификат (Verified Certificate) олишни таклиф этади. Бу ҳолда, тинловчилар барча вазифаларни бажаришда шахсни тасдиқловчи хужжатни ва веб камера орқали ўзлари бажарётганликларини тасдиқлашлари зарур бўлади. Verified Certificate сертификатини олиш барча курслар учун белгиланган эмас, бундан ташқари, бу ҳизмат учун қўшимча тўлов (таҳминан 25 доллар) амалга ошириш зарур, лекин, курс материалларига кириш бепул. Агар тинловчи бир нечта курсларни (2 тадан 7 тагача) ўтишни (XSeries) ва тегишди сертификат олишни хоҳласа, у ҳолда, тинловчи бу курслар учун тўловни амалга ошириши зарур. Онлайн курс қиймати маълум курс билан боғлиқ бўлади, яъни тахминан 100 – 500 доллар.
Мобил иловалар: йўқ. Лекин, edX ва бошқа очиқ таълим платформаларининг видеомаърузаларини мобиль алоқа воситаларидаги MOOCs4U (iOS, Android) иловалари ёрдамида кўриш мумкин.
Онлайн курсларининг энг йирик учта платформалари турли кўрсаткичлари: фойдаланувчилари сони, ҳамкор таълим муассасалари сони, қўйилган онлайн курслар сони, курслар йўналишлари, муддатлари, ўқитиш тили, таълим олишда қатнашиш шартлари, ўқув шакллари, баҳолаш усуллари, сертификат берилиши, аккредитация масаласи, онлайн курсларининг нархи, мобил алоқа воситалари учун иловаларининг мавжудлиги каби кўрсаткичлари бўйича тахлил қилинди. Оммавий очиқ онлайн-курсларни тақдим этаётган Coursera, Udacity ва edX платформаларининг фундаментал фарқлари очиб берилди.
Шундай қилиб, ООО курслар орқали Стэнфорд университети, Массачусетс технология институти ёки Гарвард университетларида уйдан ташқарига чиқмасдан таҳсил олиш мумкин.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
29 та фикр