Бугун тонгги ҳаво илиқлигига қараб юпин қийнгандим. Ишдан қайтаётганимда эшик олдидан: “Шошилма, ҳали пўстин ташлашга эрта” , дегандек ёмғир мени таъқиб эта бошлади. Устига-устак ҳамясоямда ҳам соябон йўқ. Аввалига чинданам таъқиб этмоққа чоғланган томчилар бекатга етай деганимда ҳовуридан тушди чоғи, тинди-ю қолди. Дарахт шохлари ва сим ёғочларда эса фақат баъзи хабарчи томчилар қолди. Қаранг, новдалардаги томчилар гулдастаси. Ҳа, худди анвойи гуллардан сараланган гўзал гулдастанинг ўзгинаси. Баъзилари эса худди пистирмадан хужумга ўтган жангчидек, йўловчилар қулоғига қўниб уларни сескантиришдан завқ олмоққа тутинган.
Автобусга чиққанимда яна ёмғир миллионлаб томчиларини шаҳримиз узра соча бошлади. Мўжизанинг ўзгинаси-я! Тунги ёритқичлар нурида биллур тусдаги ёмғирнинг чеҳраси бирам тошқин, бирам жўшқинки, ҳар кимни ўзига маҳлиё этгудек. Томоша қилиб тўймайсиз. Сиз ҳам кузатиб кўринг-а, кайфиятингиз кўтарилади. Мана энди англадим, у заминни яшиликка буркаш илинжида. Шу мақсадда томчиойлар ердан бош кўтараётган майсалар дудоғида қўним топмоқда. Ана холос, шаррос ёмғир автобус ойналарида аксини кўриш иштиёқи ила деразаларга келиб урилмоқда. Бу жўшқин осмон қувонч ёшлари зумда ойна кенглигида қувлашмачоқ ўйнай бошлади. Биринчиси қочади, иккинчиси унинг изидан шошилади...
Мана манзилимга ҳам етиб келдим. Энди ёмғир мени таъқиб этмаяпти. У менга завқ бағишлаяпти. Ўзимни тиниқлик қўйнида сайр этаётган йўловчидек ҳис қилаяпман...
Кун бўйи шивирлаган ёмғир дунёни ғуборлардан ювмоққа чоғлангандек, гўё. Инсонлар орасидаги ўзаро меҳр-оқибат, диёнат ва садоқат боғларига сув сепмоқликмикин унинг илинжи?! Балки, бободеҳқонларга жавлон уриш пайти келаётганини айтмоқдир истаги! Ёки сой бўйларида мудраётган ялпизлардан хабар олмоққа ошиқяптимикин?! Қанча диққат билан томчилар шивир-шивирин тингламай саволимга жавоб тополмам. Не истакда бўлмасин, биллур томчилар базми авжи паллада. Улар чалган мусиқа ноталарин ёзмоққа тиришаману улгуролмайман. Ҳар зарра оҳанги бир-бирини такрорламайди. Бири-биридан жўшқин, бошқаси сокин. Уйимга етай деганимда ёмғир кучайди. Миллионлаб шовқинли лашкарлар жаранги оламни тутди. Майли, истаганича шовқин солсин, истаганича шўхлик қилсин – бу томчилар! Худди, ғуборларни замин бағрига сингдиргани каби барчаниг қалбига беғуборлик улашсин улар!
Сиз эса атрофингизга назар солинг. Ўрик гулларининг ифорини туйдингизми? Унинг олдига яқинроқ боринг. Кўз очишга улгурмаган куртак эшиги остонасидаги томчига боқинг. Гўзалликка ипсиз боғланиб қолганингизни сезмай ҳам қоласиз. Шунда англайсиз, ҳаёт нақадар гўзаллигини, табиат мўжизалари бетакрор ва бетимсоллигини. Мен ҳам буларнинг барини юрагим ичра асрайман. Шояд ёмғир ғуборлардан поклаган таассуротларимга гард юқмасин...
Эртанги дийдорлашувдан тўкилажак туйғуларимиз ранг-баранг бўлмоғи учун ҳам ёғаверсин дейман – жўшқин ЁМҒИРОЙ!
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр