Сен унда зор, мен бунда зор: илм-фан ва саноат ўртасидаги жарлик

“ҲАН ДАРЁСИ МЎЪЖИЗАСИ”

Жанубий Кореяга (кейинги ўринларда «Корея») илк бор келганимда аксар соҳа талабаларининг илмий раҳбарлари томонидан молиялаштирилиши ва талабалар кўп вақтини лабораторияларда ўтказиши мен учун бироз ғайритабиий туюлди. Бу жараённи кундалик ҳаётимда кузатиб, яқиндан ўрганар эканман, Корея қандай қилиб қисқа давр ичида жаҳоннинг энг тараққий этган 20 (G20) мамлакатидан бирига айлангани сабабларини тушуниб етгандек ва бунда Ўзбекистон учун тайёр намуна кўргандек бўлдим.

II жаҳон урушигача Япония мустамлакаси бўлган, урушдан сўнг иккига бўлиб пайдо қилинган ва ҳали оёққа туришга улгурмасидан 50-йилларнинг бошида Корея урушидан улкан талафотлар кўрган ярим орол дунёдаги энг қашшоқ ҳудудлардан бири эди. Аммо бу қандай шижоатли миллат эканки, ақл бовар қилмас қисқа давр ичида “Ҳан дарёси мўъжизаси” юз берди. 1980-йилларда бошланган жадал саноатлаштириш сиёсати натижасида 1995 йилга келиб Жанубий Корея ўз иқтисодиёти бўйича дунёнинг 11-мамлакатига айланди.

Сеулдаги уйлар, 1968 йил (сурат муаллифи – Гомер Уильямс / манба: Flickr)
”Ҳан дарёси мўъжизаси” ибораси билан Сеулни кесиб ўтувчи дарёга нисбат берилади ва Жанубий Кореянинг бир неча ўн йилларда оддий қашшоқ давлатдан дунёнинг энг бой мамлакатларидан бирига айланганини ифода этиш учун ишлатилади (сурат муаллифи – Рийн Адамос / манба: Flickr)

ТАДҚИҚОТ ВА ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Бу халқ босиб ўтган машаққатли йўлнинг турли жиҳатлари мавжуд. Аммо ҳудуд жиҳатидан Ўзбекистонга нисбатан тўрт баробар кичик ярим оролда татбиқ этилган Тадқиқот ва Тараққиёт (Research&Development) миллий инновация тизими бу миллат тарихида бурилиш ясади. АҚШ ва Япония мисолида истиқболда миллионлаб доллар фойда келтирадиган инновацион лойиҳаларнинг «мазасини сезиб қолган» Корея ҳукумати илмий-тадқиқот институтларига улкан маблағлар ажратиш баробарида хусусий компанияларни ҳам бунга рағбатлантирди, қонунчилигида хусусий сектор илм-фанга сармоя кирита олиши учун ҳамма шароитларни муҳайё қилди.

Бозор иқтисодиёти шароитида инновацион ғоялардан давлатдан-да кўпроқ манфаатдор бўлган хусусий компанияларнинг илм аҳли билан ҳамкорлиги самараси ўлароқ оламшумул лойиҳалар дунё юзини кўрди. Бугунга келиб Samsung, Hyundai, LG қаторида Кореянинг икки юздан ортиқ хусусий ва давлат ширкатлари жаҳон бозорида рақобат қиляпти. Нафақат рақобат қиляпти, балки неча йилдан бери мамлакатдаги илм-фан ва инновация даражаси жаҳон бўйлаб биринчиликдан тушмай келаётир.

ЎЗБEКИСТОН(-ЧИ)?

Ўзбекистон ҳукумати корейсларни ўзининг стратегик ҳамкорига айлантиргани қувонарли ҳол, албатта. Лекин биз ҳам улар тутган йўлдан боришимизга нима халақит беради?

Ҳаммамизга маълум, 1991 йили СССР қулаб Ўзбекистоннинг иқтисоди оғир аҳволга тушиб қолди. Собиқ Иттифоқ инфратузилмаси билан чамбарчас боғлиқ бўлган саноат сектори қаттиқ зарбага учрагач, Ўзбекистонни оёққа турғазиш чора-тадбирларининг асосий йўналиши сифатида қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахта етиштириш кўрилди. Пахта, олтин ва газ экспортидан келиб тушаётган маблағлар ва тўғри танланган ҳаракатлар стратегияси эвазига 90-йилларда гиперинфляциянинг олди олиниб, Ўзбекистон халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилди. Жумладан, академик Ричард Помфрет ўзининг 2000 йилда чоп этилган «Марказий Осиёнинг мустақилликдан кейинги иқтисодиёти» номли китобида «тараққиётнинг ўзбек модели»ни олқишлаб, Ўзбекистонни пост-совет минтақасида энг тўғри йўл тутган давлат деб ҳисоблашини билдирди. Аввалига ҳеч ким ишонмаган бўлишига қарамай, 2002 йилга келиб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳатто 1989 йилгидан ҳам баландроқ кўрсаткичга етди. Мустақилликдан кейинги 20 йил ичида иккита мисли кўрилмаган инқирозга туриб бера олган ёш давлатимиз ҳали ҳам ўсишда давом этмоқда.

Собиқ Иттифоқнинг охирги ва мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон ва қўшни давлатларнинг Ялпи Ички Маҳсулоти кўрсаткичлари (манба: Р.Помфрет)

Аслини олганда табиий ресурслар захираси, демографияси ва энг муҳими катта миқдордаги ишчи кучи каби омиллар туфайли Ўзбекистон жадал суратларда ривожланаётган истиқболли мамлакатлар сирасига киради. Аммо мамлакатдаги саноатлаштириш жараёнининг ўта секин давом этаётгани ҳамда ҳали-ҳануз қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига қарам бўлиб қолаётганимиз сабабли ҳукумат учун 32 миллионлик халқнинг эҳтиёжларини қондириш қанчалар қийин кечаётгани ҳеч кимга сир эмас. Чунки ЯИМнинг 70 фоизга яқини носаноат соҳалардан келиши ишсизлик даражасининг ҳали-бери камаймаслигини билдиради.

Мисол учун, Иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев жорий йилнинг 28 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган халқаро конференцияда қуйидагиларни таъкидлади: “Биз яқин 10 йилдаги асосий муаммомиз мамлакат аҳолиси орасида меҳнатга лаёқатли кишилар улушининг фавқулодда юқорилигича қолиши билан боғлиқ эканини яхши тушуниб турибмиз. Афсуски, бугунги вазиятда биз ишчи ўринлар яратиш масаласида ортда қоляпмиз”.

Энг қизиғи, ҳозир биз намуна сифатида кўраётган Кореяда ҳам саноатлаштириш жараёни тезлаштириб юборилган 80-йилларнинг аввалида аҳоли сони 32,2 миллион атрофида эди, ҳатто 90-йиллар бошигача бу мамлакат ҳозиргидек меҳнат муҳожирларини импорт қилувчи эмас, аксинча экспорт қилувчи мамлакат эди. Ўхшашликни сиз ҳам сезяпсизми?

Лекин Ўзбекистонни саноатлаштиришга хизмат қилувчи, яқин келажакда ишсизликни кескин қисқартириши мумкин бўлган илм-фан соҳасини ривожлантиришга эътибор етарли эмасдек негадир. Тўғри, 2017 йил 29 ноябрдаги Президент Фармони билан Инновацион ривожлантириш вазирлиги тузилди, илмий тадқиқот марказларининг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан турли уринишлар бор, шунингдек, санашга иккита қўлдаги бармоқлар ҳам кўплик қилса-да, айрим олимларимизнинг ютуқлари эътиборга молик. Аммо мамлакатимизда илм-фан ривожи учун ялпи ички маҳсулотнинг ҳатто 0.3 фоизи ҳам йўналтирилмаслиги, айниқса охирги йилларда бу кўрсаткичнинг кескин тушиб боргани Ўзбекистонда илм-фан келажагини жиддий хавф остида қолдиради.

Ўзбекистон 2001-2016-йилларда илм-фан тараққиёти учун ажратган маблағ (ЯИМга нисбатан фоиз миқдорида / манба: Жаҳон Банки)

Шунингдек, олий ўқув юртларида ҳамон СССРдан қолган дарсликлар ўқитилиши, илмий тадқиқотлар учун шароитнинг ночорлиги, илм-фан ва саноат ўртасидаги улкан бўшлиқ ва малакали олимларнинг аксарини хорижий мамлакатларга бой бераётганимиз мавжуд ҳолатни баттар оғирлаштираётир.

Ўзбекистонда кимё ва биология соҳасида мутахассисликни қўлга киритиб, айни дамда Кореяда илмий иш қилаётган икки дўстимнинг гувоҳлик беришича, юртимиздаги олий таълим муассасаларида ўтказиладиган илмий тажрибаларни корейс ёшлари 10-11-синф дарсликларида ўрганишяпти. Бу эса ўқув дарсликларимиз жаҳон амалиётидан нақадар ортда қолиб кетганини кўрсатади. Энг ачинарлиси, ҳар йили амалга оширилаётган юзлаб, балки минглаб илмий ишларни ҳаётга ёки илм-фанга татбиқ этиш ҳеч кимни безовта қилмаяпти. Лоф бўлмаса, давлат олий таълим муассасаларидаги 90 фоиз илмий ишлар ҳимоя қилинган куниёқ архивдан жой олади. Ваҳоланки, индустриал мамлакатларнинг аксарида, хусусан мен ҳозир ўқиётган Кореяда ҳам, саноатга ёки илм-фан ривожи учун татбиқ қилишнинг иложи йўқ бўлган илмий ишларга киришишга рухсат берилмайди. Ҳар бир ўтказилаётган тадқиқот ва уни ўтказаётган олим ёки олимлик йўлидаги талабадан албатта ўша соҳада янгилик қилиш ва бу билан жамият ҳаётини енгиллаштириш талаб қилинади.

ХЎШ, УНДА НИМА ҚИЛМОҚ КEРАК?

Ўзбекистоннинг келажакда индустриал давлатга айланишида ўзининг чексиз ҳиссасини қўшадиган Тадқиқот ва Тараққиёт миллий инновация тизимини такомиллаштириш учун илм-фан тарғиботини кучайтириш, давлат илмий-тадқиқот марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш, малакали илмий ходимлар етиштириш учун таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, эски дарсликларни янгилари билан алмаштириш ва шу каби ишлар албатта ўта долзарб ва қилиниши зарур бўлган ишлар сирасидандир.

Бироқ мен ҳозир эьтиборингизни мени энг кўп қийнайдиган ва афсуски кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган саноат ва илм-фан ўртасидаги жарликни бартараф этишга қаратиб, бу хусусда ўз таклифларимни билдирмоқчиман. Юртимизда фаолият юритаётган айрим хорижий ширкатлар бу соҳада илғорлик кўрсатаётган бўлса-да, маҳаллий бизнесларда ҳали бу ҳақида тўлиқ тушунча мавжуд эмас.

Аввало Ўзбекистондаги бизнес доираларда хусусий илмий тадқиқотларга сармоя киритиш масаласини кенг тарғиб қилиш лозим. Чунки хусусий сектор томонидан молиялаштириладиган илмий тадқиқотлар бу – қум остида беркиниб ётган маржондек гап. Ҳали Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ортидан келадиган улкан фойда ҳақида тўлиқ тушунча шаклланиб улгурмаганлиги боис муваффақиятли ишбилармонларнинг аксари хизмат кўрсатиш соҳасига сармоя киритиш билан чекланиб қолишмоқда. Нари борса, аввалдан мавжуд бўлган кундалик маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланишади. Аммо Ўзбекистонда инновация бозори ҳали ҳувуллаб ётибди, бундан эса унумли фойдаланиш керак.

Нолдан тадқиқот маркази тузиш қобилиятига эга бўлмаган компаниялар учун эса ўз таркибида лабораториялар ташкил этиш, ўз олимлар жамоасини шакллантириш, бунда четда ўқиб қайтаётган ёшларнинг хизматидан фойдаланиш вариантлари ҳам мавжуд. Чунки четда илмий иш қилиб қайтаётган талабалар (ҳаммаси қайтмаётган бўлса ҳам) ўзлари билан чексиз билим ва кўникмаларни олиб кираётир. Бизнесдан мақсад даромад кўришдир. XXI аср шароитида илғор компанияларнинг аксарида муваффақият манбаи бу компания лабораторияларидаги заҳматкаш олимлардир.

Шунингдек, юқоридаги икки ҳолатда ҳам давлат томонидан яратилаётган шароитлардан унумли фойдалана билиш лозим. Масалан, 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқди ва унга кўра инновацион ғоялар асосига қурилган компаниялар учун катта имтиёзларни тақдим этувчи “Mirzo Ulugbek Innovation Center” ташкил қилинди. Марказ фаолияти яқиндан ўрганиб чиқилса, бу аслида жуда катта имконият.

Қирғоқдан узоқлашишга журъатинг етмаса, ҳеч қачон янги уммонларни кашф эта олмайсан. Муаллифи номаълум.

Хусусий лаборатория ташкил қилиш салоҳиятига эга бўлмаган бизнесменлар учун муқобил ечим бу – олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам етук иқтидор эгалари мавжуд. Аммо уларни кашф қилиш маблағга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам юртимиздаги Инҳа, Турин ёки бошқа давлат таълим муассасаларидаги профессор олимлар билан ҳамкорлик қилиш, у ердаги иқтидорли ёш олимларни молиялаштириш, тадқиқотлар учун шароитлар яратиш ва натижада бизнесга инновацион ғояларни олиб кириш мумкин.

Ҳукумат ҳам ўз навбатида олий таълим муассасалари ва Фанлар Академиясига нисбатан талабларни кучайтириши зарур. Ҳукумат томонидан молиялаштириладиган олий ўқув юртларимиз, бироз қўполроқ қилиб айтганда, боқимандага ўхшайди. Ҳеч қандай рақобат муҳити йўқ. Абитуриентлар сони ниҳоятда кўплиги учун талаб таклифга нисбатан ўта юқори. Ҳукумат ҳеч бўлмаганда давлат университетларини хусусий университетлар билан «бир қозонда қайнатиб» уларни тадқиқот бозорида ўзаро рақобатга йўналтириши керак. Университетларда ўтказилаётган тадқиқотларнинг саноатбоплиги оширилса, ўз-ўзидан илм-фанга хусусий сектордан маблағ кириб кела бошлайди. Буни икки хил кўринишда амалга ошириш мумкин:

- Масалан, олий таълим муассасаларидаги илмий лабораториялар қайсидир олиб борилаётган изланиш натижасининг саноатда татбиқ этилгандаги самараси ҳамда унинг ортидан келадиган даромад ҳақида батафсил ҳисобот тайёрлайди ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурлари орқали ўзига сармоядор излайди. Сармоя топилгач, тегишли қонунчилик асосида шартнома тузилади ва илмий тадқиқот сармоядор томонидан молиялаштирилади;

- Иккинчи услубда ташаббусни хусусий сектор кўрсатади. Мисол учун, бизнесмен даромадни ошириш учун ўз компанияси ёки маҳсулотларида қандайдир янгиликни хоҳлайди. Бу хусусда изланиш олиб бориш ва керакли натижага эришиш учун компания университет ёки фанлар академияси қошидаги илмий тадқиқот институтлари олимлари ўртасида тендер эълон қилади. Ўзида ушбу иш учун салоҳият бор деб ҳисоблаган илмий гуруҳ буюртмани қабул қилади ва тадқиқот буюртмачининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Бу уч томонлама манфаатли амалиётнинг келажаги ақл бовар қилмас даражада порлоқ! Бир вақтнинг ўзида саноатга инновацион ғоялар кириб келади, илм-фан ривожланишда давом этади ва давлатнинг саноат сектори фаоллашиши самараси ўлароқ аҳолининг иш билан бандлиги таъминланади. Масалан, ҳозир мен ўқиётган университетнинг ўзида камида йигирмадан ортиқ профессор хусусий компаниялар ёки турли давлат грантлари томонидан молиялаштирилади. Бу битта университетдаги ҳолат. Бу дегани бир университетнинг ўзида йигирмадан ортиқ турли лабораторияда, тадқиқотнинг мураккаблигига қараб, ҳар семестр ёки ўқув йилида биттадан янгилик амалга ошади.

Буюртмалар асосан хусусий сектордан келади. Ҳар бир янгилик учун илмий раҳбар 10-50 минг доллар атрофида мукофот пули олади. Асосий меҳнат эса талабалардан иборат илмий гуруҳ зиммасига тушади. Магистр ёки докторлик учун ўқиётган талабага таълим пули ва кундалик харажатлари қопланганининг ўзи катта байрам. Чунки молиявий муаммоларга чалғимай, бу тадқиқотларда қатнашишнинг ва бу жараёнда тўпланаётган билим ва кўникманинг қиймати тиллога тенг. Хусусий сектордан келадиган буюртмалар сонини кўпайтириш учун эса профессорлар мукофот пулларининг аксар қисмини лаборатория имкониятларини кенгайтириш ва ишчи гуруҳ (яъни талабаларнинг) билим ва салоҳиятини оширишга сарфлайди. Талаба малака тўплаяпти, олим кашфиёт қиляпти, бизнесмен даромад оляпти, юрт эса ривожланяпти. Ҳаммаси оддий.

Юқоридаги фикрларни ўқиб кўпчилик биздаги олимларнинг салоҳияти ҳақида гумонга бориши табиий. Аммо унутмаслик керак, илмий тадқиқотларга хусусий сектордан маблағ кириб келиши ҳар қандай олимга ўз устида ишлаш ва ажойиб натижаларга эришиш учун етарлича туртки бера олади (жаҳон амалиётида ҳар куни бунинг гувоҳи бўлиб турибмиз). Ундан ташқари, Ўзбекистонда ҳам бутун ҳаётини илм-фанга бағишлаган шундай олимлар борки, уларни муваффақиятдан тўсиб турувчи ягона муаммо – маблағ танқислиги ва шу сабаб юзага келган тадқиқот учун шароитнинг ночорлиги.

Шундай қилиб Ўзбекистон 2018 йил ҳолатига барча кўрсаткичлар (ялпи ички маҳсулот, ундаги саноат улуши, илм-фанга ажратилаётган маблағлар, илм-фан ва саноат ўртасидаги бўшлиқ коэффициенти, аҳоли сони ва ҳоказо) бўйича Жанубий Кореянинг 1980 йилдаги ҳолати билан бир хил мақомда турибди. Энди биз ҳам 15-20 йил муддатда дунёнинг топ мамлакатлари сафига қўшилишимиз учун бугундан бошлаб ҳукумат бошчилигида бор эътиборни «Тадқиқот ва Тараққиёт» ғоясига қаратишимиз лозим. Ўзбекистонда саноат ва илм-фан ўртасидаги жарликни йўқотиб, уларнинг «бошини бир қилмас» эканмиз, жаҳон тараққиёт уммонида бизнинг кемамизга жой топилиши амримаҳол. Бу икки соҳанинг изчил ҳамкорлигига тамал тошини қўйиш учун «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»дан-да қулайроқ фурсат бўлмаса керак.

4.54 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.54 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.61 / 26
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 35

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Фарида Зоҳидова 06/06/2018
5 Feckro Felix 06/06/2018
5 Ulugbek Sharopov 06/06/2018
5 Абдурахмон Низамов 06/06/2018
5 Mirzo Mahmudov 06/06/2018
5 Muhammad Said Ikrom 06/06/2018
5 Muzaffar Tojiboyev 06/06/2018
5 Dildora Jumanova 06/06/2018
5 Zinnura Zinnura 06/06/2018
5 Erkinjon Karimov 06/06/2018
5 Zuhriddin Obloqulov 06/06/2018
4.5 Xudoyberdi Avazov 07/06/2018
5 Mirjahon Sattorov 07/06/2018
5 Soliha Shahobiddinova 07/06/2018
4.5 Boburjon Xatamov 07/06/2018
4 Jasur 07/06/2018
2 Raxmatov Ubaydullayevich Muzrob 07/06/2018
4 Bekzod Komoldinov 07/06/2018
5 Shokir 07/06/2018
5 Sayfullayev 07/06/2018
4 Нодирабегим Жамолова Жамолова 08/06/2018
5 Мухаммадали Азизов 08/06/2018
3 Aziz Qarshiyev 08/06/2018
4 Parviz Abduvohidov 08/06/2018
4 Дилдора Матазимова 09/06/2018
5 Rahimjon Dadajonov 10/06/2018
5 Abdurrouf Abdurroshiyd 10/06/2018
4 Норжон Сафарова 10/06/2018
5 Илёсбек Раҳимбек Ўғли 10/06/2018
5 Abdulla Sultonov 10/06/2018
5 Abbos Bobomurodov 10/06/2018
5 Islomjon Tursunov 11/06/2018
5 Fayzulla To'laganov 11/06/2018
2.5 Sarvinoz Beknazarova 12/06/2018
5 Ruslan Raupov 12/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
34 та фикр