Сен унда зор, мен бунда зор: илм-фан ва саноат ўртасидаги жарлик

“ҲАН ДАРЁСИ МЎЪЖИЗАСИ”

Жанубий Кореяга (кейинги ўринларда «Корея») илк бор келганимда аксар соҳа талабаларининг илмий раҳбарлари томонидан молиялаштирилиши ва талабалар кўп вақтини лабораторияларда ўтказиши мен учун бироз ғайритабиий туюлди. Бу жараённи кундалик ҳаётимда кузатиб, яқиндан ўрганар эканман, Корея қандай қилиб қисқа давр ичида жаҳоннинг энг тараққий этган 20 (G20) мамлакатидан бирига айлангани сабабларини тушуниб етгандек ва бунда Ўзбекистон учун тайёр намуна кўргандек бўлдим.

II жаҳон урушигача Япония мустамлакаси бўлган, урушдан сўнг иккига бўлиб пайдо қилинган ва ҳали оёққа туришга улгурмасидан 50-йилларнинг бошида Корея урушидан улкан талафотлар кўрган ярим орол дунёдаги энг қашшоқ ҳудудлардан бири эди. Аммо бу қандай шижоатли миллат эканки, ақл бовар қилмас қисқа давр ичида “Ҳан дарёси мўъжизаси” юз берди. 1980-йилларда бошланган жадал саноатлаштириш сиёсати натижасида 1995 йилга келиб Жанубий Корея ўз иқтисодиёти бўйича дунёнинг 11-мамлакатига айланди.

Сеулдаги уйлар, 1968 йил (сурат муаллифи – Гомер Уильямс / манба: Flickr)