Ҳошимжон чўчиб уйғонди. Ғалати туш кўрибди. Эмишки, тушида бувиси айтиб берган эртакдаги сеҳрли танкачани топиб олибди. Танкача унинг ҳар қандай истагини бажо келтирармиш. Ҳошимжон кўзини бир муддат юмиб ётди, зора тушимнинг давомини кўрсам, деб. Қайта уйқиси келмагач, ўрнидан турди-ю, қичқириб юборди. Ёстиғининг олдида худди тушида кўргани, бувисининг эртагидаги сеҳрли танкача турарди!
—Сен... ўша танкачамисан?!
—Нима, кўрмаяпсанми?
—Исботлаб берчи!
—Галварс, гапираётганимнинг ўзи исбот эмасми? Қаерда кўргансан ўйинчоқ танкача гапирганини!
—Ҳа-я, ростдан ҳам. Демак, сен хоҳлаган тилагимни бажара оласан, шунақами? Хўш, мен истардимки...
***
Ҳошимжон Рўзиев Олий тоифали илм даргоҳига энг юқори балл билан қабул қилинди. Уни таниганлар ҳайратда, танимаганлар ҳавасда эди. Яқинлари "Тавба, икки сўзни бир-бирига эплаб улаб беролмасди-ю, қандай қилиб имтиҳонлардан ўтди экан", дейишса, танимаганлар "Ҳамманинг ҳам танкачаси бўлсин экан-да", деб қўйишарди...
***
Ҳошимжон ўқишни битиргач, қизил дипломини қўлига олиб, ўзи якунлаган соҳа бўйича ишга жойлашди. Шу пайтгача ошиғи олчи бўлиб келгани учун, буёғига ҳам қийинчилик кўрмай ишлаб кетишига ишонарди. Лекин, негадир иш унча осон кечмай қўйди. Атрофдагилар ҳам, ишхонасидагилар ҳам ҳайрон: "Шуми ўзи, қизил дипломли кадр?"
—Сеҳрли Танкача, менга ёрдаминг керак! Бошлиқ менга бир вазифани топширди, айтишича, жуда ҳам масъулиятли иш эмиш, менга ишонармиш. Шуни бажаришнинг йўлини ўргат!
—Ўргат, дейсанми? Ўзим ҳам ҳеч нимани билмайманку, сенга ёрдам бера оламанми?!
Ҳошимжон довдираб қолди.
—Ие, ахир, сеҳрли Танкачасанку! Бирор нима қил, танишларингни ишга сол!
—Яхши, уриниб кўраман, фақат қолган майда-чуйдаларини ўзинг ҳал қиласан.
—Нима қилсанг қил, фақат шу вазифани бажариб олай.
***
Суд зали. Судя охирги ҳукмни ўқиди:
—Судланувчи Ҳошимжон Рўзиев пора берганликда айбланиб, унга нисбатан...
Ҳошимжон чўчиб уйғонди. Ҳайрият, тушим экан, деб ўйлади-ю, имтиҳонларга тайёргарликни давом эттира бошлади...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр