Бу воқеани бошимиздан кечирганимизга ҳам анча бўлди. У пайтлар замон ҳозиргидек тезлашиб кетмаганди. «Ядекс.Таски»лар Тошкент кўчаларида юрмас, гумманинг нархи 700 сўм, вилоятдан менга ўхшаб келган фуқароларнинг ҳар қадамда ҳужжати текшириларди. Икки фура узумни битта вагонга юкласакда хизмат ҳақимизни ололмаган, ижарада турадиган квартирамизда салгина қаттиқроқ юриб қолсак, пастдаги қўшни аёл «участковой»га ёзворадиган даврлар эди. Аммо барчаси ҳамон кўз ўнгимда... Капгир лабининг тагига носини ташлаб олиб дуторини тинғиллатиб ўтирар, мен эса бирор-бир тузукроқ иш топиш мақсадида «Facebook»даги «My Job» гуруҳида тентираб юрардим. Қисқасини айтадиган бўлсам бундан беш кунлар олдин эди…
—Капгир бугун кечга нима овқат еймиз? Айни вақтда пробиркаларга бир нималарни тайёрлаб ўтирган Капгир парвойини ҳам бузмасдан жавоб қайтарди.
—Бугунча оч ўтира қолайлик, эртага обедда «риштонча коватак» еймиз.
Шу кунларда Капгирнинг қўлига қанақадир Мелкиадес исмли лўлининг қўлёзмалари келиб тушган. Айтишича, у ерда қўрғошиндан олтин тайёрлаш усули ёзилганмуш. Шунақаям дабба бўладими одам дегани. Қўрғошиндан—олтинмуш! Бу худди қазидан от ясашдек маънисиз ёки «ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилмаяпти» дегандек лоф гапда.
Нима ҳам дердим, бир сўм ҳам пулим қолмаганидан кейин машнақа турқи совуқ ҳамхонамнинг айтганини қилишга, қош-қовоғига қараб ўтиришга мажбурманда. Ҳечқиси йўқ, яна бир кеча оч ётсак ётибмизда, биринчи марта эмаску… Талабалик даврларим эсимга тушиб кетди. Дарсимиз обеддан кейин бошлангани учун одатда кечаси тўйиб овқатланиб, эртаси куни обедгача ухлардик. Шунда нонуштага сарфлайдиган пулимиз ёнимизда қоларди. Обедни эса Миллий университет билан «Политех»ни ўртасидаги «Зелёнка»да қилардик. Чўрт возми бирам яхши давлар эди… Хотинимни (у вақтлар ҳали хотиним эмас, проста битта олифта қиз эди) илк маротаба овқатлантиргани ўша ерга оборгандим. Ўзича перашкадан жирканиб емаганди, «мен бунақа нарсаларни емайман», деганди. Курсдошимдан 12 минг сўмг қарз-ҳавола қилиб, сал нарироқда «Учрашув» деган кафеда лаваш оберганман ўшанда. Ўзим эса битта кофе билан кифояланганман. Ҳозир эса перашка тугул унга қўшиб берадиган қизил соусини пиёласи билан ичиб қўяди… Баъзида ўйланиб қоламан «ростдан ҳам мен яхши кўриб қолган қиз шумиди?» деб. Ошхона тарафда нимадир панғиллади. Капгир кимнидир энасини сўка бошлади. Менимча, ўша лўлини бўлса керак.
Талабалик давримни хотирлаб ухлаганимни билмай ҳам қолибман. Бир пайт Капгирнинг бақирганидан уйғониб кетдим.
—Чўмич турасизми йўқми ёки бир ўзиз квартирада қолмоқчимисиз?!
—Намунча… Бунақа эрта турмасдизку, тинчликми?
—«Риштонча коватак» еймиз деб келишдикку кеча.
—Ҳўп эрталабдан пиширмассиз шу зорманда ўлгур овқатни.
—Оббо гаранге, «риштонча» бўлганидан кейин уни Риштонда ейиш керакда. Туринг тез, Фарғонага борамиз. Ўша ердан буюртма тушган. Эртароқ «питак»ка бормасак, таксиларни нархи кўтарилиб кетади.
Ва ниҳоят иш. Анчадан буён бирор жиноятни очмай қўйгандик. Одам ишламай ётаверса зерикиблар кетаркан, мен сизга айтсам. Ишқилиб тузукроқ соққа тўлайдиган иш бўлсинда. Қотиллик-потиллик бўлса янада яхши. Марҳумни қариндошлари «бақувватроқ» бўлса, пулни аямайди.
Соат етти бўлмасдан Қўйлиқдаги «Водий питак»ка етиб бордик. «Максим Горкий»дан қатнайдиган №55 «Газел»дан тушишимиз билан Капгирни кўздан қочириб қўйдим. Бир пайт қарасам иккита барзанги қўлтиғимдан кўтариб «Nexia»ни ичига тиқишга уриняпти. «Акалар мени шеригим бор, тўхтанглар» дейишимга қарамай, ичимга бир мушт уриб орқа ўриндиққа чўзилтириб қўйишди. Кўзимни олдида юлдузчалар айланиб кетди. Ўзимга келганимда Оҳангарондаги «Темирота» кафесини олдида кетаётган эканмиз. Машинани орқасида бир ўзим, ялпайганча ётиб кетяпман. «Наҳотки мениям ўғирлашган бўлса» деган ғурурга тўла ўй ўтди ичимдан. Аммо яхшилаб қарасам олд ўриндиқда Капгир ўтирибди.
—Шуни куч ишлатмасдан, одамга ўхшаб тушунтиришса машинага ўзим ўтирардимку, дедим тўнғиллаб.
—Вақт кам Чўмич, вақт кам. Элликта одамни ичида сизга ҳижжалаб тушунтиргандан кўра, шу усул осонроқ туюлди.
—Нега таксида биздан бошқа одам йўқ.
—Мижозни аҳволи оғирлашиб қолибди, шунга тезроқ келинглар, қанча харажат бўлса қоплаб берамиз дейишди. Шу атрофга тўхтатворинг, довонга чиқишдан олдин бир сув ичволсак. Шопир ака машинани четга тўхтатди.
Машинадан тушиб ўзимни сал эпақага келтиргандек бўлдим. Йўлни четидаги «пишмакран»дан юз-қўлимни ювиб сув ичдим.
—«Тезроқ бўлмайсизми энди, кутиб қолдикку». Қулоғимга аёл кишининг (балки қиздир) шанғиллаган овози эшитилди. Бунақа хунук овозни охирги марта «Истиқлол»да қайсидир хонанданинг концертида эшитгандим. Ортимга ўгирилсам бир пари-пайкар турарди. Ёнида эса иштонини тўлдириб қўйган болакайга ўхшаш эркак. Хотин тушмагур эркакка подақараш қилганди, ану «эр» канистраларни сувга тўлдиришга тушиб кетди. Капгирнинг қистови билан машинага чиқиб олган бўлсамда, «боковой» ойнадан анча вақт ортга термулиб турдим. Аёл тушмагур эрини биқинини туртиб, челакларни тезроқ тўлдиришни буюрарди.
—Худо кўрсатмасин, шунақа хотинга йўлиқиб қолсангиз борми Чўмич, деди Капгир.
—Менку йўлиқадиганимга йўлиқиб бўлганман, сиз ўзиздан хавотир олинг. Йўқ, вобшемто хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади.
—Нега энди?
—Ёшиз ўттиздан ошди, энди нормалний қиз тегармиди сизга. Ўзимча Капгирни бир «ачитмоқчи» бўлим-у, ичимдан «яна қайтиб келсайди ўша бўйқодлигим, қирқдан ошсам ҳам уйланмасдим» деган ўй ўтди.
—Йигит кишига уйланишнинг эрта-кечи йўқ дўстим. Ҳозирдан уйланволсам изқуварлик қобилиятим йўқолиб кетишидан қўрқаман. Мен бўлмасам, шунча жабрдийда одамларга ким ёрдам беради?!
—Топилиб қолар, деб мавзуни чувалаштиргим келмади.
—Хотин танлаш ҳам кўпкарида миниладиган отни танлашдек гап. Агар танловни тўғри амалга оширсангиз маррага улоқни биринчи бўлиб сиз ташлайсиз, доим ошиғиз олчи бўлади. Агар адашсангиз, ташвишигиз яна биттага ортади. Унга ем-ҳашак, парвариш дегандай. Энг алам қиларлиси, минаман деб устига чиқсангиз, битта шаталоқ отиб, орқа оёғи билан тепадида, бир умрга майиб қилиб қўяди. Шундай экан шошмаслик керак.
«Тепки» еганим эсимга тушиб, «сиз ҳақсиз», деб юборганимни ўзим билмай қолдим.
Довонга чиқдик. Атроф ям-яшил. Оғзим очилиб, анқайиб қолганимни кўрган шопир ака гапга тутди:
—Қалай, ёқдими?
—Ажойиб, тўртта қурт билан 2,5 литрли «Барлос» бўлсаю, шу ерда лолақизғалдоқларга бош қўйиб ётсанг.
—Ерда ётишга ҳали эрта, шамоллатиб қўясиз.
Шопир ака ўзича ҳазил қилгандек бўлди.
—Шевангиздан фарғоналикларга ўхшамайсиз, қаердансиз? Капгир шопирни гапга тутди.
—Мен асли Наманганданман. Тўрақўрғондан.
—Таксичи бўлатуриб дазмолланган оқ кўйлак билан таҳи бузилмаган шим кийиб олганизга қараганда Риштонда қариндошларизникига боряпсизми?, —дедим ўзимча Капгирга ўхшаб дедукциямни ишга солиб.
—Чўмич ҳали хомсиз, шунча йилдан бери дедукцияни бошланғич таълимини олдингиз-у, лекин кўрган нарсаларизни бир-бирга боғлашни ўрганмадингиз. Мана қаранг! Сиз айтгандек шопир акани шим ва кўйлаклари тоза, бироқ сочлари ҳам текис қилиб таралган. Лабида тиш пастасининг изи қолибди, кўринишидан «Cоlgate: Тройное действие» бўлса керак. Имкон қадар ўриндиққа бутун гавдаси билан ўтирмасликка ҳаракат қиляпти, кийими ғижимланишидан хавотирда. Демак, хулоса, кийим ўзиники эмас ёки бунақа кийимда юришга ўрганмаган. Йўлга чиққанимиздан бери «Орбит» чайнаяпти, телефонига эса тез-тез қараб турибди. Поябзали ялтираб тозаланган бўлса ҳам пайпоғи эски. Якуний хулоса: шопир аканинг иш юзасидан жиддийроқ учрашуви бор ёки ўйнашининг олдига кетяпти. Одатда таксичиларда қўним бўлмаслигини инобатга олсак, иккинчи вариант тўғрироқ. Нима дедиз…
Шопир қизариб жавоб қайтарди.
—Риштондаги Ойимни олдига кетя…
—Эээ дедукцияниям белига тепдиз, деди Капгир бу сафарги «фол очиши» ўхшамаганидан. Одатда у адашмас эди. Менимча, анчадан буён алкимёга берилиб кетгани сабаб мияси сиқилиб қолган бўлса керак. Шу маҳал телефон жиринглаб қолди. Қарасам майор Қодиров қўнғироқ қиляпти. Телефонни Капгирга узатдим.
—Қодиров экан, ҳойнаҳой сизни сўраса керак. Капгир уфф тортиб телефонни олди.
—Алло, аллоо, Қодиров нима дейсиз? Баландроқ гапиринг, эшитилмаяпти!
—Довонда антенна яхши чиқмайди, бекорга урунганиз қолади, деди шопир ака.
—Падарига ланат бунақа алоқани. Даже Тожикистондаги мобил операторлар бизникидан яхши ишлайди. Яқинда биттаси Душанбега бориб келиб, оғзидан бол томгунча ўша ерларни мақтади ўзиям. Йўллариям теккисмуш, бизда бўлсачи? Гапримадиме, эрталабдан асабимни бузгим йўқ.
Гапирмадим деганидан кейин ҳам мобил операторларимиз ҳаққига яна олти варақ сўкиш ўқиди. Менку ўрганиб қолганман, лекин водийлик таксичини олдида ҳижолат бўлдим. Довонни энг юқорисига чиққанимизда қулоғим битиб қолди. Гапирсам овозим ўзимга ғалати эшитилиб кетаверди. Манзилимизгача ҳали 2,5 соатлик йўл борлигини билгач, уйқуни урворишга қарор қилдим.
Бир вақт уйғонсам парникзорлар оралаб кетаяпмиз экан.
—Вой-вўў, буларни ичига бодиринг экилганми?, деб сўрадим шопир акадан.
—Буларни ичи бўм-бўш. Каттакон келишига шунақа тайёрлаб қўйишган.
Шу ерда ҳам кўзбўямачилик эканда, дея ҳафсалам пир бўлиб, уйқуни келган жойидан давом эттиришга қарор қилдим.
—Ака, уйғонинг етиб келдик. Шопир аканинг овози энди илинган кўзларимни очишга мажбур қилди. Машинадан тушиб қарасам битта ҳашаматли қасрни қаршисида турибмиз. Уй эмас, ҳақиқий қаср. Кўчадан ҳовлини тўсиш учун қурилган деворини охири кўринмайди. Ертўласи билан қўшиб ҳисобласа камида 3—4 қават бўлса керак. Уйнинг кўча тарафига турнақатор қилиб қарағай кўчатлари экилган, кўринишидан яқиндагина. Ярмидан кўпи шалпайиб ётибди, айримлари эса қуриб ҳам қолган. Эҳ пул топиб ақл топмаганлар, қумли жойда қарағай кўкарармиди. Ўзиям ҳар бирини донасини 100 доллардан сотвоган бўлса ажабмас… Қишлоқда ёзги таътилда ғишт заводида ишлаб кўрганлигим учун деворга урилган ғиштлар битта қолипдан чиқмаганлиги эътиборимни тортди. Яхшироқ қарасам, темир дарвозани тепасидаги «шапка»га ҳам икки хил пластик ишлатилган, томорқа панжараларидаги арматуралар ҳам бир неча хил. Бир қарашда билинмайдию, лекин менга ўхшаган кўзи ўткир одам дарров сезади.
Капгир дарвозани энди бориб тақиллатмоқчи эди, дарвоза эшиги очилиб майор Қодиров чиқиб келди.
—Ие Қодиров, сиз бу ерда нима қиляпсиз?
—Сизни келишизга ишонмаган Йўлчибоев ёрдамга малакали мутахассисларни ҳам чақирди, боя келиш-келмаслигизни билиш мақсадида телефон қилгандим.
—Демак, малакали мутахассисларни олиб келибсизда, тушунарли.
—Олиб келмадим, ўша малакали мутахассис менман.
—Қўйсангизчи, мен сизни малакангизни жуда яхши биламан. Эшакни мажбурлаб «қуёнман» дегиздирадиганлар хилидансиз. Майли ҳафа бўлманг. Бугун кайфиятим ёмон ўзи, шунга «чақиб-чақиб» турибман.
—Мижозимиз вилоят-пилоятни ҳокимими дейман? Дарвозадан кирар эканмиз кўрганларимдан ҳайратимни яширмай Қодировга юзландим.
—Қанақа ҳоким-е, бозоркомни уйи бу.
Шундан кейин уйни қуришга нега ҳар хил материаллар ишлатилганини тушунгандек бўлдим. Бозордан ортганини уйига ташиган бўлса керак.
Бизни бошлаб киришган хонада ёлғон бўлмасину камида 220 килоли одам ётарди. Томоғидаги бақ-бақаларидан битта менга ўхшаган одам ясаса бўлади. Камига яна каравотини атрофи сархил егуликларга тўлдириб ташланган.
—Бизга нима хизмат?, — деди Капгир салом-аликни хаёлига ҳам келтирмасдан.
—Мени ўлдиришмоқчи, — деди 220 кило пиғиллаб. Кейин билишимча, бу шахс тумандаги энг катта бозорнинг бозоркоми Юлдиёр Йўлчибоев экан.
—Ким ўлдирмоқчи? Қандай қилиб ўлдирмоқчи? Нега ўлдирмоқчи?, дедим мен сабрим чидамай.
—Кимлигини аниқ билмайман, лекин тахминларим бор.
—Хўш?
—Ўтган ҳафта бозордаги бир-иккита дўконни бузиш ҳақида қарорларга имзо чеккандим. Дўкончилардан бири, унни «оптом» сотадиган Ғайбулла келиб «энангни кўрсатаман, ўлдирвораман» деб таҳдид қилганди. Шу эртасига мазам бўлмай қолди. Ичимдан қон кетяпти. Шу нусха заҳарлаганми дейман.
—Заҳарлашган бўлса таҳлилга қон топширмадизми?
—Топширдим. Лекин дўхтирлар ҳеч нимани аниқлай олмади. Шунга агар ёрдам берсалариз, ўша муттаҳам мени заҳарлаётганини исботласалариз оғзизга сиққанини бераман.
—Бўлди келишдик, фақат мени эмас дўстим Жамшид Чўмични оғзига сиққанича берасиз, уники меникидан кўра каттароқ.
Капгирнинг гапи ёқмади. Мени оғзим каттамуш?! Ҳее ўша энангни…
Хонага Йўлчибоевнинг аёли кириб келди. Кўринишидан кўхликкина. Бошига рўмолларини ўраб олган, юзидан нур ёғилиб турибди. Қандай қилиб шу девсифат одамга турмушга чиққан экан-а? Миям яна қисилди.
Бугун ишни якунлаб яна Тошкентга қайтишимиз керак бўлгани учун тезроқ ҳаракат қилишимизга тўғри келарди. Бунинг устига қорин кечадан бери оч. Бошим айланиб кетай деяпти. Капгиргаку фарқи йўқ, уни қорни оч бўлса боши яхши ишлайди, меники эса мочани кўрган ҳангидек бир жойда депсиниб тураверади.
Биринчи навбатда мижознинг шубҳаларига аниқлик киритиш мақсадида бозорга йўл оладиган бўлдик. Дарвозадан энди чиқишимиз билан майор Қодиров югуриб келди.
—Капгир тезлаштирмасанглар бўлмайди, Йўлчибоевни аҳволи яна оғирлашиб қолди.
Бозорга келдик. У ерда дўкони бузилаётганлар орасида Ғайбулла деганини излаб топдик.
—Ғайбулла «оптом» сизмисиз?
—Ассалому алайкум. Ҳа, мен бўламан.
—Сизга бир-икки саволимиз бор эди.
—Порталданмисизлар ака? Мана қаранг булар ҳамма ҳужжатлари жойида бўлган дўконимни бузишяпти. Дардимни кимга айтишни билмай сизларга ёздим акалар?
—Ҳамма ҳужжатлариз тўғри бўлса нега бузишади?
—Жаа ҳаммасияммас, — деди дўкончи кўзини ерга қаратиб. Дўконни кадастри сал чатоқроқ эди. Бозорком тушмагур шунга ёпишиб олган. Бошқаларда мендаги бор ҳужжатни ярмиям йўқ аслида. Лекин улар «доля» бериб туради, шунга тегишмайди. Мен бўлсам деярли савоб учун иш қиламан. Унни бошқа дўконлардан анча арзон сотаман, менга кўп фойда керакмас, муҳими халққа ёрдам қилсам дейман. Ахир одамлар нон емаса ўлиб қоладику! Бу сизга ҳеч кимга керак бўлмаган китоб дўконимидики, шартта ёпвораверсанг.
—Айтганча, шу бозорда битта машҳур китоб дўкони бор деб эшитгандим, қаерда у?
—Ана, ўтирибди китобчи укамиз. Уникиниям бузишмоқчи. Тўғрида, қорин оч бўлса китобни ким ҳам ўқирди.
Мен табуреткасида шумшайиб ўтирган китоб дўконининг эгасини олдига бордим, Капгир эса «оптомчи» билан суҳбатини давом эттирди. Бориб ҳол-аҳвол сўрагандек бўлдим, нега униям дўконини бузишмочи эканлигига қизиқдим. Китобчиниям дарди «оптомчи»ники билан бир хил экан. Шунча йўлдан келдикми келдик, битта селфи тушиб кетмасак бўлмас, дея китобчи билан расмга тушдим. Бечора йиғлайман деб ўтирган бўлса ҳам, «Худо бор, ҳақиқат мен тарафда, қўлларингдан келганини қилларинг» дегандек селфига тиржайиб тушди. У билан хайрлашиб Капгирни олдига қайтдим.
—Бирор янгилик борми Капгир?
—Бор, Йўлчибоевни Ғайбулла заҳарлаган!
—Нима?, дедим мен.
—Нима???, деди Ғайбулла.
—Қодировга қўнғироқ қилинг, келиб буни ҳибсга олсин. Дубинка билан товонига икки марта урса, барча қилмишларини тан оворади.
На илож, Капгирнинг амри вожиб. Телефон қилиб Қодировга бор гапни айтдим.
—Акалар бу нима қилганингиз? Нега мен заҳарларканман? Қани исбот, туҳматку бу! Дўконимни бузгани етмагандай, энди ўзимниям қаматмоқчими?!
Ғайбулла «оптом»нинг дод-фарёдларига 15 минутча чидашимизга тўғри келди. Қодиров келиб уни қўлига кишанни тақдида икки буклаб «Matiz»га солиб обкетди.
—Капгир балки тушунтириб берарсиз?
—Ҳозир сизга тушунтирсам, бориб яна Йўлчибоевга ҳам тушунтиришим керак. Яхшиси иккалангларга биттада айтиб бера қоламан.
Яна бугунги мижозимизни уйига йўл олдик. Биринчи бор келганимизда ухлаб ётганим сабаб атрофга эътибор бермаган эканман. Энди қарасам бутун бошли кўчада Йўлчибоевникидан бошқа тузукроқ уй йўқ. Баъзилари ҳатто томсувоқ бўлиб ётибди. Шунақа уйлардан бирини олдида 5—6 ёшлар атрофидаги бола планшет чуқалаб турибди экан. Томоғим қақраб кетгани сабаб бир пиёла чой сўрадим. Болакай уйига югириб кириб кетди-да, битта коса сув олиб чиқди.
—Амаки, ҳали свет ёнишига 2 соат бор экан, иссиқ чойни иложи бўлмади узр, деди болакай юзлари қизариб.
—Светни нима алоқаси бор, чойни газда қайнатмайсизларми?, дедим қизиқиб.
—Газ нима у?
Болакайни саволидан кейин қаерга келганимиз эсимга тушиб кетди. Бу болакай туғилганидан бери газни кўрмаган бўлсая. Косадаги сувни сипқордим, умримда бунақа шўр сувни ичмаган эдим. Нима бало булар ҳар куни шунақа сувдан ичишадими. Бунақада одамни ичи тузга тўлиб кетадику. Раҳмат айтиб, косани болага қайтариб бердим.
Йўлчибоевни хонасига кирсак эр-хотин даҳанаки жанжаллашиб ётишган экан.
—Қани бўйнингдаги тилла занжиринг, нима қилдинг уни? Яна сингилларингга совға қивордингми? Ўлай деб топган пулларимни кўчага совуришдан бошқа нарсага ярайсанми ўзи?
—Нега кўчага бўларкан…
—Тур йўқол, чиқ хонамдан.
Бизни кириб келганимизни кўрган мижоз хотини билан олишувни шу жойида тўхтатди.
—Қисқаси ўша Ғайбулла сизни заҳарлаган, деди Капгир томдан тараша тушгандек.
—Исбот?, деди Йўлчибоев ғиншиб.
—Мен у билан гаплашдим. Гап орасида ундан Йўлчибоев ҳозир қаерда, олдига кирмоқчи эдим, деб сўрагандим, у « мешқорин ҳозир заҳарланиб уйидан туролмай ётган бўлса керак», деди. Эрталаб келганимизда Қодиров сизнинг заҳарланганизни ҳеч ким билмаслигини айтганди. Унақада Ғайбулла қаердан билади? Бундан келиб чиқадики, уни бунга алоқаси бор. Так что қолгани майорни иши. Бизнинг ҳақимизни берсангизу, тезроқ кетсак бу ердан. Бўлмасам Риштонга келганимдан буён оғзимни таъми чучмал бўлиб кетяпти. Менимча, бунга кечадан бери овқатланмаганимиз сабаб бўлса керак.
Йўлчибоев ётган кроватини тагидан икки пачка пулни олиб Капгирга узатди. Бозоркомга соғлик тилаб, уйга йўл оладиган бўлдик.
Дарвозга яқинлашаётганимизда, Йўлчибоевни хотини иккита «Aygen» пакетни бериб, қўлини кўксига қўйганича ўз миннатдорчилигини билдирди. «Қандай одобли-я бу водийликлар. Салом-аликни жойига қўйиб қўяди», ўйладим ўзимча. Ташқарида пакетларни очиб қарасам ҳар биримизникида 4 метрдан Марғилон атлас бор экан. Ундан кўра тўртта нон билан битта «капчоний» солса тузукроқ эди. Бундан лозим-иштон тиктириб киярмидик.
—Риштонча коватакчи?, — дедим мен Капгирга қараб.
—Еймиз, еймиз, бирорта яхшироқ ошхона топайлик.
Шаҳарни айланиб-айланиб, кўпчилик мақтаган бир ошхонага кирдик. Кирсак одам кўп, жой деярли йўқ. Бизни Тошкентдан келган меҳмон эканлигимизни билгач, иш бошқарувчи алоҳида битта стол тайёрлаб берди. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас овқатларимиз келди. Энди бу таомни хушбўйлигини кўрсангиз эди, бай-бай-бай. Ҳидини ўзига одам мазза қиворади.
—Оғзим негадир чучмал бўлиб кетяпти, бориб ювиб келай, — Капгир шундай деганча раковина томон йўл олди. Мен бўлсам овқатга термулиб, унинг чиройидан баҳраманд бўлиб ўтирардим (кейинроқ овқатни тезроқ емаганим учун анча пайтгача афсусланиб юрганман). Қўлимга вилкани олиб битта коватакнинг қоқ биқинга тиқдим. Энди оғзимга соламан деганимда, Капгир югуриб келдида, қўлимга ёпишди.
—Тўхтанг, Чўмич, тўхтанг.
—Тилизни чиқарингчи Чўмич.
—Куляпсизми устимдан, ҳаммани олдидая, уялмайсизми.
—Бўлинг-е, тез!
Бу эшак барибир айтганини қилдиради, тезроқ кўрсата қолайда, овқатимни ей. Тилимни чиқардим, Капгир кўрсатгич бармоғи билан тегиниб, тилимни устини силади.
—Мана, мана буни қаранг дўстим.
Капгирни бармоғида майда-чуйда ялтироқ зарралар бор эди. Нима бўлганини тушунмадим.
—Нима бу?
—Овқатни кейинроқ еймиз, ишимиз ҳали охиригача битмаган кўринади. Сиз тезда Йўлчибоевникига йўл олингда, хотинини ҳеч қаерга чиқарманг.
—Қўшнисиникигаямми?
—Энасиникигаям, ҳатто ҳожатхонага ҳам!
—Нима бўлганини тушунтириб берарсиз балки?
—Сиз айтганимни қилинг, бир жойга ўтиб келишим керак!
Овқатга темулиб-термулиб ошхонадан чиқдик. Капгир бозорга йўл олди, мен бозоркомникига… Мени келганимни кўрган Йўлчибоевни хотини хайрон бўлди. Ҳаммаси жойида эканлигини, қандайдир англашилмочилик бўлганини, ҳозир Капгир келиб барчасига ойдинлик киритишини айтдим.
Ўн дақиқа у-бу нарсаларни гаплашиб ўтирдик. Баҳонада Йўлчибоев нега бунчалик семириб кетганини билиб олдим. Айтишича, бундан 6 йиллар олдин Йўлчибоев ҳам каминага ўхшаган озғингина одам бўлган экан. Маши бозоркомлик лавозимига тайинлангач, гап-гаштакдан боши чиқмай, секин-аста семириб кетибди. Ҳозир салкам 200 кило келармуш. Бечора аёл. Нималардир ёдига тушди шекилли анча ўйланиб қолди, кейин орага ноқулай сукунат чўкканини сезди чоғи ўрнидан турди.
—Қаёққа?, дедим мен.
—Ошхонада ишим бор эди.
—Қўлиздаги телефон зўр эканми? Модели қанақа?, уни кеткизмаслик учун гапни бурдим.
—Билмайман, бу хўжайинимники, гапни лўнда қилди аёл.
—Капгир келгунча мен билан ўтириб турсангиз, илтимос.
—Қоғозга ўраб ошхонага дедим, аслида ҳожатга кирмоқчийдим.
—Менга фарқи йўқ.
Аёлни жаҳли чиқди. Шартта ўрнидан туртида ҳожатхонага кириб кетди. Мен нима қилишимни билмай қолдим. Бахтимга дарвоза томондан Капгирнинг қораси кўринди.
—Хотини қани?
—Ҳожатхонада?
—Мен сизга нима дегандим ахир.
—Тўхтатиб қолишни иложи бўлмадида.
Капгир ҳам ўша томонга йўл олди. Бирпасдан сўнг аёл чиқди. Чиқибоқ эшик тагида турган Капгирни кўриши билан анқайиб қолди.
Капгир аёлнинг қўлларини ушлади. У нима қиляпсизлар дегандек менга олазарак қаради.
—Менда битта яхши битта ёмон хабар бор. Қайси биридан бошлай?
—Ёмонидан бошлай қолинг. Нега қўлларингиз нам?
—Бунга эътибор берманг. Ёмон хабарим шуки — эрингиз тузалиб кетади.
—Бу яхши хабарку. Худога шукур, мен бўлсам қўрқиб кетибман. Яхши хабар қанақа унда?
—Турмуш ўртоғингизни сиз заҳарлагансиз!
—Нима?, бўлмаган гап!, деди аёл талвасага тушиб.
—Олтингугурт хлорид тилла билан аралаштирилса нима бўлишини биласизми Чўмич? Билмасангиз билиб олинг, у бинафша рангга киради, худди бу аёлнинг қўллари каби.
Қарасам ростдан ҳам аёлнинг қўллари бинафша ранга кирибди.
—Бу хоним ўз эрини олтин билан заҳарлаган. Шу вақтга қадар заҳарларни кўп турини эшитганману, лекин олтин билан заҳарлашлари фаолиятимда биринчи марта. Шифокорлар қон таҳлили текширганида барча оғир металлар кўрсатгичини кўрган бўлсада, олтин миқдорига эътибор бермаган. Ҳар сафар Йўлчибоевни хонасига кириб чиққанимизда оғзим чучмал бўлиб қолаверди. Ошхонада юзимни юваётганимда тилимга қарасам, олтин заррачалари турибди. Кейин бирдан Йўлчибоев хотини тилла занжир қани деб урушаётгани, хотини биз билан қўлини кўксига қўйиб хайрлашганида никоҳ узугининг усти қирилгани ёдимга тушди. Бунинг устига у ҳар сафар хонадан чиқса бозоркомни дарди оғирлашиб қолаверди. Қолгани лўли Мелкиадеснинг қўлёзмаларида ёзилганидек «Тилла одамни ўлдиради».
Мен ҳамон шокда эдим. Аёл киши ўз эрини ўлдиришга уруниши учун қанчалик қаҳри қаттиқ бўлиши керак.
—Нега ахир? дедим аёлга юзланиб. Ҳамма шарт-шароитингиз бўлса, еганиз олдизда, емаганиз…
Аёл чуқур хўрсинди.
—Ҳамма гап шундада. Еганим олдимда, емаганим кетимда. Истаган нарсам муҳайё. Лекин ниманинг ҳисобига? Битта бозоркомни ойлиги шунча нарсага етармиди. Буларнинг барчаси бировлардан қақшатиб олинган ҳаром пуллар эвазига келган. Шунча йил чидадим. Аммо сабрим тўлди. Шаҳардаги биттаю битта китоб дўконини бузиб ташламоқчи эканлигини билганимдан кейин охири шу чорани қўллашга қарор қилдим. Аввалига ўзига айтсам, бу катталарни буйруғи дегандек қилди. Китоб дўкониниям буздирадими ноинсоф. Битта одам сенга «улуш» бермаса бермабдида, бирор жойинг камайиб қолармиди. Йўқ, бу кишимга ҳамма бўйсуниши керак, бунинг устига ўша китобчи бундан машҳур бўлиб кетгани баттар асабини ўйнаган. Ҳеч қандай моддий манфаатни кўзламасдан халққа илм тарқатаётган одам беайб қийналаётганини кўрганимдан кўра, эримни ўз қўлларим билан ўлдирганим яхши. Аёл ҳўнграб йиғлаб юборди.
Энди бир нималарни тушунгандек бўлдим. Бечора… (бу ерда ким бечора эканлиги номаълум). Ичкари хонадан Йўлчибоевнинг овоз эшитилди.
—Нима гап, нега йиғлаяпсан ўўвв?
Аёл ўзини бироз эпақага келтирдида, унинг олдига шошди.
—Тўхтанг, деди Капгир аёлнинг йўлини тўсиб.
—Чўмич узугизни беринг, беринг деяпман.
Иложсиз тўйдан олдин 560 мингга олган узугимни Капгирни қўлига бердим. Капгир эса уни аёлга узатди.
—Мана олинг, 200 килоли одамни заҳарлашга ҳали анча тилла керак бўлади.
—Иее, дедим мен.
—Юринг, кетдик, мен сизга бошқа узук обераман, — деди Капгир.
Шу вақт аёлнинг чўнтагидаги телефон жиринглаб қолди. Жиринглаган эрининг телефони эди.
—Алло, ким бу, алло? қўнғироқ қилган тараф ўчириб қўйди шекилли аёл елка қисиб бизга ўгирилди.
—Ким экан?, деди Капгир.
—Билмайман, биттаси «Ҳа, ҳороми тузалиб қолдингми», дейди. Телефонга коттакон деб сохранит қилиб қўйилибди.
Шом киришидан олдин яна йўлга чиқдик. Унгача Риштондаги тилла дўкондан бор пулимизга менга янги узук олдик. Фақат йўлкирага етадиган пул билан 4 минг сўм қолди. Бахтимизга яна ўша таксичига дуч келиб қолдик. Довонга чиқишимиздан олдин Қодиров телефон қилиб қолди. Айтишича, Ғайбулла айбини тан олмаётган эмуш. Капгир майорга уни қўйворишни, Йўлчибоевни ҳеч ким заҳарламаганини, бу семизликнинг асорати эканлигини тушунтирди. Намангандан чиқишдаги метан заправкадан қурут оламиз десам, Капгир 4 мингни олиб қаергадир чопқиллаб кетди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас қўлида узум барги солинган баклашка билан пайдо бўлди. Довдир, нима бало уйда ўзи коватак тайёрламоқчими дейман. Индамадимее!
—Капгир қойилман сизга, ҳеч адашмайсиз-а, дедим янги узукли бўлганимдан кўнглим кўтарилиб.
—Афсуски мен ҳам адашаман.
—Таксичини айтяпсизми вей?, — дедим эрталаб келишда унинг қаерга кетаётганини тўғри топа олмаганини эслаб.
—Ойингиз яхши эканларми шопир ака, деди Капгир.
—Йўқ, ланати уйида эмас экан. Шунча йўлдан овора бўлиб келганим қолди.
—Бу қанақаси, одам ҳам ўз онасини ланатлайдими, ешак экансизку, деди Капгирнинг жаҳли чиқиб.
—Қанақа онам, жиннимисиз?! Ойим деяпман, ойим. Шопир ака бармоғи билан қошларини силади. Кейин эсимга тушди, наманганликлар «енгил хатти-ҳаракатга мойил» аёлларни «ойим» деб чақиришлари.
—Йўқ, Капгир сиз ҳеч ҳам адашмайсиз…
—Аёллардан қўрқиш керак дўстим...
***
Икки кунлик очликдан кейин жасадимни кўрпачадан кўтариб зўрға уйғондим. Юз-қўлимни юваман деб ваннага кираётиб димоғимга ажиб бир ҳид урилди. Пастдаги қўшни овқат пишираётган бўлса керак деб ўйладим. Йўқ. Ошхонада Капгир нималарнидир тайёрлаяпти экан.
—Тинчликми Капгир? Эрталабдан нима ҳаракат?
—Мен сизга риштонча коватак ваъда қилганмиди? Қилгандим, мен ваъдамда тураман. Қани дастурхонга ўтиринг.
Ҳозир юзимни ювиб олай, деб тезда чала-чулпа ювиниб чиқдим.
Кўрсангиз ишонмайсиз, дастурхондаги лаганда ҳақиқий коватак турарди. Худди онам пиширадигандек, кичкина қилиб ўралган. Биттасини шартта оғзимга солиб, чайнай бошладим. Мазаси бироз ғалати туюлди. Иккинчи коватакни олиб, ичини очиб кўрсам, жин урсин, узум баргини ичига «HotLunch»ни бўлаклари ўралган экан. Қорин оч эди, ҳаммасини едик…
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр