Рамазон ойида тўғри таомланиш бўйича фойдали маслаҳатлар

Rashid Usmonov
Саралаш

Мана, Рамазон ойи ҳам кериб келмоқда. Шу йилларда Рамазон ёзнинг ҳарорати иссиқ, узун кунларига тўғри келмоқда. Бироқ сўнгги 20 йилда яшаш шароитларимиз, овқатланишимиз ҳам анча ривожланиб, ўзгариб қолгани тайин. Мен ўз тажрибаларим ва кузатишларимдан келиб чиқиб, рўза тутиш мобайнида соғлигимизга таъсир кўрсатувчи айрим хатоларимиз, хусусан, нотўғри овқатланишимиз ҳақида ёзишни мақсад қилдим.

Рамазон ойига тайёргарлик

Рамазонгача ўн кун қолган вақтда уч-тўрт кун оралатиб рўза тутиб, организмимизни шунга тайёрлаб олишимиз лозим, шундагина Рамазон рўзасининг биринчи кунларидан қийналмай ўтиб оламиз. Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, рўзадорлар учун ҳам Рамазонгача рўза тутиш суннат қилинган.

Рамазон рўзасини тутишдан икки–уч кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз ҳамда тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар “эртадан рўза”, дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида қийналишларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейишингизни кутиб, тайёр туришади.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир.

Саҳарлик

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб сув ичиб олиб, кейин саҳарликка таёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутиламиз.

Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирдаям имкон қадар фақат кўк чой ва албатта, уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.

Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизнинг тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:

  • ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
  • меъёридан ортиқ аччиқ чой;
  • дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
  • шўр маҳсулотлар;
  • тузлама маҳсулотлари;
  • кофе ва кафеинга бой маҳсулотлар;
  • шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш (табиий ширинлик ейиш керак);
  • барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
  • лавр япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи маҳсулотлар.

Энди эса саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулотни келтириб ўтамиз.

1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.

2. Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, сутнинг ўзи жуда ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.

3. Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.

4. Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.

Ҳўл мевалардан тўйиб олиб, бу билан бирга сув ичмасаям бўлади, фақат меваларнинг ўзи ейилади, холос. Бир литр сув шунча ҳажмдаги мева ейиш билан баробар.

Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яхши ҳис қилишимизга замин яратади.

Кун давомида

“Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланаман”, деб ҳеч ҳам ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади. Саҳарлик ва ифторликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олишни тавсия қиламан.

Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борларга айтишим мумкинки, бу уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисоб-китобингизни олиб бораверинг. Яъни, кундузги 2 соатлик уйқу тунги 4 соатнинг ўрнини босади ва 3 соат ухласангиз, организм жами 7 соат ухлагандан-да самаралироқ тикланади.

Ёздаги қуёш нури гарчи бизни иссиқдан “қийнаса-да” лекин бир тарафдан бизни чиниқтириб, витаминларга тўйдиради, тана қурилишимизни мустаҳкамлайди. Ҳар куни куннинг биринчи ярмигача 15–20 дақиқа қуёш ва ташқи ҳаво иссиқлигидан чиниқиб олиш керак, деб ўйлайман.

Ифторлик

Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради, шу сабабдан бу пайтда инсонни таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.

Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади. Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак. Овқатланиб бўлиб, тахминан 30–40 дақиқадан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа ширин мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.

Кечаси ётишдан олдин, қатиқ, тарвуз ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.

Зарарли одатлар

Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиш шарт эмас, бу аксинча, кун давомида оч ва чанқаб юришингизга сабаб бўлиши мумкин. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарли, деб ўйлайман.

Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш жудаям зарарли. Бу ҳолат ошқозон-ичакларимизнинг иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли одат, деб биламан. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимликни ичиш бу худди қизиб турган ёғга сув сачратишдек гап. Бу нақафат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.

Оғиз очган пайтда жуда ҳам кўп сув ичиш одатиям иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада яхши овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб, еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.

Овқат пайти мева, ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди.

Рўзанинг янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланишни тавсия қиламан. Фақат табиий! Бунда ҳар хил турдаги маҳсулотларни қўшиб истеъмол қилмасликка эътибор қаратиш лозим.

Нон ҳар доим дастурхонимизда бор ва бўлади, имкон қадар унинг маргарин ва бошқа четдан келаётган ёғлардан тайёрланганини истеъмол қилмасликни тавсия қиламан. Чунки у зарарли нон ҳисобланади. Ўзимизнинг сарёғда тайёрланган ёки парҳезбоп нонлар истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Яна бир зарарли одат — кондиционерни жуда ҳам салқин қилиб олиш ҳисобланади: шамоллаб қолиш мумкин. Кондиционерли хона ёки автоуловдаги ҳаво ҳарорати ташқаридаги ҳароратдан 10-15 даражадан ошмаслиги керак.

Хулоса

Юқоридаги маслаҳатлар асосан ўзимнинг тажрибаларимдан келиб чиқиб ёзилди, албатта, кун давомида сабр қилиб юргандан сўнг кечқурунги айрим чекловларга риоя қилиш осон иш эмас. Бу ҳам сабр талаб қиладиган иш, агарда сабр билан юқоридагиларга риоя қилинса, албатта, рўзамизнинг шифобахшлилик хусусияти янада кўпроқ бўлади ва Рамазон ойида янада тетик ва ибодатларимизда мустаҳкам юришимизга туртки беради.

Шуни унутмангки, аввалги вақтларда боболаримизнинг музлатгичлари тўла бўлмаган, улар биз тузатадиган дастурхонларни тузаб ифторлик қилишмаган, уларнинг дастурхонлари фақат табиий ичимликлар ва ҳеч қандай кимёвий қўшимчалар қўшилмаган маҳсулотларга бой бўлган. Боз устига, улар қуёш нурида чиниқиб, тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилишган. Албатта, улар рўзадан биздан-да кўпроқ шифо топишган. Шу сабабдан аввалги табиий яшаш тарзига мослаштириб кун кечиришимиз керак, деб ўйлайман.

Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муамолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа касалликлардан бирваракайига холос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун пайдар-пай қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.

Рамазон ойи барчага муборак бўлсин!

P.S. Агар ушбу блогпост сизга ёққан бўлса, бошқалар ўқиганда фойдаси тегади, деб билсангиз — дўстларингизга улашинг.

3.84 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.84 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.21 / 13
  • Муштарийлар баҳоси
    4.38 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 18/04/2018
3 Расул Кушербаев 20/04/2018
3 Мансур Тангишов 21/04/2018

Maqola yaxshi yozilgan, shaxsiy tajriba xulosalari boshqa argumentlar bilan to‘la mustahkamlanmagan, hajmi nisbatan uzunroq bo‘lgani uchun oxirigacha o‘qimishli emas.

5 Тўлқин Юсупов 22/04/2018
4 Давронбек Тожиалиев 22/04/2018

Агар бу блогпост видео кўринишида бўлганда 5 га лойиқ эди.

4 Мақсуд Саломов 24/04/2018

Amaliy jihatdan foydali post bo'libdi.

5 Нодир Закиров 24/04/2018

Мақола тартиб билан ёзилган. Фотосуратлар қўллангани, алоҳида қисмлари бўрттирилган шрифтдаги сарлавҳалар билан ажралиб тургани мақолани ўқишни осонроқ қилади. Агар муаллиф касби диетолог бўлса, сўз охирида шу ҳақида айтиб ўтиш ўқувчида берилган маслахатларга кўпроқ ишонч уйғотади. Агар муаллиф бу сохада мутахассис бўлмаса, унда мутахассислар фикрларига ёки илмий мақолаларга ҳавола бериш ҳам шу вазифани ўташи мумкин.

4 Қаҳрамон Асланов 26/04/2018

Тавсиялар учун раҳмат

5 Абдумалик Носиров 26/04/2018

Тавсиялар жудаям яхши!

4 Олимжон Солижон ўғли 26/04/2018
5 Адҳам Отажонов 27/04/2018
4 Музаффар Назаров 29/04/2018
4 Иноят Садикова 30/04/2018

Aktual mavzu, chiroyli yozilgan, asosli, rasmlarga gap yo'q! Fiklarim: - rasmlar muallifi ko'rsatilishi lozim edi - Postda individual yondashuv biroz yetishmagan. Aslida ohirgi ilmiy natijalar shuni ko'rsatadiki, har bir inson o'z biologik soati bo'yicha hayot kechiradi, "ish yuritadi". Ya'ni, kimgadir 4 soat uyqu yetarli, kimgadir 8 soat. Kimdir belgilangan umumiy me'yordan ko'proq suv ichishi kk, kimdir kamroq. Hullas, fikrimcha, har bir inson ro'zadan avval tibbiy ko'rikdan o'tib, 1 hafta test rejimida ro'za tutib, o'ziga mosini tanlab olishi kk. Masalan, bir hilgi odamlar bor - ertalab faqat suv icharkan, kechgacha hech narsa yemaydi. Shunda ham a'lo kayfiyatda, a'lo fiziologik holata yurar ekanlar. Hullas, bir oz umumiylik ketib qolgan va ilmiy asoslar yetishmagan. Rahmat.

4 Ботиржон Шерматов 02/05/2018
5 Шерзод Шерматов 09/05/2018
5 Беҳзод Қобулов 11/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05/2018
5 Нигора Умарова 18/05/2018
5 Маҳсуджон Асқаров 18/05/2018
5 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
3.5 Шунқор Чориев 19/05/2018
4.5 Умид Гафуров 20/05/2018
5 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр