Дунёнинг гелиоцентрик тизими назариясини яратган олим Николай Коперникнинг ватани Полшада унинг хотирасига ўрнатилган ёдгорликка “Қуёшни тўхтатган, Ерни силжитган одам”, деб ёзиб қўйилган. Инсоният учун бу қадар кўп иш қилган кишилар тарихда жуда кам...
Ана шулардан бири – буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний фалакиёт олимининг бу соҳасига Коперникдан нақ ярим минг йил муқаддам улкан ҳисса қўшган эди. У ўзининг илмий асарларида дунёнинг тузилиши масаласида Қадимги Миср олими Клавдий Птолемей (Батлимус) назариясига суянса ҳам, Ернинг ҳаракати ҳақида ўша даврда ҳукмрон бўлган назарияга зид келадиган фикрларни баён этган. Масалан, “Ҳиндистон” асарида “Ернинг айланиш ҳаракати фалакиёт фани ҳисобларига ҳеч қандай зид келмаган, чунки Ерда юз берадиган ҳодисалар унинг ҳаракати билан бирга бир текисда давом этаверади”, деб мулоҳаза билдирган.
“Истаган хил астролябияни тайёрлашнинг турли усуллари ҳақида” номли рисоласида Абу Саид Ас-Сижзийнинг астролябияси тўғрисида сўз юритганда эса жуда муҳим хулосага келади : “Унинг негизи осмон ҳаракатланишига эмас, балки Ернинг ҳаракатланишига асосланганлиги учун мен уни жуда ҳам ажойиб кашфиёт деб ҳисоблайман”.
“Геодезия” асарида эса олим геоцентризм билан боғлиқ баъзи назарияларнинг тўғрилигига шубҳа билан қараганини очиқдан-очиқ баён этади. Аллома бу фикри билан дунёнинг гелиоцентрик тузилиши назариясини ишлаб чиқишга ҳисса қўшди. У осмон ёритқичларининг ҳаракат траекторияси ва шакли эллипсоид эканлиги ҳақида биринчи бўлиб фикр юритган олимлардан. Берунийнинг бу башорати Кеплер ундан анча кейин қилган кашфиётни маълум даражада олдиндан айтиш эди. Лекин барибир илм-фан тарихида гелиоцентрик назария Коперникнинг номи билан қолган ва бу чиндан ҳам буюк кашфиёт эди.
Баланд бўйли, бақувват, икки юзидан қон томадиган, ўткир нигоҳли бу одамга руҳонийлик либоси сира-сира ярашмасди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ёшлигидан бир умр роҳиблик ридосида ўтган Коперник айни пайтда черковнинг энг ашаддий душмани бўлган. Айёрлигу макрда узоқни кўра биладиган, ўз манфаатларини ҳимоя қилишда ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган черков келиб-келиб ўз қавми, Вармия руҳонийси аслида кимлигини ва диний эътиқод пойдеворига нақадар даҳшатли бомба қўйганини ўз вақтида билолмай доғда қолди. Фридрих Энгелсдай одам “фикрининг залвори, ҳис-туйғусию феъл-атвори, серқирралигию закосига кўра” кимсан титанларга қиёс қилган, тарихда кам учровчи инқилобчи Коперник Ватикан адирларидан бошига тушиши муқаррар бошлаган балою кулфатлардан қандай омон қолганига ақл бовар қилмайди.
Ўрта асрлар Европасидаги диний мутаассибликнинг энг қонхўр жаллодларидан бири бўлмиш Лютернинг ўзи Коперник ҳақида “Бу тентак бутун астрономия санъатини остин-устун қилмоқчи”, деб пичинг қилиб ўтади, холос. Дарҳақиқат, черков Жордано Брунодек инсоннинг ҳаётига зомин бўлди, Галилео Галилейдек даҳонинг эътиқодини синдирди, бироқ Коперникдай буюк даҳрийнинг ҳатто мушугини пишт деёлмади! Тўғри, уни тушунишмади, танқид қилишди, масхаралаб томошалар қўйишди, аммо Галилей ётган зах-рутубатли қамоқхона ва Бруно ёнган гулхан гуриллаши олдида бу нима нарса, ахир!
Николай Коперникдай тақводор руҳоний аслида кимлигини мутаассиб черков ниҳоятда кеч билиб қолди, лекин фурсат бой берилганди. Унинг буюк даҳрийлиги бағоят тез тарқалган, инсонлар ақл-идрокини шу қадар мустаҳкам эгаллаб олгандики, қайси бир миядан уриб чиқаришни билмасди черков. “Астрономия санъатини эмас, балки эътиқод асосларини” остин-устун қилиб юборган, олим, Ф. Энгелснинг ибораси билан айтганда, “табиатни тушунтириш масалаларида черковнинг мўътабар нуфузини чилпарчин қилиб ташлаган” Коперникни ҳали зарарсиз пайтида пайқамай қолишди. Унинг вафотидан 73 йил ўтгандан кейингина ҳаётидаги асосий китоби бўлган “Осмон сфераларининг айланиши ҳақида” номли асарини инквизиция “то тузатилмагунига қадар” тақиқлаган китоблар рўйхатига киритиб қўйди.
Инсон тақдирини феъл-атвори ҳам белгилар экан. Коперник на Бруно ва на Галилейга ўхшарди. У фақатгина ўзлигида намоён эди. “Мен омманинг олқишига ҳеч қачон зор бўлмадим, – деб ёзади у. – Умрим бўйи у маъқуллайдиган бирон иш қилмадим, аксинча, у ёқтирмайдиган, қарши чиқадиган нарсалар билан шуғулландим”. Олим ўзига тарафдор тўпламас, баҳс-мунозараларга интилмас эди. Баҳс чиқиб қолган тақдирда ҳам куйиб-пишиб ўтирмай, айтган фикрида икки оёғини тираб туриб оларди. Ана шунда қарабсизки, ҳар қанча уруш-жанжал ҳам баайни қояга урилган тўлқиндек унинг метин сабот-матонатига урилиб, парча-парча бўлиб кетарди.
Коперник бошқаларнинг фикрига кўпам эътибор қилавермасди. Уни мақташса ҳам, сўкишса ҳам, бир зайлда илжайиб тураверар, аммо бу нимкулгу остида нафрат аралаш бир лоқайдлик пинҳон эди. У ҳатто ўз устидан жиндек киноя қилар, бунақаси эса ҳатто файласуфларда ҳам учрамаса керак. “Математикларнинг одатдаги мушоҳадасига ва балки соғлом фикрга зид ўлароқ ҳолда Ер қисман айланишини тасаввур қилишга журъат этдим”, деб ёзади у. Бу кесатиқ, эҳтимол, ўзига хос бир ҳимоя, таълимотини хаспўшлаш учун шунчаки бир ўйиндир? Лекин айни пайтда Коперник – очиқкўнгил ва самимий инсон. У ҳар хил миш-миш, иғволарга ҳеч қачон қўшилмайди. Обрўимга путур етиб қолса нима бўлади, деб заррача ташвишланмайди. Ўз ғояларини тарғиб қилишга, атрофига ҳамфикр одамларни тўплашга, шогирдлар йиғишга уринмайди.
Оилада тўрт фарзанднинг кенжаси бўлган Николай отасини яхши эслаёлмайди. Уни аввал каноник, кейин епископлик мартабасига етишган амакиси Лукаш Вигенроде тарбия қилган. Ҳукмфармо, бадқовоқ, инсоний ва сиёсий қарашларида эшакдан қайсар, Тевтон рицарлари ҳам, Полша қироли ҳам “иблиснинг ўзи” дея таърифлаган бу кимса бутун умри мобайнида ёлғиз бир кишига – жиянига меҳр қўйган, уни ёш- лигидан папалаб ўстиргани етмагандай, то ўзи ўлгунича суйиб-ардоқлаган одам эди. Ана шу амакиси туфайли Николай 24 ёшидаёқ каноник бўлди, яъни тирикчилиги таъминланган, машаққатсиз ҳаёт кечирувчи одамга айланди. Зотан, Фромборк ибо- датхонаси мўъжазгина бир мулк – бутун бошли бир давлат бўлиб, ўзининг хўжалик- ларига, овлоқ ва балиқчилик масканларига эга эди. Капитул бошқарувчи бу жойлардан тушадиган даромад эса бир ҳовучгина канониклар ва прелатлар ўртасида тақ- симланарди. Ана шу амакиси Николайни аввал авлиё Ян мактабида, кейин Краков университетида ўқитди, сўнгра, билимини давом эттириши учун Италияга юборди.
XVI аср сарҳадидаги Италия. Леонардо да Винчининг етуклик ва Микеланжело нинг ёшлик пайтидаги сеҳрли ижодиётига маҳлиё бўлган Италия. Платонни кашф этган, Арестотелни янгидан ўрганаётган, ўтмиш асрларнинг буюк кашфиётларини излашга иштиёқманд, Уйғониш даврининг афсонавий парвозига интилган Италия. Коперник шу диёрда 10 йил яшади. Болонияда диний ҳуқуқ олишни ўрганиши керак бўлган Николай ундан бўлак ҳамма нарсани – тасвирий санъат, математика, астрономия, фалсафа, юнон тилини ўрганди. У Болонияда диплом ололмади, лекин бундан заррача ўкингани йўқ. Диплом, унвон, мансаб, мукофот деган нарсаларга бир умр лоқайд қараб ўтди. Болониядан Римга борганида ҳам ўрганиши керак бўлган нарсадан мутлақо бошқа нарсаларни ўрганаверди. Пировард оқибатда капитул уни ўз жойига чақирди, аммо Николай Италиядан кетишни истамасди сира. У ўқиш муддати узайтирилишини кетма-кет сўрайверди, илтимослари қондирилганда эса... Падуя ва Феррарида ҳуқуқшунослик ҳамда тиббиёт билан шуғуллана бошлади.
Италияда ўтган ўн йил ёш ва фаровон ҳаётидан жиндек эркаланиб кетган каноникни жиддий тадқиқотчига, ҳар томонлама ривожланган, ҳар томонлама билим олган одамга айлантирди. Николай Коперник деганда кўпчилик астроном олимни тушуна- ди. Ҳолбуки яқинда топилган ҳужжатлар у ажойиб иқтисодчи олим бўлганидан далолат беради. Коперникнинг XVI аср биринчи чорагига мансуб учта қўлёзма асарида унинг Полшадаги пул муносабатларини барқарорлаштиришнинг эҳтимолий йўллари ҳақидаги қарашлар баён этилади. Мутахассисларнинг фикрига қараганда, Коперник ўз давридаги иқтисодий тафаккурнинг олдинги сафларида борган.
Ҳа, у ҳар томонлама ривожланган ва ҳар томонлама билим олган инсон эди, бироқ шубҳа-гумонларнинг аччиқ заҳри бутун борлиғини қоплаган, юрагини кемиргани-кемирган эди. У Италиядан қадрдон Вармияга, Болтиқ денгизининг совуқ соҳилларига билимлари билан бирга азалий ҳақиқатларга доимо танқидий қарашга, уларни қайта англашга нисбатан бетизгин эҳтиёжини ҳам олиб келганди. Коперник ўзининг даҳрийлик уруғларини асраб-авайлади, ошиқмай экиб ундирди, шошилмай парваришлаб ўстирди, ҳосилини ҳам бамайлихотирлик билан йиғиб олди.
Ёлғизликни ёқтирадиган бу ўйчан одам Фрамборк ибодатхонасини қуршаб турган қалъа деворининг мўъжазгина минорасида 30 йил яшади. Баъзан тунлари юлдузларни кузатганида деразада шарпаси кўриниб қоларди. Леонардо да Винчининг “Назария – саркарда-ю, амалиёт аскардир” деб тажриба ўтказишга ундаган чақириқларини Коперник қабул қилмади, бинобарин, уни том маънода тадқиқотчи дейиш ҳам қийин. Коперник буюк астроном бўла туриб, осмонда ҳеч нима кашф этгани йўқ. У фалакдан ўз таълимотини ҳақлигини тасдиқловчи далил-исботларнигина изларди, холос.
Дунёнинг гелиоцентрик тизими ҳам унинг учун илоҳий кашфиёт бўлмаган. Қуёш Ер атрофида эмас, балки Ер Қуёш атрофида айланиши ҳақида Коперникдан юзлаб йил аввал гапиришган, ёзишган. Птолемей тизими изоҳлаб беролмайдиган юзлаб далиллар кўплаб асрлар мобайнида Қадимги Юнонистон, Италия, араб илм-фани мунажжимларининг асарларида йиғилиб, тўпланиб келаверган. Бу таълимотда нималардир нотўғрилигини, Птоломей янглишаётганини кўпчилик ҳис қиларди. Лекин нима ўша нарсалар? Бош-кети бир-бирига уланмайдиган бу таълимотни қандай қилиб тузатиш мумкин? Шу пайтгача ишониб келганларимиз ғирт ёлғон, аслида ҳаммаси мана шундай нодонмиз, деб юрак ютиб айтиш учун ким журъат қилади?
Олим асосий асари нашр этилишидан 30 йил муқаддам унинг қўлёзма нусхаларини турли мамлакатларга юборган. “Николай Коперник осмондаги ҳаракатларга доир фаразлари тўғрисида ва уларга қисқача шарҳ”, деб номланувчи бўлғуси китобнинг ўзига хос қораламаси эди улар. Бу қўлёзмалар йўқолиб кетган деб ҳисобланарди, аммо 1878 йили Вена архивларидан биттаси, орада уч йил ўтгач Стокголмда бошқа нусхаси топилди.
Ҳаётдаги асосий асарини нашр этишга қарор қилганида у ёши бир жойга бориб қолган қария эди. Ўзининг ҳақлигига заррача шубҳаси бўлмаган Коперник хотиржамлик билан шундай деб ёзади: “Кўплаб бошқа олимлар ва ажойиб инсонлар айтишларича, барча математикларга фойда келтирувчи бу китобни чоп этишдан қўрқмаслигим керак. Ернинг ҳаракатланиши ҳақидаги таълимотим кўпчиликка ҳозир қанчалик бемаъни кўринса, китобим босилиб чиқиб, ҳар қандай шубҳа-гумон энг яққол далил-исботлар туфайли барҳам топганида ҳайрат ва миннатдорчилик туйғуси ҳам шунчалик кучли бўлади. Ана шуларни ўйлаган ҳолда дўстларим нашр этишни кўпдан буён мўлжаллаб юрган асарим ниҳоятда чоп қилинишига розилик билдирдим.”
Олимнинг яккаю ягона, бениҳоя садоқатли ва, афсуски, шу билангина машҳур бўлган шогирди Рэтик қимматбаҳо қўлёзмани Нюренбергга, матбаачиларга элтиб топширди, муаллиф эса минорасида кутиб қолди. У деярли ҳеч қаерга чиқмас, ҳузурига ҳам камдан-кам одамни чақирарди. Олим китобини кутарди. 1542 йили ўпкасидан қаттиқ қон кетиб, ўнг қўли ва оёғи шол бўлиб, тўшакка михланиб қолди. Коперник бир умр шошмасдан яшаганди, ўлими ҳам оғир кечиб, узоққа чўзилди. 1543 йил 23 май куни узоқ кутилган китоб, ниҳоят, Нюренбергдан келтирилганида олим беҳуш эди, лекин муқовани авайлаб силап-сийпади. Бу нима – китобни эркалаганими? Ҳимоя қилганими? Ёки унга оқ йўл тилаганими?
Коперник ўша куниёқ вафот этди. Тақдир ўлим билан барҳаётликни учраштирган эди. Олимнинг қабри йўқолиб кетди, аммо китоби қолди.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр