Маълумингизким, қўлтиқ таёқдан юра олмайдиган, нуқсони бор ногиронлар суянчиқ сифатида фойдаланадилар. Аммо кўча-кўйда «қўлтиқ таёқ»лилар кундан кунга ортиб бормоқда.
Тета поя қилиб қадам ташлар эканмиз, ота-онамиз қўлимиздан тутиб юришни ўргатади. Чунки, улар суянган тоғимиздир. Катта бўлиб одимларимиз дадиллашгач уларнинг қўлини қўйиб юбориб, мустақил юра бошлаймиз. Ана энди жамиятда «тоғлар»нинг суянчидан «қўлтиқ таёқ»ларга ёпишамиз.
Мактабда ўқир эканман, бир бола билан жанжаллашиб қолдим. Кучлар мувозанатига асосланиб дағдаға қила бошладим:
- Катта кетма, розир қўлтиқ таёғимга қўнғироқ қиламан келиб, энангни Учқўрғоннинг ҳам нарёғидан кўрсатади.
Орадан йиллар ўтди. Олийгоҳга кириш учун бир даста пулни қучоқлаб келдим. Энди менга қўлтиқ таёқ зарур. Қўлимдан келмайдиган ишни уддалашимга суянадиган одам керак. Калла эса бўм-бўш. Амаллаб, қўлтиқ таёққа яхшилаб оғирлигимни ташлаб, ўйишга ҳам кириб олдим. Энди ўқитувчилардан баҳо олишим керак. Уларнинг олдига кирар-кирмай кўкрагимни кериб гап бошлайман:
- Фалон жойда ишлайдиган қўлтиқ таёқни танийсизми? Ўша менинг қўлтиқ таёғимдир. Сизга салом айтиб юборди.
Ўқитувчи ҳам бошини сарак-сарак қилиб баҳоимни қўйиб беради. Улар ҳам «ногирон»лардан безор бўлганлар. Негаки, уларга кунига нечталаб қўлтиқ таёқлардан қўнғироқлар бўлади.
Йиллар эса ҳеч нарсага суянмай ўтаверади. Мана ишга жойлашиш учун ҳужжатлар солинган жилдимни кўтариб, бошлиқ олдига киришга навбат кутиб турибман. Кирдим ҳам. Ўрнидан туриб қарши олди. Турмасинамчи, ахир қўлтиқ таёғим қўнғироқ қилиб қўйганку. Иш силлиқ кечди. Лавозимга эга бўлдим. Буни ювиш учун қўлтиқ таёқларимни бир жойга тўплашим керак. Кетма-кет табриклар, олқишлар, пиёлаларнинг жаранглаган овозлари йиллар давомида қулоғимда эшитилиб турди. Қўлтиқ таёқ бўлишга ҳам улгурдим. Нафасимдан от ҳурксада ногиронлар аравасига тушиб қолгандим. Чунки, куни кеча суянганимни ишдан олиб ташлашибди. Кўп ўтмай менинг кетимга ҳам тепиб юборишди. Қўлтиқ таёқларга суяниб юраверибман. Ўз кучим, ўз ақлим, ўз меҳнатимдан фойдаланмабман. Негаки, менда улар йўқ эдида. Қўлтиқ таёқ мақомидан ҳам тезликда қуладим…
Энг муҳим нарсани: қўлтиқ таёқларимнинг ҳам қўлтиқ таёғи бор эканлигини унутибман. Ҳеч нарсага суяна олмай йиқилдим…
Абдували Қурбонов
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
11 та фикр