(П)АХТАХОНАдан мактуб

Farrux Jabborov
Саралаш

“Ҳайт!” дегандан ҳадаҳалаб югургилаш керак эмас. Олдин у ёқ-бу ёққа қараб олиш ҳам керак. Ҳаммамиз эйфория ҳолатидамиз. Сармастлик тарқайди, бошоғриғи қолади...

...Бир пайтлар журналист ошналарга, ука-сингилларга “Ўзингизни чоғлаб юринг, бир кунда сўз эркинлиги берилиши мумкин. Шошиб қолиб, оёғингиз чалкашади...” деганимда юздан тўқсон тўққизи менга аҳмоққа қарагандай қараган. Дунё тургунча туринг, деган қарғишимизга ўзимиз ҳам ишониб қолгандик-да.

Ўша пайтда “журналистиканинг ҳаётбахш ўзбек модели” ҳақида сафсата сотиб юрганлар бугун қайси бозорларда савдони қизитмоқда – бундан хабарим йўқ, бироқ “Ўзбек матбуоти дод-вой қилиб “тез ёрдам” чақирадиган матбуот эмас, иммунитетни кўтарадиган матбуот”, дея ўзлари тўқиган ёлғонга ўзлари чини билан ишониб юрган мардумларнинг башарасига айни шу дамда бир тикилгим келаяпти (ўша вақти тупургим келган; Алишер Усмонов анъанасига амал қилиб :) ).

“Халқ тайёр эмас”, деган ҳақоратни элимизнинг манглайига қулга босилган тамғадай жазиллатиб ёпиштирдик. Ҳой, барака топкур (эскирган сиёсий лексика :) ), болага йигирма йил атала берсанг, ҳеч қачон қозон овқатга ўрганолмайди – бир умр “тайёр бўлмасдан” ўтиб кетади, десанг қулоқ қоқадиган топилмасди.

Ўзбек журналистикасида мадҳ этишдан бошқасини билмайдиган, фелъетону памфлет ёзиш тугул, ҳатто ўқимаган бутун бир бошли журналистлар авлоди етишиб чиқди – етиштириб чиқарилди.

Миясидаги зиндони кенгроқ тенгқурлар журналистикамизнинг бир неча муҳташам ва муаззам кошоналарини ҳазил-чин аралаш “ахтахона” деб алқардик. Катта ниятлар билан соҳага қадам қўйган ёшлар аввалига у ер-бу ердаги тирқишлардан бақириб, эркин овозини оламга эшиттирмоқчи бўлар ва охир-оқибат тирикчилик сиртмоғи ортидан эргашиб (п)ахтахонага судралиб борарди. Асов бўлиб кирган дўнонлар мингги бўлиб чиқар ва “журналистиканинг ҳаётбахш ўзбек модели” хусусида пишқира бошларди. Бизларни айблаб бўлмайди, албатта. Инсон қаерда, қай ишда гўёки эъзоз топса, моддий ва маънавий рағбатлантирилса, беихтиёр ўша томонга йўналиш олади. Тўғри, аввалига бироз оғрийди, чидайсиз, кейин яралар битиб, кўрмагандай бўлиб кетасиз :).

Мана энди қовун устига қовун туширяпмиз. Журналистикамизнинг бир қисми жойида депсиниб турибди. Яна бир қисми эса республикадаги жадал ислоҳотлар билан тенгма-тенг югураётгандек таассурот қолдириш учун оёқ-қўлини тез-тез силкитяпти, ер тепиниб тапиллатаяпти, холос. Арқонидан бўшалган бузоқдай шаталоқ отиб қолганлар ҳам бор (бузоқ ҳақидаги яна икки мақолни жўрттага эсламаймиз :) ). Вазиятга чуқур разм солсак, ҳар уч тоифа ҳам ҳамон “журналистиканинг ҳаётбахш ўзбек модели”дан унчалик узоқлашиб кетолгани йўқ.

Набижон Боқий топиб ва қопиб айтганидек, бугун мамлакатда энг катта сиёсий мухолифат Мирзиеёвнинг ўзи бўлиб турибди. Давлат хизматчиларини каламушдан олиб каламушга солаётган журналистикамиз эса моҳиятан ўзгармаган, гўёки танқидчидек кўринсак-да, маддоҳликни(нг) – ялоқхўрликни(нг) бошқа бир кўринишда давом эттирмоқдамиз. Президент мақта деса мақтаб, ёмонла деса ёмонлайдиган матбуот – эркин эмас. Жамият оёғига тушовдир. Ўзи, шамол йўналишига қараб тезда дум бурадиган флюгерчилик замонамизнинг энг буюк фалсафасига айланди. Макиавелли ёзганидек, энг биринчи сен томонга ўтганлар сени ҳам энг биринчи бўлиб сотадилар.

Афлотун дўстим, лекин ҳақиқат устун. Журналистиканинг ўз қатъий принциплари бор. Масалан, бирор тизимдан ярим минг одам ишдан ҳайдалса, агар бу қарор юз фоиз адолатли бўлди деб ишонилса-да, чин матбуот кетини дўмбира қилиб чалмайди. Ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баравар ёнмадимикан, деб шубҳаланади; "омадли"лар қайси мезонлар асосида танлаб олинди деб савол қўяди ва иштибоҳини текширади, вазиятни аниқлаштиради. Ким бўлишидан қатъи назар, бир инсонга нисбатан каламуш деган сифатни ишлатишга сиёсатда қандай қаралади, билмайман. Лекин 500 одамни каламушга чиқариш журналистика принципларига умуман, асло, зинҳор, мутлақо тўғри келмайди. Йиллар давомида одат тусига кирган яна бир иллат – ҳали суди бўлмаган айбланувчиларни телевизорга чиқариб олиб, “хоин”, “сотқин” ва яна алламбало сўзлар билан сўкиш ҳам, юмшоқроқ қилиб айтганда, ғайриқонуний ҳаракатдир.

Жиддийлашиб кетдим :). Мактубимга кўтаринкилик етишмаётганини ўзим ҳам сезяпман. Охирига пафос керак, албатта. (П)ахтахоналаримиз кейинги бир йилда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириб олганидан халқимиз бениҳоя мамнун. Юртбошимиз раҳнамолигида (п)ахтахоналаримиз кейинги бир йилда тўла қувват билан ишлай бошлаганини ҳатто хорижда ҳам юксак эътироф этишмоқда...

4.08 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.08 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.27 / 38
  • Муштарийлар баҳоси
    4.41 / 61

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Нозим Ашуралиев 27/04/2018
5 Абдували Қурбонов 27/04/2018
5 Quramboyev Jamshid 27/04/2018
5 Bobur Jalolov 27/04/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 27/04/2018
5 Sarvar Jalolov 27/04/2018
4 Абдумажид Аҳмедов 27/04/2018
5 Baxtiyor Ahmad 27/04/2018
5 Muzaffar Qosimov 27/04/2018
4.5 Javohir Izzatullaev 27/04/2018
5 Sayyora Shodiyeva 28/04/2018
5 Kareem Abduljabbar 28/04/2018
5 Sanjar Said 28/04/2018
5 Muslim Mirzajonov 28/04/2018
2 Моҳинур Адҳамова 30/04/2018
5 Rahshona 30/04/2018
5 Jonuzoq Halil 01/05/2018
5 Ботир Ғофуров 01/05/2018
5 Rivojiddin Abdumalikov 01/05/2018
5 Muslim Raxmonov 02/05/2018
3.5 Мухтабар Нусратова 02/05/2018
5 Sarvar Qurbonov 02/05/2018
5 Muhsin Rajabov 07/05/2018
1 Отабек Ахлиддинов 07/05/2018
5 Muslimbek Abdullayev 09/05/2018
5 Даврон Файзиев 10/05/2018
5 Gayratjon Turdiev 10/05/2018
4 Nasiba Abdullayeva 10/05/2018
5 Otabek Safarov 10/05/2018
5 Ulug'bek Oripov 12/05/2018
5 Mamur Akhlidinov 12/05/2018
5 Sirojiddin Olimov 14/05/2018
5 Shukurjon Islomov 18/05/2018
5 Ali Sher Sotivoldiyev 18/05/2018
5 Аслиддин Алмарданов 20/05/2018
5 Sherzod Shermukhamedov 20/05/2018
5 Xudoyberdi Mirhosilov 20/05/2018
4.5 Baxtiyor G'oziyev 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
20 та фикр