Ўзимизда чиққани ўзимизга зиён(ми)

Iqboljon Yusupov
Саралаш

Яқинда ҳарбий қисмда ишлайдиган танишим қўнғироқ қилиб, ўзининг вақти бўлмаётганини, бирор электр жихозлари сотадиган дўкондан микротўлқинли печ сотиб олиб беришимни илтимос қилиб қолди.

"Тахминан нархи 750-800 минг атрофида"лигини ҳам айтиб ўтди. Ўша куни дўконларни айландим. Ўзимизда чиқадиган "Артел" печлари дўстим айтгандек, 750-800 минг атрофида экан. Ёнимда пулим камроқ экан олмадим.

Ўша куни кечки маҳал, уйда аёлим сўз очиб қолди:

- Дадаси, қўшни Қирғизистонга ўтиш учун йўллар очилиб, дугоналарим Халмиён (Қирғизистон Республикасининг Фарғона вилояти билан чегарадош бўлган Баткен вилояти ҳудудидаги бозор) га ўтиб, ўзимиздагидан кўра арзон нархда кийим бош олиб келиб, ишхонада пуллаяпти. Мана мен ҳам ойлик чиққанда бериш шарти билан ўзимга, сизга ва болаларга пайпоқ сотиб олдим. Яхши қилибманми? – деди ва, - ўзимизда худди шу пайпоқларни икки баробар қимматига оласиз-да, - деб, қўшиб қўйди.

Аввалига унча эътибор қилмадим. Оғзидан бол томиб мақташга ўтиб кетганди, ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Айтишича, биздан одамлар "оқиб" боряпти экан. Туркия ва Хитойда ишлаб чиқарилган трикотаж махсулотлари, электр жиҳозлар ва Россиянинг манаман деган шоколадлари деярли икки баробарга арзон эмиш. Постларда ҳам на ўзбек назоратчилари ва на қирғиз назоратчилари муаммо қилаётган эмиш. Аёлим ҳам ўқитувчи-да, дугоналари ҳам ўқитувчи, ўқитувчилар одатда олғирроқ бўлади. Дарси озроқ бўлган, ўша чегарадош ҳудуддан келиб ишлайдиган дугоналари бир зумда тадбиркорликни йўлга қўйиб юборибди. Аёлимни тинглаб туриб, дўстимнинг кундузги илтимоси ёдимга тушди. Бирдан:

- “Как, раз!” - деб, юбордим, - онаси дугоналаринг билан гаплашиб кўр-чи, эртага ўша бозордан бизга ҳам “микроволновка” олиб келиб берармикан, - дедим, - ҳа, кейин билгин-чи, уёқда неча пулдан сотиляпти экан?

Аёлим зумда дугоналарига қўнғироқ қилиб, суриштирув ишларини бошлаб юборди. Аниқланишича, биздаги "Артел" га ўхшаб кетадиган печлар уларда 400 мингдан сотилаётган эмиш. "Зўрку!" деб, юбордим.

- Унда озгина ёнимдан қўшсам, бир эмас иккита сотиб олсак бўларкан-да, - дея хулоса қилдим.

Анчадан бери орзу бўлиб келаётган, биздаги дўконлардаги нархини кўриб, ер чизиб қоладиган аёлим, бу гапимни эшитиб кўзлари қувнаб кетди.

- Тўппа тўғри дадаси, шундай қилайлик!

- Хўп шунақа қиламиз, сен дугоналаринг билан гаплашиб кўрчи, эртага бизга иккита печ олиб келиб берармикан, - дедим.

Дугоналари, ўзларининг юклари кўплигини, чегарада муаммо бўлишини, битта бўлганда амаллашини айтиб, агар рухсат берсам, аёлимнинг ўзи уларга шерик бўлса, бирга бориб келишини айтибди.

Озгина ўйланиб қолдим. Кейин "кўпчилик бориб келяпти. Эшитишимча, аввалгидек ур-сур, тўполон, олиб қочиш, қувлаш деган ҳолат бўлгани йўқ экан, биттанинг пулига иккита келяпти-ку, қайтанга аёлимнинг ўзи ҳам хурсанд бўлиб қолади", - дедим-да, эртасига дугоналари билан боришига рухсат бердим.

Фарғона шахридан, Халмиён бозоригача бўлган масофа ҳам тахминан 20-25 км атрофида холос, узоқ ҳам эмас. Эрталаб чиқиб кетиб, тушликкача етиб келибди.

Кечга ишдан қайтсам уйда иккита бир хилда микротўлқинли печ турибди. Болалар ҳам хурсанд, бир зумда онаси уларга “Хот-дог” тайёрлаб ҳам берибди.

Улардан бирини олдим-у, дўстимнинг ишдан қайтишини пойлаб уйига элтиб бердим. Дўстим ҳам хурсанд:

- Ҳарбийман, биласан ижарада тураман, оилам ота-онам билан яшайди. Бир ўзимга овқат қилганда биратўла кўпроқ қиламан, ярмини кечки овқатда есам, қолганини музлатгичга қўйиб эртасига ейман. Ейишдан аввал газда иситишга тўғри келади. Эркакчилик, қозон осиш, уни яна ювишга эриниб баъзида қозон ювилмасдан қолиб ҳам кетади, - дейди. Мана бу печ энди яхши бўлди, ичига музлатгичдаги овқатимни тиқаман 5 дақиқада янгидек бўлади қолади. Раҳмат сенга! - дейди.

Ҳа, айтганча, дўстимга печни олишда тадбиркорлик қилганимни, устига озгина қўшиб, бир йўла иккита қилиб, Қирғиздан олганимни ҳам айтдим. "Ҳалолинг бўлсин!" деб айтди. Мактабнинг 2-синфида ўқийдиган ўғлим бор, дарси соат 11да бошланади. Эрталаб уйда ўзи ёлғиз қолади, қолганлар вақтли ишга чиқиб кетамиз. Авваллари, кечки овқатдан атай олиб қўйилган овқатнинг бир қисмини музлатгичдан олиб, муздек ҳолатида тановул қилиб, кейин мактабга кетарди. Мана печ олингандан бери ўзи иситиб, тушлик қилиб, кейин кетяпти. Аёлим ҳам бир кун аввал қилинган сомса ёки бошқа пишириқларни печга қўйиб, янгидек қилиб дастурхонга қўйяпти. Буларни кузатарканман:

- Дарҳақиқат. Ҳар бир мосламанинг, жиҳознинг ўз вазифаси, ўз ўрни бор-да, ўрни бўлмаса ихтиро қилинармиди? Буларнинг ҳаммаси одамзотнинг яхши яшашлиги учун хизмат қилади, - дейман ўзимга-ўзим.

Нега шу вақтгача шу оддий, лекин фойдали матоҳни олиб бермадим?

Сабаби оддий, ўзимизда анча қиммат. Сотиб олиш учун нималардандир ўзимизни тийиб, тежаб-тергаб олишимиз керак бўлган. Энди нега қимматлигига тўхталиб ўтсак.

Бир пайтлар, аниқроғи 2002 йил 6 майда Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарори чиққанди. (Кейинчалик бекор бўлиб кетди.) Халқ орасида "54 товар" номи билан машҳур бўлиб кетганди. Қарорнинг моҳияти, қўшни давлатлардан учинчи давлатда ишлаб чиқарилган товар моддий бойликларини олиб кирилишини кескин чеклаб, (50$ гача имтиёз қўлланилиб), худди ўша товарларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, янги ишчи ўринларини яратиш бўлганди. Бир томондан олиб қаралганда жуда яхши қарор эди. Ўзингники бўлгани яхши-да, фойда ўзимизда қолади.

Лекин, шу нарса ўзини оқладими?

Балки қайсидир жиҳатдан ўзини оқлагандир! Лекин, мен оддий халқ мисолида "оқламади" деган бўлардим.

Қайтага "ўзингда ишлаб чиқариладиган маҳсулот бу сенга зарар келтиради, яхшисини ололмайсан, ўзингники арзон ҳам бўлмайди" деган, тушунча шаклланиб қолди.

Биргина "Артел" корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни айтмаганда, шу вақтга қадар бошқа ҳеч ким ёки ҳеч қайси тадбиркор халққа турли-туман электр жиҳозларини тақдим этмади. Чет элдан олиб келаверди. Белгиланган бож ва солиқларни тўлаб, нархини осмон баравар қилиб сотаверди. Олган олди, олмаган ҳали ҳам эски чориғида. Ҳа, ҳа, шундай!

Ишонасизми, холодильник ёки кондиционерни қўя турайлик ҳатто хали ҳам уйида телевизори йўқ одамлар бор. Бир пайтлар Хитойнинг "Жинлипи" номли оқ-қора тасвирли телевизорлари бўлар эди. Айрим хонадонлар ҳали ҳануз ўша телевизордан фойдаланади. Микротўлқинли печ, чангютгич, электр гўшт қиймалагич ва ҳокозолар орзу бўлиб қолмоқда. Ўзимизда ишлаб чиқарилган айрим мебелларни сотиб олсангиз, уч ойда бир жойи узилиб тушади. Пайпоқ олсангиз, бир ҳафтада оёқнинг бош бармоғи тешиб чиқади. Рақобат йўқ, чет элдан турдош маҳсулотлар келмайди, ўзига хон кўланкаси майдон. Натижада сифатсиз маҳсулотлар кўпайгандан кўпайди.

Мана яқиндан сиёсатимиз ўзгарди. Қўшниларимиз билан алоқаларимиз тикланди. Чегаралар очилди. Товар айирбошлаш енгиллашди. Эшитишимча, чегарадош ҳудудлардаги қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги Россияга ҳам бормай қўйибди. Биздан уларда йўқ маҳсулотни олиб чиқиб, улардан бизда йўғини олиб кириб яхшигина фойда кўраётган эмиш. Бу яхши-ку! Бу ҳам иш ўрни-да! Бир томондан бозорларимиз арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлмоқда, бошқа томондан шу фаолият билан шуғулланаётган бир қанча оилаларнинг қора қозони қайнамоқда.

Ана энди ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот эгалари ҳам рақобатда ютқазиб қўймаслик учун чиқараётган маҳсулотларини арзонлаштиради. Сифатига кўпроқ эътибор қарата бошлайди. Бундан ким ютади? Албатта, истеъмолчи, бу халқимиз дегани - яъни биз.

Лекин шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш керак. Айни дамда чегаралар очилиб, улардан кириб келаётган товар моддий бойликларининг асосий қисми учинчи давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир. Яъни Қирғизистонда ишлаб чиқарилган холодилник ёки Тожикистонда ишлаб чиқарилган жинси шим эмас, асосан Туркия, Хитой ва Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кириб келмоқда. Фойдани қўшниларимиз кўрмоқда холос, сабаби уларда импорт божлари ва солиқ ставкалари бизникидан бир мунча паст миқдорда.

Бу борада ҳам юқори ташкилотларимиз қадам ташлаб бўлишган. Яқинда ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим, 500га яқин товарларга белгиланган бож ставкалари пасайтирилиб ёки айримларидан бутунлай олиб ташланиб ҳамда айримлари солиқлардан ҳам озод бўлаётганмиш.

Ўша кунларга ҳам оз қолди.

Янги қарорлар чиқадиган бўлса, тадбиркорларимизнинг ўзлари чет элга чиқиб, халқимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашларига умид қилиб қоламиз.

Ана шунда ҳозирда чегараларда бўлаётган тирбандликларга ҳам барҳам берилади, деб ўйлайман.

Эътиборларинг учун ташаккур!

Иқбол Юсуф

3.83 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.83 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 12
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 9

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 20/04/2018

Muallifning fikrlarida haqiqatdan ham jon bor. Chegaralar ochilgach ahvol ancha yaxshilandi. O'zim Farg'onalik bo'lganim uchun maqolada tilga olingan joy va unga bog'liq holatni juda yaxshi bilaman. Blogpostni o'ziga kelsak imloviy xatolardan xoli, hamma narsa o'z o'rnida. O'quvchidan maza qilib o'qish qolibdi xolos!

3 Давронбек Тожиалиев 25/04/2018
4.5 Қаҳрамон Асланов 26/04/2018
5 Олимжон Солижон ўғли 26/04/2018
4 Маҳсуджон Асқаров 04/05/2018
4.5 Тўлқин Юсупов 06/05/2018
4 Шерзод Шерматов 10/05/2018
4.5 Мақсуд Саломов 11/05/2018
4 Мансур Тангишов 13/05/2018
4 Музаффар Назаров 15/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 16/05/2018
5 Расул Кушербаев 18/05/2018
4 Нигора Умарова 18/05/2018
4.5 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Блогспотни аввалроқ ўқигандим. Жудаям оғриқли мавзу.

5 Умид Гафуров 20/05/2018
4.5 Иноят Садикова 20/05/2018
4 Шунқор Чориев 20/05/2018
4.5 Ботиржон Шерматов 20/05/2018
5 Нодир Закиров 21/05/2018
5 Абдумалик Носиров 21/05/2018

Ўзбекистонда монополия асосида ишлаш кенг тус олган. Буни божхона орқали бемалол "бошқариш" мумкин. Мана шу "монополия"га хизмат қилган яна бир унсур бу илгарги "доллар курс" бўлган.

4 Уйғун Ғафуров 21/05/2018
4.5 Адҳам Отажонов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр