Она – қотил, айбдор эса – ҳамма!

Sanjar Said
Саралаш

Куни кеча Қўқонда содир бўлган мудҳиш ҳодиса нафақат ўзбеклар, балки бутун дунё аҳлини ларзага солиши аниқ. Она фарзандини буғиб ўлдириб, ўзи хотиржам ишлаш учун Тошкентга кетган. Ижтимоий тармоқларда асосий мавзуга айланган бу ҳодисада барча бирдек қотил онани айблаётгани аниқ. Шубҳасиз, она – айбдор, лекин айбдор фақат онанинг ўзигина эмас. Бу жамиятнинг айби, миллатнинг муаммоси аслида. Ушбу онани ҳақорат қилаётганлар, уни лаънатлаётганлар ушбу ҳодисада заррача бўлса ҳам ўз айби борлигини ўйлаб кўришлари керак! Мен айбдор эмасман, деб виждон билан айта оласизми?

Бир ҳақиқатни тан олишимиз шарт. Ўзбекистонда аёллар, келинлар, айниқса бевалар ҳуқуқлари энг кўп топталувчи қатлам ҳисобланади. Келин ва хотинларга қулдай муомалада бўлинади, уй-рўзғорнинг барча ташвиши уларнинг зиммасида – эрнинг хизматини қилиш, бола-чақани парвариш қилиш ва ҳоказо. Кунига 25 соат тинмаса ҳам ишлари тугамайди, эвазига сўкиш, ҳақорат, камситилиш… Ўзбек хонадонларида келинлар эр, қайнота-қайнонанинг қош-қовоғига қараб яшашга маҳкум. Ҳатто қулдорлар ҳам қулларни ишлатиб, овқатланиши, дам олишига изн берган. Аммо бизнинг хотинларга кечасию кундузи тиним йўқ.

Шундай оилалар борки, келинни бир умр хизмат қилдиради, бироқ бирор кор-ҳол бўлса уйга эга чиқмасин, деб хонадонга пропискага қўйдирмайди. Қариндош-уруғи бўлиб, улар жигари учун қайғурсаку ўз йўлига, аммо ҳақиқатан ҳам кўчада қолаётганлар қанча?!

Қўқонда содир бўлган воқеанинг ҳам илдизлари узоққа бориб тақалади. Бунда уни таниган-билганларгина эмас, шу каби ҳолатларга, яъни турмушдан қайтган ёки оилавий муаммолар қуршовида қолиб кетган аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларига, тақдирига бефарқ барча одамлар, сизу биз – ҳаммамиз бирдек айбдормиз.

Бир вақтлар эрига бирор кор-ҳол бўлса, аёлнинг таъминоти унинг барча қариндошлари зиммасига тушар эди, иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб бирор эркакнинг қарамоғига олинар, фарзандлар кўчада қолмас эди. Бугун эса бир инсоннинг муаммоси фақат унинг ўзи ёки оиласиники бўлиб қолди. Шунингдек, ислом дини талабига кўра, бирор одамнинг мол-мулки закотга етмасидан аввал муайян миқдордан ошганидан сўнг мол-мулкнинг маълум қисми қариндошлар ҳаққи ҳисобланиб, ўша пул қийин аҳволдаги яқинларга берилиши шарт. Ушбу қоида ҳам бугун ёдимиздан кўтарилди. Ҳамма фақат ўзини ўйлайдиган бўлди, оқибатда барака кўтарилди, қалбимиздан хотиржамлик, ҳаловат олиб қўйилди…

Қўқон фожиасига қайтадиган бўлсак, шубҳасиз, аёл нотўғри иш қилди, катта гуноҳга қўл урди ва албатта жазосини олиш керак, аммо бу билан масалани ёпиб қўйиб бўлмайди. Уни шу ишни қилишга «мажбурлаган» барча омиллар, сабаблар ўрганилиши керак. Аёллар ҳуқуқларини амалда таъминлаш, уларнинг мураккаб вазиятларда тўғри ҳаракат қилиши, тўғри қарор қабул қилиши бўйича малакалардан хабардорлиги оширилиши шарт!

Қийин аҳволда қолган, эрдан ажрашган аёлларга руҳий, маънавий, моддий кўмак берувчи жамоат ташкилотлари тузилиши учун моддий-ҳуқуқий база яратилиши, грант маблағлар ажратилиши керак. Аёлнинг дардини аёл, дарди борнинг дардини дарди бор тушунади ва ҳис қилади. Шундан келиб чиқиб, турмушдан ажрашган ва ёлғиз аёллар клублари, дардхоналари ташкил этилиши керак. Қийин аҳволда қолган аёллар учун аноним ишонч қўнғироқлари ташкил этилиши зарур.

Аёллар муаммоларини ўрганиш бўйича социологик йўналишда тадқиқотлар олиб борилиши лозим. Афсуски, биз социология фанини ўқитиш, социологик тадқиқотлар натижаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида жуда орқадамиз. Ушбу фанга эътибор кучайтирилиши керак. Муаммоларни тизимли ўрганиш, илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, хотин-қизларимизга муаммонинг бир эмас, ўнлаб, юзлаб ечимлари борлигини айтиш ва бунга уларни ишонтириш вақти келди. Маънавиятимиз, одоб-ахлоқ, менталитетимизнинг асосини ташкил этувчи ислом дини асосида муаммога ечим топиш мумкинлигини тан олиш ҳам керак.

Шунингдек:

турмушга чиққан аёлларнинг пропискаси зудлик билан турмушга чиққан хонадонига қўйилишини таъминлаш ва уларнинг барча ҳуқуқларини кафолатлаш;

аёлларнинг ожизалиги, қаровчисиз қолиши ва кейинги турмушга чиқиш эҳтимолини ошириш учун ажрашаётган оилаларда фарзандларни ота қарамоғида қолдиришни жорий этиш (туғдирдими – боқиб катта қилсин осонгина қутулмасдан!);

аёлларга руҳий далда, ёрдам бериш, маънавий қўллаб-қувватлаш учун махсус радиоканал, радиоэшиттиришлар ташкил этиш, унда мураккаб руҳий муаммога дуч келган аёллар ўз истагига кўра исми сир сақланган, овози ўзгартирилган ҳолда дардини айтиши, бошловчи, таниқли шахслар ва радиотингловчилар томонидан уларга маслаҳат, йўл-йўриқ берилишини ташкил этиш;

мураккаб руҳий вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, тўғри йўл тутиш бўйича маслаҳатлар, йўл-йўриқлар, ҳуқуқий ёрдам берувчи ТВ кўрсатувлар, тарқатма материаллар тайёрлаш:

жойларда аёлларни ҳуқуқий, маънавий, диний, психологик қўллаб-қувватлаш бўйича қабулхоналар ташкил этишни таклиф қилган бўлардим.

3.94 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.94 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.22 / 30
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 43

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 18/04/2018
4.5 Расул Кушербаев 20/04/2018

Dolzarb mavzu ko'tarilgan, keltirilgan asoslar ham yomon emas, ayniqsa propiskaga qo'yish masalasida.

5 Иноят Садикова 21/04/2018

- Aynan bu holatda shu ayolning hulqi, tarbiya topgan muhiti vojeaga sabab deb ko'rsatilgan maqolani o'qidik. Lekin blogpostda keltirilgan mulohazalarning barchasi to'g'ri va o'rinli.

5 Мансур Тангишов 21/04/2018

Maqola jamiyatdagi aktual muammoni yoritgan va o‘ziga xos yechimlar berilgan. Tushunarli va o‘qimishli yozilgan.

5 Тўлқин Юсупов 22/04/2018
4 Беҳзод Қобулов 23/04/2018

Матн ва уни ёзилишига сабаб бўлган воқеа, назаримда, бошқа-бошқа нарсалар. Айнан шу воқеада таъсирида куёв томонни айблаш, субъектив фикрлар билан умумий манзарага баҳо бериш тўғри эмас. Матнда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга қарийб қўшиламан. Фақат ўша мудҳиш воқеа билан боғланиши нотўғри бўлган. Воқеада келиннинг енгилтаклиги ва бесабрлиги шу оқибатга олиб келган. Матнда эса айбдор сифатида куёв томон кўрсатилган. Умуман, блогпост ўша воқеага боғланмаганда яхши бўларди.

4 Давронбек Тожиалиев 23/04/2018
4.5 Мақсуд Саломов 24/04/2018

Mavzu dolzarb, post yaxshi yozilgan. Faqat takliflarning ba'zilarida bir tomonlama yondashilgan, nazarimda. Masalan, oilalarda farzandlarni ota qaramog'ida qoldirish ko'p hollarda o'zini oqlamasligi mumkin. Ona, aksariyat hollarda, farzandga nisbatan otadan ko'ra g'amxo'rroq bo'lishi hech kimga sir emas, fikrimcha (ayniqsa ajrashish holatida). Bu onaga qandaydir yengillik yaratishi mumkin (bu ham so'roq ostida), lekin farzand huquqining va tarbiyasining buzilish fakti ham vujudga keladi. Erkak kuni bilan ko'chada yurganda qarovsiz qolish natijasida yoki erkak boshqa xotin olganda ham, o'gay onaning bolaga yaxshi muomalada bo'lgasligi oqibatida (O'zbek jamiyatida bolalarning asosiy vaqti ona bilan o'tadi) farzand aziyat chekadi.

5 Нодир Закиров 24/04/2018

Жамиятимиз ва маданиятимиздаги асосий камчиликлардан бирини ёритиб берадиган мақола. Муаллифнинг мақоладаги таҳлили, ёзиш услуби, бераётган ечимлари тартиб билан келтирилган. Бир фикрдан иккинчисига ўтишда алоҳида абзацларни қўллаши эса мақолани ўқишни осонлаштиради. Муаллиф муаммога ечимлар таклиф қилгани эътиборга лойиқ.

4 Қаҳрамон Асланов 26/04/2018

Тўппа тўғри фикрлар. Аммо мен учун нотаниш блогер бўлганида, блогпостдан тўппа тўғри фикрларни эмас, блогернинг ўзини, услубини, иқтидорини қидирган бўлардим. Ва топа олмасдан янада пастроқ балл қўярдим. Санжарнинг фаол блогер бўлгани унга қўядиган баҳоларимга ижобий таъсир қилади. Бошқаларнинг эътироз билдиришга ҳаққи йўқ - чунки уларда ҳам шу пайтгача, чемпионат бўлмаган пайтларда ҳам фаол бўлиш имконияти бор эди. Шу туфайли, эндигина, чемпионатда блогпост ёзишни бошлаган блогерларга қийин бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқчиман. Уларда ўзларини кўрсатиш учун имконият кам - у бечоралар биргина блогпостда иқтидорини намойиш қилишнинг уддасидан чиқишлари керак. Омад.

5 Абдумалик Носиров 26/04/2018
5 Олимжон Солижон ўғли 26/04/2018
5 Адҳам Отажонов 27/04/2018

Маша Аллоҳ )

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 28/04/2018
2.5 Музаффар Назаров 29/04/2018

Ёзилиши силлиқ лекин мавзу ва ундан хосил бўладиган хулоса нотўғри. Сарлавҳанинг ўзи нотўғри танланган. Нега ҳақиқий айбдор қолиб, бошқаларни айблаш керак. Блогда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тўғри таклифлар берилган, аммо ўз фарзандининг қотили бўлган аелнинг айбига атрофдагиларни, жамиятни айбдор килиш мутлақо нотўғри. Ҳар бир одам ўз айбини ўзи тан олмас экан, бундай фожеалар, хатоликлар такрорланаверади. Блогдаги фикрлар эса, айрим иродасиз, бир оз омадсиз ва калтабин одамларга ўзлари йўл қўйган ёки йўл қўймоқчи бўлган хатоларини оқловчи ёки юпатувчи бахона бўлади холос.

4.5 Ботиржон Шерматов 02/05/2018

Киска килиб айтганда ислом дини буйича иш олиб борилиши керак. Лекин бунга "озодликка чиккан, хукуклари химоя килинган шарк аёллари" тайёрмикан? Келтирилган фикрларга айнан Куконда булган ходиса мос эмас, назаримда.

4.5 Маҳсуджон Асқаров 04/05/2018
5 Шерзод Шерматов 09/05/2018
5 Умид Гафуров 11/05/2018

Долзарб!

4 Шунқор Чориев 17/05/2018

Maqola zo‘r ehtiros bilan yozilgan. Barbod bo‘lgan oilaning farzandi ota qaramog‘ida qolishi kerak, degan qat‘iy fikrga qo‘shilgim kelmadi.

4.5 Мубашшир Аҳмад 18/05/2018

Яна айрим таклифлар ҳам бор эди, бундай фожиалар такрорланмаслиги учун.

5 Нигора Умарова 18/05/2018

Ўзбек оиласида келинга "Темир келин" сифатида қарашади. Муҳими эса муаммони кўтариб чиққан блогернинг аёл киши эмас, эркакларча қараш билан ифодалаб берганлигида!

4.5 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
22 та фикр