ЎЗБЕКНИНГ ЎЗ ОЁҒИГА БОЛТА УРГАНИ ЁКИ “КАДИ”РЛАР СИЁСАТИ
ЯПОН ВА ЎЗБЕК СУҲБАТИ
- Ўзбек боласи: Нега Ўзбекистонимизнинг шунча моддий бойликлари бўла туриб, ривожланган давлатлар даражасида ривожланишга юз тутмади, Япония эса ҳеч қандай моддий бойликларга эга бўлмай туриб ҳам, урушдан кейинги жуда қисқа давларда шу қадар ривожланишга юз тутди?
- Япон файласуфи: Гапни лўнда қилиб айтганда, Японияда битта “ақлли кадр” ўз қўли остида ўнта кадрни бошқарса, Ўзбекистонда битта “кади”р ўнта ақллини бошқаради!
- Ўзбек боласи: Бунинг маъносини тушунтириб беринг, илтимос.
- Япон файласуфи: Эҳ..., бу узоқ йиллик кузатишларим натижаси лекин жуда узун ҳикоя, болам.
- Ўзбек боласи: Майли, бобожон, эшитаман сизни!
- Япон файласуфи: У ҳолда, сен эшит, тарих сўзлайди...
******************************************************************************************************************************
ОТА-ОНА ОРЗУ-ҲАВАСИ
- Хотин: Дадаси, ўғлимиз катта бўлиб қолаяпти, қайси олийгоҳга киради?
- Эр: Хавотир олаверма, дўстим университетнинг ректори. У билан гаплашиб қўйганман, энди фақат “соққа”сини йиғиб турсак, бас. “Ректор группа”га исмини ёздиртириб ҳам қўйдим.
Бир неча йиллар ўтиб...
- Хотин: Дадаси, ўғлингиз университетни битирди, энди уни бирор “ёғли” жойга қўяйлик.
- Эр: Хавотир олма, кимсан “фалончиев” бўлсам, менинг ўғлим энг камида вазирликда ишлайди!
- Хотин: Ўғлингизни “фан доктори” қилайлик?
- Эр: Хавотир олма, ватанимизда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ!
******************************************************************************************************************************
УНИВЕРСИТЕТ ЎҚИТУВЧИСИ ЎЗ ВИЖДОНИНИ МОТ ҚИЛГАНИ
- Виждон: Шу “фалончиев” деганининг ўғли балони ҳам билмайди, дарсга-ку, умуман, ёлчитиб қатнамайди, нега энди унга “беш” баҳо қўйиб беришинг керак? Ҳеч бўлмаса, уриб-сўкиб илм беришинг керак эмасмиди?
- Ўқитувчи: Ээээ..., ўзи бу бола “соққа” билан ўқишга кирган бўлса, соққани “тепадагилар” ҳазм қилган бўлса, энди мен буни “одам” қилишим керакми? Бундан ташқари, у “фалончиев”ни ўғли, баҳосини мен қўймасам ҳам деканат қўйиб беради, бошқа тарафдан, бу икки пуллик ойликка оила боқиб бўладими, ўзинг айт. Мени ҳам бола-чақам бор; ойлик бир тутам бўлса, бошимни ғалвага тиқиб, ишдан ҳайдалгандан кўра, тинчгина, “соққа”сини олиб баҳосини қўйиб берсам, нима қилибди. “АВТОКОМПЕНСАЦИЯ” – сен буни тушунмайсан!
******************************************************************************************************************************
“ФАЛОНЧИЕВЛАР” СУҲБАТИ
- “Фалончиев”: Дўстим, ўғлимиз ўқишни “беш” баҳоларга битирди! Ота-ўғил, бизнесни ҳам қилди, ўқишни ҳам қойиллатди. Докторантура-поктарантура деганини ҳам битирди! Шу десанг, энди ўз қанотинг остига оласанда!
- “Фистончиев”: Бўлди, дўстим, ўғлинг яхши “организатор” бўлса, бас; ишни секин-секин ўрганиб олади. Жааа бўлмаса, ёнига битта “каллалик”ни оламиз, ёзув-чизувига! Аммо, жойга гап йўқ, ўғлингни қўлида мингта ходим бўлади, битта катта даргоҳнинг ректори! Битта катта зиёфатга қарзсан, лекин!
- “Фалончиев”: Зиёфат сендан айлансин, ўғлим камида вазир бўладиган бола, лекин.
******************************************************************************************************************************
- Ўқитувчи (йиллар ўтиб): Ҳей виждончам, сени гапингга кирганимда, ишим пачава бўлар экан! Нега десанг, ўша “фалончиев” ни ўғли университетимизга “ректор” бўлиб келди!
******************************************************************************************************************************
Япон файласуфи: Зерикиб қолмадингми, ўғлим?
Ўзбек боласи: Йўқ, бобожон.
Япон файласуфи: Зерикиб қолмаслигинг учун битта “анекдот” айтиб берай!
******************************************************************************************************************************
3-ЧИ КОНВЕРТ
Давлат идорасининг бир раҳбари ишдан бўшар экан, ўрнига келган янги "раҳбарча"ни янги лавозим билан табриклаб, унга 3 дона конверт берибди ва "Сенга омад, лекин қийналган пайтларингда конвертларнинг 1 чисидан бошлаб очасан; у ерда менинг cенга "акалик" ёрдамларим ёзилган” – дея, постни тарк этибди.
Собиқ раҳбар ишдан кетгач, унинг ўрнига “фалончиев”нинг арзандаси "раҳбар” бўлиб ўтирибди. "Раҳбарча" бир йил ишлаб-ишламай, ташкилотда норозиликлар ва пала-партишликлар бошланибди. "Раҳбарча"нинг ёдига ўша конверт тушибди ва биринчи конвертни очибди. Унда "АЙБЛА" деган ёзув бор экан. Бу сўздан илҳомланиб, у ўз қўл остидаги ходимларини бўлаётган ҳолатлар бўйича айблай кетибди ва натижада ўзи учун ҳолат бироз ўнгланганини сезибди.
Яна йиллар ўтибди ва яна аввалгидек пала-партишлик бошланибди ва "раҳбарча" кейинги конвертни очибди. Унда "РЕСТРУКТИЗАЦИЯ" - деб ёзилган экан. Бу фикр ҳам қўл келибди; ходимларнинг бўлимлар бўйлаб ротациясини ташкил этибди ва бўлимлар номларини жимжимадор қилиб ўзгартирибди. Ҳолат бироз юмшагандай бўлибди.
Бироз муддат ўтиб, у учинчи конвертни очишга мажбур бўлибди. Конвертда..., конвертда "Ўз конвертларингни тайёрлаб қўй!" - деган ёзув бор экан...!
Ўзбек боласи (қаҳ-қаҳ отиб кулади): ...
******************************************************************************************************************************
ЯПОН ВА ЎЗБЕК СУҲБАТИ (давоми)
Ўзбек боласи: Бобожон, гапингиздан барча “катта” постларни “фалончиевлар”дан бўлган кадр банд этган деган маънони англадим. У ҳолда, ўз билими ва кучига ишонган кадрлар нима қилибди?
Япон файласуфи: Ўз кучига ишонган кадрларнинг аксарияти “адолат” ва “ҳалол даромад” излаб, чет элларга чиқиб кетишибди. Адашиб бошлиқ бўлиб қолган бир қисм эса “фалончиев”ларнинг қурбони бўлиб, қамоқда умргузаронлик қилишаётган экан. Яна бир қисм кадрлар эса университетга ҳам кира олмабди; совуқ шамолларнинг берган хабарига кўра, уларнинг баъзилари террорист бўлиб Сурияда, бошқа бирлари гастробайтер бўлиб, Россияда ишлаб юрган экан. Қорин ғамида, болам...
Ўзбек боласи: Бобо, мана яхши даврлар ҳам келди, энди “кади”рлар сиёсатини қандай қилиб кадрлар сиёсатига ўзгартирамиз.
Япон файласуфи:
- Биринчи ўринда, хусусий секторга кенг йўл бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аралашувини кескин қисқартириш зарур. Барча бало ва офат давлат деган сўз қўшилган ташкилотларда; давлат корхонаси, давлат университети, давлат шифохонаси, давлат.... Бу давлат корхоналарда энг кўп ялқовлик, энг кўп поракашлик ва энг кўп талон-тарож юз беради, болажон! Давлат университетларини сонини қисқартириш ва хусусий университетларни очиш ҳам шулар жумласидан.
- Иккинчидан, давлат корхоналарида оптималлаштиришни амалга ошириш лозим. Яъниким, давлат корхоналарига ақлли кадрларни юқори ойлик маош билан жалб этиб, у ерларда интенсив “тозалаш” ишларини ташкил этиш лозим. Баъзи давлат ташкилотларидаги ўнта кадрни ишини хусусий секторнинг битта серғайрат ходими удда қилиши мумкин. Демакки, давлат корхоналарида кадрларни “оптималлаштириш” керак ва “пашша” қўриб маош оладиган “кади”рлардан ҳам, “фалончиев”лардан чиққан “кади”рлардан ҳам максимал қутилиш ёки уларни қайта тарбиялаш чораларини кўриш зарур.
- Учинчидан, давлат хокимиятлари ва давлат корхоналарига кадрлар танлаш ва тайинлаш ишларини жиддий кўриб чиқиш зарур. Ҳозирча, президент назорати остида “тоза кадр”ларни танлаб оладиган “тоза комиссия” тузилса, мақсадга айни мувофиқ бўларди.
- Тўртинчидан, ОАК (Олий Аттестация) деган соҳта “олий навли” кадрлар ишлаб чиқарадиган ташкилотни имкони борича тезроқ ёпиб, унинг ўрнини янги назорат ташкилоти билан алмаштириш лозим. Акс ҳолда, ОАК замонавий илмни англаб олгунига қадар яна йигирма йил бой берилиши мумкин.
- Бешинчидан, йигирманчи асрга тегишли бўлган депутатларингизни ҳам куч ва ғайратга эга билимли ва ёш ватанпарвар кадрларга алмаштириш вақти келди. Нега деганда, замон жуда тезликда тараққий этаяпти. Депутатларингиз бир ёшга улғайса, замон беш йилга олдинга тараққий этиб кетаяпти.
- Олтинчидан, давлатингизда йиғилиб қолган “чайқовчи”ларни “тадбиркор” деб хато ҳисоб-китоб қилмасдан, уларга замонавий билимлар шароитини яратиб, уларни ҳақиқий тадбиркор қилиб тарбиялаш йўлларини кўриш лозим. Икки дона Тошкентга машҳур Ўзбек бренди (Корзинка ва Артел ҳақида гапираяпман) билан иш битмайди, болам.
- Еттинчидан, ҳарбийларингизни фақат билагидаги кучи билан ўлчамасдан, уларни ақлий салоҳиятини юксаклигига эътибор бериш керак. Эшитишимча, сизларда форма кийиш учун кўпроқ “калла” эмас, кўпроқ жисмоний бақувватлик инобатга олинар экан. Бугунги дунё урушлари таналар кураши эмас, ақллар жанги, болам!
- Саккизинчидан...,
Шошма, ҳамма маслаҳатларимни бериб юборсам ва бу айтганларим амалга битта қолмай, буст-бутун амалга ошса, Ўзбекистон Япониядан ривожланишда ўтиб кетади-ку. Мен ҳам ватанимни севаман; шунинг учун, барча маслаҳатларимни бермайман. Шу еттита маслаҳат астойдил амалга оширилса, яқин орада Ўзбекистондан САККИЗИНЧИ маслаҳатни бера оладиган кадрлар етишиб чиқади!
Ўзбек боласи: Бобо, сўнгги саволимга жавоб берсангиз; нега баъзи ўринларда кадр эмас, “кади”р дейсиз?
Япон файласуфи: Чунки болам, бухороликлар ошқовоқни “кади” дейди!
Ўзбек боласи (қаҳ-қаҳ отиб кулади): ...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр