Бизлар арра тортмоқдамиз, аррамизнинг тиши йўқ, деб ёзган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов. Айни дамда жамиятдаги ёшларнинг ташаббуси ва интилишларини кўриб беихтиёр шу жумлалар кишининг ёдига тушади.
Рост гап! Бизда бақувват пойдевор бор. Бу пойдеворни Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Бухорий ва Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳирддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз барпо этган. Биз боболаримиз билан бонг уришни, уларнинг номини айтиб обрў қозонишни қойил қиламиз. Бироқ уларнинг исмларию туғилган саналаридан бошқа нимани биламиз?
Ҳатто, туғилган санасини ёддан айтиб бера олмайдиган, номини билганига кўкрак керадиганлар тўлиб-тошиб ётибди. Минг афсуски, ана шунақалар мактаб, коллеж ва инстутларда дарс беряпти, Навоийни ўқимай туриб давлатнинг масъул лавозимларида ишлаяпти, ғазалларини ёд олмаганлар минбарлардан туриб миллий ғурур ҳақида ваъз ўқияпти. Уларнинг аксари “гап билганга минг танга” қабилида униб-ўсган ёшлар экани кишини янада қайғуга солади.
Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми, яъни 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Шу ўринда савол туғилади: бу ёшлар Навоий, Бобурни билармикан? Ёшлар-ку майли, аждодларимиз ҳақида билмаган раҳбар ходимлар, ўқитувчилар ва мутасаддилардан келажакда қандай ташаббус кутиш мумкин? Улар янги авлодни қайси манзилларга элтаркин?
Оҳир-оқибат, Эркин Воҳидов айтганидек, ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, дод демоққа палла бўлгани шудир.
Бир нарсани таъкидлаш керакки, аждодларга муносиб авлод бўламан, мен шу юкни бўйнимга оламан ва бу борадаги ишларда керакли ютуқларни қўлга киритаман, деб юрганлар кўп. Ва мана шу соҳаларда ҳар йили ўтказиладиган танловларда ғолиб бўладиганлар ҳам кўп (қоғозда).
Ойлар ўтди ва йиллар ўтди, дейди Рауф Парфи. Лекин Навоий, Беруний ва Президент стипендиантларининг бирор янгиликни амалга оширганидан дарак ҳам бўлмади, ёки бизнинг кўзимиз жуда майда зарраларни “кўра олмайди”.
Ёшлар нега оламшумул ихтиролар ва янгиликлар қилишга мавзу тополмаяпти? Улар, асосан, нималар ҳақида гаплашишмоқда? Мана шу иккита савол билан савияни белгилаш мумкин. Масалан, Афлотун айтганидек, оддий кишилар ашёлар ҳақида, ўртамиёналари турли мажлислар ҳақида, буюк кишилар эса ғоялар ҳақида гаплашадилар. Қизиқ, биз нималар ҳақида гаплашяпмиз?
Ўша гап: ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, алдагани алла бўлгани шудир, ёки маърифатдан айро ўйнаса, кулса, демак, пайтаванинг салла бўлгани ҳам шу.
Аслида гап фақат ёшларда эмас, мутасаддилар ҳам бунга даҳлдор. Яратилган имкониятдан фойдаланиш, бу йўлларга ёшларни сафарбар қилиш ва юқорида айтганимиздек, арранинг тишини ўткирлаб ишга киришиш, албатта, виждонли мутасаддиларнинг иши.
Биласизми, шу кунларда Навоий ва Бобурнинг таваллуд айёмлари каминани шундай ҳақиқатлар ҳақида ўйлашга ундади.
Шу ўринда форсларнинг бир мақоли ёдимга келади: бор эди, бор эди ҳисобмас, ҳозир менда бори ҳисоб. Шунга ўхшаб бугунги ахборотлашган жамиятда бир нарсага эга бўлиб яшаш, айниқса, муҳим.
боис ҳамма тушуниб турганидек, эндиликда бизда ундай алломалар ўтган, бундай олимлар ўтган, дейиш ўрнига уларнинг асарларидан бир қатор ўқисак, таржима қилсак, ўқиганимизни тарғиб қилсак бу амалий иш бўлади.
Сўнгги вақтларда дунёга юз тутиши янада жадаллашди. Халқаро алоқалар, борди-келдилар мустаҳкамланяпти. Ўзбекнинг осмонўпар бинолари, охири кўринмас савдо мажмуалари эмас, аждодлардан қолган бой маданий мерослари, мақбара, обидалари қизиқ чет элликларга. Шу ерда яшаб туриб улар ҳақида билмаслик эса... Самарқандни пойтахт қилган Темурбекнинг ўзи Самарқандда туғилган, деб туришимиз шармандалик аслида. Афсуски, бундайлар ҳам бор.
Бир мактабда бўлдим. Болалар билан суҳбатлашдик, бобокалонларимиз ҳақида узоқ мулоқот қилдик. Уларнинг айримлар Алпомиш, Гўрўғли каби афсонавий қаҳрамонларни яшаб ўтган боболаримиздан ажратолмаслиги мени узоқ ўйга тўлдирди. Мана, биз хаспўшлай, хаспўшлай қандай аҳволга келдик.
Халқлар бор, тарихи билан фахрланай деса, арзигулик ашё, қўлга илингулик асар, номини айтиб мақтангулик аждоди йўқ. Биз олимлар, мутафаккир, буюк саркардалар, илф-фан мулкининг султонлари авлоди бўлсак-да, уларни билмаймиз, билишга ҳам ҳаракат қилмаймиз.
Ҳар бир уйда Навоий асарлари, ёки “Бобурнома” топилмас экан, ҳали-бери кўзланган натижага эришмаймиз, кўксимизга уриб фалончининг авлодимиз, дейишга эса ҳақсизмиз.
Нима бўлганда ҳам суйсак бир Ватанни суямиз. Унинг келажаги қанчалик ёруғ бўлиши, тарихга бевосита боғлиқлигини унутмасак бўлгани. Зотан, мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр