Ҳукмингизга ҳавола қилинаётган ушбу мақола мамлакатимизнинг чекка бир қишлоғида болаларга таълим бераётган бир ўқитувчининг оммага эълон қилаётган илк мақоласидир. Ҳақиқат – Ҳақнинг йўли. Бандасидан, нафсим манфаатига зиён етишидан қўрқиб бу йўлда турмасликка Яратган Эгамдан уялдим, қўрқдим ва қўлимга қалам олдим.
Ҳеч шубҳа йўқки, давлатнинг, жамиятнинг, дунёнинг ривожида ҳеч бир соҳанинг ўрни таълим соҳасининг ўрнига тенг кела олмайди. Таълим ва тарбия бўлмаганда инсон жоҳил ва йиртқич жониворларнинг бир тури бўлиб қолмасмиди? Таълимга муносабат – тақдиримизга, келажагимизга муносабат эканини теран англаган давлатимиз раҳбари таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, қолаверса, халқнинг ҳукуматга ишончига эришиш йўлида куйиб пишиб, заҳмат чекиб курашаётган бир пайтда ойни этак билан ёпишга уринаётган баъзи мутасаддиларнинг ишига қандай баҳо бериш мумкин?
Самарқандлик ёш муаллима ҳаётининг завол топиши билан боғлиқ воқеалар, унга масъул шахсларнинг муносабати кўплар қатори менинг ҳам дардларимни янгилаб юборди.
Ўқитувчилардан бири сифатида бошдан кечирганларимдан бир-иккита воқеани ҳикоя қилиб берай. Университетни битириб, ўзим ўқиган мактабга ишга кирганимнинг биринчи йили эди. Туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида семинар ўтказиладиган бўлди. Шу муносабат билан кимнингдир “кашфиёти”га кўра биз ўқитувчилар ёппасига топ-тоза кўчаларга маҳаллалардаги уйлардан гўнг олиб чиқиб уюмлаш ишига сафарбар қилиндик. Бошимни олишса ҳам бундай иш қилмайман деб ўйлардим. Лекин менга илк ҳарфларни ўргатган, отамдек бўлиб қолган ёши улуғ устозларимнинг гўнг ўраси ичига тушиб, балчиқ бўлиб ётган гўнгни кетмон, белкурак билан олаётганларини кўриб... кета олмадим.
Яна бир йили ёзги меҳнат таътилини туман ҳокимининг буйруғи билан пахта даласида ўтказдик. Ҳар куни битта пахта майдонида эгатлар оралаб қайта-қайта юришимизни талаб қилишарди. Бунинг сабабини сўрасак, ғўзаларга тегиниб, қимирлатиб турилса иссиқ кўпроқ таъсир қилиб, кўраклар тезроқ очилишини айтишарди. Бу ишни тракторда бажарилганда бир гектар дала учун сарфланадиган 12 литр ёқилғини иқтисод қилиш учун бизни ишлатаётганларини айтиб тиржайишар эди...
Бу – хўрлик эди. Бундай хўрликка чидаш учун фақатгина чорасиз бўлиш керак. Чидамаганлар бошқа йўл қидириб кетди. Натижада мактаблар қай аҳволга тушиб қолгани ҳаммага аён. Яна бир ҳамкасб танишим шундай ҳикоя қилган эди: “Иш бошлаган илк кунларимдаёқ пахтага ҳайдашди. Пахта териб борар эканман, шундай бўлиш учун қийналиб ўқиган эдимми, деган ўй билан миям қизийверди. Эгатимни териб тугатдим-у, терган пахтамни этак-петаги билан улоқтириб, раҳбаримнинг “ҳой-ҳой”лашига қарамай кетдим”.
У ҳозир чет элда, ишлари яхши. Бу мисоллар орқали мамлакатимизнинг ривожланиши учун сув ва ҳаводек зарур бўлган таълим соҳасининг нима учун оқсаётгани-ю, малакали кадрларнинг баъзилари нима учун четга чиқиб кетаётганини кўрсатмоқчи бўлганимни ўқувчи албатта тушунди деб умид қиламан. Муаллима аёл Диананинг ўлими муҳокама қилинишини пашшадан фил ясашга менгзаб бўлмайди. Бир ёш умрнинг, у билан бирга унинг орзу-умидларининг завол топгани, жажжи гўдагининг онасини зорланиб соғинишлари ҳақида ўйлашнинг ўзи оғир. Камига масъуллар воқеани хаспўшласа ... . Мен буни филдек ҳақиқатдан пашшадек ёлғон ясашга уринишга менгзаган бўлар эдим. Бир ўқитувчи ўлими билан рамзланиб турган таълимга, яъники халқ ва юрт тақдирига бефарқликнинг сарқитлари ҳамон қолаётгани ачинарлидир. Бундай ҳолатлат президентимизнинг ташаббуслари ва улкан миқёсдаги фидокорона саъй-ҳаракатлари меваси ўлароқ одамларнинг кўнглида эндигина пайдо бўлган яхши кунлар келишига бўлган ишончга дарз солишини, эндигина уйғонган, уйғонаётган умидларга кўланка солишини ҳеч истамас эдим. Ахир халқ қараб турипти, дунё қараб турипти, Яратган қараб турипти.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр