Нотенглик

Финал учун нима ёзишни кўп ўйладим. Шов-шувли, ҳаммага ёқадиган бир нарсалар ёзишга уриниб кўрдим. Қўлимдан келмади очиғи. Хуллас, шу босқичгача бўлганидай билган, анчадан буён ўйлаб юрган нарсаларим ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Ўзбек жамиятида қизларнинг бошида муаммолар кўп. Буни кўпчилик яхши билади. Бироқ аввалдан шундай бўлиб келгани учун айтарли жиддий эътибор бермайди, ўзгартириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Мени кўпдан бери жамиятда қиз болаларнинг ўрни, уларга бўлган муносабат масаласи ўйлантириб келади. Кўп кузатдим. Қизларининг олий маълумотга эга бўлишини истайдиган оилалар жуда кам. Кўпчилик бу масалага: “Эртага узатилиб кетса ўқиб уйимни обод қилармиди” деб қарайди.

Шундайлар борки, қизларининг репититорга, пулли тўгаракларга қатнашигаям қарши. Уларга қиз боланинг ўқимишли, маърифатли бўлиши учун сарфланадиган бир чақа ҳам ортиқча харажат. Коллежни битиришсаю тезроқ узата қолишса. Қонун билан тақиқланганига қарамай айримлари қизларини 18 тўлмай туриб ҳам турмушга бериб юборишади, коллежда ўзим раҳбарлик қилган гуруҳда шундай бўлганди. Ўзбекчилик, бир жойга хабар берсанг маломатларга қоласан.

Олий маълумот олган қизларнинг иши ҳам беш эмас аслида. Улар нари борса 3 курс рисоладагидек ўқишлари мумкин. Аксарият 1-, 2-, 3-курсдан узатилиб кетади. Бунга на университет ва на бошқа ташкилот қаршилик кўрсата олади. Табиийки, келинлик вазифалари, ҳомиладорлик ва ҳоказолар оқибатида ўқиш ўлда-жўлда бўлади, фанлар керагича ўзлаштирилмайди, кўпда домлалар уларни аяб 3-4 баҳоларини қўйиб беришади.

Ўзим ҳам 3-курсни тамомлаб турмушга чиққанман. Айрим дугоналарим бундан ҳам вақтли оила қуришган. Келинлик юмушларидан ташқари омиладорлик, токсикоз қанчалик қийнагани ўзимга ва Яратгангагина аён.

Буларни нима учун ёзаяпман? Бизнинг шароитимизда қизларнинг муносиб таълим олиши учун имконият йиғитларникидан анча чегараланган. Буни юқорида баҳоли қудрат изоҳлаб ўтдим. Назаримда, никоҳ ёшини ўзгартириш, узлуксиз таълимни таъминлаш ҳақида бош қотираётганлар шу муаммоларга ҳам эътибор қаратишса зарар қилмасди.

Бу муаммолар урф-одати, турмуш тарзи ўхшаш қардош қўшни давлатларни айтмаса бошқа юртда учрамаса керак. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури деймиз. Аммо унинг миллийлигини сезмаганман. Агар бу дастур чиндан миллий бўлганда мана шу каби истисноли вазиятларга жавоб берилган бўларди.

Қизлар ҳеч бир муаммосиз олий маълумот олишди ҳам дейлик. Яъни тўйлари университетни битиргандан кейин бўлиб ўтди. Бироқ бунда ҳам уларнинг муаммолари камайиб қолмайди. Янги рўзғор, янги оила, янги ишхона... Буларнинг барига мослашиш учун вақт керак-ку! Аммо келинларга бунга вақт қаёқда дейсиз? Худо бериб, тезда фарзандли бўлишса, иш ҳам қолиб кетади, агар талаба бўлишса, ўқиш ҳам.

Аввало энди турмуш қурган қизларни осонликча ишга қабул қилишмайди. 7-8 ой ишлаб декретга чиқиб кетишидан хавфсирашади. Бу ҳақда 1-босқичда ёзгандим.

Бу билан қизларни турмушга чиқмасин, туғмасин демоқчимасман. Аёл зоти учун бундан ортиқ бахт йўқ аслида. Шунчаки таълим олиш жараёнидаги қийинчиликлар, йигитлар ҳамда қизларнинг имкониятлар ўртасидаги тафовутга эътиборингизни тортгим келди холос.

Аммо бу масалаларга ечим таклиф қила олмайман. Ўтган босқичларда айрим ҳакамларимиз блогерлардан ўзи олиб чиққан муаммога ўзи ечим беришини талаб қилишди. Мен буни оқламайман. Менимча бу ҳақда жамиятшуносларимиз, таълим, хотин-қизлар муаммолари билан шуғуланувчи идоралар шуғуллангани маъқул. Мен шунчаки бир ўқитувчи, бир она ва бир аёл сифатида кўрган-кечирганларимни, ўзим муаммо деб билган нарсаларнигина қораладим. 

Мен қиз ўстираётган ота-оналар, Ўзбекистондаги таълим-тарбия жараёнига масъуллар бир нарсани билишларини холардим. Миллатимиз жаҳондаги илғор миллатлар сафида бўлишини, юртнинг ривожланган дафлатлар сафида бўлишини хоҳласак ислоҳотни аёлларимизга, қизларимизга эътибордан, уларнинг муносиб таълим олишига замин яратишдан, қизларга уй, ошхона ишларига маҳкум ё бўлмаса авлодимизни давом эттирувчилар деб қаровчи тушунчаларимизни ўзгартиришдан бошлашимиз керак. Бола ўзидаги асосий хислатларни асосан онадан оларкан, яъни она қанча ўқимишли, ақлли, зиёли бўлса, бола ҳам шундай бўлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча соҳаларда кадрлар тақчиллиги сезилаяпти, муаммонинг илдизи таълим тизимидаги инқироз ва коррупция ҳолатлари билан бирга мен юқорида тилга олган муаммоларга ҳам боғлиқ деб ўйлайман.

4.12 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.12 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.58 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.51 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Бахтиёр Шералиев 11/06/2018
4 Расул Кушербаев 11/06/2018
3 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018
4 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Яхши мавзу танланган. Ўринли таклифлар келтирилган. Лекин тилга олинган муаммоларнинг кўпчилиги келинларга ишлаши, ўқиши, уй юмушлари учун шароит яратмаган, унга иложи борича ёрдам бермаётган куёв оиласидаги инсонлар туфайлидир. Омад тилайман.

3 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Умумий, такрорий фикрлар

4 Уйғун Ғафуров 11/06/2018

Аниқ факт ва таклифлар кўринмаяпти.

4 Саид-Абдулазиз Юсупов 12/06/2018

Блогпостга қолдирилган изоҳлардан бирида тўғри айтилибди. Муаллифнинг аввалги постлари яхшироқ ёзилганди. Буниси финалдаги рақобатга дош беролмаса керак.

4 Нодир Закиров 12/06/2018

Кўтарган мавзуингиз жуда ўринли. Аммо қўшимча изланиш ёки тайёргарликсиз, умумий мисоллар билан ёзганингиз мақолага озгина жўшқинлик бермаяпти.

4 Абдумалик Носиров 12/06/2018

Афсуски жамиятимиз шу кўринишда шакланиб бўлган. Муаммода фақатгина бир тарафла ёзилган десам адашмайман. Чунки уй бекаси бўлишни орзу қилган қизлар хам талайгина. Муслима бўлиб уйда ўз эрига хизмат қилишни истаган қизлар қанча. Мен буни жамиятни маълум қисмини бир қолипга солиш деб тушунаман. Бу эса яхшилик олиб келмайди. Жамият хар хилликга асосланиши лозим.

4 Нигора Умарова 12/06/2018

Мақолада гендер тенглик масаласи, миллий менталитетимизда қизларимизга ўзгача назар ташлаш - "келинми, ўз вазифасини бажариши шарт" каби қарашларимизнинг келажакка таъсири ёритиб берилган. Айрим имло хатоларига эътибор берилса, яхши бўларди.

3.5 Мансур Тангишов 12/06/2018

Мавзуни оригинал мавзулардан деб бўлмайди. Муаммони ижтимоий аҳамиятини ёритишда етарлича қўшимча фактлар ёки статистик маълумотлардан фойдаланилмаган. Муаллиф таклиф бермаса ҳам ҳеч бўлмаса бирор намуна сифатидаги тайёр мисолни кўрсатсалар ҳам блогпостни долзарблиги ошарди. Муаллиф қайд этган ечим бериш масаласига алоҳида тўхталсам, муаммони кўрсатишни ҳамма билади, лекин ушбу муаммони ҳал қилиш учун нимадир қилишни кўпчилик хоҳламайди, чемпионатда ечим сўралишини асосий мақсади ҳам муаммога нисбатан муаллифнинг ўз позициясини, мустақил қарашларини, изланишларини билиш ҳисобланади. Лекин ёзиш услуби яхши, катта муаммоларни кичик матнларда кўрсата олиш ҳам маҳорат.

4.5 Қаҳрамон Асланов 12/06/2018

Менга фикрлар ёқди.

3.5 Ботиржон Шерматов 12/06/2018

Ёзиш услуби яхши, лекин имловий хатолар мавжуд, ижтимоий ахамияти катта булсада, лекин сийкаси чиккан мавзу. Ечим ва тахлил мавжуд эмас. Муаммо мавжудлигини хаммамиз биламиз. Хеч булмаганда битта булса хам ечим таклиф килинса, яхши буларди.

4.5 Беҳзод Қобулов 12/06/2018

Тўппа-тўғри. Бу ҳақда кўп ўйлайман. Олий маълумотли, яқинда оила қурган қизларни ишга олишдан бурун ҳар қандай раҳбар бир чўчийди. Шундай бўладики, 6-7 йиллаб декретдан қайтмайдиган ходимлар бўлади. Бу вазиятга чора топиш ҳам қийин бўлса керак. Лекин, шундай бир муаммо борлиги – ҳақиқат. Оилавий машмашалар ҳам кўпинча шунга тақалади. Ўқишни тугатмаган қизларнинг эрга тегиши ўзи учун, факультет деканати учун, домлалар учун катта муаммо. Бечора қиз оз ўтмай хомиладор бўлади, дарсга қатнайди, чарчайди, у-бу нарса егиси келади, йўл пули, ёш оила, қайнона... Жанжалистон... ☺ Жамиятнинг ўрта қатламида шу каби муаммолар жуда кўп. Умид қиламизки, социологлар, ҳуқуқшунослар бу масала бўйича ҳам бир тугал, асосли ечим таклиф қилишади.

4 Умид Гафуров 12/06/2018

Мавзу яхши, аммо ўзингиз санаб ўтган муаммоларда чалкашиб кетганга ўхшайсиз. Асосий муаммо нимада, у нималарга олиб келишини аниқ ёзмагансиз. Дадилроқ блогпост кутган эдик финалда.

3.5 Мубашшир Аҳмад 12/06/2018

Муаммо бор, муаллиф айтгандек ечим йўқ. Қолаверса қўрқа-писа таклифлиги айтилаётган никоҳ ёшини кўтариш таклифига умуман қўшилмайман.

3.5 Мақсуд Саломов 12/06/2018

Final uchun juda sayoz post. Post shunchaki nolishga o'xshab qolibdi. Tahlil yetishmagan.

3 Музаффар Назаров 13/06/2018

шошилинчда финал учун нимадур ёзиш учун ёзилган блог

4 Шерзод Шерматов 13/06/2018
4 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Facebookka joylaganingiz negadir ochilmadi. O‘chirib tashlabsiz, shekilli. Menga bu yerdan tashqari facebookdagilarning ham mavzungizga bildirgan fikrlari ham qiziq edi. Bloger olib chiqqan mavzusini yetkaza olishi, unga bildirilgan fikrlar bilan qiziqishi, ularga reaksiya bildirishi lozim (lekin shart emas).

3.5 Иноят Садикова 13/06/2018

Subyektivroq, umumiyroq bo'lib qolibdi. Statistika, isbotlar va albatta yechim yetishmagan. Men hakam sifatida emas, jamiyatning sizday ayol vakili sifatida iltimos qilgan bo'lardimki, o'zimizning muammolarimiz yechimini o'zimiz taklif qilaylik - bola tug'magan, kelin bo'lmagan, farzand tarbiyasiga ko'pam hissa qo'shmaydigan, 50-60 yoshli erkak rahbarlar emas. Biz, o'zimiz! Shu muammolarni boshdan kechirgan/kechirayotgan, his qilib o'ylanayotgan ayollar.

4 Адҳам Отажонов 13/06/2018

Бўш чиқибди.

4 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр